Рамазон ҳайити кунлари Президентимиз ушбу марказга бориб, бемор болалар ҳолидан хабар олди. Уларнинг ота-оналари билан суҳбатлашиб, юрагига қувват, келажакка ишонч берувчи сўзларни айтди. Муборак кунларда давлатимиз раҳбарининг беморлар билан шахсан учрашиб, дилдан суҳбатлашгани дард билан олишаётган болалар, уларнинг ота-оналари кўнглига хурсандлик бағишлади, катта таскин бўлди. Давлатимиз раҳбарининг ҳар бир беморни шахсан ўзи назоратга олиши ҳақидаги сўзлари ота-оналарнинг фарзанди тез орада соғайиб кетишига ишончини янада оширди, кўнглини тоғдек кўтарди.

— Қизим Ҳамидабону 4 ёшда, оққон касалига йўлиққан. Болам тез-тез чарчарди. Шундан бошқа асоратларини сезмадик. Бир куни тўсатдан оёғи кўкариб, қовоғи шишгандан сўнг, дўхтирлар лейкоз ташхисини қўйишди, — дейди учқўрғонлик Жамила Ҳусанова. — Ҳайит куни эди. Президентимиз палата эшигидан кириб келганида кўзларимга ишонмай, ўзимни йўқотиб бирпас қараб турдим. Очиғи, ҳеч кутмаган эдик. Шундай қутлуғ кундаги улуғ йўқловдан ниҳоятда хурсанд бўлдик. Қизим дардмандлиги сабаб дунё кўзимга қоронғи бўлиб, юпанч тополмай тургандим. У кишининг биз билан самимий суҳбатлари ўксик кўнглимга далда бўлди. Айниқса, болаларимизга қаратиб, “Сизлар ҳаммангиз — менинг фарзандларимсиз. Ҳар куни кулиб туриб, ота-оналарингга мадад бўлишларингиз керак. Албатта тузалиб кетаман, деган интилишингиз бўлиши керак. Биз бунинг учун ҳамма шароитни яратишга ҳаракат қиламиз”, деганларида йиғидан ўзимни тиёлмадим. Бу ерда даволаниш учун катта маблағ керак. Муттасил муолажалардан сўнг моддий жиҳатдан қийналиб турган пайтимизда давлатимиз раҳбарининг бу сўзларидан бошимиз осмонга етди. Биз ёлғиз эмасмиз, болаларимиз давлат эътиборида, деган ўй неча кунлар тарк этмаган безовталигимизни аритди. Болаларимизга яшашга умид бергани, бизни суягани учун Президентимиздан ниҳоятда миннатдормиз.

 Инсон учун фарзандининг соғлом, эл-юртга керакли инсон бўлиб улғайишини кўришдан ортиқ бахт йўқ. Аммо ҳаёт синовлардан холи эмас. Оғир дард қаршисида сабрдан ўзга чора топа олмаган инсон ҳолидан хабар олиш, унга руҳан далда бериш, қўллаб-қувватлаш юксак фазилат.

 — Ўғлим Исмоил 13 ёшда, ўткир лейкоз касаллигига чалинган. Ҳозир шу ерда даволаняпти, кимётерапия оляпти. Фарзандингиз касал бўлса, кун эмас, соат, дақиқалар ўтиши ҳам қий ин бўларкан. Эртага нима бўлади? Болам шифо топадими? Қандай чораси бор? Шундай ўйлар билан сиқилиб турган пайтимда эшик очилиб, кутилмаганда Президентимизнинг кириб келиши барча-барча хаёлларимни остин-устун қилиб юборди, — дейди наманганлик Ирода Юнусова. — Давлатимиз раҳбари биз билан чин дилдан гаплашди. Шароитлар, даволаниш жараёни ҳақида сўради. Ўғлим ўқишда тенгдошларидан ортда қолаётгани ҳақида айтди. Президентимиз ўғлимга тенгдошларига албатта етиб олишини, бунинг учун барча шарт-шароит яратилишини таъкидлади.

Беморлар билан мулоқотда давлатимиз раҳбари: “Кўнгилларингиз бўлинмасин. Бир ўзларингиз эмассизлар. Ҳаммамиз ҳамдардмиз. Бу соҳада имкониятларни яхшилаш учун янги марказ қурамиз. У ерда оналар учун ҳам, болаларнинг ўқиши учун ҳам шароит бўлади, даволаш ҳам ўзгаради. Энг катта ниятимиз — тезроқ даво топиб, уйга, оилангиз бағрига қайтишингиз”, деди.

Бу умидбахш сўзлар эртага юрт корига ярайман, деган орзули хаста кўнгилларга далда бўлди, шифокорларга қувват берди.

— Президентимизнинг ташрифи ҳаммамиз учун кутилмаган ҳолат бўлди, — дейди Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт маркази 1-болалар бўлими бошлиғи Наргиза Бобохонова. — Бу ташрифдан сўнг марказимизда катта ўзгаришлар кутиляпти. Аввало, янги бинога кўчиб ўтадиган бўлдик. У ерда бемор болалар, уларнинг ота-оналари, тиббиёт ходимлари учун барча шароит яратилади. Давлатимиз раҳбари ташриф чоғида “Оналар қаерда ётади?” деган саволни берди. Яширишнинг ҳожат йўқ, оналар кўпинча боласининг ёнида, битта кароватда сиқилиб ётарди. Янги бинода эса улар учун алоҳида жой бўлади.

Шунингдек, лаборатория-диагностика соҳаси кучайтирилади. Чунки лейкозда биринчи ўринда лаборатория текшируви туради. У тўлиқ амалга оширилиши зарур. Агар ташхис юз фоиз тўғри қўйилса, болаларни даволашда йўналиш аввал-бошдан тўғри олинса, беморларнинг соға йиш имконияти ортади. Ҳозирги кунда касал болаларнинг саксон фоизи бутунлай тузалиб кетяпти. Биз бу кўрсаткични 90-95 фоизга етказишимиз зарур.

Шу ўринда бу ерда ишлаётган тиббий ходимлар ҳаётида кутилаётган ўзгаришларни ҳам айтишни истардим. Уларнинг маоши оширилади. Гематологияда ҳам телемедицина йўлга қўйилади. Ривожланган давлатларнинг етук олим ва шифокорлари билан алоқа ўрнатиш, уларни юртимиз шифохоналарига жалб этиш, маҳаллий шифокорларни тажриба алмашиш, малака ошириш учун юбориш тизими йўлга қўйилади.

Президентимиз ташрифи давомида болалар билан бирга суратга тушди. Бу уларга катта руҳий мадад бўлди, тузалишга иштиёқни оширди.