Сирдарёда аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини янада яхшилаш мақсадида қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Давлат тиббиёт муассасалари билан бир вақтда хусусий тиббиёт муассасалари имконияти кенгайиб, касалликни барвақт аниқлаш, ташхислаш ва даволашда янги, замонавий, энг юқори имкониятга эга бўлган тиббий жиҳоз ва аппаратлардан фойдаланиляпти.
2017 йилда вилоятдаги хусусий тиббиёт муассасалар сони 55 тани ташкил этган бўлса, бугунги кунга келиб ушбу муассасалар сони 104 тага, улардаги шифо ўринлари сони 1 200 тага етди.
Давлат тиббиёт муассасаларини бўш турган объектларидан унумли фойдаланиш, ва унинг ўрнида давлат-хусусий шериклик лойиҳалари асосида хусусий тиббиёт муассасаларни ташкил этиш мақсадида Сирдарё вилоят перинатал марказининг бўш турган эски гинекология бўлими биноси «Доктор Абдумалик» масъулияти чекланган жамиятга 23 миллиард 295 миллион сўм миқдорида инвестиция киритиш ва у ерда аҳолига намунали тиббий хизмат кўрсата оладиган хусусий клиника очиш учун берилган бўлса, Оқолтин туман тиббиёт бирлашмаси ҳудудида фойдаланилмай, бўш турган 5 сотихли ер майдони «Голд статус сервис 17» масъулияти чекланган жамиятга давлат хусусий шериклик асосида хусусий клиника очиш ва унга 10 миллиард сўм миқдоридаги инвестиция киритиш учун берилди.
Шунингдек, Сирдарё туманидаги 23-сонли оилавий поликлиника ҳамда шаҳардаги 1-сонли оилавий поликлиника намуна сифатида, давлат хусусий шерикчилик асосида фаолият юритиши учун хусусий шерик танлаб олиниб, қатор мажбуриятлар ҳисобига тадбиркорга берилди, деб хабар беради Сирдарё вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси матбуот хизмати.