Янги таҳрирдаги Бош қонунимизнинг муаллифи том маънода халқимиз ўзи бўлди, деб айтишга барча асослар етарли. Чунки икки маротаба халқимиз ва кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилган конституциявий қонун лойиҳасига фуқаролар томонидан билдирилган 220 мингдан зиёд таклифнинг ҳар тўрттадан биттаси янги таҳрирдаги Конституциямизда ўз ифодасини топгани фикримиз исботидир.

Янги таҳрирдаги Конститутицияда “Ўзбекистон – ижтимоий давлат” тамойили мустаҳкамланди. Шу ўринда ижтимоий давлат ўзи нима, деган савол туғилиши табиий. Ижтимоий давлат тушунчаси юзасидан назарий адабиётларда турли фикрлар ва қарашлар билдирилган. Бу тушунчани илк бор 1850 йилда немис файласуфи, ҳуқуқшунос, иқтисодчи Лоренц фон Штайн қўллаган. У давлатнинг функциялари қаторига “давлатнинг ўз ҳокимияти орқали фуқароларнинг ҳуқуқларда мутлақ тенглигини таъминлаш” вазифасини киритган. Унга кўра, давлат ўз фуқароларининг иқтисодий ва ижтимоий тараққиётига кўмаклашишга мажбурдир, чунки якуний таҳлилда бирининг ривожи иккинчисининг ривожланиши учун шартдир.

Ўзбекистондаги сўнгги йиллардаги ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар ва жараёнларнинг моҳиятидан келиб чиққан ҳолда айтиш жоизки, “ижтимоий давлат – ҳар бир инсон учун фаровон турмуш даражаси, хусусан, сифатли таълим, кафолатли тиббий хизмат, муносиб меҳнат шароити ва адолатли иш ҳақи, пенсия ва нафақалар, ижтимоий ёрдам ва хизматлар тизими яратилган, уй-жойга эга бўлиш шароити мавжуд бўлган, ижтимоий тафовутлар юмшатилган, ҳеч бир фуқаро ўз муаммолари билан ёлғиз қолмайдиган адолатли давлат”дир.

Ижтимоий давлатнинг асосий мақсади қуйидагиларда намоён бўлади:

биринчи мақсад: давлат ҳар бир фуқаронинг маиший турмуш тарзи ҳолатини сифат жиҳатидан юқори даражага олиб чиқиши;

иккинчи мақсад: давлат аҳолининг турмуш шароити ва сифати жиҳатидан табақаланишига, яъни улар ўртасидаги яшаш учун талаб этиладиган сарф-харажатлар бўйича фарқлар катталашиб кетишига йўл қўймаслиги;

учинчи мақсад: аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қисмига давлат томонидан кафолатлар тизими орқали ёрдам кўрсатиш амалиётининг мунтазам йўлга қўйилишидир.

Ушбу мақсадлардан келиб чиққан ҳолда ижтимоий давлатнинг 15 та белгисидан қуйидаги асосий 5 тасига эътибор қаратиш муҳим аҳамият касб этади:

биринчи асосий белги: ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиёти мавжудлиги;

иккинчи асосий белги: кучли ва таъсирчан фуқаролик жамияти шакллангани;

учинчи асосий белги: давлат томонидан турли ижтимоий дастурлар ишлаб чиқилгани ва муваффақиятли амалга оширилиши;

тўртинчи асосий белги: давлатнинг фуқаролар олдидаги ижтимоий масъулияти мавжудлиги;

бешинчи асосий белги: фуқароларкундалик турмуш шароитини юритиш учун бошланғич моддий имкониятларга эга экани.

