Унда журналистлар ва блогерлар Янги Наманган тумани маҳаллаларида аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар яқиндан таништирилди.
Дастлаб кўпгина ижтимоий муаммолар ҳал этилиши зарур бўлган ҳудудлардан бири «Мингтерак» маҳалла фуқаролар йиғинига борилди. 1 минг 80 хонадонга эга, 7 минг 200 дан зиёд аҳоли истиқомат қилаётган маҳаллада ҳозирда мавжуд сув тармоқлари эскириб, яроқсиз ҳолга келиб қолган. Ҳатто битта хонадон учун 5 куб сув истеъмоли 125 минг сўмгача тушади. Айни кунларда эса мазкур маҳалла ҳудудига 37 км. масофадан сув тармоқлари тортилмоқда.
Хусусан, «Саховат» кўчасида 2 минг 300 метр қазиш ишлари якунига етказилиб, Д-110 мм.ли 600 метр ичимлик сув тармоғи ётқизиш ишлари қизғин кечмоқда. Бу жараён тугаллангач, 2 минг 520 кишининг тоза ичимлик сувига бўлган эҳтиёжи тўлақонли қондирилади. Қолаверса, истеъмолчиларнинг оби ҳаёт учун тўловлар миқдорини имкон қадар тушишини ҳам таъминлайди.
Медиа-тур иштирокчилари «Мустақилликнинг 10 йиллиги» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида 10 миллион литр сув сиғимига эга сув сақлаш иншооти қурилишига ҳам борди. Мазкур ҳудудда айни пайтда сиғими 5 минг куба бўлган 2 та сув сақлаш иншооти барпо этилмоқда. 10 миллион литр сиғимга эга мазкур гидро иншоот орқали Янги Наманган туманининг олтита – «Бунёдкор», «Ёшлик», «Оромгоҳ», «Мустақилликнинг беш йиллиги», «Саховат» ва «Мингтерак» маҳалла фуқаролар йиғинлари аҳолисига узлуксиз ичимлик суви етказиб берилади.
Шундан сўнг, «Бунёдкор» маҳалла фуқаролар йиғини биносида Янги Наманган туманида аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлашга доир чора-тадбирлар бўйича тақдимот ўтказилди. Таъкидланганидек, Янги Наманган тумани ҳудудидаги саккизта маҳаллада жами 70.8 км. масофа бўйлаб, ичимлик суви тармоқларини тортиш ишлари бажарилди.
— Президентимизнинг жорий йил 18-19 февраль кунлари Наманганга ташрифи чоғида вилоят марказидан 18 километр олис манзилда жойлашган «Бунёдкор» маҳалласи номига муносиб эмаслиги, ушбу ҳудудда инфратузилма объектлари яроқсиз ҳолга келиб қолганлиги кескин танқид қилиниб, мутасаддиларга бир қатор вазифалар юклатилганди, - дейди «Наманган сув таъминоти» МЧЖ директорининг биринчи ўринбосари Шавкат Абдуллажонов. - Давлатимиз раҳбарининг мазкур топшириқлари ижросини таъминлаш мақсадида, «Бунёдкор» МФЙ ҳудудида ичимлик сув тармоқларини тортиш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Умумий қиймати 149 миллиард 100 миллион сўмга тенг лойиҳага кўра, «Бунёдкор» маҳалласига Янгиқўрғон туманининг «Булоқбоши» маҳалласида жойлашган сув олиш иншоотидан сув тармоғи тортиб олиб келинади.
Жами 61,6 км., шундан 10,2 км. магистрал тармоқ тортиш ишлари якунланиб, 51,4 км. ички қазиш ишлари битказилди. 5 минг куба сув ҳовуз қазиш ишлари учун махсус техникалар жалб этилди. Магистрал тармоқлар учун «Янги авлод инвест» МЧЖ томонидан Д-500 мм.ли жами 9 минг 147 метр полиэтилен қувурлар олиб келиб туширилди. Қувурларни бир-бирига улаб, 9 минг 43 метрга етказилиб, 8 минг 834 метр қувур ётқизилди.
Шунингдек, Д-315 мм.ли 1 минг 300 метр полиэтилен қувурлар келтирилди ва уларни ўзаро улаш 1 минг 120 метрга етказилди. Ҳозирда сув монтаж ишларига 13 та махсус техника жалб қилиниб, шундан қум ва керакли материаллар ташишда 62 нафар ишчи-ходимдан иборат 5 та бригада фаолият юритмоқда.
Лойиҳа доирасида кўрсатилган аҳоли хонадонларидан 1 минг 683 тасига 44 километр тармоқ тортиш ниҳояланди. Натижада «Янги замон», «Сардор», «Чорвадор», «Усталар», «Мустақиллик 10 йиллиги», «Саноат», «Гаистон», «Боғбон», «Баҳор» кўчаларида истиқомат қилувчи 12 минг 880 аҳоли ичимлик суви билан таъминланади.
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ажратилган маблағлар ҳисобидан амалга оширилаётган бундай лойиҳа тўлиқ якунланганидан сўнг, нафақат Бунёдкор, балки Янгиқўрғон, Косонсой ва Янги Наманган туманларидаги 24 та маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудларида яшовчи 127 мингдан зиёд аҳоли ҳамда саккизта ижтимоий соҳа объектининг ичимлик суви таъминоти яхшиланади.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 21 апрелдаги 230-сон қарорига асосан, «Сув таъминоти ва оқова сув объектлари қурилиши бўйича инжинеринг компанияси» УК объектларини қуриш ва реконструкция қилиш ишлари Наманган вилояти бўйича манзилли рўйхати бўйича тумандаги «Шербулоқ» ва «Мингтерак» маҳаллалари аҳолиси тоза ичимлик сувига эришади.
Хусусан, «Шербулоқ» МФЙга 10.8 км. ичимлик сув тармоғи тортиш режалаштирилган бўлиб, ҳозирда ушбу қарорга асосан 4,7 км.да тармоқ тортиш амалга оширилди. Айни саъй-ҳаракатлар натижасида 3 минг 500 аҳоли тоза ичимлик суви билан таъминланади.
«Мингтерак» маҳалласининг «Саховат» кўчасида эса 2 минг 300 метр қазиш юмушлари поёнига етказилиб, Д-110 мм.ли 600 метр ичимлик сув тармоғи ётқизилмоқда ва яқин орада 2 минг 520 аҳоли муқаддас неъматдан баҳраманд бўлади.
Жамият томонидан Янги Наманган тумани ҳудудидаги маҳаллаларга тортилган, аммо айни пайтда эскириб, яроқсиз ҳолга келган ичимлик сув қувурларини реконструкция қилиш бўйича таклифлар тайёрланмоқда.
«Пахталиккўл» ва «Оромгоҳ» сув узатиш иншоотларида эса ободонлаштириш, иншоотдаги ичимлик суви тармоқларидаги носозликларни таъмирлаш ва насос агрегатларини мукаммал таъмирлаш жараёнлари авжида.
Албатта, сув таъминотидаги бунёдкорликлар тизимли давом эттирилмоқда.
Аббосбек САТТОРОВ,
Янги Наманган тумани ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари.