Қишлоқ хўжалиги соҳасида “агротадбиркор”, “ёш деҳқон”, “ёш фермер” каби сўзлар пайдо бўлди. Бу тушунчалар мазкур фаолият йўналишларининг сўнгги йилларда оммалашаётган янги ва замонавий шаклидир. Аниқроғи, бугун анъанавий деҳқончилик ўрнини илғор технологияларга асосланган агротармоқ эгаллаб, унда ёшларнинг улуши сезиларли ортиб бормоқда.

Ўтган йили давлатимиз раҳбари 30 июнь куни Ўзбекистон ёшлари ва талабалари форумига ташрифи давомида мамлакатимизда ёшларга эътибор ва ғамхўрлик асосий ўринга кўтарилгани, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш учун алоҳида давлат ташкилоти — Ёшлар ишлари агентлиги ташкил этилгани, қолаверса, бу йўналишда ўнлаб нодавлат ташкилотлари фаолият юритаётгани таъкидланган эди. Буларнинг натижасида охирги йилларда 30 ёшгача бўлган тадбиркорлар сони 5 баробар кўпайиб, 500 мингдан ошган.

Мана, яна 30 июнь — Ёшлар куни арафасида турибмиз. Орадан салкам бир йил вақт ўтди ва қайсидир маънода ўтган фурсатни сарҳисоб қилиш палласидамиз. Бу даврда ёшлар фаоллиги, бандлигини таъминлаш ишлари янада қизғин тус олди, десак муболаға эмас. Қишлоқ хўжалигида ҳам ёшлар улуши ортиб боряпти. Айниқса, замонавий аграр соҳанинг ривожланиб бориши билан шу йўналишда иш бошлаётган йигит-қизлар сафи янада кенгайди. Турли ташкилотлар орқали уларга кўплаб имтиёз ва кўмаклар бериляпти.

Ўзбекистон ёш фермерлари кенгаши ана шундай илғор ёшларни қўллаб-қувватлашга бел боғлаган йирик ташкилотлардан. Президентимиз ташаббуси билан 2017 йилда ташкил этилган Кенгаш ўтган давр мобайнида ёшларни қишлоқ хўжалигига кенг жалб қилиш ва соҳада имтиёзлар яратиш бўйича сезиларли натижаларга эришиб келяпти.

Ўзбекистон ёш фермерлари кенгаши раиси Маҳмуд ИНОЯТОВ билан юртимиз қишлоқ хўжалиги соҳасида йигит-қизларнинг ўрни, бугунги замонавий фермер қиёфаси ҳамда агротадбиркорлар учун яратилаётган шароит ва имтиёзлар ҳақида суҳбатлашдик.

— Бугунги ёш фермер биринчи навбатда, кўпчилик тасаввур қилганидек, доим далада лой кечиб юрадиган ер эгаси эмас, балки 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган агротадбикор, мулкдор ҳамда фермер хўжалиги раҳбаридир, — дейди суҳбатдошимиз. — У ижарага берилган ер участкаларидан фойдаланган ҳолда қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштиради, қайта ишлайди, сақлайди ва реализациясини амалга оширади. Ўзбекистон ёш фермерлари кенгаши ўз номи билан замонавий қишлоқ хўжалигида фаолият олиб бораётган йигит-қизларни бирлаштирувчи ташкилотдир. Рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, айни дам юртимизда 27 мингдан ортиқ ёш деҳқон ҳамда 11 мингдан зиёд фермер йигит-қизлар фаолият юритмоқда. Улар мамлакат иқтисодиёти ривожи, аҳоли бандлигини таъминлаш, ички бозорга арзон ва сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб беришга сезиларли ҳисса қўшяпти. Бизнинг мақсадимиз қишлоқ хўжалигига қизиқувчи ёшларнинг ўз ишларини топиб олиши ёки янада кенгайтиришларига кўмаклашишдан иборат.

Бугунга қадар Кенгаш ўзининг 45 дан ортиқ лойиҳалари билан юртимизнинг барча ҳудудларига кириб борди. “Ўзбегим ёш фермери”, “Менинг далам — менинг фахрим”, “Ёшлар агрофирмаси”, “Агроментор” сингари лойиҳалар юзлаб, минглаб йигит-қизларда қизиқиш уйғотди, бир мақсад остида бирлаштирди. “Фидойи ёшлар отряди” ёки “Ҳар бир ёшга — бир гектар” лойиҳалари доирасида эса 2018–2019 йилларда қарийб 18 минг, 2020 йилда 26 мингдан зиёд, ўтган йили эса 450 мингга яқин ёшлар иш билан таъминланди.

Қолаверса, соҳа ёш қатламининг 1 минг 148 нафарига қишлоқ хўжалиги тармоғининг 12 та йўналиши бўйича кредит, 2 минг 36 нафарига ер майдони, 580 нафарига агротехникалар олишга кўмаклашилди. Натижада улар деҳқончилик бошини тутиб, доимий даромад манбаига эга бўлди. Соҳада тадбиркорлигини йўлга қўйган ёшлар эса бошқа тенгдошларини ҳам иш билан таъминлаяпти. Муҳими, йигит-қизлар қишлоқ хўжалиги соҳасига аввалгидек оғир меҳнат тури сифатида эмас, балки тадбиркорликнинг замонавий йўналиши сифатида қарамоқда.

Масалан, бухоролик асаларичи йигит бор — Исломжон Аламов. Шу йигит 17 ёшида асаларичилар оиласига шогирд тушган. Бир йилдан сўнг ўз фаолиятини 10 та қути асаларидан бошлади. Ҳозир ёши 25 да ва асаларичиликни яхшигина даромад манбаига айлантирган. Асалари қутиси 52 тага етиб, унда 104 та асалари оиласини боқяпти. Битта қутидан 20–25 килогача табиий асал олади. Йил давомида 3 марта маҳсулот олса, 40–45 миллион сўм фойдаси бор. Бундан ташқари, даладан гул чанги йиғиштириб олиб, бозорга олиб чиқади, бу ҳам қўшимча даромад. Яқин келажакда цех очиб, асалари қутиларини ишлаб чиқариш режаси бор.

Умуман, бугун ёшлар қишлоқ хўжалигининг истиқболли кучига айланиб, уларга бўлган талаб кун сайин ортиб боряпти. Гап шундаки, мазкур тармоқда келажак авлодни тарбиялаш жаҳондаги муҳим муаммолардан биридир. Бу ривожланган мамлакатларда фермерларнинг ўртача ёши 60 дан юқорилаб бораётгани билан боғлиқ. Муаммо ўз-ўзидан озиқ-овқат хавфсизлигига таҳдид солмоқда. Шу боис, кўплаб давлатлар қишлоқ хўжалиги соҳасини автоматлаштиряпти. “Ақлли” агротехнологияларни яратиш ва уни кенг жорий этиш фаоллашган. Бу орқали соҳада камроқ ишчи кучи эвазига кўпроқ ҳосил ва даромад олиш мумкин. Айниқса, озиқ-овқат маҳсулотларига талаб ўсиб бораётган ҳозирги шароитда бу зарурий эҳтиёж ҳамдир. Маҳсулот қанча кўп ишлаб чиқарилса, нарх-наво шунча барқарор бўлади. Бунда эса деҳқон ва фермерлар муҳим ўрин тутади.

— Статистик маълумотларга кўра, мамлакатимиз аҳолисининг деярли ярми қишлоқ ҳудудларида истиқомат қилади. Уларнинг асосий қисмини эса 30 ёшгача бўлган йигит-қизлар ташкил этади. Бу қишлоқ жойларда янада кенг имкониятлар яратиш, ёшлар орасида тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш зарурлигини кўрсатади, шундай эмасми?

— Албатта, бизнинг мақсадларимизнинг асосий қисми ҳам шунга йўналтирилган. Барча давлатларда ҳам аҳолини озиқ-овқат билан таъминлашда қишлоқ жойлар ва уларда маҳсулот етиштириш муҳим ўрин тутади. Уларга замонавий технология ва ёндашувларни олиб кирмасдан туриб, юқори натижаларга эришиш қийин. Биз агротадбиркорликни ривожлантиришга урғу бераётганимиз боиси ҳам шунда.

Ўзбекистон шароитида агробизнесни ривожлантириш учун қулай муҳит мавжуд. Мўтадил иқлим, ҳосилдор ер майдонлари, қолаверса, ҳудудларга хориж тажрибасидан олиб кирилаётган маҳсулот етиштиришнинг янгича усул ва технологиялари соҳада бизнес лойиҳаларни муваффақиятли амалга ошириш имконини беряпти. Фақат иш бошлашдан олдин рақамли ресурслардан унумли фойдаланиш, замонавий деҳқончиликни тўғри ташкил этиш, юқори даромад олиш сири ва бошқаларни ўрганиш фойдадан ҳоли эмас.

