Унда Б.Маҳкамов Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги Бўш турган объектлардан самарали фойдаланишни ташкил этиш маркази ходими экани айтилган.

Бўш турган объектлардан самарали фойдаланишни ташкил этиш маркази томонидан ҳолат зудлик билан ўрганилиб, қуйидагилар маълум қилинади.

Фуқаро Б.М. 2019-2020 йилларда Қўқон шаҳар ҳокимлигида Инвестиция ва ташқи савдо бўлими бош мутахассиси, чет эл инвесторлари билан меморандумлар тузиш мутахассиси бўлиб ишлаган.

Шулар инобатга олиниб, фуқаро Б.М. билан Бўш турган объектлардан самарали фойдаланишни ташкил этиш марказининг Фарғона вилоят ҳудудий бошқармаси ўртасида 2021 йил 12 январда “Ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш” шартномаси имзоланиб, у бўш турган объектларни аниқлаш ва ҳисобини юритиш, объектларнинг геолокациясини аниқлаш ва электрон базага кириш ишларига ёрдамчи сифатида жалб этилган.

Дастлабки суриштирувларга кўра, фуқаро Б.Маҳкамов Қўқон шаҳрида қуриладиган “Ақлли бекат” лойиҳасини Қўқон шаҳар ҳокимлигига тасдиқлатишни ваъда қилиб, алдов йўли билан тадбиркордан 1500 АҚШ доллари олганлиги маълум қилинган.

Фуқаро Б.М. Бўш турган объектлардан самарали фойдаланишни ташкил этиш марказининг Фарғона вилоят ҳудудий бошқармасида мутахассис бўлиб (штатда) ишламаган ва у ваъда берган “Ақлли бекат” лойиҳа ҳужжатларини расмийлаштириш ҳудудий бошқарма фаолиятига оид иш ҳисобланмайди.

Бўш турган объектлардан самарали

фойдаланишни ташкил этиш маркази