Дунёда глобаллашув жараёнлари шиддат билан кечаётган ҳозирги пайтда ёшлар таълим-тарбияси ва келажагига эътиборни кучайтириш мамлакат тараққиёти, юрт келажаги ва халқ фаровонлигини таъминлашга хизмат қилади.

Шу маънода сўнгги йилларда мамлакатимизда маънан етук, жисмонан соғлом ёш авлодни тарбиялаб вояга етказиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, изланиш ва истеъдодини қўллаб-қувватлаш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.

Сўнгги йилларда олий таълим муассасаларида ҳам Янги Ўзбекистон бунёдкорлари бўлган талаба-ёшларнинг чуқур билим олиши ва истеъдодини кенг намоён этиши учун барча шароит яратилди.

Тарбия жараёни деганда нимани тушунамиз?

Тарбия жараёнининг моҳияти шу жараён учун характерли бўлган ва муайян қонуниятларда намоён бўладиган ички алоқа ва муносабатларни акс эттиради. Шахсни мақсадга мувофиқ такомиллаштириш учун уюштирилади, тарбияланувчининг шахсига мунтазам ва тизимли таъсир этиш имкониятини беради.

У ўзаро боғлиқ икки фаолиятни — ўқитувчи ва ўқувчи фаолиятини ўз ичига олади. Тарбия жараёнида ўқувчининг онги шакллана боради, ҳис-туйғулари ва турли қобилиятлари ривожланади, ғоявий, ахлоқий, иродавий, эстетик хислатлари шаклланади.

Табиатга, жамиятга илмий қарашлар тизими таркиб топади, жисмоний куч-қувватлари мустаҳкамланади. Тарбия жараёнида ўқувчида  жамиятнинг шахсга қўядиган ахлоқий талабларига мувофиқ келадиган хулқий малака ва одатлар ҳосил қилинади.

Бунга эришиш учун ўқувчининг онгига (таълим жараёнида), ҳиссиётига (дарсда ва турли синфдан ташқари ишларда), иродасига (фаолиятни уюштириш, хулқни идора қилиш жараёнида) тизимли ва мунтазам таъсир этиб борилади. Тарбиялаш жараёнида булардан бирортаси (онги, ҳиссиёти, иродаси) эътибордан четда қолса, мақсадга эришиш қийинлашади.

Бирор бир мақсадга қаратилган тарбия жараёнининг моҳияти ва вазифалари тарбиячи томонидан режалаштирилади ва тартибга солинади.

Тарбия жараёни қандай хусусиятларга эга, у таълимдан нималари билан фарқ қилади, деган ҳақли савол туғилиши мумкин. Тарбия кўп қиррали жараёндир. Узоқ муддат давом этади. Яхлит ҳолда ва концентрик асосда амалга ошади.

Таълим-тарбия ва ривожланиш ўртасидаги ўзаро муносабат жараёнида турли хил саволлар юзага келиши табиий. Жумладан, таълим қандай мавқега эга, ривожланишга нисбатан етакчи вазифани бажарадими ёки аксинчами каби саволларга жавоб бериш таълим жараёнининг мазмуни ва методикасини, ўқув дастурлари ва дарсликларининг мазмунини белгилаб беради.

Таълим бизга кўп имконият ва кўп тажриба беради. Бу эса ўз шахсимизни кўрсатиш ва уни янада яхшилашга замин ҳозирлайди.

Таълим бизга тўғри йўлдан боришга ва тўғри нарсаларни қабул қилишга ёрдам берадиган ахлоқни ўргатади. Кейин биз муваффақиятга эришиш учун ҳамма нарсани адолатли тарзда қиламиз. Шундай қилиб, этика ҳар доим шахсиятимизни ижобий томонга яхшилайди. Шунингдек, шахс ривожланишига муҳитнинг таъсири ҳам муҳим. Бу ҳам тарбия тизими орқали амалга оширилади.

Биринчидан, тарбия таъсирида муҳит бера олмаган билим, маълумот эгалланади, меҳнат ва техник фаолият билан боғлиқ кўникма ва малакалар ҳосил бўлади.

Иккинчидан, тарбия туфайли туғма камчиликлар ҳам ўзгартирилиб, шахс камолга етади.

Учинчидан, тарбия ёрдамида муҳитнинг салбий таъсирини ҳам йўқотиш мумкин.

Тўртинчидан, тарбия келажакка қаратилган мақсадни белгилайди.

Тарбия умр бўйи давом этадиган жараён. Ҳаётдаги ҳар бир киши тарбиявий таъсирга эга. У ҳаёт мактабида тарбияланар экан, тарбиячи сифатида, тарбия воситаси сифатида ўзи ҳам ижтимоий муҳит яратишга хизмат қилади.

Бугунги кунда таълим олиш ҳуқуқи ва имконияти ҳам кенгайтирилиб, олий таълим ташкилотларига академик эркинлик берилиши, танлов асосида давлат ҳисобидан бепул олий маълумот олиниши, нодавлат таълим ташкилотлари қўллаб-қувватланиши тўғрисидаги қоидалар ёш авлоднинг ҳаётини яхшилаш, орзу-интилишларини рўёбга чиқариш, замонавий мутахассисликларни эгаллаб, жамиятда муносиб ўрин топишига шарт-шароит яратиши билан аҳамиятлидир.

Мамлакатимиз аҳолисининг олтмиш фоизидан ортиғи ёшлардан иборат эканлигини ҳисобга оладиган бўлсак, ёш авлодга давлат томонидан берилаётган эътибор бундан кейин янада кучайтирилишига амин бўламиз. Чунки ёшлар янги Ўзбекистон келажаги. Шу боис, келажак ёшлар қўлида.

Акмал  НАЗАРОВ,

 Бухоро давлат университети

Психология ва социология  кафедраси мудири,

психология фанлари бўйича фалсафа доктори,

профессор.