Ўзбекистон ёш фермерлари кенгаши бу борада турли ташкилотлар билан биргаликда қатор лойиҳаларни амалга ошириб келяпти. 27 минг 192 деҳқон хўжалиги ҳамда 3 миллион 227 мингдан ортиқ томорқа ер эгалари билан бевосита ишлаш механизми йўлга қўйилган. Улар лойиҳалар доирасида ёшларга аграр соҳада ҳам назарий, ҳам амалий кўмак беради.

Кенгашнинг “Агромарафон” лойиҳаси ҳам ана шу мақсадларга йўналтирилгани ҳолда ўтган йили юртимизда илк бор ўтказилди. Ёшлар ишлари агентлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти билан ҳамкорликда ташкил этилган “Агромарафон” мотивацион учрашувлари кўплаб йигит-қизларни жалб қила олди. Сентябрь ойида Тошкент вилоятида старт олган марафон маёғи то йил сўнгига қадар республикамиз бўйлаб баланд кўтарилди. Кўп йиллик тажрибага эга соҳа мутахассисларининг ёшлар билан учрашувлари, билим ва кўникмалар бўйича фикр алмашишлар, маҳорат сабоқлари лойиҳанинг ёрқин саҳифаларига муҳрланди.

Спикерлар иштирокидаги тренинглар “Агромарафон” дастурининг назарий қисми эди. Мутахассислар қишлоқ хўжалигига қизиқиши бор ёки шу тармоқда меҳнат қилаётган ёшларга агробизнесда фаолият олиб бориш учун яратилаётган шароит ва имкониятлар, дуч келинадиган тўсиқлар ҳамда муаммоларни ўрганиш, уларга потенциал ечимлар топиш, аграр соҳада рақамлаштиришнинг аҳамияти ҳақида тушунчалар берди.

Марафон ҳақида ёшларнинг ҳам фикри ижобий, улар тадбирларда нимадир ўрганди. Масалан, фарғоналик Санжарбек Тоҳиров билан суҳбатлашганимда, шундай деди: “Ўтган йили “Ҳар бир ёшга — бир гектар” лойиҳаси асосида ер олиб, деҳқончиликни бошлаб юбордим. Ўша вақтда ҳали етарли билим, тажрибага эга эмасдим. “Агромарафон”да иштирок этиш асносида керакли маълумотлар, янги ғоялар олдим. Мутахассислар ерга уруғ қадашдан то экспортгача бўлган жараёнларни тушунтирди. Биринчи гал картошка ва мош ҳосилидан 18 миллион сўм даромад топган бўлсам, марафондан олган билимларим асосида келгусида ердан янада унумли фойдаланиб, ҳосил ва даромадимни бир неча баробар оширишни мақсад қилдим”.

Марафоннинг амалий қисми янада қизиқарли кечди. Иштирокчилар бевосита жойларга чиқиб, “агротур”лар доирасида истиқболли тадбиркорлик фаолиятлари билан танишди. Агротехник механизмларни қўллаш бўйича маҳорат дарсларига гувоҳ бўлди.

Қолаверса, дастур давомида агрокўргазмалар ҳам ташкил этилди. Кўргазмадан жой олган турли хилдаги экспортбоп қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, сўнгги русумдаги агротехника ва замонавий агроускуналар иштирокчи ёшларнинг эътиборини тортди. Ана шундай маҳсулотларни етиштириш бўйича мутахассислардан маслаҳатлар ҳам олди.

Бир сўз билан айтган, ушбу марафон аграр соҳада фаолият юритаётган ёки энди иш бошлаш истагидаги йигит-қизлар, юқори натижаларга эришган агротадбиркорлар, ёш деҳқон ва фермерлар учун катта мотивация бера оладиган қулай платформа, тажриба алмашинув майдончаси бўлиб хизмат қилди. Лойиҳа доирасида республика бўйлаб 8 мингдан ортиқ ёшлар учун мотивацион учрашувлар ташкил этдик. Уларда соҳа мутахассислари, агротадбиркорлар томонидан ёшларга энг замонавий воситалар ёрдамида қишлоқ хўжалигига доир мавзуларда билимлар берилди. Қувонарлиси, ҳудудларда йигит-қизлар ушбу марафонга юқори қизиқиш билдириб, фаол қатнашди. Лойиҳа якунланганига қарамасдан, ҳозиргача “Агромарафон” йигит-қизлар орасида кенг муҳокама қилинмоқда. Унинг давомини кутаётганлар ҳам кўп. Албатта, бу йил лойиҳани давом эттиришни режалаштирганмиз.

