Мамлакатимизда таълим тизимини сифат жиҳатидан юқори босқичга кўтариш, кадрлар салоҳиятини юксалтириш, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлаш, уларга назарий билим бериш баробарида, корхона ҳамда ташкилотларда амалий кўникмаларини оширишлари учун зарур шарт-шароитларни яратиш доимий эътибордаги масалалардан бири ҳисобланади. Тизимнинг қонунчилик базаси мустаҳкамлангани бу борада олиб борилаётган ишлар кўламини кенгайтиришда, реал иқтисодиётнинг турли жабҳалари учун зарур мутахассислар тайёрлашда муҳим омил бўляпти.

Масалан, 2020 йилда Президентимиз “Ёшлар форуми”да иштирок этиб, ёшлар балан учрашувда “Мен ҳар гал ёшларимиз билан учрашганимда сизларнинг ғайрат-шижоатингиздан куч-қувват оламан, кўнглим тоғдай кўтарилади. Ҳар бирингиз жонажон Ватанимиз ва халқимизга сидқидилдан хизмат қилиш орзуси билан ёниб яшаётганингизни яхши биламан. Сизларни Ўзбекистоннинг энг катта бойлиги, бебаҳо хазинаси сифатида қадрлайман”, деб таъкидладилар. Бу эса, бугунги кунда мен ва мен каби ёшларни учун бўлаётган эътибор ва эътирофнинг наъмунаси деб биламан.

Президентимиз Олий Мажлисга Мурожаатномасида ёшларимизнинг университетда таҳсил олиши учун барча қулайликлар яратилиши, мактаб битирувчиларининг олий таълим билан қамраб олиш кўламини келгусида қамровини ошириш зарурлигини алоҳида таъкидлади. Бугунги кунда ёшларни қўллаб-қувватлаш борасида бир қатор ислоҳотлар олиб борилмоқда. Жумладан, 2020 йилда ўқув йили учун бакалавриат таълим йўналишлари учун 5 тагача имкониятлар берилди. Бу албатта, ёшларни талаба бўлишлари учун катта имконият яратиб берди.

Маълумки, илм йўлини танлаган магистратура йўналишига ҳам топширувчи талабалар сони ҳам талайгина. Магистратура йўналиши бўйича босқичма-босқич квоталар қўшиб борилмоқда. Лекин, магистратура йўналишига топшириб ўқиш бахтига муяссар бўлмаган ёшларнинг жуда кам қисми қайта топшираётганини кузатишимиз мумкин. Аксарият ёшларимиз эса, ўқишга кира олмагач хорижий давлатларнинг олий ўқув юртларига ўқишга топшириши ёки ишлаш учун чиқиб кетишини кўришимиз мумкин.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги маълумотига кўра, 2018-2019 ўқув йилида 11 999 нафар ариза топширган бўлиб, 5797 нафари қабул қилинган. 2019-2020 ўқув йилида эса 25 913 нафар ариза топширган бўлиб, 10 185 нафари қабул қилинган. 2020-2021 ўқув йилида 74 049 нафар ариза топширган бўлиб, 14 711 нафари қабул қилинган.

Юқоридагилардан келиб чиқиб,  ўз таклифларимни бериб ўтмоқчиман.

Биринчидан, магистратура йўналишига ҳам 2-3 тагача йўналишларга топшириш имконияти берилиши керак.

Иккинчидан, магистратура йўналишида икки курс ўқишни тўлиқ амалиётда ўташи лозим. Амалиётни диссертация мавзуси доирасида корхона ёки ташкилотларда ўташи керак. Яъни, Ўзбекистон Республикаси Президент ҳузуридаги давлат бошқарув академиясида ушбу амалиёт мавжуд. Тингчловчи бир йил тўлиқ назарий билимлар олади. Икки йил магистрлик иши бўйича корхона ёки ташкилотга амалиёт ўтайди. Амалиёт билан бир қаторда диссертация ишини ҳам амалий ёзиб боради.

Учинчидан, хоҳловчилар учун онлайн ўқиш тизимини жорий қилиш керак. Бунда чорак ва якуний назоратлар офлайн кўринишида амалга оширилади. Мисол учун, ривожланган давлатлар ҳамда мамлакатимиздаги Президент ҳузуридаги давлат бошқарув академиясида ушбу амалиёт мавжуд. Бунда энг аввало қамровни кенгаштириш ҳамда магистратурада ўқиб бошқа жойда ҳам ишлаш имконини беради.

Хулоса қилиб айтганда, юқоридаги таклифлар амалга оширилса, кадрлар захираси кенгайиб, малакали кадрларнинг хорижий давлатларга чиқиб кетиши олди олинади, чет давлатларга чиқиб кетаётган маблағлар мамлакатимизда қолишига эришилади.

                                                                  Баҳромжон РАҲМОНАЛИЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати