Президентнинг «Олий, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотларида хотин-қизларнинг таълим олишларини қўллаб-қувватлашга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
Унга кўра 2022/2023-ўқув йилидан бошлаб барча хусусий, хорижий ва давлат олий, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотларида кундузги, сиртқи ва кечки таълим шаклида хотин-қизларнинг тўлов-контракт асосида таҳсил олиши учун имтиёзли шартларда таълим кредитларини Давлат буджетидан ажратишнинг янги тизими жорий этилади.
Бунда:
- тижорат банклари Молия вазирлиги томонидан жойлаштириладиган депозит маблағлари ҳисобидан таълим кредитларини 14 фоиз ставкада ажратади;
- таълим кредитининг асосий қисми талабанинг расмий ўқиш муддати тугагандан сўнг еттинчи ойдан бошлаб 7 йил давомида қайтарилади;
- таълим кредити бўйича фоиз ставкаларини сўндириш Молия вазирлиги ҳузуридаги Таълим кредитини молиялаштириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан, уларни тижорат банкларига тўлаш орқали амалга оширилади;
- таълим кредитини расмийлаштиришда ва унинг қайтарилишида талабанинг доимий даромад манбайига эга бўлган оила аъзолари ва бошқа учинчи шахс биргаликда қарз олувчи сифатида қатнашишига рухсат этилади;
- «Ижтимоий ҳимоя ягона реэстри»га кирган оилаларнинг хотин-қизларига ажратиладиган таълим кредитлари учун гаров ва кафилликлар талаб этилмайди.
Шунингдек, Молия вазирлиги ҳузуридаги Таълим кредитини молиялаштириш жамғармаси ҳисобидан олий, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотларида хотин-қизларнинг тўлов-контракт асосида ўқиши учун таълим кредитларини ажратиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланади.