Тарихда бу ҳудуд Қовунчи деб номланган. Бунга сабаб, қадим-қадимдан ҳудудда деҳқончилик ривожланган, қовуннинг кўплаб навлари етиштирилган. Шаҳардаги Қорақулдуқ ариғининг чап соҳилида Қовунчитепа харобаси мавжуд. Тадқиқотларга кўра, мазкур тепалик ўрнида милоддан аввалги VI, милодий VIII ва XV-XVI асрларда гуллаб-яшнаган шаҳарча бўлган.

Айни пайтда салкам 82 минг аҳоли истиқомат қилаётган, кўҳна тарих ва бой маданиятга эга бу шаҳар янгиланиш ва яшаришнинг ойдин йўлидан дадил одимламоқда. Бугун Янгийўл тамомила ўзгарди, бунёдкорлик ишлари сабаб тобора гўзал қиёфа касб этиб бормоқда, аҳолининг турмуш фаровонлиги, дунёқараши юксаляпти. Бу, аввало, юртимиздаги кенг кўламли ва халқчил ислоҳотлар натижасидир.

Давлатимиз раҳбари 2018 йил 5 январь куни Тошкент вилоятига ташрифи чоғида Янгийўл шаҳридаги “Файзли” маҳалла фуқаролар йиғинида ҳам бўлди. Шу ерда шаҳарнинг бош режаси лойиҳаси, кўп қаватли уй-жойларни таъмирлаш дастури ҳамда хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари фаолиятини замонавий технологиялар асосида такомиллаштиришга боғлиқ маълумотлар билан танишди, аҳоли билан мулоқот қилди. Шаҳардаги кўп қаватли уйларни тўлиқ таъмирлаш, янги кўп қаватли уй-жойлар, замонавий боғ, бозор, супермаркет, кўприк қуриш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берди.

2020 йил 7 декабрда эса Президентимизнинг “2021-2022 йилларда Янгийўл шаҳрини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори имзоланди.

Бугун мазкур қарор ва топшириқлар ҳаётда ўз ифодасини топаётгани учун Янгийўл шаҳрида бунёдкорлик ишлари кенг қулоч ёйган. Муҳими, бундай янгиланиш ва ўзгаришларни одамлар ўз ҳаётида ҳис этмоқда.

Таълим: замонавий ёндашув ва самара

Ана шундай янгиланиш ва ўзгаришларга бевосита гувоҳ бўлиш учун Янгийўл шаҳрига йўл олдик. Шаҳарга кириб келар эканмиз, даставвал “Happy kids” деб номланган боғча эътиборимизни тортди. Боиси, ноодатий меъморлик услубида қурилган боғча биноси шаҳар кўркига кўрк қўшиб турибди. Ўтган йилнинг 25 ноябрида ўз фаолиятини бошлаган икки қаватли боғча 100 ўринли бўлиб, айни пайтда 58 бола тарбияланмоқда. Бу ерда 13 та янги иш ўрни яратилган.

— Боғчамиз монтессори усулида фаолият юритади, — дейди мактабгача таълим муассасаси директори Нигора Болтабоева. — Бу дунёда кенг оммалашаётган усуллардан саналади. Бунда болалар қайси машғулот билан шуғулланишни ўзлари ихтиёрий танлайди. Кимдир расм чизмоқчи бўлса, расм чизади, ўйинчоқ ўйнайман деса, ўйинчоқ ўйнайди. Хуллас, болалар ортиқча расмиятчиликлардан холи тарзда хоҳласа стулга, хоҳласа ерга ўтириб севган иши билан машғул бўлиши мумкин. Бу усул болаларни турли қолиплардан халос этиш, қизиққан машғулоти билан эркин шуғулланиши орқали ўз иқтидорини юзага чиқаришга қаратилган. Мулоқот ўзбек ва инглиз тилларида олиб борилади. Рус ва араб тиллари тўгараклари мавжуд. Ментал арифметика бўйича машғулотлар ўтказилади. Болаларнинг жисмонан чиниқиши учун спорт машғулотларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган.

Бугунги кунда Янгийўлда 14 та давлат, 2 та нодавлат, 3 та давлат-хусусий шериклик ҳамда 2 та оилавий мактабгача таълим ташкилоти фаолият кўрсатмоқда. 2018-2021 йилларда 1 та давлат мактабгача таълим муассасаси, 1 та нодавлат, 3 та давлат-хусусий шериклик ҳамда 2 та оилавий мактабгача таълим ташкилоти фойдаланишга топширилди, 12 та давлат МТТ тўлиқ реконструкция қилинди. 2018 йилда шаҳардаги бундай муассасалар қамрови 51 фоиз бўлган бўлса, бугунги кунга келиб бу кўрсаткич 78,2 фоизга етди.

Янгийўл шаҳридаги аксарият мактаблар узоқ йиллар давомида таъмирталаб аҳволга келиб қолганди. Бинолар, инвен-тарлар эскириб, талабга жавоб бермасди. 2018-2021 йилларда барча умумий ўрта таълим мактаблари капитал таъмирланди. Таълимга қаратилган эътибор натижасида 2021 йилнинг ўзида 300 га яқин мактаб битирувчиси хорижий ва маҳаллий олий таълим муассасалари талабаси бўлди.

Шаҳардаги 5-умумий ўрта таълим мактаби илғор таълим муассасаларидан саналади. Бу ерда 2030 ўқувчи таҳсил олмоқда. 2017 йилда мактаб “Энг яхши дарс ишланмаси” кўрик-танловида чизмачилик йўналишида республикада 1-ўринни қўлга киритган, “Кенгуру” халқаро математика танловида 2-ўринни эгаллаган. 2019 йилда мактаб битирувчиларининг 25 фоизи олий таълим муассасаларига ўқишга кирган бўлса, ўтган йили бу кўрсаткич 46 фоизга етди.

— 2005 йилдан буён шу мактаб раҳбариман, — дейди директор Эльвира Османова. — Анча вақт давомида мактабимиз эътибордан четда қолиб, уни таъмирлаш, замон талабига мослаштириш ортга сурилиб келаётганди. Ўтган йили “Обод маҳалла” дастури доирасида таъмирланди, барча замонавий шароитлар яратилди. Янги инвентарлар, ўқув қуроллари олиб келинди. Яқин вақт ичида мактабимизни STEM модели асосида дарс берадиган таълим муассасасига айлантириш кўзда тутилган. Мазкур модел математика, хорижий тиллар, ахборот технологиялари, кимё, биология фанларини яхлит, бир-бирига уйғун тарзда ўқитишга асосланган. Замон талаб қилаётган муҳим соҳалар — робототехника, дастурлаш, ментал математика бўйича ҳам дарслар ўтилади.

Бугунги кунда Янгийўл шаҳрида жами 13 та умумий ўрта таълим мактаби фаолият юритиб, уларда 15 минг 783 ўқувчи таҳсил олмоқда.

Унутилмас сиймо хотирасига эҳтиром

1974 йил 24 июнда Янгийўл шаҳрида давлат арбоби, Ўзбекистонни узоқ йиллар бошқарган Усмон Юсупов яшаган уйда мемориал уй-музей ташкил этилган. Бу уй-музей узоқ йиллар эътибордан четда қолиб келди. Мазкур даргоҳ Президентимиз ташаббуси ортидан Усмон Юсуповнинг 120 йиллиги муносабати билан 2020 йилда таъмирланди ва кўркам, обод масканга айланди.

Музейдан жами 4570 та экспонат жой олган. Унинг мемориал қисмида Усмон Юсуповнинг шахсий буюмлари, китоблари, кийимлари, маиший ва этнография ашёлари сақланади. Экспозиция қисмидан эса давлат арбобининг ҳаёти ва фаолиятини ёритувчи фотосуратлар, ҳужжатлар, хатлар, расмлар, ҳайкалчалар, буюмлар ўрин олган.

