Халқимизнинг маънавий қадриятларини қадрлаш, ёш авлодни миллий қадриятлар ва аждодларимизнинг бебаҳо мероси асосида тарбиялаш, уларда ўз аждодлари билан ғурурланиш туйғусини шакллантириш, миллий ўзликни англаш ҳиссини мустаҳкамлаш борасида кенг қамровли маънавий-маърифий ишлар олиб борилмоқда.
Хоразм вилояти ҳокими Фарход Эрмонов билан суҳбатимиз ҳам шу мавзу атрофида бўлди.
— Хоразм вилоятида маънавий-маърифий-маданий соҳадаги ишлар қай даражада? Президентимиз томонидан мазкур йўналишда белгилаб берилган вазифалар ижроси қандай?
— Вилоятимизда “Миллий тикланишдан — миллий юксалиш сари” ғояси асосида жамиятда узлуксиз маънавий-маърифий тарбия ва ташвиқот ишларини ташкил этишнинг еттита асосий йўналишини белгилаб олган ҳолда, таъсирчан, креатив ва инновацион услублар орқали тарғибот ишлари олиб борилмоқда. Давлатимиз раҳбари тақдим қилган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида аҳолини ҳам жисмоний, ҳам маънавий жиҳатдан камол топтириш ғоят мураккаб вазифа экани, айниқса, мафкуравий курашлар гоҳ ошкор, гоҳ пинҳон тус олган ҳозирги таҳликали замонда бу масала ниҳоятда долзарб аҳамиятга эгалиги таъкидланган. Ҳар бир ҳудуддаги муаммоларни бартараф қилиш, ечимини топиш, камчиликларни тезкорлик билан ҳал қилиш, аҳоли яшаш шароитларини яхшилаш, маънавий-маданий савиясини ошириш, ёшларни бахтли ва саодатли ҳаёт сари илдам эргаштириб бориш — буларнинг бари янги Ўзбекистоннинг бугунги қиёфасида намоён бўлаётир.
Сўнгги йилларда кенг кўламли ислоҳотлар гувоҳи бўлмоқдамиз. Ҳар бир соҳадаги ўзгаришлар, замонавий янги лойиҳалар, инсон фаровонлиги ва унинг қадр-қимматини оширишга қаратилган манзилли чора-тадбирларнинг барчаси амалда бўй кўрсатди. Турли соҳаларда нафақат аҳолига қулайлик яратилди, балки хизмат кўрсатишнинг соддалаштирилган ва замонавий технологиялар асосида татбиқ этилиши оммалашди. Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси бу ишларни янги босқичга кўтаришига шубҳа йўқ.
Ўтган 5 йил давомида Президентимиз ташаббуси билан маънавий-маърифий, маданий соҳаларда муҳим лойиҳалар амалга оширилди. Бугун янгидан-янги креатив ёндашувларни кўриб, шу юксалишлар тенденциясининг фаол аъзоси эканимиздан мамнунман.
— Жорий йил 28 январь куни Президентимиз мактаб таълимини ривожлантириш масалалари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида “Мактаб таълими соҳасидаги ислоҳотлар вазирлик ва идоралар, тармоқ раҳбарлари, барча даражадаги ҳокимлар, илмий ташкилотлар, зиёлилар, кенг жамоатчиликнинг вазифаси бўлиши шарт ва зарур. Шундагина кутилган натижага эришиш мумкин”, деб таъкидлади. Бу борадаги бажарилган ишлар ҳам газетхонларимиз учун қизиқ...
— Давлатимиз раҳбари бу сўзларни бежиз айтмади. Зеро, Маҳмудхўжа Беҳбудий “Дунё иморатлари ичида энг улуғи мактабдир” деганида мутлақо ҳақ эди. Мактабда эртанги авлоднинг онгу шуури шаклланади. Сабоқ олиш баробарида энг гўзал эзгу ҳислатларни ўзида ривожлантириб боради. Шунинг учун ҳам ўғил-қизларимизнинг таълим олиш даражаси, тарбиясига нафақат ўқитувчи-педагоглар, барчамиз масъул ва жавобгармиз.
Бугунги кунда Хоразм вилояти халқ таълими бошқармасига қарашли 576 та таълим муассасаси бор. Ўтган йили жами 24 843 ўқувчи умумтаълим мактабларини тугатиб, 6 955 нафари талабаликка қабул қилинди. Бу кўрсатгич, албатта, етарли эмас. Битирувчи ўғил-қизларимиз олий маълумот олиши учун бор имкониятларни ишга солишимиз керак. Бунинг учун педагогларимизнинг салоҳият ва имкониятлари етарли. Айнан шу салоҳият вилоятимиз таълим сифатининг юқорилиги бўйича республикада биринчи ўриндалигига замин бўлмоқда.
Ўтган йили Қўқонда математика фанидан олимпиада бўлиб ўтган эди. Унинг республика босқичида кучли ўнталикдан вилоятимизнинг уч ўқувчиси ҳам жой олгани фидойи ўқитувчиларимизнинг меҳнати самарасидир. Хива шаҳридаги Президент мактабининг 11-синф ўқувчиси Сарвар Сафарбоев шу олимпиадада биринчи ўринни эгаллаб, мукофот сифатида “Cobalt” автомобили соҳиби бўлди. Хоразм вилояти Сифатли таълим олиш имконияти тенгсизлиги индекси (Index of Disparity in Access to Quality Secondary Education IDAQSE) доирасида сифатли ўрта таълимга эга бўлиш рейтинг кўрсаткичи бўйича ўтган йили вилоятлар орасида биринчи ўринни эгаллаганини ҳам эслатиб ўтиш жоиз.
Кейинги йилларда ўқитувчиларга берилаётган эътибор, уларнинг мақомини кўтариш, қадр-қимматини ошириш бўйича амалий ишлар туфайли устозларда ишлашга бўлган иштиёқ ортди, ўз билимини оширишга интилиш кучайди. Бунинг исботи сифатида Хоразм вилояти республикада олий ва биринчи тоифали ўқитувчилар улушига кўра, 2 йилдан буён биринчи ўринни эгаллаб келаётганини қайд этиш мумкин.
Жорий йил мактаб битирувчиларини кўпроқ қамраб олиш мақсадида олий таълим муассасаларида қабул квоталари сони оширилди, янги мутахассисликлар бўйича кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилди. Урганч шаҳрида Малайзиянинг “Binary” университети филиали ҳам ўз фаолиятини бошлади. Умуман, таълим сифатини ошириш энг катта мақсадларимиздан. Бунинг учун таълим муассасаларимиз илмий салоҳиятини, яъни илмий даражага эга бўлган профессор-ўқитувчилар сонини ошириш режалаштирилган. Ҳозир бундай кадрлар улуши 29 фоизни ташкил қилади. Айни пайтда вилоятда 1500 дан ортиқ хорижлик, хусусан, Туркманистон, Покистон, Ҳиндистон, Қирғизистон, Россия, Афғонистон, Саудия Арабистони ва АҚШ каби давлатлардан келган талаба таҳсил олмоқда. Бу кўрсаткични янада ошириш, ёш тадқиқотчиларнинг илмий-тадқиқот ишларига кўмаклашиш кўламини кенгайтириш чоралари кўрилмоқда.
Илму маърифат соҳасига Президентимизнинг шахсан бош бўлаётгани бугун вилоятимиздаги ёш педагог ва олимларнинг шижоатига шижоат қўшмоқда. Хоразм вилояти олий таълим муассасалари ўқитувчилари томонидан 2020 йил 48 та илмий иш ҳимоя қилинган бўлса, 2021 йилда улар сони 84 тани ташкил қилди.
