Олий Мажлис Сенати Раиси Т.Нарбаева видеоконференцалоқа орқали халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг доимий комиссиялари раислари ҳамда котибиятлари мудирлари билан учрашди.
Унда бир қатор муҳим масалалар муҳокама қилинди. “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида амалга ошириладиган ишлар устидан депутатлик ва жамоатчилик назоратини амалга ошириш, маҳаллий бюджетни шакллантириш, шунингдек, “Ташаббусли бюджет” натижалари бўйича ғолиб деб топилган лойиҳалар ижроси устидан назорат ўрнатиш ҳамда ижтимоий дафтарлар билан ишлаш масалалари шулар жумласидандир.
Дастлаб Сенат Раиси барчанинг эътиборини экологик барқарорликка етказилаётган зарар, кўкаламзорлаштириш, ўсимлик дунёсини асраш, дарахтлар муҳофазасини янада самарали ташкил этиш, яшил майдонларни кенгайтириш борасида амалга оширилаётган ишлар, йўл қўйилаётган камчиликлар, уларни бартараф этишда маҳаллий Кенгашлар ва кенг жамоатчилик вакилларининг тутган ўрнига қаратди.
Таъкидланганидек, бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли фармонлари қабул қилинган. Мазкур фармонлар билан “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси татбиқ этилиб, дарахтларни кесиш бўйича мораторий талабларини бузганлик учун маъмурий жарималар миқдори беш бараварга, дарахтларни ноқонуний кесиш ва шикастлантириш билан ўсимлик дунёсига етказилган зарар учун ундириладиган маблағ миқдори икки бараварга оширилди.
Шундай бўлса-да, айрим ҳудудларда ишлар сифатли бажарилмай келмоқда. Хусусан, “Яшил макон” умуммиллий акцияси доирасида шу йил баҳорда дарахт кўчатларини экиш ишларида камчиликларга йўл қўйилган.
Жумладан, дарахт экиш ишларини тизимли ташкил этмасдан, суғориш ва парваришлаш учун тегишли масъуллар бириктирилмаган. Ҳақиқатда экилмаган 6,2 млн дона кўчат ҳисоботларга қўшиб ёзилган, 3,4 млн дона кўчат суғориш тизими бўлмаган жойларга экилган. 2,4 млн дона кўчат сувсизлик ва етарли парвариш бўлмаганлиги сабабли баҳор тугамасдан қуриб нобуд бўлган. Ернинг табиий иқлим хусусиятларини инобатга олмаган ҳолда 341 минг дона кўчат яроқсиз ерларга экилган.
Ўз навбатида, Сенат Раиси бу борадаги камчиликлар ва муаммоларни бартараф этиш, уларнинг олдини олиш мақсадида маҳаллий Кенгашлар олдига қатор вазифаларни белгилаб берди.
Шундан сўнг “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси натижалари муҳокама қилинди.
Бу борада Сенат Раиси “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси ўз натижаларини бераётганига тўхталди. Хусусан, жорий йил иккинчи ярмида ушбу лойиҳада 9 201 та ёки 98 фоиз маҳалла иштирок этган. Овоз бериш якунларига кўра, 1 221 та маҳалладаги 1 418 та лойиҳа ғолиб деб топилиб, улар учун жами 1 трлн сўм маблағ ўтказиб берилган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 342 та маҳалладаги 2 мингдан ортиқ овоз тўплаган, лекин ғолиб бўлмаган 364 та лойиҳа учун қўшимча 335 млрд сўм ажратиладиган бўлди.
Шу ўринда Т.Нарбаева “Ташаббусли бюджет” лойиҳасида одамлар қанчадан-қанча муаммоли масалаларни кўтариб чиқаётгани, маҳаллий бюджетни шакллантириш жараёнида маҳаллий Кенгашлар депутатлари етарлича фаол бўлмаётганига тўхталди. Реал ҳолатдан келиб чиқиб, Сенат Раиси маҳаллий Кенгашлар олдига бир қатор аниқ вазифаларни белгилади.
Маҳаллий Кенгаш депутатлари “Ташаббусли бюджет” бўйича ғолиб деб топилган лойиҳалар ижросини назорат қилиши, келгуси йил бюджетини шакллантириш жараёнларида фаол иштирок этиши, маҳаллалардаги муаммоларни аниқлаш ва ҳал этиш бўйича маҳалла раислари, айниқса, ҳоким ёрдамчилари имкониятидан унумли фойдаланиши кераклиги шулар жумласидандир.
Шунингдек, учрашувда ижтимоий дафтарлар (“Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”) билан ишлаш масаласида маҳаллий Кенгашларнинг тутган ўрни муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, бу борада ижтимоий дафтарларга киритиш ҳам, улардан чиқариш ҳам маҳаллий Кенгашлар қарори асосида амалга оширилади. Депутат ўз ҳудудидаги ушбу дафтарларга киритилган хотин-қизларнинг муаммолари тўлиқ бартараф этилиши устидан депутатлик назоратини олиб бориши лозимлиги белгиланган.
Аммо жойлардаги ўрганишлар жараёнида бу борадаги ишларни ташкил этишда депутатларнинг ўрни деярли сезилмаётганлиги кузатилмоқда. Афсуски, ижтимоий дафтарларни шакллантиришда ёки уларга киритилганлар муаммоларини ҳал этишда маҳаллий Кенгашлар фақат рўйхатни тасдиқлаб берувчи органга айланиб қолган.
Ўз навбатида, Сенат Раиси бу каби ҳолатларга чек қўйиш, муаммоларни бартараф этиш ва келгусида юз бериши мумкин бўлган бундай ҳолатларга лоқайд бўлмасликка чақирди ҳамда қатор тавсия ва аниқ вазифаларни белгилаб берди.
Мулоқот сўнггида депутатлик одоби масаласи ҳам муҳокама қилиниб, ҳар бир депутат “халқ вакили” номини оқлаши, халқнинг ишончини қозониши зарур эканлиги айтиб ўтилди.