— Усмон Юсупов асли фарғоналик бўлиб, ўн тўрт–ўн беш ёшларида оиласи билан Эски Қовунчи, ҳозирги Янгийўл шаҳрига кўчиб келган, — дейди мемориал уй-музей директори Сайёра Мамадалиева. — Оддий деҳқон оиласида улғайиб, давлат арбоби даражасига кўтарилган бу инсон собиқ шўролар ҳукмрон бўлган энг мураккаб даврда республикани бошқарган. Эл-юрт фаровонлиги йўлида сидқидилдан меҳнат қилган. 1947 йилдан умрининг охиригача шу уйда яшаган. Бу ерга нафақат мамлакатимиз, балки чет давлатлардан ҳам меҳмонлар ташриф буюради. Уй-музейда турли байрамларга атаб кўргазмалар ташкил қилинади. Шунингдек, тарихимиз, хусусан, Усмон Юсуповнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида ҳар ойда икки марта мактаб, коллеж ўқувчилари иштирокида суҳбат ва учрашувлар ўтказилади. Зеро, бу инсоннинг ҳаёт йўли, ибратли фаолияти бугунги ёшлар учун чинакам тарбия мактаби бўла олади.

Тадбиркорлар учун қулай бизнес муҳити

Янгийўл шаҳрида 2017 йилда 154 та саноат корхонаси фаолият юритган бўлса, бугунги кунга келиб улар сони 167 тага етди. 2017 йилда улар томонидан 367,2 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган бўлса, бу кўрсаткич ҳозирги кунда икки баробар ошиб, 724,3 миллиард сўм-мис эритиладиган печ ўрнатилиб, кабель ишлаб чиқариш учун ярим тайёр маҳсулот тайёрланади. Энди буёғига кўпроқ мис кабеллар ишлаб чиқаришга эътибор қаратмоқчимиз. Чунки айни пайтда мис кабелларига эҳтиёж ортиб бормоқда. Мис алюминга нисбатан қайишқоқ ва эгилувчан металл, электр ўтказувчанлиги юқори. 2021 йилда корхонада 2,5 минг километр мис, 2,5 минг километр алюмин кабель ишлаб чиқарилди. Жорий йилда мазкур кўрсаткични уч баробар ошириш кўзда тутилган. Ўтган йили 786 миллион сўм соф фойда кўрдик. Энди маҳсулотни Туркияга ҳам экспорт қилишни режалаштирганмиз.

Янгийўл “Венецияси”

Янгийўл шаҳридаги Қорақулдуқ ариғининг икки қирғоғи бўйлаб 1,2 километр узунликда пиёдалар ва велосипед йўлакчалари қурилганига ҳали кўп бўлгани йўқ. Лекин аллақачон бу ер маҳаллий аҳолининг севимли масканига айланди. Уни аҳоли Янгийўл “Венецияси” деб атайди. Яқин-яқингача ариқ атрофи чакалакзор бўлиб, овлоқ жойга айланиб қолган эди.

Ўтган йилги бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари натижасида ҳудуд гўзал ва обод гўшага айланди. Қирғоқ бўйлаб темир панжаралар, тунги ёриткичлар ўрнатилди. Ариқ ёқасига турли манзарали дарахт кўчатлари экилди. Муҳими, мазкур маскан аҳолига қўшимча қулайликлар яратмоқда, одамлар бу ерда сайр қилиб, ҳордиқ чиқармоқда, спорт билан шуғулланяпти. Пиёдалар ва велосипед йўлакчаларини янада узайтириш борасида ишлар давом эттирилмоқда.

Шаҳар ҳудудидан Жўн канали ҳам оқиб ўтади. Канал бўйлаб автомобиль йўли ўтган, унинг атрофида панжаралар ўрнатилмагани, чироқлар ишдан чиққани туфайли тунда автомашиналар пиёдалар ҳаракатланишига хавф туғдирарди. Аҳоли хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ушбу канал бўйлаб 5,4 километр масофага баланд темирпанжаралар, 440 та тунги ёриткич ўрнатилиши билан мазкур муаммолар ҳал этилди. Бундай амалий ишлар шаҳар инфратузилмасини яхшилаш билан бирга, аҳоли фаровонлигига хизмат қилмоқда.

