Энди ана шу имкониятлар янада кенгайиб, маҳалланинг иқтисодий, ижтимоий салоҳияти оширилмоқда. Содда айтганда, барча маҳалла ҳар бир жабҳа ва йўналишда янги Ўзбекистонга муносиб қиёфа касб этяпти. Мазкур ишларда Президентимизнинг “Алоҳида туман (шаҳар) ва маҳаллаларни аҳолининг яшаши ва тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши учун намунали ҳудудга айлантириш чора- тадбирлари тўғрисида”ги қарори муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қиляпти.

Хусусан, Фарғона вилояти Риштон туманидаги “Бўстон” маҳалла фуқаролар йиғинига “Янги Ўзбекистон қиёфасидаги маҳалла” мақоми берилди. Янги лойи­ҳа қишлоқ меъморий қиёфаси, одамлар ҳаёт тарзига янгича руҳ, кўтаринкилик олиб кирди. Ташаббус доирасида маҳалла аҳолини шу жойнинг ўзида иш билан банд бўлишини таъминлайдиган намунали масканга айлантирилади.

“Бўстон” маҳалла фуқаролар йиғини Фар­ғона — Қўқон катта автомобиль йўли ёқасида жойлашган. Олти мингдан ортиқ аҳоли умр­гузаронлик қилаётган маҳаллада ечимини кутаётган масалалар бор. Ҳозирга қадар ма­ҳалланинг мавжуд инфратузилмасини яхши­лаш билан боғлиқ эҳтиёжлар ўрганилиб, иж­тимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича лойиҳа ва дастурлар ишлаб чиқилди.

Аҳоли ва транспорт ҳаракатларига ха­лақит берадиган бинолар, қўлбола савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари ўрнига замо­навий меъморий ечимга эга бино-иншоотлар қурилмоқда.

— Маҳалламиз янги Ўзбекистон қиёфаси­даги манзил сифатида танланиб, 5 миллиард сўм ажратилмоқда. Шу орқали аҳоли банд­лиги таъминланиб, камбағалликдан чиқариш учун шарт-шароитлар яратилади, — дейди “Бўстон” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Саминжон Рўзибоев. — Маҳаллада 40 та микролойиҳа ишга туширилади. Хусусан, кичик ишлаб чиқариш тармоғи кенгаяди, савдо ва хизмат кўрсатиш кўпайиб, ту­ризм, томорқачилик, чорвачилик ишла­ри жадаллашади. Натижада реестрдаги 23 та оила камбағалликдан чиқарила­ди. Замонавий поликлиника, ёшлар спорт-соғломлаштириш мажмуала­ри қурилади. Марказий кўчаларга ўриндиқлар ўрнатилиб, 4 километр йўл асфальт қилинади. Фарғона кў­часининг 2 километрига тўсиқлар ўрнатиш, ариқларга лоток ётқизиш, йўл ёқасида яшил майдон яратиш ишлари бажарилмоқда. Истеъмол юқори бўлган 15 та уй-жойга энергия тежовчи муқобил қурилмалар ўрна­тиляпти. Маҳалладаги ижтимоий соҳа объектлари ДХШ асосида таъмирланиб, замонавий иситиш тизимлари қурилади.

Маҳалла аҳли томорқасига “Rishton agro logistik” МЧЖ, “Sherakhun” хусусий корхонаси билан ҳамкорликда экспортбоп гулкарам, қизил ва оқкарам экилиб, кейин эскпорт қилинади. Тадбиркорлик дастури доирасида “Бизнесга биринчи қадам”, “Ои­лавий тадбиркорликни ривожлантириш” ҳамда “Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб- қувватлаш” комплекс дастурлари асосида жами 850 миллион сўм имтиёзли кредитлар ажратилади.

Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш ривожлантирилади. Хусу­сан, “Бўстон мебеллари” МЧЖ томонидан умумий қиймати 2 миллиард сўм бўлган “Ёғочга қайта ишлов бериш” лойиҳаси старт олади. “Тиллабоев Зафаржон” оилавий кор­хонаси ташаббуси билан замонавий савдо ва туризм тармоғи фаолият бошлайди.

