2019-2020 йилларда хусусий бандлик агентликларининг саъй-ҳаракати натижасида 3 минг 300 га яқин фуқаро хорижий давлатларга қонуний тарзда ишга жойлаштирилди. АОКАда Бандлик ва меҳнат муносабатлари, Ички ишлар вазирликлари, Бош прокуратура ва бошқа мутасадди ташкилотлар иштирокида "Хусусий бандлик агентликлари томонидан фуқароларни хорижга ишга жалб қилиш масалалари" мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Таъкидланишича, бугунги кунда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг хусусий бандлик агентликлари реестридан 108 та юридик шахс рўйхатдан ўтган бўлиб, улардан 78 тасига хорижда ишлаш истагидаги фуқароларни ишга жойлаштириш бўйича фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия берилган. Ўтган давр мобайнида 70 та хусусий бандлик агентлигининг лицензияси бекор қилинган. Ҳозирги вақтда лицензияга эга 8 та хусусий бандлик агентлигидан 6 таси фаолият юритмоқда (1 та хусусий бандлик агентлигининг лицензияси тиклаш жараёнида ва 1 та хусусий бандлик агентлигининг лицензияси суд томонидан тўхтатилган).
Шу билан бирга, 2019-2020 йилларда хусусий бандлик агентликларининг саъй-ҳаракати натижасида 3 минг 300 га яқин фуқаро Россия, Туркия, Литва, Латвия, Польша, Болгария, БAA, Саудия Aрабистони, Беларусь, Хорватия, Япония, Эстония, Қозоғистон, Украина, Исроил, Германия, Греция, Қатар каби давлатларга қонуний тарзда ишга жойлаштирилди. Бироқ, улар томонидан лицензия талаблари ва шартларини бузиш ҳолатлари учрамоқда. Маълумотларга кўра, 11 та хусусий бандлик агентлиги томонидан фуқароларга 71,8 млрд. сўм миқдорида зарар етказилган ва уларга нисбатан жиноий ишлар қўзғатилган.
Юқоридаги ҳолатлардан келиб чиқиб келгусида хусусий бандлик агентликлари вакиллари томонидан содир этилаётган жиноий ҳаракатларнинг олдини олиш мақсадида 2020 йилда Ўзбекистон Республикасининг «Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонуни қабул қилинди.
Янги таҳрирда қабул қилинган қонунга кўра, хусусий бандлик агентликлари эндиликда қуйидаги талаблар асосида фаолият юритади:
-
- Ўзбекистон Республикасидан ташқаридаги ишни қидираётган шахсларни ишга жойлаштириш бўйича хизматлар кўрсатиш учун хусусий бандлик агентликлари захира қилинадиган сумма сарфланган тақдирда маблағларнинг ўрнини тўлдириш, шунингдек лицензия тугатилган ёки бекор қилинган тақдирда маблағларни қайтариш шартлари билан базавий ҳисоблаш миқдорининг саккиз минг беш юз баравари миқдоридаги маблағларни Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармасида захира қилиб қўяди.
- Ўзбекистон Республикасидан ташқаридаги иш қидираётган шахслардан хорижда ишга жойлаштириш бўйича хизматлар учун ҳақ олиш тақиқланди. Бу хизматлар учун ҳақ хорижий иш берувчи томонидан тўлаб берилади.
- Шунингдек, лицензияга эга хусусий бандлик агентликларининг хорижий ҳамкорлари ва иш берувчи ташкилотлар билан ҳамкорлик шартномалари имзоланган бўлиши керак.
- Ҳар бир хизмат кўрсатиш шартномасини хусусий бандлик агентликлари “labor-migration” ахборот тизимида реал вақт тартибида рўйхатдан ўтказилиши талаб этилади.
5.Бундан ташқари, фуқароларни ишга жойлаштириш соҳасида кўрсатиладиган ахборот ва маслаҳат хизматларининг қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан (2021 йил 1 сентябрдан базавий ҳисоблаш миқдори – ойига 270 минг сўм) ошмаслиги белгилаб қўйилди.