Ватан ичра ватанли бўлиш бахти

Юқорида айтганимиздек, Янгийўл шаҳри узоқ йиллар эътибордан четда қолиб, кўп қаватли турар жойлар бунёд этилмади. Табиийки, аҳолининг янги, замонавий уйларга эҳтиёжи ортиб бораверди. Ана шундай талаб ва эҳтиёждан келиб чиқиб, юртимизнинг бошқа шаҳар ва қишлоқларида бўлгани каби сўнгги йилларда Янгийўлда ҳам кенг миқёсли бунёдкорлик ишлари бажарилди. Натижада шаҳар қиёфаси тубдан ўзгарди, инфратузилма яхшиланди.

Хусусан, “O‘zshahar qurilish invest” ИК томонидан 2018 йилда 12 та, 2019 йилда эса 10 та 7 қаватли уй-жой қурилди. 2020 йил “Qishloq Qurilish Invest” ИК томонидан 1 та 5 қаватли, 2021 йилда 3 та 4 қаватли уй-жой барпо этилди.

— Ота-онам ёшлигимда вафот этган, опам билан узоқ йиллар ижара уйларда яшаб, роса қийналдик, — дейди Севара Пўлатова. — Биринчи гуруҳ ногирониман. Опам ишлаб, менга қарайди. Ўзимизнинг беминнат уйимиз бўлишини орзу қилардик. Бу орада Янгийўл шаҳрида кўп қаватли уйлар қурила бошланди. Шу боис, шаҳар ҳокимлигига уй сўраб мурожаат қилдим. Шукрлар бўлсинки, менга имтиёзли кредит асосида уй берилди. Йиллар давомида зулматга чўмган қалбим бирдан ёришди. Жудаям хурсанд бўлдим. Уйнинг бошланғич бадали давлатимиз ҳисобидан тўлаб берилди. Икки хонали хонадонимизда барча шароит яратилган. Инсон қадрини ана шундай улуғлаётган Президентимиздан миннатдормиз.

Ҳозирги кунда шаҳарда замонавий лойиҳалар асосида тадбиркорлар томонидан ҳам кўплаб замонавий турар жой-лар бунёд этилмоқда. “Сулаймон сити” МЧЖ томонидан қурилаётган “Sulaymon City” яқин вақт ичида шаҳарнинг кўркам манзилларидан бирига айланади. Гап шундаки, мазкур лойиҳа доирасида шаҳар марказида ўзига хос меъморий ечимга эга учта 14 қаватли осмонўпар турар жой биноси қад кўтармоқда. Шу чоққача Янгийўл шаҳрида бундай баланд иншоотлар бўлмаган. Уйлар 200 та хонадондан иборат бўлиши, биринчи қаватида дўконлар, маиший хизмат кўрсатиш мажмуалари, 14-қаватида эса ресторан ўрин олиши кўзда тутилган.

2022 йилда ҳам турар жойлар қурилиши давом эттирилади. Хусусан, шаҳардаги Файзобод маҳалласида 432 хонадонли 4 та, Нов маҳалласида эса 840 та хонадонли 20 та уй-жой қурилиши режалаштирилган.

