Хорижлик эксперт билан Ўзбекистон таълим тизимига жорий этилаётган XXI аср кўникмалари ҳамда замонавий таълим муҳитини яратишдаги вазифалар, соҳанинг ўзига хос жиҳатлари ҳамда келажак таълими ҳақида суҳбатлашдик.

— Ушбу суҳбат орқали Миллий ўқув дастури ҳақида фикрингизни кенг жамоатчиликка етказиш ҳамда бу дастурнинг асл моҳияти, мақсадини кўрсатиб беришни ният қилдик. Халқаро мутахассис сифатида айтинг-чи, замонавий таълимнинг ғояси, пойдевори қандай, фалсафаси нимадан иборат?

— Бугунгача таълим муттасил ўзгаришга учраб келган. Жумладан, ўқитиш мазмуни, технологиялар ўзгарган. Бироқ таълимнинг асосини мустаҳкамлайдиган омил бир хиллигича сақланиб қолаверди. Шу боис, таълимни такомиллаштиришда бир қанча омилларни инобатга олиш керак, деган хулосага келинган.

Мақсад эса битта: келажак учун, мамлакат иқтисодиёти учун хизмат қилишга шай, сиёсий фаол, ўз фикр-мулоҳазаларини ифода эта оладиган, маданий жиҳатдан етук фуқароларни тайёрлаш.

Бугун деярли барча давлатлар, ҳукуматлар ўзининг ўқитиш стратегияси қандай бўлиши кераклиги ҳақида бош қотиряпти. Таълим қамрови нуқтаи назаридан жуда ҳам кўп имкониятлар юзага келди. Бундан эллик йил олдин болаларнинг барчасида ҳам таълимдан фойдаланиш имконияти бўлмаган. Мана шу минг йиллик ва барқарор ривожланиш даврида давлатлар  олдига таълим билан барчани тенг қамраб олиш мақсади қўйилган. Бу масаладаги муваффақият, албатта, эътирофга лойиқ.

Мактабга қамраб олиш таълим сифати билан чамбарчас боғлиқ. Ҳамма болалар ҳам юқори сифатли таълим билан таъминланмайди. Ўқитишнинг сифатини таъминлаш устувор, ундан фойдаланиш имконияти барчада тенг бўлиши керак. Давлатнинг ўтмиши, ижтимоий, иқтисодий ҳолатидан қатъи назар, сифатли таълимдан фойдаланишда тўсиқ бўлмаслиги керак.

— Таълимни такомиллаштиришда ҳукуматнинг роли қандай бўлиши лозим?

— Бу йўналишда тўпланган маълумотлар ҳозирча етарли эмас. Ҳукуматнинг таълимни такомиллаштириши билан боғлиқ муаммолар ҳамма жойда — ривожланган давлатларда ҳам, ривожланаётган давлатларда ҳам мавжуд. Мисол учун, Шарқий Осиёдаги Сингапур, Таиланд, Жанубий Корея каби давлатларда Осиёнинг бошқа қисмидагига нисбатан таълимни ўзлаштириш кўрсаткичи анча юқори. Бу маҳаллий шароитларсиз андаза кўчирилади, дегани эмас. Бироқ ҳукумат ҳамма шароитни қилиб бериши керак, деган тушунчадан қочиш жоиз. Албатта, ҳукумат ўз аҳолисини мактаб таълими билан қамраб олиши шарт. Бироқ бу ерда ҳукуматга кўмак берадиган бошқа ташкилотларнинг ҳам алоҳида ўрни бўлиши лозим.  Буюк Британия, Малайзия каби давлатларда таълимнинг асосий қисмини ҳукумат эмас, хусусий сектор ташкиллаштиради. Мантиқан олганда, ўқитиш сифатига нодавлат ташкилотларнинг таълим масаласидаги фаоллиги орқали эришиш мумкин.

Самарали таълим муҳитини таъминловчи асосий омил — синф ва маҳоратли ўқитувчи. Албатта, инфратузилма, технология, ресурслар ҳақида гапиришимиз мумкин. Бироқ буларнинг барчасини бирлаштирувчи омил муаллимдир. Афсуски, ҳамма вақт ҳам тажрибали ўқитувчиларни топиш, уларни тайёрлаш осон эмас.

— Ўзбекистонда таълим соҳасидаги ислоҳотларнинг ўзига хос жиҳатларини нималарда кўрасиз?

— Ўзбекистонда таълим ислоҳотларига ундаган сабаб, менимча, биринчи навбатда, келажакка умид. Умумий ўрта таълим мактабида ўқитилаётган таълим мазмуни, сифати ёшларнинг ўз олдига қўйган мақсадини амалга ошириши учун етарли бўлмаган. Ҳозир бу камчиликни тўғрилаш йўлидаги жиддий саъй-ҳаракатларга гувоҳ бўлиб турибмиз.

Кейинги масала олий таълим билан боғлиқ. Бу йўналишда ҳам ҳал қилиниши керак бўлган муаммолар ечими топилишига умид бор. Зотан, Ўзбекистон ўзининг бор салоҳиятини тўлиқ намойиш қилиш йўлида изчил қадам ташламоқда. Кун сайин ўзгариб, ривожланиб бормоқда.

Мамлакатимизда жуда кўп фанлар ўқитилади. Лекин бу асосий фанларни ўргатишга кетадиган вақтни олиб қўяди. Яна бир муаммо —  баҳолаш масаласи. Бунга ёндашув ўзгача бўлган. Ўқитувчилар муайян кунда муайян фан ва мавзуни ўргатаверган. Ваҳоланки, бу ўқувчида етарли кўникмаларни шакллантиришга хизмат қилмаган. Бугун қўллаб-қувватланаётган тизимда эса шу компетенцияларни баҳолаш асосий ўринда туради.

 — Сизнингча, қайси давлатда ўқувчилар XXI аср талабларига тўлиқ жавоб бера оладиган этиб тайёрланмоқда?

— XXI аср ҳамма нарсани ўзгартиради, деб айтолмаймиз. Албатта, таълим негизи аслича сақланиб қолади. Юқорида айтганимиздек, Сингапур таълимидаги ютуқларни бошқа давлатларники билан қиёслай олмаймиз. Ёки у ерда қўлланган усуллар бошқа жойда самара беришига ҳам ишончимиз комил эмас. Масалан, АҚШда олий маълумотга эга бўлмаганлар ҳам саноат ёки бошқа тармоқларда мактабда эгаллаган кўникмаси асосида малакали мутахассис бўлиб ишлай олади. Шу боис, ҳам касб-ҳунар таълимига, ҳам олий таълимга бирдек эътибор қаратиш керак. Буюк Британияга қарайдиган бўлсак, у ерда давлат мактабларини тамомлаган ўқувчилар етарлича муваффақиятга эриша оляпти, дея олмаймиз. Британияда, асосан, кам таъминланган оилалар фарзандлари давлат таълимидан фойдаланади ва улар етарлича кўникмани ўзлаштира олмаяпти. Аҳолининг 7 фоизигина хусусий таълимдан фойдаланса-да, мамлакатдаги энг нуфузли олий таълим муассасалари талабаларининг 50 фоизини айнан улар ташкил этади. Британияда хусусий сектор бу масалада муваффақиятга эришган. Ўзбекистон ҳам шу соҳани ривожлантиришга эътибор қаратса, нур устига нур бўлади.

Моҳира НУРУЛЛАЕВА

суҳбатлашди.