Ямандаги низолашаётган томонлар 2 октябрда якунланадиган ярашув режимини узайтиришга келиша олмади. Бу ҳақда бмт махсус вакили Ханс Грундберг маълум қилди.
Ярашув шартларидан бири хусийларнинг БАА ва Саудия Арабистони нефть объектларига ҳужум қилишдан ўзини тийиши ҳисобланади. Аммо улар бунга рози бўлмаган.
"Агар Саудия Арабистони ва Амирликлар Яман халқини табиий бойликларидан маҳрум қилишда давом этса, бизнинг қуролли кучлар ҳам бу давлатларни бойликлардан маҳрум қилишга қодир. Ҳамма нарса бўлиши мумкин", — дейилади хусийлар баёнотида.
БМТ махсус вакили ярашув яна олти ойга узайтирилмаганидан афсус билдирди. У бунга эришиш учун барча томонлар билан ишлашни давом эттиришини таъкидлаган.
Яманда ярашувга 2 апрель куни эришилганди. Унга кўра, халқаро коалиция хусийларга зарба беришдан, хусийлар ўз навбатида БАА ва Саудия Арабистони ҳудудига ҳужум уюштиришдан тийилишга келишиб олганди. Хусийлар мамлакат ҳудудининг 20 фоизини назорат қилса-да, бу ерда 80 фоиз аҳоли яшайди.
Яманда фуқаролар уруши 2014 йилдан буён давом этади. Бу дунёдаги энг йирик гуманитар ҳалокатни келтириб чиқарди.