Ижтимоий давлат моделига эга бўлган мамлакатларнинг сўнгги беш йилдаги фаолиятини таҳлил қилиш натижасиларига кўра, ижтимоий давлатнинг асосий 10 та функциясидан бирламчи аҳамият касб этувчи қуйидаги 4 таси ўта муҳим:

биринчи муҳим функция: коррупция ва камбағалликка қарши курашиш давлат сиёсатининг энг устувор функцияси этиб белгиланиши;

иккинчи муҳим функция: давлат кўмагида аҳолининг бандлигини таъминлаш орқали унинг даромадлари ўсишига эришиш;

учинчи муҳим функция: барча қатлам вакилларининг ижтимоий суғурта тизими билан қамраб олиниши;

тўртинчи муҳим функция: аҳоли қатламлари ўртасида иқтисодий тенгсизлик камайтирилиб, имтиёзлар пакети тақдим этилиши.

Янги таҳрирдаги Конституцияда Ўзбекистоннинг ижтимоий давлат сифатида белгиланиши учун қуйидаги ҳаётий заруриятлар мавжуд бўлганини айтиш жоиз:

биринчи ҳаётий зарурият: Ўзбекистоннинг ижтимоий давлат сифатида белгиланиши халқимиз хоҳиш-иродасининг натижасидир. Конституциявий ислоҳотлар даврида халқимиз томонидан билдирилган таклифларнинг аксариятида ижтимоий ҳуқуқларни таъминлаш масаласи ифода этилган;

иккинчи ҳаётий зарурият: камбағалликка қарши курашиш борасидаги давлат мажбуриятларини таъминлашнинг конституциявий-ҳуқуқий даражада мустаҳкамланиши зарурати;

учинчи ҳаётий зарурият: “инсон қадри”ни юксалтиришдек улуғ мақсадга эришиш борасидаги масъулият ҳам Бош қонунимизда Ўзбекистоннинг ижтимоий давлат сифатида белгиланишини тақозо этди.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда камбағалликка қарши курашиш масаласи аҳолини ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга доир давлат сиёсатининг энг устувор йўналишига айланди. Юртимизда камбағалликни қисқартириш борасида қуйидаги ижобий жиҳатларга эътибор қаратиш ўринли:

биринчи ижобий жиҳат: эҳтиёжманд оилаларни манзилли қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни мантиқий давомийлигини таъминлаш зарурати.

Юртимизда эҳтиёжманд оилаларга ёрдам кўрсатиш мақсадида “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтар”и жорий этилиб, уларга киритилган фуқароларни касб-ҳунарга ўргатиш, бандлигини таъминлашда манзилли ёндашув жорий этилди ва бу борадаги ишлар мунтазам такомиллаштирилиб борилмоқда;

иккинчи ижобий жиҳат: камбағаллика қарши курашиш борасидаги ишларнинг ҳуқуқий асосини мустаҳкамлаш ижтимоий давлатни қуришнинг муҳим мезони сифатида белгиланди. Хусусан, 2019-2022 йилларда камбағалликка қарши курашишнинг институционал, ташкилий ва ҳуқуқий асосларини бевосита белгилаб берувчи 24 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди. Айниқса, бу борада Президентнинг 2020 йил 11 августдаги “Камбағал ва ишсиз фуқароларни тадбиркорликка жалб қилиш, уларнинг меҳнат фаоллигини ошириш ва касб-ҳунарга ўқитишга қаратилган ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори алоҳида аҳамиятга эга бўлиб, унга кўра, илк бор нодавлат касб-ҳунарга ўқитиш муассасаларида таълим олган ҳамда WorldSkills ва бошқа халқаро стандартлар даражасида касбий малака сертификатини (Skills паспорти) олган битирувчиларни тадбиркорликка жалб этиш ва ўзини ўзи банд қилганлик учун рағбатлантириш субсидияларини ажратиш тартиби белгиланди.

учинчи ижобий жиҳат: пенсия ва ижтимоий нафақалар миқдорини минимал истеъмол харажатларидан кам бўлмаган даражага олиб чиқиш бўйича аниқ механизмлар жорий этилди. Натижада 2022 йилда тарихимизда илк бор пенсия ва ижтимоий нафақалар миқдори минимал истеъмол харажатларидан кам бўлмаган даражага олиб чиқилди. Айтиш жоизки, 2022 йил декабрь ойи ҳолатига кўра, 2 миллиондан ортиқ оилага ижтимоий кўмак берилди.

