Зеро, жамиятдаги сиёсий-ижтимоий фаоллик демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш, очиқлик, ошкораликни таъминлаш ва барқарор ривожланишга эришишнинг асосидир. Шу боис, тараққиётнинг юксак чўққиларини кўзлаган ҳар бир давлат эртанги кун эгаларининг бу жараёндаги ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, интилишларини рўёбга чиқариш, фаоллигини оширишга алоҳида эътибор қаратади.

Мамлакатимизда сўнгги йилларда тараққиёт ва юксалишга эришишда навқирон авлод салоҳиятидан оқилона фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 2016 йил 14 сентябрда “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонун янги таҳрирда қабул қилинди. Ушбу қонун йиллар давомида мавҳум бўлиб келган ҳуқуқий тушунчаларга аниқлик киритиш билан бирга ёшларга оид давлат сиёсатини янги босқичга кўтаришда муҳим омил бўлди.

Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясида ҳам ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ қатор вазифалар белгиланган ва улар изчил ҳаётга татбиқ этиляпти. Шу кунларда мамлакатимизда кечаётган муҳим сиёсий жараён – муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида ҳам аҳоли, хусусан, ёшларнинг фаол иштирокини таъминлаш диққат-эътиборда.

Сайлов давлат ҳокимияти органларининг даврийлик принципига биноан алмашиб туришига, уларни халқ ва жамият олдида ҳисобдорлик асосида ишлаш тартиб-таомилларига риоя қилишга муттасил ундаб турадиган ягона механизмдир. Гап ана шу механизмдан, имкониятдан самарали фойдаланишда.

Бу сайловчиларнинг ҳуқуқий онги, билим ва маданиятининг нечоғли юксаклигига, ёшларда халқ ва ватан тақдирига дахлдорлик туйғуси барқарорлигига ҳам боғлиқ. Чунки овоз бериш фуқаролик иштирокининг фундаментал актларидан бўлиб, унинг воситасида ёшлар демократияга ўз ҳиссасини қўшади. Шу боис, сайлов ёшларга ўз овозини, позициясини эшиттиришга имкон беради, жамиятдаги муаммоларни ечиш учун эътибор қаратиш омили бўлади. Бундай вазифаларнинг бир қанча стратегик йўналишлари ва методлари бўлиб, улар ичида сайлов қонунчилиги тарғиботи ва ёшлар вакиллари ўртасидаги ўтказиладиган очиқ мулоқотлар алоҳида ажралиб туради. Айнан шундай услубларнинг кенг қўлланилиши ёшларда, аввало, фаол фуқаролик позицияни шакллантиради ва конституциявий ҳуқуқини англаб етишига замин бўлади.

Умуман олганда, халқаро тажрибада сайлов нафақат турли бўғинларда ёшларнинг фаол иштирокини таъминлашга қаратилган тадбирларга бой тарзда ташкил қилинади, балки уларнинг ҳуқуқий асослари яратилишига ҳам кенг аҳамият қаратилади. Сайловга пухта тайёргарлик кўриш ва уни умумэътироф этилган халқаро тамойиллар асосида ўтказиш учун сайлов жараёни иштирокчиларининг миллий сайлов қонунчилиги ва халқаро сайлов стандартлари бўйича билим ва амалий кўникмаларини оширишга янгича ёндашилади. Сайлов ҳуқуқи, сайловни юқори савияда ўтказиш жараёни ва унинг ўзига хос хусусиятлари, сайлов жараёнида кўнгиллилар билан ишлашнинг ҳуқуқий асослари ва замонавий услублари, сайловда ёшларнинг иштироки ва уни самарали ташкил этиш тизими каби мавзуларда ўтказиладиган тадбирлар уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигига ижобий таъсир кўрсатади.

Ўзбекистонда кейинги йилларда фуқаролик жамияти институтлари ривожланмоқда. Аҳоли, айниқса, ёшларнинг ижтимоий фаоллиги ўсиб, онгу тафаккури юксалмоқда. Демократик ислоҳотларга дахлдорлик ҳисси кучайиб, фуқаролик позицияси қарор топаётган бир шароитда волонтёрлик институтини ривожлантириш ва ушбу фаолиятга ёшларни янада кенгроқ жалб қилиш муҳим аҳамият касб этади.

Зеро, фуқаролик жамиятининг ўзига хос ва муҳим таркибий қисми, унинг ривожланганлик кўрсаткичи бўлиб хизмат қиладиган ушбу институт ёшларда ватанпарварлик туйғусини кучайтирибгина қолмай, ижтимоий-сиёсий ишлар, тадбирлар ўтказиш билан боғлиқ муҳим кўникмаларни ҳам ҳосил қилади. Бу исботини топган ҳақиқат. Халқаро тажрибада ёшлар ташкилотлари кўплаб сиёсий тадбирларга жалб қилинади ва уларнинг билим ва кўникмаларидан, инновацион ғояларидан сиёсий, ижтимоий тадбирлар йўлида кенг фойдаланилади. Мамлакатимизда ҳам хорижий давлатлардаги каби волонтёрлик институтидан турли миллий ва халқаро тадбирларни ўтказишда кенг фойдаланилаётганини алоҳида эътироф этиш жоиз.

Бугун инсоният ўз тараққиётининг бутунлай янги босқичига қадам қўйди. Чунки ҳамма эркин, фаровон ва тўкис демократик мамлакатда яшашни орзу қилади. Лекин фақат орзунинг ўзи етарли эмас. Мақсадга эришиш, фаровон ва эркин ҳаётни қўлга киритиш учун фаол ҳаракат қилиш, ўқиш, ўрганиш, интилиш, энг муҳими, ўз келажагига бефарқ бўлмаслик кераклиги ёшларнинг онгу шуурига чуқур ўрнашгандагина давлат ва жамият тараққиёти амалга ошади.

Бунинг учун эса ёшлар доимий равишда зарурий ҳуқуқий-сиёсий билимлар билан қуролланиши, жамиятимизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида фаол иштирок этиши муҳим. Шундагина мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий соҳалардаги кенг қамровли ислоҳотларнинг самараси ва таъсирчанлиги янада ошади. Билимли, фаол, ташаббускор ёшлар эса ушбу ислоҳотлар бардавом бўлишида ва тараққиётнинг юксак босқичларига эришишда етакчи ҳаракатлантирувчи кучга айланади.

Исломиддин АБРОРОВ,

сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори