Бугунги кунда таълим соҳасини тубдан такомиллаштириш ва бир неча хорижий тилларда эркин мулоқотга кириша оладиган жамиятни шакллантириш давр талабига айланди. Зеро, бу ҳақда давлатимиз раҳбари ўтган йили 6 май куни чет тилларни ўқитиш тизимини такомиллаштириш юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида “Мамлакатимизда хорижий тилларни ўргатиш бўйича келажак учун мустаҳкам пойдевор бўладиган янги тизимни йўлга қўйиш вақти-соати келди. Биз рақобатдош давлат қуришни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйган эканмиз, бундан буён мактаб, лицей, коллеж ва олий ўқув юрти битирувчилари камида 2 та чет тилини мукаммал билишлари шарт. Бу қатъий талаб ҳар бир таълим муассасаси раҳбари фаолиятининг асосий мезонига айланиши лозим”, дея таъкидлаганди.

Ҳозир нафақат юртимизда, балки бутун дунёда чет тилларни ўрганишга қизиқиш кундан-кунга ортмоқда. Жаҳон ҳамжамияти интеграция жараёнига, дунё бозорига дадил ва фаол кириб борилаётган паллада хорижий тил бўйича билимларга эҳтиёж ортиши табиий. Шу боис, бугунги кунда соҳа мутахассисининг ҳар томонлама етуклиги она тили қаторида бир неча чет тилларни билиши билан белгиланмоқда. Президентимизнинг 2021 йил 19 майдаги “Ўзбекистон Республикасида хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги фаолияти йўлга қўйилди. Вазирлар Маҳкамасининг шу йил 19 январдаги “Хорижий тилларни ўрганишни такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги”ги қарори қабул қилиниши агентлик фаолиятини янада янги босқичга кўтаришга замин яратди.

Нималар ўзгаради?

Мазкур қарорда бу борадаги ишларни янги босқичга кўтаришга замин яратадиган кўплаб мақсадлар ўз ифодасини топган. Масалан, авваллари чет тиллари йўналишида олий таълимга қабул жараёни ҳам эскича тартибда ўтказилар эди. 2022/2023 ўқув йили қабулидан бошлаб хорижий тиллар бўйича мутахассисларни тайёрлашга ихтисослашган фанлар мажмуасига чет тили биринчи фан сифатида киритилган Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети, Самарқанд давлат чет тиллар институти, Тошкент давлат шарқшунослик университетининг бакалавриат таълим йўналишларига  ҳамда Тошкент давлат педагогика университети, Қўқон давлат педагогика ва Нукус давлат педагогика институтларининг хорижий тиллар бўйича педагогларни тайёрловчи бакалавриат таълим йўналишларига кириш имтиҳонларида фанлар мажмуасидаги чет тили фанидан тинглаб тушуниш, ўқиш, ёзиш ҳамда гапириш компетенцияларини аниқлаш ва баҳолашга қаратилган касбий, яъни ижодий имтиҳон ўтказилиши белгиланди.

Бунинг замирида ёшларни олий таълимга қадар ва олий таълимни тугатгач, маълум бир чет тилини биладиган кадр сифатида тайёрлаш ва таълим тизимида чет тилларни босқичма-босқич оммалаштириш мақсади турибди. Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 13 майдаги “Олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишда миллий ҳамда халқаро баҳолаш тизимлари сертификатларини татбиқ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан белгиланган Давлат тест маркази томонидан бериладиган чет тилини билиш даражаси тўғрисидаги сертификат ёки халқаро тан олинган сертификатнинг тегишли даражаларига эга бўлган абитуриентларга ўқишга кириш синовларида берилган имтиёзлар сақлаб қолинади. Чет тили фанидан касбий кириш имтиҳонлари Давлат тест маркази томонидан ўтказилади.

Қарорда Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, Мактабгача таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан ҳамкорликда икки ой муддатда узлуксиз таълим тизимида чет тилини ўқитишнинг ўқувметодик мажмуаларини ўқувчиларнинг асосий тил кўникмаларини, яъни тинглаб тушуниш, ўқиш, ёзиш ва гапириш кўникмаларини шакллантириш нуқтаи назаридан тўлиқ қайта кўриб чиқиши белгиланди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб умумий ўрта таълим муассасалари учун замонавий тил ўргатиш методикалари асосида ишлаб чиқилган чет тили дарсликларини тўлиқ чоп этиш ва таълим ташкилотларига етказиш чоралари кўрилади. Янги дарсликлардан фойдаланиш методикаси бўйича ўқитувчилар ва методистлар учун малака ошириш курслари ташкил этилади.

Агентлик ташкил этилганидан кейинги ўтган вақт давомида 12 мингга яқин чет тили ўқитувчиси ва мутахассисларнинг фикри, хорижий тажриба ўрганилди. Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, Мактабгача таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан ҳамкорликда икки ой муддатда узлуксиз таълим тизимида чет тилини ўқитишнинг ўқув-методик мажмуалари қайта кўриб чиқилиши белгиланди.