— Президентимизнинг 2021 йил 3 декабрдаги “Маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ҳоким ёрдамчилари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда жорий йил 19 январдаги “Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари доирасидаги ишлар қандай олиб борилмоқда?
— Бу қарорлар асосида жорий этилган ёшлар етакчилари лавозими ҳам маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳитни яхшилаш, бандликни таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш, таълим муассасаларида маънавий-маърифий ва тарбиявий ишлар самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади. Бу борада тизимли ишларни изчиллик билан йўлга қўйганмиз. Албатта, маҳаллаларга бириктирилган зиёлилар, ҳоким ёрдамчилари, ёшлар етакчилари — бу улкан илмий салоҳият, амалий куч. Булардан изчил ва тизимли, самарали фойдаланиш мамлакатимиздаги ислоҳотларнинг ҳаётимизда, халқимиз турмушида ёрқин акс этишига олиб келади.
Айнан шу кучдан фойдаланиб, жорий йил февраль-март ойларида вилоятдаги барча маҳаллалар кесимида “Заковат” турнири ўтказишни белгилаб қўйдик. Бу эса аҳоли орасида китобхонлик маданияти, маънавий-маърифий, тарбиявий ишларни кучайтиришга туртки бўлади.
Янги иш бошлаган ҳар бир ҳоким ёрдамчиси ва ёшлар етакчиси учун уларнинг вазифалари, аҳоли ва ёшлар билан ишлашнинг ҳуқуқий, психологик хусусиятлари акс этган маънавий-маърифий йўриқнома тайёрлаш ишлари бошлаб юборилган. Ушбу йўриқномалар ҳар бир янги лавозим эгасига етказилиб, уларнинг фаолияти учун таъсирчан қўлланма бўлиши кўзланмоқда.
— Китоб онг ва тафаккур сарчашмаси, қалб зиёси, инсонни яхшиликка, эзгуликка чорловчи воситадир. Вилоятда китоб ва китобхонлик борасида, китобларни чоп этиш бўйича ҳам янги лойиҳалар амалга оширилаётганидан хабаримиз бор.
— Дарҳақиқат, китобхон авлодни тарбиялаш, маърифатли жамият барпо этиш давлатимизнинг стратегик устувор режасидир. Нафақат давлатимиз, балки халқимизнинг, барчамизнинг энг улуғ эзгу ниятимиз ҳам шу. Бугунги кунда вилоятда 12 та ахборот-кутубхона маркази, таълим муассасалари ва идора-ташкилотларнинг 633 та кутубхонаси фаолият кўрсатмоқда. 55 та маҳаллада кутубхоналар ташкил қилинган. Барча кутубхоналар фондида жами 3 миллион 792 минг нусха китоб мавжуд. Галдаги режамиз келгуси 5 йилда Хоразмдаги барча юртдошларимиз китобхон ва хонадонларида жавон-жавон китоб бўлишига эришишдир.
Хоразмда 10 та нашриёт ҳамда 62 та матбаа корхонаси фаолият кўрсатади. Ўтган йил давомида улар томонидан 484 номдаги 62 мингдан зиёд янги китоб нашр қилинган бўлса, Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳамда вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида 7 номдаги 18 мингга яқин китоб ўқувчилар қўлига етиб борди.
— Урганч шаҳрида Жалолиддин Мангуберди мажмуаси бунёд этилиб, саркарда ҳайкали ўрнатилган майдон атрофидаги 8 гектар ерда қурилиш ишлари давом этмоқда. Жорий йил 7 февраль куни Президентимиз қурилиш лойиҳалари билан танишганида Жалолиддин Мангуберди мажмуаси ҳақида ҳам сўз борди...