— Уй шароитида трикотаж ишлаб чиқа­риш билан шуғулланиб келяпмиз, — дейди тадбиркор Ҳайитхон Нуриддинова. — “Янги Ўзбекистон қиёфасидаги маҳалла” лойиҳаси доирасида ишимизни кенгайтиришга жой ажратиб берилди. Бу ерга 500 миллион сўм сармоя киритмоқчимиз. Натижада 10 дан зиёд иш ўрни яратилади.

“Янги Ўзбекистон қиёфасидаги маҳал­ла” концепцияси доирасида қамраб олинган масалалар кенг ва ранг-баранг. Асосий мақ­сад — аҳоли фаровонлигини ошириш ор­қали уларга муносиб шарт-шароит яратиш. Бу ишларда аҳоли ташаббускорлиги, ҳам­жиҳатлиги ҳам ортиб бормоқда. Хусусан, Умиджон Раҳимов савдо маркази қуриш ташаббуси билан чиқди. Баҳромжон Шаро­фиддинов эса ўқув маркази ташкил этяпти.

— Президентимиз қарори асосида Бўстон ва Зоҳидон маҳаллаларида “Янги Ўзбекистон қиёфасидаги маҳалла” концепцияси амалга оширилмоқда, — дейди Риштон тумани ҳо­кимининг биринчи ўринбосари Дониёр Раҳ­монқулов. — Ҳудудларни “тараққиёт ва етак­чилик маскани”га айлантириш лойиҳалари ишлаб чиқилди.

Лойиҳада савдо, сервис ва кичик ишлаб чиқариш объектлари, бўш ер майдонлари, давлат мулки иншоотлари, ҳунармандлик, хизмат кўрсатиш ва микросаноат марказла­рини ташкил этиш имкониятлари ҳисобга олинган. Лойиҳа асосида нафақат танланган маҳаллалар, балки уларга қўшни ҳудудлар аҳолиси ҳам иш билан таъминланиб, тадбир­корлик кенгаяди.

Бир сўз билан айтганда, бундай ҳаётбахш лойиҳалар натижасида ҳудудлар ҳар жиҳат­дан обод бўлиб, аҳолининг тадбиркорлик са­лоҳияти ошмоқда, кўплаб иш ўринлари яра­тилиб, замонавий ва қулай хизмат кўрсатиш ишлари янги босқичга кўтарилмоқда.

Сурхондарё вилоятида “Тараққиёт ва етакчилик маскани” дастури доирасида 30 та маҳалла “Янги Ўзбекистон қиёфасида­ги маҳалла” сифатида танлаб олинган. Лойи­ҳа доирасида ҳар бир маҳаллага 5 миллиард сўмдан маблағ ажратиш белгиланган.

Термиз туманида “Янги Ўзбекистон қиёфа­сидаги маҳалла” лойиҳаси учун 2 та — Қўнғи­рот ва Қаҳрамон маҳаллалари танлаб олинган. Хусусан, Қаҳрамон маҳалласида кенг кўламли ободонлаштириш ва инфратузилмани янги­лаш жадал суръатда давом этаётир. Ҳудуддаги 5,4 километр йўл таъмирланди. Энди 1 кило­метр ичимлик сув қувури янгиланади. Иккита замонавий трансформатор, 50 та бетон устун ўрнатилмоқда. Муҳими, лойиҳа доирасида 20 га яқин тадбиркорлик ташаббуси амалга оширилиб, 70 та янги иш ўрни яратиш кўзда тутилган. Бу эса Қаҳрамон маҳалласида иш­сизликни кескин камайтириб, аҳоли турмуш даражасини яхшилайди.

Шеробод туманининг қарийб 6 минг аҳо­ли яшайдиган Деҳқонариқ маҳалласи дав­лат аҳамиятидаги йўл бўйида жойлашган. Ҳозир у Новбир, Ҳакимобод ва Гулчинор маҳаллалари учун ҳам марказ вазифасини ўтайди.

Ушбу ҳудудга ҳам “Янги Ўзбекистон қиё­фасидаги маҳалла” мақоми берилиб, инфра­тузилма яхшиланиб, тадбиркорлик ривож то­пади. Аҳоли бандлиги таъминланади.

Лойиҳа доирасида маҳаллада мактаб­гача таълим ташкилоти биноси, дам олиш масканлари, болалар ва спорт майдончала­ри, пиёдалар ҳамда саломатлик йўлакчала­ри барпо этилади. Ҳозир бу борада ишлар бошланган. Шунингдек, яқин келажакда маҳалла ҳудудида кичик бозор, савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари, ҳунар­мандлик устахоналари очиш режалашти­рилган.

