Энергетика вазирлиги ҳузуридаги «Ўзнефтгазинспекция» ва «Ўзенергоинспекция» томонидан Республика иқтисодиёти соҳаларида ёқилғи-энергетика ресурсларининг сарфини меъёрлаш бўйича тартиб ишлаб чиқилди.
Ушбу тартиб Энергетика вазирлиги томонидан мувофиқлаштирилиб, 20 августда Энергия самарадорлиги ва қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш масалалари бўйича Республика комиссияси қарорига асосан тасдиқланди.
Иқтисодиёт тармоқларининг охирги 30 йил ичида жадал суратларда ўсиши, энергия тежамкор технологиялар ва автоматик бошқарув тизимларини жорий этилиши, шунингдек, мамлакатимизнинг энергия истеъмоли ривожланган давлатларга нисбатан юқорилиги амалдаги - 1979 йилда собиқ СССР даврида ишлаб чиқилган меъёрий ҳужжатни янгилашни тақозо этди.
Хусусан ушбу меъёрлаш ҳужжати, иқтисодиёт тармоқларида ёқилғи-энергетика ресурсларини оқилона тақсимлаш, улардан самарали фойдаланиш ва ёқилғи сарфини оптималлаштиришнинг ягона услубий ёндашувини белгилайди.
Шу билан бирга, корхона ва ташкилотлардаги ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар турлари бўйича ёқилғи-энергетика ресурслари сарфини қисқартириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар ҳамда меъёрлари аниқланадиган соҳавий услубиёт ва йўриқномаларни ишлаб чиқиш, таҳлиллар олиб бориш имконини беради.
Мазкур меъёрлаш тартиби 2020 йил 1 ноябрдан бошлаб жорий этилади ва 2021 йил 1 январдан бошлаб, ҳар чорак якуни бўйича иқтисодиёт тармоқларида ёқилғи-энергетика ресурсларининг сарфи бўйича маълумотлар таҳлил этиб борилади.
«Ўзнефтгазинспекция» ахборот хизмати