Мазкур маърузанинг тарихий аҳамиятини таҳлил қилар эканмиз, Давлатимиз раҳбари туркий дунёнинг нуфуси энг кўп давлатларидан бири — Ўзбекистон номидан ўз она тили — ўзбек тилида нутқ сўзлаганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Шу билан бирга, Ўзбекис­тон халқаро ҳамжамиятнинг оддий иштирокчиси эмас, балки бугунги таҳликали ва мураккаб вазиятдан чиқиш бўйича фаол ташаббускор давлат сифатида намоён бўлди. ­Ўзбекистон Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида яхши қўшничилик алоқаларини янада ривожлантириш ва минтақада тинчлик ўрнатиш бўйича доимо тайёрлигини яна бир бор намойиш этди.

Давлатимиз раҳбари томонидан халқаро ҳамжамиятни ташвишга солиб турган муаммоларни бартараф этишга қаратилган концептуал жиҳатдан мутлақо янги 10 та ташаббус илгари сурилди. Мазкур ташаббусларнинг 3 таси муҳим халқаро ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиш, БМТ раҳбарлигида 2 та институтни ташкил этиш ҳамда халқаро ҳамжамият муҳокама қилиши долзарб аҳамият касб этаётган халқаро йиғилишларни ўтказиш билан боғлиқ.

Жумладан, коронавирус пандемиясига қарши курашиш ва касаллик тарқалишининг салбий оқибатларини енгиб ўтишда биргаликда ҳаракат қилиш ҳамда глобал ҳаётда давлатлар ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида пандемиялар даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги халқаро кодекс қабул қилиш таклифи илгари сурилди. Мазкур ташаббус пандемия шароитида барча аъзо давлатлар ва бошқа тузилмалар, дунё халқлари манфаатларини акс эттиргани боис барчада бирдек катта қизиқиш уйғотди.

Халқаро миқёсдаги мазкур ҳужжат юзага келган таҳликали вазиятга давлатларнинг тезкор ва ҳамкорликдаги кечиктириб бўлмас саъй-ҳаракатларини ўзида акс эттиради. Қуйидаги объектив омиллар мазкур халқаро дастурий ҳужжатнинг аҳамиятини яна бир бор кўрсатиб турибди.

Биринчидан, бугунги синовли даврда инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилиш катта хавф остида қолмоқда. Глобал миқёсда халқаро ёрдам ва ҳамкорлик дастурининг изчил амалга оширилмаслиги кўплаб мамлакатларда иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқларни тўлиқ амалга оширишда жиддий муаммоларни юзага келтириши табиий.

Иккинчидан, ҳозирги инқирознинг асосий муаммоларидан бири аҳолини зарур озиқ-овқат ва дори-дармон воситалари билан узлуксиз таъминлаш бўлиб қолмоқда. Иштирокчи давлатлар халқаро шартномаларда соғлиқни сақлаш ҳуқуқининг эътиборга олинишини таъминлаши муҳим ҳисобланади.

Учинчидан, пандемия шароитида таълим тизими ҳам глобал миқёсда жабр кўрмоқда. Ижтимоий сақланиш ҳозиргача коронавирус инфекцияси олдини олишнинг энг самарали усули бўлиб қолмоқда. Бу каби чора-тадбирлар таълим муассасалари ва тегишли инфратузилмалар ишига салбий таъсир этди. ЮНEСКО маълумотларига кўра, инқироз авжига чиққан пайт­да 190 дан ортиқ мамлакатдаги мактаб­ларнинг ёпилиши сабабли 1,6 миллиард, яъни дунёнинг 94 фоиз ўқувчиси жабр кўрган. Олий таълим тизимида эса талабалар сони 3,5 фоиз, яъни 7,9 миллион нафарга камайиши мумкин.

Пандемия бандлик соҳасини ҳам четлаб ўтмади. Халқаро меҳнат ташкилоти ҳисоб-китобларига кўра, ишчиларнинг фақат 18 фоизигина масофадан туриб ишлашга имкон берадиган жойларда ишлайди. Тахминан ҳар 10 та ишчидан 6 таси норасмий иқтисодиёт соҳасида меҳнат қилади. Глобал миқёсда айтадиган бўлсак, пандемия 2 миллиард ишчидан 1,6 миллиардининг тирикчилик воситаларидан маҳрум бўлишга тўғридан тўғри хавф солмоқда.

