Қайд этилишича, туман даврида ва ёмғирдан сўнг PM2,5 консентрациясининг ошиши кенг тарқалган ҳолат ҳисобланади. Ёмғир визуал жиҳатдан ҳавони “тозаловчи” омил сифатида қабул қилинса-да, атмосферадаги ҳақиқий жараёнлар анча мураккабдир.

“Туман шунчаки намлик эмас, балки майда сув томчилари мажмуаси бўлиб, уларда чанг ва қоракул заррачалари тўпланади, шунингдек, иккиламчи аэрозоллар шаклланади. Туман шароитида, одатда, шамол суст бўлади, ҳаво айланиши чекланади ва ҳарорат инверсияси кузатилади. Ушбу омиллар ифлослантирувчи моддаларнинг атмосферанинг ерга яқин қатламида ушланиб қолишига сабаб бўлади, бу эса PM2,5 консентрациясининг ошишига олиб келади”, дейилади “Ўзгидромет” изоҳида.

Маълум қилинишича, кучли ёғингарчилик пайтида йирик ёмғир томчилари ифлослантирувчи моддаларни самарали равишда ювиб туширади ва натижада кўрсаткичлар вақтинча пасайиши мумкин. Бироқ ёмғирдан сўнг майда дисперс заррачалар консентрациясининг қайта ошиши эҳтимоли мавжуд.

“Бу юқори намлик шароитида заррачаларнинг гигроскопик хусусиятларга эга бўлиб, ўлчами катталашиши ва натижада ўлчов асбоблари томонидан фаолроқ қайд этилиши билан изоҳланади. Шунингдек, ёғингарчиликдан кейин намликнинг буғланиши иккиламчи аэрозоллар ҳосил бўлишини кучайтириши мумкин. Шамол бўлмаган ҳолатда ифлослантирувчи моддалар ерга яқин қатламда тўпланишда давом этади”, дейилади хабарда.

​“Ўзгидромет” вазият доимий мониторинг қилинаётганини, маълумотлар аниқлаштирилгани сўнг қўшимча ахборот тақдим  этилишини билдирди.

Баҳорнинг биринчи куни Тошкент шаҳрида ҳаво ифлосланиши бошланганди. 1 март куни эрталаб пойтахт ҳавоси ифлосланиш даражасига кўра, дунёда биринчи ўринга чиқди. “Ўзгидромет” бунга ҳаво инверсияси сабаб бўлганини маълум қилганди.