Содда қилиб айтганда, ижтимоий давлат ижтимоий тафовутларни камайтириш, самарали ижтимоий сиёсат юритишга асосланган давлат моделидир. Ижтимоий тафовутларни камайтириш ва самарали ижтимоий ижтимоий сиёсатнинг таг замирида инсон қадри тушунчаси ётади. Бу эса, ўз навбатида, инсон қадри ва ижтимоий давлат тушунчалари ўзаро узвий боғлиқ эканини англатади.

Шундан келиб чиққан ҳолда янги таҳрирдаги Конституцияда давлатнинг ижтимоий соҳадаги мажбуриятлари билан боғлиқ нормалар 3 баробар кўпайди. Бош қонунимизда пенсия, нафақа ва бошқа ижтимоий ёрдамлар миқдори энг кам истеъмол харажатларидан оз бўлиши мумкин эмаслиги белгиланди. Бу, ўз навбатида, 2 миллион 200 минг эҳтиёжманд оила давлатдан кафолатли моддий ёрдам олишини англатади. Мазкур рақам давлат бюджетидан ҳар йили қўшимча 30-40 триллион сўм ажратиш, юзлаб ижтимоий объект – янги боғчалар, мактаб ва шифохоналар қуриш зарурлигига ишора беради.

Ўзбекистоннинг ижтимоий давлат этиб белгиланиши юртимиздаги ҳар бир фуқарога қуйидаги имкониятларни бериши билан аҳамиятга эга:

биринчидан, давлат томонидан фуқароларни ишсизликдан ҳимоя қилиш чораларини кўриш ҳамда касбга тайёрлашнинг замонавий тизимини ташкил этиш орқали фуқароларни иш билан таъминлаш шароитлари яратилади;

иккинчидан, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” ва “Темир дафтар”га киритилган ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларни уй-жой билан таъминлаш бўйича зарур иқтисодий шароитлар яратилиши кафолатланади. Хусусан, ижтимоий уйлар қуриш, аҳолининг турли қатламлари иқтисодий имкониятларини инобатга олган ҳолда субсидиялар ажратиш каби;

учинчидан, тез ва шошилинч тиббий ёрдам кафолатланган ҳажмининг давлат ҳисобидан кўрсатилиши белгиланиши тиббий хизматнинг қамров даражаси ва сифатини оширишга хизмат қилади;

тўртинчидан, ногиронлиги бўлган болалар учун инклюзив таълим ташкил этилиши натижасида уларнинг қобилияти ҳамда ҳаётда ўз ўрнини топиши, жамиятда ҳуқуқи ҳурмат қилиниши принципи амалда ишлаши таъминланади;

бешинчидан, ногиронлиги бўлган шахслар ва аҳолининг бошқа ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларига бошқалар билан тенг имкониятлар яратилиши натижасида уларнинг ҳаёт даражасини оширишга эришилади;

олтинчидан, давлат томонидан иқтидорли ва истеъдодли болалар ва ёшларни тизимли қўллаб-қувватланиши натижасида уларнинг ижодий, интеллектуал ва тадбиркорлик салоҳияти янада ортади, мамлакат ижтимоий, иқтисодий ва маданий-маърифий ҳаётидаги иштироки таъминланади.

Шу билан бирга, ижтимоий давлат модели Ўзбекистонда давлат томонидан қуйидаги мажбуриятлар бажарилишини тақозо этади:

биринчи, аҳоли учун мажбурий ижтимоий кафолатларни таъминлаш ҳамда аҳоли эҳтиёжманд қатламларининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилишини;

иккинчи, фуқароларни касбий тайёрлашни ташкил этиш, меҳнат бозорида эҳтиёж мавжуд бўлган касбларга фуқароларни ўқитиш ва уларнинг малакасини мунтазам равишда ошириб бориш бўйича чора-тадбирлар кўрилишини;

учинчи,  оилавий тадбиркорликни ривожлантириш учун қўшимча имкониятлар ва молиявий ресурслар ажратилиши таъминланишини;

тўртинчи, эҳтиёжманд аҳолини манзилли қўллаб-қувватлаш орқали камбағалликни қисқартириш бўйича аниқ чора-тадбирлар кўрилишини;

бешинчи, ижтимоий тафовутлар камайиши ҳисобидан ижтимоий-сиёсий барқарорлик таъминланишини.