COVID-19дан энг кўп азият чекканлар бу қочоқлар, бошпана изловчилар, кўчирилганлар ҳамда меҳнат муҳожирлари, шу жумладан, расмий ҳужжатга эга бўлмаганлар (тахминан 70 миллион киши) ҳисобланади. Уларнинг аксарияти расмий ва норасмий лагерларда, қочоқларни қабул қилиш ва вақтинча сақлаш марказларида яшамоқдалар. Албатта, улар тоза сув, санитария ҳамда тиббий ёрдам каби энг зарур неъматлардан фойдалана олмаслиги инсониятни ташвишга солиши зарур.

COVID-19 фонида тенгсизлик мамлакатлар ўртасида ҳам ўта кескинлашди. Ривожланмаган мамлакатларда аҳоли соғлиғининг ҳолати яхши эмас ва соғлиқни сақлаш тизимлари пандемия билан курашишга тайёр деб бўлмайди. Масалан, АҚШ инқирозга қарши чоралар сифатида триллионлаб доллар ажратиши мумкин, лекин Эквадор, Нигерия ёки Покистон каби давлатлар шу каби кескин чоралар кўришга иқтисодий жиҳатдан тайёр эмас. Мазкур қиёсий таҳлил бизга иқтисодиётни қутқариш бў­йича глобал режа кераклиги ҳамда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг мақоми ва салоҳиятини ошириш, ваколатларини кенгайтириш долзарб аҳамиятга эга эканини яна бир бор кўрсатиб бермоқда.

2017 йил 19 сентябрда давлатимиз раҳбари БМТ олий минбаридан туриб БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари бўйича конвенциясини қабул қилиш ташаббуси билан чиққанди. Бу ташаббус глобал ҳаётга жорий этилаётгани масаланинг муҳим жиҳатидир. Бугунги кунда дунёда ёшлар 2 миллиарддан ортиқ. Бу эса ўз ўрнида жаҳон ҳамжамиятидан инсон капитали ҳамда инновацион салоҳиятни ривожлантиришда ёшлар имкониятларидан тўғри ва самарали фойдаланиш, шу билан бирга, улар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид янгича тенденциялар ва ёндашувлар талаб этади. Жорий йилнинг 12-13 август кунлари азим Самарқандда «Ёшлар 2020: глобал миқёсдаги бирдамлик, барқарор тараққиёт ва инсон ҳуқуқлари» мавзуида ўтказилаётган инсон ҳуқуқлари бўйича форумда мазкур ҳужжат лойиҳаси 80 дан ортиқ халқаро ва ҳудудий ташкилот ҳамда 20 дан ортиқ миллий институт вакиллари иштирокида муҳокама қилинганини алоҳида эътироф этиш лозим.

Айтиш мумкинки, Ёшларнинг ривожланиш индекси (YDI) ёшларга оид давлат сиёсати халқаро ҳамжамиятнинг доимий эътиборида бўлиши лозимлигини яна бир бор кўрсатмоқда. Бундан ташқари, Ўзбекистон ташаббуси билан қабул қилиниши кутилаётган мазкур ҳужжат «Ёшлар – 2030» БМТ ёшлар стратегиясини ҳаётга татбиқ этиш ҳамда Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишни таъминлашнинг муҳим омили бўлиб хизмат қилади. Шу сабабли давлатимиз раҳбари халқаро ҳамжамиятдан Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни қабул қилиш бўйича Ўзбекистон ташаббусини қўллаб-қувватлашга яна бир бор чорлади.

БМТ Бош Ассамблеясининг парламентлар ролини ошириш тўғрисидаги махсус резолюциясини қабул қилиш бў­йича президентимиз томонидан илгари сурилган таклиф Барқарор тараққиёт мақсадларига эришиш ва инсон ҳуқуқларини таъминлашда муҳим қадам бўлиб хизмат қилади. Халқ вакилларидан инсоният бошига тушган глобал кулфатларда мунтазам мулоқот, ишонч ва яқин ҳамкорликни ривожлантириш, давлатларнинг эзгу мақсад-муддаоларини бирлаштириш йўлида янги усул ва воситалардан фойдаланиш, бошқача айтганда, ишга глобал тафаккур асосида ёндашиш талаб этилади.

Сўнгсўз ўрнида айтиш мумкинки, давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган таклиф ва ташаббуслар Ер юзидаги барча давлатлар ва халқларнинг эртасига, келажагига дахлдорлиги билан ажралиб туради.

Сардор ЮСУПОВ,

Тошкент давлат юридик университети кафедра мудири,

юридик фанлар бўйича фалсафа доктори