Узоққа бормайлик, 2016 йилда болаларни мактабгача таълим тизимига қамраб олиш даражаси 27 фоиздан ошмасди. Муассасалар моддий-техник базаси ўта ночор аҳволга келиб қолган, бинолари деярли яроқсиз эди. Боғчаларни малакали тарбиячилар билан таъминлаш масаласи барчани ташвишга соларди. Мактаб таълимида ҳам, олий таълимда ҳам аҳвол деярли қониқарсиз эди. 2016 йилги маълумотларга кўра, ёшларни олий таълимга қамраб олиш даражаси 9 фоиздан ошмаган. Шу даврда мамлакатимизда бирорта нодавлат олий таълим муассасаси ташкил этилмади. Сиртқи таълим ёпилди.
Бугун эса тизим буткул ўзгарди. Болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси охирги етти йилда 27 фоиздан 74,6 фоизга кўтарилди. Келгуси беш йилда буни 80 фоизга етказиш мақсад қилинган.
Мактаб таълимига замонавий методика, сифат ва рақобат кириб келиши, дарсликларнинг энг илғор хорижий тажрибалар асосида тўлиқ янгиланиши, минглаб хорижий мутахассис таклиф этилиши мактаб таълими яхшиланишида алоҳида роль ўйнади. Янги мактаблар қад ростламоқда, капитал таъмирланмоқда. Айниқса, ўқитувчи ва мураббийлар меҳнатига муносиб ҳақ тўлаш бўйича аниқ чора-тадбирлар кўрилиши соҳа вакиллари нуфузини қайта юксалтирмоқда.
Нуфузли рейтинглардаги эътироф
Бугун ёшларни олий таълимга қамраб олиш даражаси 42 фоизга ортди. Олий таълим муассасалари сони 2016 йилда 77 та бўлган, айни пайтда 213 тани ташкил этмоқда. Шунингдек, 67 та нодавлат олий таълим муассасаси очилди.
2023/2024 ўқув йили учун 48 та давлат олий таълим муассасасининг 20 та хорижий мамлакат билан ҳамкорликдаги қўшма таълим дастурлари экспертизадан ўтказилди. Ижобий хулоса берилган 289 та қўшма таълим дастури учун 6818 та квота берилди.
QS “Фан соҳалари рейтинги”да 2 та олийгоҳ “ТОП-500”, “QS Осиё университетлари рейтинги – 2024” рўйхатида 14 та олийгоҳ “ТОП-1000”, “QS Sustainability Rankings – 2024” рейтингида 3 та олийгоҳ “ТОП-1000” университетлар рўйхатига киритилди.
Фарғона давлат университетининг энг нуфузли олий таълим муассасалари ва рейтинг ташкилотлари билан халқаро алоқалари кенгайди. Ўтган йилларда Австралиянинг “UniRank” рейтинг платформасида маҳаллий миқёсда 23-ўринни банд этди. Грузиянинг халқаро университетлар рейтинг ташкилоти — “Round University Ranking” – “RUR” рейтингида ўқитиш индикатори бўйича 883-ўринни эгаллади. Буюк Британиянинг нуфузли “THE” рейтинг агентлиги рейтингида эса ФарДУ энг кучли 500 таликка кирди. Бунда олийгоҳ сифатли таълим мезони бўйича алоҳида ўрин тутди.
Шунингдек, Канаданинг Халқаро ютуқлар тадқиқот маркази — “IARС” рейтингида университет “Йил университети – 2023” халқаро танлови ғолиби бўлди. Индонезиянинг “UI Green Metric World University Ranking” халқаро рейтингида барқарор ривожланаётган университет сифатида дунё олийгоҳлари ичида 738-ўринни, Туркиянинг “HE” – “Higher Education” халқаро рейтингида эса 303 университет орасида 3-ўринни эгаллади.
Ўн варaқлаб конспект ёздириладиган кунлар ўтди
Тараққиётни белгиловчи асосий куч юқори малакали кадрлардир. Бундай мутахассисларни етиштириш учун эса таълим тизими яхши ишлаши шарт. Шу боис, соҳада ўқув режаларни дунёдаги кучли беш юзталикка кирган университетлар ўқув режаларига мослаштириш, фан дастурлари ва адабиётлар авлодини янгилаш, профессионал ўқитувчиларни тайёрлаш жараёнлари жадаллик билан кечяпти. Кредит-модуль тизими самарали йўлга қўйиляпти. Мазкур тизимнинг ўзига хос жиҳатларидан бири шундаки, талабаларга танлов ҳуқуқи берилади ва уларнинг мустақил фикрлаши ўсиши асосий ўринда туради.
Илгари мавзулар конспект қилиб ёздирилар, уйга вазифа сифатида ёдлаб келиш бериларди, бу жараён ўқувчи ва талабаларни фикрлашга, қўшимча янги билимлар олишга рағбатлантирмайди. Ҳозир давр ўзгарди, ҳар бир мавзудан сўнг янги билимларни ўзлаштириш, қўшимча адабиётлар билан ишлаш керак. Шу боис, бугунги педагог фақатгина дарслик билан чекланмаслиги шарт. Улар чет элда нашр этилаётган илмий мақолаларни ўқиши мунтазам зарур.
Кредит-модуль тизими креатив фикрлайдиган, муаммоларни мустақил еча оладиган кадрлар етишиб чиқишига ёрдам беради. Бу тизимда талабага асосий билимларнинг 30-40 фоизи ўргатилади. Фанларнинг қолган қисмини талаба мустақил ўрганади.
Мазкур тизимда талаба ўқиётган пайтда “Менга бу фан эмас, бошқаси ёқади. Муҳандис бўламан, лекин танловим мана бундай”, дейишга ҳақли бўлади. Айтайлик, у иқтисодчи бўлишни хоҳлайди ва ўз соҳасига боғлиқ фанларни ўрганиши мумкин. Энг муҳими, талаба ўқиши учун ихтиёрий фанлар кўп бўлади. Шунинг учун бу талабани қизиқиб ўқишига ундайдиган тизим.
Ёшлар потенциал иш берувчи сифатида шаклланмоқда
Олий таълим соҳасидаги ҳозирги ислоҳотлар мақсадидан келиб чиқиб, профессор-ўқитувчилар малакасини ошириш давр талабидир. Бунда таълим берувчиларнинг хорижий илғор тажрибалар ва амалиётни ўрганиши муҳим.
Ўқитувчилар учун ниҳоятда кўп жиҳатлар енгиллашди. Тарбиявий ишлар билан улар эмас, тьюторлар шуғулланади. Энди ўқитувчилар грант олиш устида ишлаши лозим.
Аслида талаба таълимида тизим бўлиши шарт. Афсуски, аксар ёшлар институт ёки университетга кириш учунгина ўқийди. Яъни мақсад олийгоҳга кириш билан тугайди. Ёшлар битта касбни яхши эгаллаб, фанларни чуқур ўзлаштиришини таъминласак, улар олдига қўйган мақсадига эришадиган кадрлар бўлиб етишади.
Мактаб давридаёқ ёшларда бирор касбга қизиқиш уйғониши керак. Уларни “Шу олий таълим даргоҳида, шу йўналишда ўқийсан”, деган тушунча билан тарбиялашдан воз кечиш зарур. “Бу йўналишда ўқисанг, 3,5-4 миллион сўм ойлик билан қаерга борасан?”, дея мажбурий танлов қилиниши ҳам нотўғри. Меҳнат бозори глобал бўлиб, яхши мутахассис ҳар бир жойда қадрланади. Шу боис, ўз танлаган йўналиши бўйича мутахассис бўлиши учун талабани тўғри йўналтириш мақсадга мувофиқ. Шунда ёшлар мавжуд иш ўрнига даъвогар эмас, балки потенциал иш берувчи сифатида шаклланади.