Қовунчитепада туристик зона ташкил этилади

— Бир пайтлар Янгийўл шаҳри йирик ишлаб чиқариш салоҳиятига эга бўлган, — дейди шаҳар ҳокими Фарҳод Мирзаев. — Бу ерда пойабзал, типография, қандолат фабрикаси, ун заводи, ёғ-мой комбинати, консерва заводи, пахта заводи, механизациялаштирилган кўчма қурилиш ташкилоти каби йирик корхоналар фаолият юритган. Мазкур корхоналарнинг ҳар бирида минглаб одам ишлаган. Ўртада шундай бир давр бўлдики, бу соҳалар эътибордан четда қолди, яхши мутахассислар бошқа жойларга кўчиб кетди, ишлаб чиқариш ўз ҳолига ташлаб қўйилди. Корхоналар фаолияти тўхтагандан сўнг ишсизлик кучайди. Президентимизнинг 2018 йил 5 январда Янгийўл шаҳрига ташрифидан сўнг шаҳар ҳаётида том маънода янги давр бошланди. Давлатимиз раҳбари маҳаллаларга бориб, фуқароларнинг турмуш шароити билан танишди, халқ билан мулоқот қилди. Уларни қийнаётган муаммоларни сўради. Янгийўл шаҳрини обод қилиш, инфратузилмасини яхшилаш, аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш юзасидан топшириқлар берди. Ана шу топшириқлар, вазифалар асосида шаҳарда замонавий боғчалар, мактаблар қурилди, мукаммал таъмирланди. Ичимлик сув масаласи, канализация тармоғи, йўл инфратузилмасини яхшилаш билан боғлиқ кенг миқёсли ишлар бажарилди. Янгийўл шаҳри тарихида бўлмаган кўламда кўп қаватли турар жой бинолари бунёд этилди, янгилари қурилмоқда. Аҳолининг уй-жойга бўлган эҳтиёжи таъминланмоқда. Деҳқон бозори таъмирталаб, абгор ҳолатга келиб қолганди. Маҳсулот сотиладиган расталарда на тартиб, на шароит бор эди. Бозор майдони икки гектардан тўрт гектарга кенгайтирилиб, замонавий асосда қайта қурилди. Сотиладиган маҳсулот турига қараб алоҳида расталар ташкил этилди. Бозор олдин 630 ўринли бўлган бўлса, кенгайтирилгандан сўнг 1850 та иш ўрни яратилди. Шаҳарда янги корхоналар ўз фаолиятини бошлаб, янги иш ўринлари очилиши билан бу ерга одамлар кўчиб келмоқда, ўз келажагини шу шаҳарда кўрмоқда. Бир сўз билан айтганда, янгийўлликлар янги ҳаёт нашидасидан мамнун.

Янгийўл шаҳрининг туристик салоҳиятини оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратиляпти. Хусусан, Қовунчитепа маданий мерос объекти ҳудудида туристик маскан барпо этиш режалаштирган.

— Янгийўл шаҳри кенгаши депутатлари Қовунчитепа маданий мерос объекти ҳудудида туристик зона ташкил этиш ташаббусини илгари сурди, — дейди тарихшунос олим Ориф Нортўраев. — Мазкур ташаббусни шаҳар кенгаши сессиясига олиб чиқмоқчимиз. Илгари сураётган ташаббусимизга кўра, Қовунчитепа ҳудудида туристик инфратузилма яратиш, хусусан, бу ерда музей ташкил этиш, унда Янгийўл шаҳри ҳудудидан топилган тарихий буюмлар, экспонатларни жойлаштириш, ҳунармандлар расталари очиш орқали хорижий ва маҳаллий сайёҳларни жалб этиш кўзда тутилган. Шу ўринда, Янгийўл шаҳри тарихи, маданияти, бугунги ҳаётидан ҳикоя қилувчи “Янгийўл шаҳри тараққиёт сари” деб номланган тарихий китоб-альбом нашрга тайёрланганини қайд этиш керак. Яқин орада бу китоб китобхонлар қўлига етиб боради.

Жорий йилда шаҳарда тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли хонадонларида енгил конструкцияли иссиқхоналар қуриш, хизматлар соҳасини ва бошқалар ҳисобига беш мингдан зиёд фуқаронинг бандлигини таъминлаш, 14 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш, 9,5 километрли сув тармоғини, 2 та сув тарқатиш иншоотини қуриш, Баҳор ва Нов маҳаллаларида “Обод маҳалла” дастури асосида қурилиш ва ободонлаштириш ишлари бажарилиши кўзда тутилган.

Албатта, бу ҳали бошланиши. Қилинажак ишлар кўп. Уларнинг ҳаётга татбиқ этилиши шаҳар ривожига, аҳоли турмуш фаровонлигининг янада ошишига хизмат қилиши шубҳасиз.

Шаҳзод Ғаффоров,

“Янги Ўзбекистон” мухбири