Президентимизнинг 14 февраль куни ёшлар билан учрашуви мамлакатимизда навқирон авлодни қўллаб-қувватлашга нечоғлиқ юксак эътибор қаратилаётганини кўрсатиш билан бирга ҳукумат ва ёшлар ўртасидаги ҳамкорликнинг янги уфқларини ҳам очиб берди. Бугун дунёда рўй бераётган глобал ўзгаришлар шароитида бундай самарали ва самимий учрашувлар, мулоқотлар жуда зарур ва долзарб.
Учрашув аввалида давлатимиз раҳбари ёшлар тимсолида янги Ўзбекистоннинг бугунги ва эртанги бунёдкорларини кўраётганини таъкидлаб, турли соҳадаги ютуқлари билан тенгдошларига ўрнак бўлаётган ёшларни алоҳида эътироф этди. Шунингдек, ўқимишли, билимли йигит-қизлар сафини кенгайтириш борасида эришилган ютуқларимизга ҳаққоний баҳо берди.
Ҳақиқатан, ҳозир дунёдаги етакчи олий таълим муассасаларида 1,5 мингдан зиёд ўзбекистонлик талаба “Эл-юрт умиди” жамғармаси маблағи ҳисобидан таҳсил олаётгани ёки яқинда Бирлашган Араб Амирликларида ўтган катта форумда Тошкент шаҳридаги Президент мактаби ўқувчилари глобал даражада энг нуфузли номинацияда ғолиб деб топилгани юртимиз тарихида кузатилмаган воқеа сифатида қайд этилиши жуда ҳам тўғри.
Бундан 10 йиллар олдин ўзбекистонлик ёшлар дунёнинг энг илғор олий таълим муассасаларида ўқиши ёки мамлакатимизнинг чекка қишлоқларидан чиққан ўғил-қизларнинг “Tesla” ёки “Google” каби жаҳондаги энг етакчи компанияларда ишлашини тасаввур ҳам қила олмасдик. Бугунги ютуқларга ўз-ўзидан эришилгани йўқ. Бундай натижага эришиш учун мамлакатимизда ёшларни қўллаб-қувватлаш масаласига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилди. Бу йўналишдаги чора-тадбирларни амалга ошириш учун ресурс ҳам, вақт ҳам тежалмади.
Тадбирда беш йил олдин парламент палаталарида ташкил этилган Ёшлар парламенти ҳақида ҳам сўз юритилди. Ушбу институт фаол, сиёсатга қизиқадиган, интилувчан ёшларни ўз атрофида жамлагани, улар сиёсий етакчилик, демократия, парламентаризм мактаблари қандай бўлишини амалда кўргани эътироф этилди.
Ёшлар парламентига сайланган йигит-қизлар жамиятда рўй бераётган барча жараёнларнинг фаол иштирокчиси сифатида янгидан янги ғояларни илгари суряпти. Ечимини кутаётган масалалар бўйича мақбул вариантларни таклиф қилмоқда. Навқирон авлод вакиллари ижтимоий-иқтисодий ўзгаришларга фаол таъсир кўрсатиш ҳамда қонун ижодкорлигида ўз ўрнига эга бўлиб келмоқда.
Мулоқот давомида ёшларни ташвишга солаётган асосий муаммолар муҳокама қилинди. Йигит-қизларни иш билан таъминлаш, таълим сифатини ошириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва уларни ижтимоий ҳимоя қилиш борасида кўплаб ташаббуслар илгари сурилди.
Шунингдек, айрим ҳудудлар раҳбарларининг масъулиятсизлиги оқибатида ўша вилоят ва туманларда ишсиз ёшлар кўплигича қолаётгани ҳақли равишда танқид қилинди. Эътиборлиси, йиғилишда ушбу оғриқли масалани ҳал этишга қаратилган муҳим қарор қабул қилингани таъкидланди.
Унга кўра энди олий таълим битирувчилари бандлигини таъминлаш бўйича янги тизим яратилмоқда. Бунинг учун тегишли банкка 100 миллион долларлик ресурс берилади. Банк Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Савдо-саноат палатаси билан биргаликда олийгоҳ битирувчиларининг ташаббус ва ғояларини лойиҳага айлантириш учун янги банк хизматлари пакетларини жорий этади. Шунингдек, битирувчиларни иш билан таъминлаш бўйича ҳокимлар, банк ва корхона раҳбарларидан иборат комиссия тузилади. Комиссия иш ўринлари яратиш, кадрларга эҳтиёж бор корхона ва ташкилотлардаги бўш ўринларга ёшларни жойлаштириш билан шуғулланади.
Мулоқотда аҳолининг ижтимоий муҳофазага муҳтож қатлами манфаатларини ифода этадиган ғоя ва ташаббуслар кўп бўлганини таъкидлаш жоиз. Хусусан, камбағалликни қисқартиришнинг энг самарали ечими таълим экани таъкидланиб, энди камбағал оиланинг фарзандига таълим кредити фоизсиз берилиши, қўшимча грант ажратилиши, контракт тўловининг бир қисми қопланиши қайд этилди.
Бундан буён иқтидорли, билимга чанқоқ, лекин оғир оилавий шароити сабабли ўқиш имкониятига эга бўлмаган ёшларни хорижда ўқитиш бўйича янги тизим — “Ёрқин истеъдод” лойиҳаси жорий этилади. Ҳар бир маҳалладан ижтимоий ҳимояга муҳтож, билимга чанқоқ ёшлар саралаб олиниб, иқтидори аниқланиши ва салоҳиятига мос хорижий олийгоҳ танланиб, тайёргарлик курсларида ўқитилиши ёшларни руҳлантиради, албатта.
Конструктив таклиф ва ташаббусларга бой ўтган учрашувда ёшларга ҳам ўз фикрини билдириш имконияти берилди. Бу долзарб масалаларни ҳал этишда ёш авлоднинг ўрни қанчалик юқори эканидан далолат. Фикримизча, бундай учрашувлар биз — парламент аъзолари, маҳаллий кенгаш депутатлари билан ҳам мунтазам ўтказилиши керак.
Давлатимиз раҳбарининг ёшлар билан учрашуви ҳукумат ва ёш авлод ўртасидаги муносабатларни янги босқичга кўтариш йўлида муҳим қадам бўлди. Биз, депутатлар ёшлар сиёсатини ривожлантириш ва ёшларни жамият ҳаётига интеграциялашга қаратилган ташаббусларни қўллаб-қувватлаймиз. Биргаликда меҳнат қилиб, юртимиз равнақи учун шарт-шароит яратиб, ёш авлоднинг муносиб келажагини таъминлашга тайёрмиз.
Улуғбек Иноятов,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси фракция раҳбари