— Бир-бирини тўлдирган дастурлар, ло­йиҳалар сабаб кўз ўнгимизда маҳалламиз обод бўлиб боряпти. Ҳар кунимиз янги бир ташаббус билан бошланмоқда, — дейди “Деҳқонариқ” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Улфат Бозоров.

Шу кунларда Деҳқонариқда 10 километр ички йўл асфальтланмоқда, 3,5 километр электр тармоғи тортилмоқда. Яқин вақт ичи­да ичимлик ва суғориш сув таъминотини ях­шилаш учун 2 та насос ҳамда 3 та замонавий трансформатор пункти ўрнатилиши кўзда тутилган.

— Маҳалламизда йўл дейсизми, мактаб ёки боғчами, поликлиника, электр, сув, газ дей­сизми, ҳаммасида ўзгариш қилиш учун бир­дек ҳаракат кетяпти. Турли ташкилотлар ва­киллари бугун жипс бўлиб ишлаяпти. Бундан ким руҳланади, албатта, шу ердаги одамлар- да! Дарвозадан ҳатлашимиз билан ободликка дуч келиб, шукрона қиляпмиз. Кайфиятимиз тоғдек кўтарилиб, ҳашар ва ободонлаштириш ишларида фаол иштирок этяпмиз, — дейди меҳнат фахрийси Абдулҳамид Зиёдуллаев.

Қисқа вақт ичида Деҳқонариқ маҳалласи­га ҳам шаҳар муҳити кириб боради, у камба­ғаллик ва ишсизликдан холи, обод ва намуна­ли масканга айланади.

— Энди ҳудудларимизда тадбиркорлик янада ривожланади. Таълим ва ижтимоий соҳа учун кенг шароит яратилади. Вилоятда­ги “Янги Ўзбекистон қиёфасидаги маҳалла” сифатида белгиланган ҳудудлардаги ишлар­ни тажриба ва семинарлар баҳонасида ҳам бориб, кузатиб келяпмиз. Ишлар қизғин. Ҳар бир маҳалла ўз салоҳияти, ташаббускорлиги ва бирдамлиги билан ўзига хос тараққиёт йўлига қадам қўймоқда, — дейди Денов ту­манидаги “Боғи Эрам” МФЙ раиси Жасур Турдиев. — “Янги Ўзбекистон қиёфасидаги маҳалла” ғояси фақат йўл ёки инфратузилма янгиланиши билан чекланиб қолмайди. Ма­салан, бизнинг маҳалла катта йўл ёқасида жойлашмаган. Ривожланиш эса шаҳарларда­гидан қолишмайди.

Қизириқ туманидаги Такия ва Кунчиқиш маҳаллаларида ҳам “Янги Ўзбекистон қиё­фасидаги маҳалла” концепциялари жорий этилмоқда. Хусусан, беш мингдан ортиқ аҳо­ли яшайдиган Кунчиқиш маҳалласида лойи­ҳа асосидаги ишлар босқичма-босқич давом этмоқда.

— Кейинги йиллардаги ташаббуслар са­баб маҳаллалар фақатгина маъмурий тузил­ма эмас, балки ҳудуд аҳолисини ижтимоий қўллаб-қувватлайдиган, одамлар муаммо­сини жойида ҳал этишга қодир, бандликни таъминлаш ва бунёдкорлик ишлари амал­га оширилаётган муҳим манзилга айлан­моқда. Бундай катта бунёдкорлик ишлари мамлакатимизда инсон қадрини улуғлашга қаратилган ислоҳотларнинг амалий нати­жасидир, — дейди Кунчиқиш маҳалласи раиси Шокир Жумаев.

Жорий йилнинг Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили деб номланиши ҳам тизимдаги ишлар янги босқичга кўтарилишига замин яратмоқда. Шу боис, маҳалла аслиятига қайтиб, одамларни бирлаштирган, уларнинг ҳаёти, орзу- умидлари, қувонч ва ташвишларини ўзида мужассам этган муқаддас масканга айланиб боряпти.

Расулжон КАМОЛОВ,

Сарвар ТЎРАЕВ,

“Янги Ўзбекистон” мухбирлари