Тадбир “Гармония” маркази ташаббуси билан, Тошкент вилояти Оила ва Хотин-қизлар бошқармаси, Бўка тумани Оила ва Хотин-қизлар бўлими ҳамда Ички ишлар бўлими Хотин-қизлар масалалари бўлими ҳамкорлигида ташкил этилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси Ҳуқуқбузарликларни олдини олиш ва профилактика бўлими бошлиғи Ш.С. Собирова, Тошкент вилояти Оила ва Хотин-қизлар бошқармаси бош мутахассиси Д.Қ. Адилова, Бўка тумани Оила ва Хотин-қизлар бўлими бошлиғи З. Маннопова, шунингдек, Ички ишлар бўлими Хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектори Г. Калимуллина иштирок этдилар.

Семинар-тренингда 40 дан зиёд хотин-қизлар ва фаоллар қатнашдилар. Марказ психолог, Тошкент давлат тиббиёт университети Чирчиқ филиали “Ижтимоий фанлар” кафедраси ўқитувчиси С. Амангельдиев иштирокчилар билан амалий машғулотлар ўтказиб, травмадан кейинги ҳолатни енгиш, эмоционал барқарорликни тиклаш ва стрессни бошқариш усулларига оид билим ва кўникмаларни тақдим этди. Шунингдек, ҳуқуқшунос Н. Ниёзов аёлларга ҳуқуқий маслаҳатлар берди.

Лойиҳа раҳбари, “Гармония” маркази раҳбари А.Тешебаева таъкидлаганидек, бу каби тадбирлар хотин-қизларнинг жамиятдаги фаоллигини ошириш, уларнинг психологик барқарорлигини мустаҳкамлаш ҳамда хавфсиз ва соғлом муҳит яратишга қаратилган муҳим қадам ҳисобланади.

Мазкур лойиҳа доирасида Тошкент вилоятининг Бўка, Юқори Чирчиқ ва Қибрай туманларида 500 дан зиёд хотин-қизлар семинар, тренинг ва суҳбатларга жалб этилиши режалаштирилган. Улардан 200 нафар аёл ва 100 нафар болага якка тартибда психологик ёрдам кўрсатилади, 150 дан зиёд аёлларга ҳуқуқий маслаҳатлар берилади. Ижтимоий реестрда турадиган 15 аёллар ўз касбини бошлаши учун асбоб-ускуналар билан таъминланади.

Лойиҳа давомида маҳалла тизими, давлат идоралари ва фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорликда аёллар ва болаларнинг соғлом ривожланиши, ижтимоий қўллаб-қувватланиши ва хавфсизлик муҳитини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Тренинг якунида иштирокчилар ўз таассуротларини баҳам кўриб, бундай амалий тренинглар уларнинг ички барқарорлиги ва ҳаётий фаоллигига ижобий таъсир кўрсатишини таъкидладилар.

Айгул ТЕШЕБАЕВА,

Тошкент вилояти “Гармония” маркази раҳбари.