Янги бинода янгича шукуҳ
ФарДУнинг янги ўқув биноси — педагогика ва психология факультетида 100 ўринли 5 та, 56 ўринли 6 та маъруза зали, 28 та ўқув аудиторияси, талаба-ёшларнинг медиа ва ахборот соҳасига қизиқишини ошириш, иқтидорларини қўллаб-қувватлаш, олийгоҳда ахборот сиёсатини ривожлантириш мақсадида ташкил этилган йирик медиа марказ (студия), 5 та компьютер синфи, 14 та ёрдамчи хона ва 4 та буфет жойлашган. Моддий-техника базасини ривожлантириш мақсадида маъруза заллари ва ўқув аудиториялари 40 та замонавий интерактив доска ва 219 та компьютер билан таъминланган.
Ушбу бинода қўшимча равишда барпо этилган 400 ўринли Маънавият ва маърифат маркази фаолият кўрсатмоқда.
Умуман олганда, бугунги кунда университетда 13 та факультет ва 48 та кафедра бўлиб, 62 бакалавриат таълим йўналиши, 34 магистратура мутахассислиги ҳамда 37 докторантура ихтисослигида талабалар таҳсил олади. Барча таълим йўналишларининг малака талаблари ва фан дастурлари ESTS модуль тизими асосида республика ва хорижий ОТМлар малака талаблари ва фан дастурлари асосида ишлаб чиқилган. Университетда бугунги кунда жами мингга яқин профессор-ўқитувчи ҳамда ишчи-ходим фаолият юритмоқда. Ўқитувчиларнинг беш юзга яқини илмий даража ва унвонга эга, юздан ортиқ профессор-ўқитувчи ва ходим хорижда таҳсил олган ва малака оширган.
Таълим ва спорт бир қушнинг икки қаноти демак
Мамлакатимизда ёшларни жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб қилиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, имкониятлари чекланган шахсларнинг жисмоний реабилитацияси учун зарур шарт-шароитлар яратиш ҳамда халқаро спорт майдонларида муносиб иштирок этишини таъминлашга катта эътибор берилмоқда. Шу билан бирга, ёшларни спортга кенг жалб қилиш ва улар орасидан иқтидорли спортчиларни саралаб олиш, спорт турлари бўйича юқори натижаларни таъминлайдиган маҳоратли спортчилар билан миллий терма жамоаларни шакллантириш ва мураббийлар учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш зарурати мавжуд.
Бу борада Президентимизнинг 2019 йил 4 декабрдаги “Ўзбекистонда футболни мутлақо янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида Фарғона давлат университетида ёшларни спортга кенг кўламда жалб этиш, хусусан, футбол спорт турининг оммавийлигини ошириш борасида истиқболли лойиҳалар бажарилмоқда.
Дастлаб олийгоҳда янги футбол жамоаси тузилиб, миллионлар ўйини бўлган футболни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратила бошланди. Мазкур жамоага эса янги бош мураббий этиб ўзбек футболининг ҳақиқий афсонаси, 5 карра Ўзбекистон чемпиони, 2 карра кубок соҳиби, 1994 йилги Осиё ўйинлари чемпиони, 1997 йилги жаҳон терма жамоаси аъзоси, “Шуҳрат” медали совриндори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спортчи Сергей Лебедов тайинланди.
Ҳозирги кунда “Нефтчи” футбол жамоасининг собиқ ўйинчиси Асад Дўрмонов, шунингдек, маҳоратли футболчи, “Нефтчи” клуби фахрийси Руслан Худайдатов ҳам жамоа келажаги учун сидқидилдан меҳнат қилмоқда.
