Бугунги глобал тенденцияларга кўра, дунё мамлакатларида, жумладан, юртимизда ҳам тиббиётга, хусусан, соҳанинг малакали ходимларини тайёрлашга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилмоқда. Президентимиз навбатдаги Мурожаатномасида “Шу юртда яшаётган ҳар бир инсоннинг тинч ва бахтли ҳаёт кечириши, унинг соғлиғи жойида бўлиши, яхши таълим олиши, оиласини тебратиши учун қандай шароит керак бўлса, ҳаммасини яратиб беришга ҳаракат қиляпмиз ва бу йўлдан асло тўхтамаймиз”, деди. эътибор берган бўлсангиз, инсоннинг соғломлиги бахтли ва осуда ҳаётининг муҳим омили сифатида кўрилмоқда.

Бу эса тиббиёт олий таълим муассасалари олдида салмоқли вазифалар турганини англатади. Бугун талабалик мақомига эришган йигит-қизларни ҳар томонлама етук кадрлар этиб тайёрлаш орқали юртдошларимизнинг саломатлигини тиклашга ҳисса қўшишимиз мумкин. Малакали шифокорлар ва тиббиёт олий таълим муассасаларига талаб юқорилигини ҳисобга олиб, давлатимиз раҳбари топшириғига биноан ОТМларга қабул квотаси қарийб уч баробар оширилди.

Бу билан тиббиёт ходимларига эҳтиёжни қоплаш, тиббий таълим олишга иштиёқманд ёшларга имконият яратиш мақсад қилинган. Тошкент давлат стоматология институти мисолида айтсак, бугун олий таълим муассасамизда беш минг нафардан зиёд талаба касб сирларини ўрганмоқда. Ўқув жараёни мамлакатимиз таълим йўналишлари ва қўшма таълим дастурлари орқали амалга оширилади. Талабаларнинг 500 нафари хорижий давлатлар фуқароларидир.

Олий таълим муассасаларида талабалар сони қисқа муддатда кескин ошиши, албатта, ўқитиш сифати ва моддий ресурсларни ошириш талабини қўймоқда. Давлатимиз раҳбари Мурожаатномада ҳам ОТМларда сонга  эътибор берилиб, таълим сифати кейинги ўринга тушганини таъкидлади. Чиндан ҳам бугун илмга чанқоқ йигит-қизлар туфайли талабалар контингенти кескин ошди. Бу эса малакали кадрларни тайёрлайдиган илмий даражали педагоглар тайёрлашга эҳтиёж юқорилигидан далолат беради.

Бу йўналишда Вазирлар Маҳкамасининг илм-фан ва таълим соҳасидаги давлат ташкилотларида илмий, илмий-педагогик ва меҳнат фаолияти билан шуғулланувчи илмий даражага эга ходимларга қўшимча ҳақ тўлаш тартиби тўғрисидаги тегишли қарори катта ёрдам бўлди. Ушбу қарор ижроси юзасидан ўтган йили илмий даражага эга 181 нафар ходимимизга 30 фоиздан 60 фоизгача қўшимча ҳақ тўланди. Натижада Тошкент давлат стоматология институти илмий салоҳия ти 70,1 фоизга етди.

Бу ҳозир мамлакатимиздаги энг юқори кўрсаткичдир. Олий таълим муассасамиз Жаҳон тиббиёт федерациясининг халқаро аккредитациясига ҳамда таълим сифатини таъминлаш соҳасида халқаро сертификатга эга. Охирги икки йилда институтдаги таълим жараёнига қарийб уч юз нафар хорижлик профессор-ўқитувчи жалб этилган. Чет элдаги ОТМларнинг 744 нафар талабаси академик алмашинув дастурлари доирасида институтда билимини оширди.

Тиббиёт олийгоҳлари талабаларига интеграциялашган назарий ва клиник билим, кўникмаларни сингдириш, юқори тиббий технологияларни ўзлаштиришда ёрдам бериш ҳамда ижтимоий мослашув қобилиятини шакллантириш орқали чуқур ихтисослашув, интеллектуал ва шахсий имкониятларни рўёбга чиқариш ва етук тиббиёт ходимини тайёрлаш мумкин. Бу борада олий таълимгача бўлган ўқув ишларининг тизимли ташкил этилиши ҳам катта аҳамият касб этади.

Чунончи, Тошкент давлат стоматология институти ҳузуридаги академик лицей битирувчиларининг олийгоҳларга кириш кўрсаткичи йилдан-йилга ошиб, жорий ўқув йилида 86 фоизни ташкил этди. Президентимизнинг 2021 йил 31 августдаги “Олий, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасалари ўртасида таълим жараёни ҳамда тармоқ ташкилотлари билан ишлаб чиқариш амалиёти узвийлигини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, ҳамкорлик доирасида Тошкент давлат стоматология институтига битта академик лицей ва Абу Али ибн Сино номидаги тўртта (Чилонзор, Чортоқ, Дўстлик ва Каттақўрғон) жамоат саломатлиги техникуми бириктирилган.

Айни пайтда улар институт билан ҳамкорликда фаолият юритмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 24 декабрдаги “Давлат олий таълим муассасаларига молиявий мустақиллик бериш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, Тошкент давлат стоматология институти ҳам молиявий мустақил. Мана шу имкониятдан фойдаланиб, талабаларни ижтимоий ҳимоя қилиш, уларга муносиб шароит яратиш учун институтда 400 ўринли янги турар жой барпо этилди. Бугун олий таълим муассасалари олдида жаҳон рейтингига интилиб, халқаро талабларга мос кадрлар етиштириш, рақобатбардош даражага чиқиш вазифаси турибди.

Бу борада жамоамиз зиммасида ҳам катта масъулият бор. Тиббий олий таълимни такомиллаштириш, қамровни кенгайтириш, халқаро стандартлар асосида юқори малакали, креатив ва тизимли фикрлайдиган, мустақил қарор қабул қила оладиган мутахассисларни тайёрлаш, интеллектуал қобилиятини намоён этиши ва маънавий баркамол шахс сифатида шаклланишига кўмаклашиш шулар жумласидан.