Бу ерда беш йил олдин бир суҳбат бўлиб ўтган эди...
Чамаси ўн йиллар илгари мутасадди раҳбарлар бирор вилоят ёки олисроқ бир ҳудудга бормоқчи бўлса, ташриф олдидан ўнқир-чўнқир, ўйдим-чуқур йўллар наридан-бери текисланиб асфальт қилинар, ён-атроф тозаланиб, тартибга келтирилар, бино ва йўл бўйидаги иншоотлар эса хўжакўрсинга таъмирланиб, оқлаб қўйиларди.
Бу ҳам етмаганидек, меҳмонларни кутиш учун алоҳида тайёргарлик кўрган сўзга чиқувчиларнинг рўйхати тузилар ва гапирадиганлар тутилиб қолмаслиги учун сўзлар матни ҳам ёзиб берилар ва ҳаттоки, ёд олинарди.
Гапнинг лўндаси, бирор нуқсон кўзга ташланмайдиган даражада пухта тайёргарлик кўрилар, мартабали меҳмонлар келишидан олдин чор-атроф яна бир бор кўздан кечирилиб, иложи бўлса, асосий йўлларда ортиқча одам бўлмаслигига ҳам эътибор қаратиларди. Барча ишларга кўз-қулоқ бўлиб туриш учун алоҳида масъуллар бириктирилар, уларнинг совуқ важоҳатини кўрган одам борки, изига қайтар, сал лоф қўшиброқ айтадиган бўлсак, дарахт шохидаги қушлар ҳам миқ этмай турарди.
“Каттаконлар” келиб кетгандан сўнг хонадонлару дўконлардан олинган мебель жиҳозлари, пояндоз учун тўшалган гиламлару чинни идишлар ўз эгаларига қайтариларди. Шундан сўнггина ўша ҳудуднинг мезбонлари пешонасининг терини артиб, чуқур тин оларди...
Шубҳасизки, келган “каттаконлар”нинг “Қандай муаммоларингиз бор?”, “Биздан нима ёрдам?”, “Сизларни нима қийнаяпти?”, деган саволларига алоҳида тайёргарлик кўрган “сўз усталари” дарҳол қўлларини кўксига қўйиб, “минг раҳмат, бизда ҳеч қандай муаммо йўқ”, дея жавоб берарди. Шу боис, улар борган жойнинг юзи ялтироқ бўлгани билан ичи қалтироқлигича қолаверарди.
Оддийлик ва одамийлик қадамлари
Сўнгги беш йилда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг одилона сиёсати туфайли барча лавозим эгаларининг иш фаолияти тубдан ўзгариб, халқ билан мулоқотлар, оддийлик, одамийлик сари илк қадамлар ташланди. Яъни ҳудудларга борган юқори лавозимдаги мутасадди раҳбарларга қуллуқ қилиш каби иллатларга барҳам берилди. Бундай қутлуғ қадамни Президентимизнинг ўзи биринчилардан бўлиб бошлаб берди.
Келинг, яхшиси сизга ўзим кўрган ва билган воқеани тўлалигича айтиб берай.
Бундан беш йил муқаддам баҳор фаслининг сўнгги кунларида давлатимиз раҳбари ёнида бир-икки ишончли вакили билан ҳеч кимни безовта қилмай, борадиган вақтини ва жойини олдиндан ошкор этмай, пойтахтнинг Яшнобод туманидаги “Ширинобод” маҳалласига тасодифан ташриф буюрди.
Йўлида учраганлар билан илиқ саломлашиб, маҳалла аҳлининг кайфияти, турмуш тарзи, муаммолари, уларни қийнаётган саволлар ва нима бору нима йўқлиги билан обдон қизиқди. Таълим-тарбия, тиббиёт, коммунал ва ободонлаштириш соҳаларининг муаммолари жиддийлигидан бохабар бўлиб, ён дафтарига ҳаммасини алоҳида қайд этиб қўйди.
Ҳаяжонланиб, тортиниб муаммоларини айтиб берди
Президентимизнинг нафақадаги ўқитувчи Таиса Конишева билан суҳбатлашиб турганини кўрган маҳалла фаоли Раҳим Қўзиев дарҳол маҳалладошлари, қўшнилар, мактаб маъмуриятига давлат раҳбари келгани ҳақидаги хабарни етказди. Бирпасда кексаю ёш, ўқитувчилар жамоаси ҳамда маҳалла фуқаролари йиғилиб, қизғин суҳбат бошланди.
Биров қисиниб-қимтиниб йўлларнинг носозлиги ҳақида сўзласа, бошқаси тоза ичимлик сув йўқлигини, ишсизлигини ва бошқа бир қанча муаммоларини айтиб берди. Энг асосийси, маҳалла аҳли ўз дарди, камчилиги ва қувончларини Президентимизга очиқ-ойдин тўкиб солди.
Бу ташрифдан сўнг орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, “Ширинобод” маҳалласи давлат дастурига киритилиб, ҳар бир гўшасида янгиланишдан дарак берувчи бунёдкорлик, ободончилик ва кўкаламзорлаштириш ишлари жадал суръатлар билан бошланиб кетди.
Ички йўллар таъмирланиб, 9 минг квадрат метрдан ортиқ жойга асфальт ётқизилди. Замонавий мактабгача таълим муассасаси қад ростлади ва унга “Камалак” деб ном берилди. 1936 йилда барпо этилган кўп қаватли умумтаълим мактаби ҳамда сил касалликлари шифохонаси капитал таъмирдан чиқарилиб, энг сўнгги русумдаги замонавий жиҳозлар билан таъминланди.
Марв ва Боку кўчалари тўла канализациялаштирилиб, Мурғоб кўчаси аҳолиси тоза ичимлик сув билан таъминланди. Маҳалла марказига олиб борадиган асосий йўлнинг бошига муҳташам арка ўрнатилиб, пештоқига “Ширинобод” маҳалласига хуш келибсиз!” деб ёзиб қўйилди. Бунёд этилган оилавий поликлиника, “Дўстлик” маданият ва истироҳат боғи эса каттаю кичикнинг кўзини қувнатиб, кўнгилларга ором бағишловчи дам олиш масканига айланди. Буларнинг барчаси маҳаллага ўзгача чирой, файзу тароват, ажойиб бир кўркамлик бахш этди.
Ташриф ва томоша сиздан, меҳмонларни сийлаш биздан
— Маҳалламизнинг бугунги қиёфаси унинг беш йил олдинги кўринишидан бутунлай фарқ қилади, — дейди Фанлар академиясининг Ўзбек тили адабиёти ва фольклори институти илмий ходими Раҳматилла Баракаев. — Унинг бир вақтлардаги қоронғу кўчаларидан, одам қадам босишга чўчийдиган ташландиқ жойларидан, қишда лой, ёзда чанг бўлиб ётадиган йўлларидан асар ҳам қолмади. Бугун маҳалламизда фуқароларнинг яйраб яшаши, мароқли дам олиши учун барча шароит бор. Биров қайси маҳаллада яшайсиз деса, ғурур билан “Ширинобод”да, дейдиган бўлдик. Меҳмон бўлиб келган одам ҳавас қиладиган, баҳри-дили яйрайдиган гўзал бир ошён бўлди. Бундай улкан ўзгариш ва янгиланишлар бошида Президентимизнинг ғамхўрлиги мужассам. Хуллас, юз бора эшитгандан бир бора кўрган яхши деганларидек, маҳалламиз дарвозаси сиз, азиз ҳамшаҳарларимиз учун ҳам ҳамиша очиқ. Кўклам ойининг шу хушнафас кунларида маҳалламизга меҳмон бўлиб келинг. Дошқозонларимизда сумалак ва ҳалимларни биргаликда қайнатиб, ҳар кун бир кўчамизда байрам қилмоқдамиз. Ташриф ва томоша сиздан, бир пиёла аччиққина кўк чой ва баҳорий таомлар билан сийлаш биздан.
Ўнтанинг биттаси
“Ширинобод” Тошкент молия институти оталиққа олган ўнта маҳалланинг биттаси. Бугун мазкур олий ўқув юрти ва маҳалла билан ҳамкорлик риштаси мустаҳкам боғланган. Институт профессор-ўқитувчилари ўтган йилдан буён “Ширинобод”га тез-тез бориб, маънавий-маърифий тадбирларни биргаликда ўтказиб туради.