Ўзбекистонда фуқароларни ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, ижтимоий ҳуқуқларини таъминлаш борасида сўнгги йилларда салмоқли ишлар амалга оширилди. Хусусан, таълим соҳаси тубдан ислоҳ этилиб, унга янги ва замонавий услублар жорий этилди, мактабгача таълим, ўрта махсус ва олий таълимга қамров даражаси кескин ортди. Биргина мисол: давлатнинг қўллаб-қувватлови натижасида сўнгги олти йилда болаларни боғчаларга қамраб олиш даражаси 27 фоиздан 70 фоизга етди. Бу 2 миллионга яқин бола боғчага бораётганини англатади.

Шунингдек, аҳолининг уй-жойга эҳтиёжи ҳамда уй-жой шароитларини яхшилашига кўмак жиддий кучайди. Сўнгги олти йилда қарийб 300 мингта, яъни аввалги йиллардагидан 10 баробар кўп уй-жой қурилди. Биргина 2020-2022 йилларда жами 27 800 фуқарога бошланғич бадалнинг бир қисмини қоплаш учун 795,6 миллиард сўм ва 38 811 фуқарога фоиз тўловларининг бир қисми қоплаш учун 429,4 миллиард сўм субсидия ажратилгани Ўзбекистонда ижтимоий давлат модели тобора шаклланиб, ривожланиб, бу борадаги реал имкониятлар ортиб бораётганидан даракдир.

Бугун Ўзбекистон аҳолисининг қарийб 55 фоизини ёшлар ташкил этади. Уларрга муносиб шароит яратиш мақсадида давлат томонидан ҳар йили 250 минг янги ўқувчи ўрни, камида 200 мингта янги уй-жой, 1 миллион доимий иш ўрни яратиш бўйича ишлар амалга оширилаётир.

2023 йил 8 май куни Президентимиз Олий Мажлис палаталари аъзолари, сиёсий партиялар ва жамоатчилик вакиллари билан бўлиб ўтган учрашувда: “Ялпи ички маҳсулотимиз ҳажмини ҳозирги 80 миллиард доллардан яқин йилларда 160 миллиард долларга етказиш учун бор имкониятларни ишга солишимиз керак. Аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулот ҳажми 4 минг долларга етади”, дея таъкидланди. Бу оғир ва шарафли вазифанинг самарали бажарилиши келгусида халқимиз турмуши янада фаровон бўлиши, аҳолининг реал даромади бир неча карра ортишига хизмат қилади.

Мухтасар айтганда, Ўзбекистоннинг ижтимоий давлат моделини танлаши “инсон-жамият-давлат” муносабатлари тизимининг мукаммал ишлаши, жамиятдаги барча қатлам вакиллари учун бирдек имкониятлар яратилиши, фуқароларга сифатли таълим, тез ва шошилинч тиббий хизмат ўз вақтида кўрсатилиши, уй-жой шароитларини яхшилашга эҳтиёжи бўлган фуқароларга кўмак кўрсатилиши, ёш оилаларнинг уй-жойли бўлиши учун имкониятлар ортиши, фуқароларни ишсизликдан ҳимоя қилишнинг кафолатли тизими жорий этилиши, энг муҳими, ҳеч ким ўз муаммоси билан ёлғиз қолиб кетмаслигини таъминлаши шубҳасиз.

Акбаршоҳ ТЕШАБОЕВ,

Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳузуридаги

Ёшлар парламенти раиси ўринбосари, ҳуқуқшунос-таҳлилчи,

юридик фанлар бўйича фалсафа доктори