2022 йил 1 мартдан бошлаб хорижий тиллар бўйича йўналишларга қабулни тўртта, яъни чет тили фани ўқитувчиларининг тинглаб тушуниш, ўқиш, ёзиш ҳамда гапириш кўникмасига асосан ташкил этиш кўзда тутилмоқда. Бу лойиҳани пилот тариқасида олтита таълим муассасасида жорий қилишга келишилди. Бу нима беради? Бу тил билиш сифатини оширади. Талаба университетга хорижий тилни билган ҳолда келади. Ўқитувчилар уларга тил ўргатмайди. Бундан буёғига олий таълим муассасаларида психология, педагогика чуқур ўқитилади, мантиқий фикрлашни, методикасини ривожлантиришга эътибор қаратилади. Бу, ўз навбатида, келажакда ўқитиш сифатининг ошишига хизмат қилади. Яъни мактабга ёки бошқа таълим даргоҳларига малакали, методикаси ривожланган, хорижий стандартларга жавоб берадиган педагоглар юборилади.

Қарорда шу пайтгача кўплаб муҳокама ва тушунмовчиликларга сабаб бўлиб келаётган яна бир жиҳатга — рус тили фани ўқитувчилари масаласига ойдинлик киритилди. Илгари улар на хорижий тил, на рус тили ўқитувчиси дея аталарди.

Кўплаб рус тили ўқитувчиларининг таклифи ўрганилди. Қолаверса, Халқ таълими вазирлиги, Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясининг таклифларини инобатга олган ҳолда, С1 даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган мос даражадаги халқаро тан олинган сертификатга эга рус тили фани ўқитувчиларига сертификат олинган кундан бошлаб икки йил давомида қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда устама тўлаш тартиби 2022 йил 1 февралдан бошлаб жорий этилди.

Бу ҳам ўқитувчиларнинг ўз устида қайта ишлаши, малакасини доимий ошириб боришига туртки беради. Очиғи, Тошкент шаҳри ва вилоятларда рус тили ўқитилишининг сифати жуда ҳам тушиб кетган. Мазкур қарордан кейин рус тилида дарс ўтиш сифати ошади, рус тилини ўқитиш методикаси такомиллашади.

        Нодавлат таълим ташкилотлари фаолияти янада ривожлантирилади

Қарорда нодавлат таълим ташкилотларига субсидия ажратиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Ёшлар орасида хорижий тилни ўрганишда самарали натижа кўрсатаётган нодавлат таълим ташкилотлари фаолиятини янада ривожлантириш бўйича имкониятлар яратилди. Пандемия даврида нодавлат ташкилотлар моддий жиҳатдан қийналганини инобатга олиб, қолаверса, уларни янада қўллабқувватлаб, янги босқичга олиб чиқиш мақсадида Тошкент шаҳри ва Самарқанд вилоятида фаолият олиб бораётган НТТларни ижара тўловлар ва солиқдан озод қилиш бўйича ҳам янгиликлар киритилди.

Айни пайтда 10 та хорижий тил бўйича юртимизда тан олинган 35 хил сертификат мавжуд. 35 та хорижий сертификатни тан олиш, уларнинг ҳаққонийлигини аниқлаш, қолаверса, стратегиясини тузиш, рейтингини тайёрлаш, амал қилиш муддатига эътибор қаратиш, ўтишўтмаслигини аниқлаш мақсадида давлат хизматчиларининг ягона электрон базаси шакллантирилди. Тест режимида ишга туширилди. Мазкур базага юртимиз бўйича барча педагогларнинг эришган натижалари, орттирган билимлари ҳақидаги маълумотлар, уларнинг хорижий тилни ўзлаштиргани тўғрисидаги сертификатлар киритилади. Мазкур электрон базада ҳар бир давлат хизматчисининг алоҳида кабинети бўлади. Кабинетда педагог эришган натижалар ва келгусида кўзда тутилаётган режалар қайд этиб борилади. Бундай тартиб аввал бўлмаган.  Биз вилоятлар статистикасидан келиб чиқиб, қайси вилоятга, қайси туманлар кесимида аниқ ёрдам бериш масаласини кўриб чиқдик. Бу базада яққол, шаффоф кўриниб туради. Ҳокимлик ва бошқа давлат ташкилотларига  ҳам осон бўлади. Чунки базадаги маълумот асосида туман, маҳалла кесимида рейтинг тузиш, уни маҳаллагача тушиб, педагоглар малакасини ошириш, тил ўрганишини янги босқичга олиб чиқиш мумкин бўлади.

Мухтасар айтганда, хорижий тил таълими соҳасидаги ислоҳотлар бугунги кунда ўзининг долзарблиги ҳамда амалий аҳамияти билан муҳим экани шубҳасиз.  Соҳа мутахассислари давлатимиз томонидан тил таълимига қаратилаётган катта эътибор ва рағбатдан руҳланган ҳолда, асосий эзгу мақсад — юрт келажаги ва равнақи учун хизмат қилувчи, дунё бозорида рақобатбардош, талаб катта, билимдон, ҳар томонлама етук кадрлар тайёрлашга ўз ҳиссаларини қўшмоғи лозим.