Институт томонидан ишлаб чиқилган махсус дастур асосида маҳаллани янада ободонлаштириш мақсадида уч юз туп мевали ва манзарали дарахт ўтқазилди. Ёрдамга муҳтож 2 фуқарога ногиронлик аравачаси ҳадя қилинди. Шу билан бирга, кам таъминланган оилалар моддий қўллаб-қувватланмоқда. Муҳтож фуқаролар хонадони эса таъмирлаб берилди. Президентимизнинг ёшларни китоб билан ошно қилиш, уларни китобхонликка ўргатиш борасидаги қарорига асосан, институт ректори ташаббуси билан маҳалла кутубхона ва компьютерли ҳам бўлди. Наврўз байрами арафасида маҳалла гузари биносида жойлашган мўъжазгина кутубхонанинг тантанали очилиш маросими ўтказилди.
— Наврўз байрами муносабати билан маҳалла аҳлига туҳфа қилган кутубхонамизда мингга яқин бадиий, илмий-оммабоп ва болалар учун мўлжалланган бадиий адабиёт намуналари ҳам ўрин олган, — дейди Тошкент молия институти ректори Тўлқин Тешабоев. — Бундан кейин ҳам ушбу кутубхонани янги китоблар тўплами билан мунтазам бойитиб борамиз. Кутубхона узоқ-яқиндан келган меҳмонларга шунчаки кўз-кўз қилиш учун ташкил этилгани йўқ. Аксинча, шу ерда яшайдиган фуқароларнинг онгу тафаккурини теранлаштириш, ёшларни китоб ва китобхонликка жалб қилиш орқали Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш ва келажакда юртга садоқатли, комил инсонлар бўлиб камолга етиши учун барпо этилди.
Ҳа, кутубхона — нурхона, дейди доноларимиз. Китоб одамларни яхшиликка ундайди, эзгуликка чорлайди ва қалбида энг гўзал туйғуларни уйғотади.
— Бугун маҳалламиз аҳли, айниқса, биз, ёшлар учун шодиёна кун бўлди, — дейди маҳалланинг фаол ёшларидан бири Иззат Умрзоқов. —Тўғрисини айтадиган бўлсам, ана шундай кутубхона биз учун орзу эди. Мана, эзгу ниятимиз амалга ошди.
Раис қувончи
Абдуназар Мирбаротов шу маҳалланинг раиси. Ҳарбийдан пенсияга чиққан бу инсон яхши ташкилотчи сифатида маҳалладошлари орасида ҳурмат қозониб, икки йил олдин катта ишонч билан маҳаллага оқсоқол этиб сайланди. Ўндан зиёд миллат вакилларидан иборат уч ярим минг кишилик катта бир маҳаллани бошқариш осон эмаслигини ҳис этган Абдуназар ака дастлабки ишни Каримжон Зокиров, Талъат Назаров, Аҳмаджон Мўминов, Владимир Колешов сингари маҳалланинг фаол ва жонкуяр одамларини ўз атрофига жипслаштиришдан бошлади.
Мавжуд муаммоларни ечишдан тортиб, маҳалла тинчлигию ободончилиги масалаларигача бўлган барча ишларни ана шу фаоллар билан бамаслаҳат, кенгашиб бажаради.
— Ҳамма гап ҳамжиҳатликда, — дейди Абдуназар Мирбаротов. — Маҳалламиз аҳлининг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари шарофати билан ана шундай ютуқларга эришдик. Ҳали қиладиган ишларимиз жуда кўп. Бу борада бизга чин дилдан ёрдам бераётган ҳомийлар ва ҳамкорларимизга алоҳида миннатдорлик билдираман. Илоҳим, эзгулик йўлидаги ҳамкорлигимизга кўз тегмасин! Маҳалламизнинг шундай нурафшон ва гўзал бўлишига бошчилик қилган, фуқароларимиз қалбига яхшилик ва ишонч уруғини эккан Президентимиздан миннатдормиз!
Нуриддин ОЧИЛОВ,
журналист