Мазкур ҳолат тўлиқ назоратга олинган ва ҳозирда барча воқеа иштирокчилари жалб этилган ҳолда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, дея хабар беради Тошкент вилояти ИИББ.

Тафсилотларга кўра, жорий йилнинг 4 январь куни фуқаролар (Х.Ш. 1982 й.т.) ва (Ш.М. 2003 й.т.) Тошкент шаҳар, М.Улуғбек тумани ҳудудида, ўзларига тегишли транспорт воситаларида ҳаракатланиш вақтида ўзаро йўл талашиб жанжаллашганлар.

Орадан 2 кун ўтиб, жорий йил 6 январь куни улар телефон орқали гаплашиб, ўзаро келишиб олиш учун (Ш.М. 2003 й.т.)нинг яшаш манзили Қибрай тумани, “Сохибкор” МФЙ ҳудудида учрашганлар.

Муроса суҳбатига шу ерда яшовчи (Ш.М.)нинг қариндошлари келиб қўшилиши оқибатида учрашув жанжалга айланган. 

Интернетда тарқалган видеода, уларни ажратаётган қўшнилар ҳам кўрингани сабабли воқеа “оммавий муштлашув” каби таассурот уйғотади.  

Ҳозирда жанжални келтириб чиқарган ва иштирок этган 5 киши ҳолат юзасидан қўзғатилган жиноят ишига жалб этилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.  

"Жараён Тошкент вилояти ИИББ томонидан назоратга олинган. Қонун устуворлиги тўлиқ таъминланиб, тергов органларининг якуни хулосаси билан қўшимча маълумот берилади", — дейилади хабарда.