— Давлатимиз раҳбари вилоятимизга ташрифи чоғида Жалолиддин Мангуберди мажмуаси мазмунини янада бойитиш, шароитларини яхшилаш ҳақида гапириб, “Бу ер билим, маънавият, ғурур маскани бўлиши керак. Келганлар айланиб, ҳордиқ чиқариш билан бирга, Мангуберди бобомиз ҳаётини яққол тасаввур қилиши, бундан руҳ олиши керак. Хиёбон бўйлаб унинг жанглари, қаҳрамонликлари ҳақида лавҳлар ёзиб қўйиш мумкин. Тарихни ва чет тилларни яхши билган гидлар тайёрлаш ҳам зарур”, деди. Жалолиддин Мангубердининг от устида қилич тутиб турган ҳайкали бронзадан ясалган. Унинг баландлиги асоси билан бирга қарийб 25 метр бўлиб, узоқдан ҳам кўриниб туради. Фавворалар барпо этилди. Ҳозир майдонда якунловчи ишлар амалга оширилмоқда.
2022 йил ҳам миллий тарихимизни тараннум этиш борасида залворли ва шаҳдам қадамларга бой бўлади. Хусусан, “Жалолиддин Мангуберди тарихининг янги саҳифаларини ўрганиш” мавзусида Урганч ва Хива шаҳарларида бўлиб ўтадиган халқаро конференцияга 20 та давлатдан олим ва тадқиқотчилар таклиф қилинган. Ўтган йили бир гуруҳ олимларимиз Жалолиддин Мангуберди тарихини чуқур ўрганиш доирасида Туркиянинг Диёрбакир вилоятида илмий сафарда бўлди. Илмий гуруҳ Жалолиддин Мангубердининг дафн этилган жойини аниқлаш борасида катта натижаларга эришди. Улар буюк саркарданинг сўнгги манзили бўйича асосли ва янги манбаларни қўлга киритди. Энди бу борадаги тадқиқотларни янада кучайтиришни ният қилганмиз ҳамда тадқиқот натижалари асосида давлат раҳбарига таклифлар киритамиз.
Жорий йилда олимларимиз иштирокида Покистонга илмий-маърифий экспедиция ташкил қилиш режалаштирилган. Бу ерда олимларимиз султон Жалолиддин томонидан барпо қилинган иншоотлар, қомусий аллома Абу Райҳон Беруний ташаббуси билан Нанданада тикланган расадхона, аждодимизнинг Покистондаги илмий мероси ҳақида маълумотлар тўплайди. Зеро, бу йил Абу Райҳон Берунийнинг 1050 йиллик юбилейи ҳам катта тантаналар билан нишонланади, янги ҳужжатли фильмлар тақдим қилинади.
Бахшичилик санъатимиз ЮНЕСКО томонидан Инсоният номоддий маданий мероси репрезентатив рўйхатига киритилди. Бундан бир неча йил олдин эса Хоразм санъатининг яна бир тумори бўлган лазги ҳам бу рўйхатдан жой олган эди. Жорий йил бахшичилик ва лазги, шу билан бирга, халфачиликни тарғиб ва ташвиқ қилиш, қўллаб-қувватлаш борасида кўплаб кўрик-танловлар, тантаналар ўтказиш белгилаб қўйилган. Хоразм санъати — бахшичилик, мақом, сувораларимиз аслида халқимизнинг ўзига хос миллий иммунитети ҳисобланади.
Биз бугун Президентимиз бошчилигида “Инсон қадри учун” тамойили асосида астойдил ишлаяпмиз. Фуқароларни иш билан таъминлаш, иқтисодини яхшилаш, камбағалликка қарши курашишга катта эътибор қаратдик. Бироқ маънавий қашшоқликка қарши кураш борасида ҳам сусткашликка йўл қўйишга ҳаққимиз йўқ. Демакки, бефарқ бўлишга йўл қўймаслигимиз шарт. Чунки маънавият бугунги куннинг энг долзарб масаласига айланиб улгурди.
“Янги Ўзбекистон” мухбири
Гуличеҳра ДУРДИЕВА суҳбатлашди.