Бу ҳаракатлар, албатта, оз фурсат ичида натижасини кўрсатди. Университет футбол майдонида бошланган ўйинлар эътибор ва рағбатлардан руҳ олиб, бугун катта майдонга чиқиб келмоқда. Қувонарлиси, яқинда иккинчи лига баҳсларида ФарДУ жамоаси “Жарқўрғон” клубига қарши тўп сурди ва ғалабага эришди. Мазкур натижа орқали жамоа биринчи лига йўлланмасини қўлга киритди. Шубҳасиз, бу хушхабар университет жамоаси ва талаба-ёшлари учун қувончли янгилик бўлди. Чунки икки юзга яқин олий таълим муассасаси ичида ФарДУ футбол жамоасининг биринчи лига йўлланмасига эга чиқиши муҳим тарихий воқелик сифатида қайд этилди.
Дарҳақиқат, моҳирлик билан катта майдон сари илдам бораётган бу спорт клуби ўзбек футболида янги умид сифатида мухлислар кўз ўнгида намоён бўлмоқда. Жамоанинг юлдузли ўйинлари, ғалабали учрашувлари кетма-кет давом этяпти. Футболчиларимизнинг мақсадлари эса жуда юқори, шунга яраша юксак марралар режа қилинмоқда.
Фарғона давлат университети футбол жамоаси мисолида кўриш мумкинки, мамлакатда ҳар томонлама етук ҳамда жисмонан соғлом инсонни шакллантириш, иқтидорли спортчиларни танлаб олиш (селекция) жараёнига инновацион шакллар ва усулларни жорий этиш келажакда, албатта, ўз мевасини бермай қолмайди.
Зиёлилар — жамиятнинг локомотиви
Зиёли инсон ўзини ўзи форматлайди, идора қилади. У ўзлаштирган илми билан дунёқарашида, тафаккурида янгиланишлар яратади. Фикр бунёдкори бўлади ва жамият фикрини ҳам тарбиялашда муҳим ўрин тутади. Таълим муассасаларининг ўзига хос хусусияти шундаки, бу ерда зиёли бўлишнинг ўзигина етарли эмас. Профессор-ўқитувчилардан юксак ҳаётий маҳорат, юқори маънавий етуклик талаб этилади.
Маънавият шаклланиши ва ривожи одатда уч таркибий бўғинда намоён бўлади. Мафкура кўринишидаги биринчи бўғин – маълумот, ахборот тўплаш, асосан, сўз, мулоҳаза, ибрат, ғоя ва назариялар даражасида ифодаланади.
Иккинчи бўғин – инсонга ёшлигидан сингдирилган маданий-маънавий қарашлар, ахлоқий қадриятлар, анъаналар, диний-руҳий туйғулар. Бу бўғинда у оиласи, қариндош-уруғлари, маҳалласи, миллати билан бирлигини ҳис этади. Натижада унинг онги ва қалбида миллий ғурур, ватанпарварлик туйғуси шаклланади.
Учинчи бўғин билим, ижодий изланиш, фаҳм-фаросат билан ифодаланади. У тафаккуримизда маърифат, дунёвий маънавият тимсолида намоён бўлади. Буюк алломаларимиз ана шу дунёвий маънавиятни илоҳий маънавият билан узвийликда камолга етказган. Агар биринчи бўғин янгиликларни қабул қилиш, иккинчиси қадриятларга, аждодлар руҳига таяниш бўлса, учинчи бўғин янгиликларнинг ижодий равнақидир. У аждодлар меросига ҳақиқий ворис бўлиб, уларнинг қадриятга айланган қисмини ижодий ривожлантиришни назарда тутади. Миллий қадриятларни тиклаш, боболар қолдирган маънавиятни улуғлаш, ундан ибрат олиш, ўзликни англаш каби юксак инсоний фазилатларга эга бўлмоқ лозим. Зеро, маънавияти қашшоқ, мустақил дунёқараши, фикрига эга бўлмаган одамга ҳар қандай вайронкор ғоя ўз таъсирини ўтказа олади.
Баҳодиржон ШЕРМУҲАММАДОВ,
педагогика фанлари доктори,
профессор
Мақола “Янги Ўзбекистон” газетасининг 194-сонида (2024 йил 24 сентябрь) чоп этилган.
Ҳамкорлик материали