— Кенгашнинг халқаро жамғарма ва ташкилотлар билан амалга ошираётган лойиҳалари ҳам бор. Менимча, улардан мақсад ёшларга фақат молиявий маблағ ажратиш бўлмаса керак. Умуман, йигит-қизлар халқаро лойиҳаларда хориж тажрибасини қандай замонавий усуллар ёрдамида ўрганяпти?

— Гувоҳи бўлаётганимиздек, дунё тажрибасида қишлоқ хўжалиги анча ривожланиб боряпти. Маҳсулот етиштиришдан то ишлаб чиқаришгача бўлган жараёнларни инновацион технологиялар асосида амалга ошираётган хорижликлар жаҳон бозорини экологик тоза маҳсулот билан тўлдириш ҳаракатида. Экологик тоза, яъни органик маҳсулот эса қўшимча минерал ўғитларсиз, заҳарли химикатлар ва бошқа техноген таъсирларсиз, замонавий технологиялар асосида етиштирилади ёки табиий тоза хомашёлардан олинади.

Бугунги кунда жаҳоннинг 179 мамлакатида 2 миллиондан зиёд органик маҳсулотларни ишлаб чиқарувчи корхоналар фаолият олиб боряпти. Натижада 2019 йилда қишлоқ хўжалиги бўйича халқаро бозорлардаги савдо айланмаси 96,7 миллиард еврони ташкил этган. 2022 йилда бу кўрсаткич 212 миллиард долларга етиши тахмин қилинмоқда.

Бу борада мамлакатимиз иштироки ва ҳиссасини оширишга қаратилган ҳаракатлар бошланган. Турли лойиҳа, грантлар орқали фермер ва деҳқонларимизга хориж тажрибаси ўргатилиб, уни амалиётга жорий этишда амалий ёрдам кўрсатиляпти. Ўзбекистон ёш фермерлари кенгашининг “TIKА”, “JOICA”, “GIZ”, “OSCE” каби халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик алоқалари бор. Улар томонидан ажратилаётган грантлар ҳисобига бугунга қадар мингга яқин ёш фермерлар Туркия, Япония, Латвия, Чехия, Германия, Голландия, Хитой, Россия, Корея сингари давлатларда тажриба ошириб қайтди.

Германиянинг Халқаро ҳамкорлик бўйича жамғарма кассалари фонди билан ҳамкорликдаги лойиҳа эса мамлакатимизда амалга оширилаётган муваффақиятли ҳаракатлардан биридир. “Ўзбекистонда етарли молиявий хизматларни таклиф этиш орқали аграр секторни мустаҳкамлаш ва қишлоқ ҳудудларини ривожлантириш” лойиҳаси 2019 йил 7 майда имзоланган. Лойиҳа ҳамкори бўлган Германиянинг нуфузли ташкилоти ҳозирда дунёнинг 54 давлатида фаолиятини амалга ошириб келяпти. Ўзига хос банк тизимига эга 370 дан ортиқ шпаркассалар бирлашиб, шундай бир фондни вужудга келтирдики, бу фонд орқали нафақат дунё мамлакатлари аҳолиси ўз молиявий билимларини оширади, балки зарур ўринларда кичик бизнесни ривожлантириш учун банклар орқали кредитлар олиш имконини ҳам яратади.

Ўтган уч йил давомида ташкилот юртимизнинг бир қанча банклари билан келишув асосида ёшлар учун соҳага оид билимлар бериш баробарида, янги стартапларга имтиёзли кредитлар ажратиб келмоқда. Хусусан, 40 га яқин германиялик экспертлар иштирокида Тошкент, Жиззах ва Самарқанд вилоятларида ёшларнинг дастлабки молиявий саводхонлигини оширишга қаратилган 100 дан ортиқ семинарлар ташкил этилиб, уларга 3 мингдан зиёд йигит-қизлар жалб этилди.

Ўтган йилдан бошлаб карантин шароитидан келиб чиққан ҳолда янги тажриба йўлга қўйилди. “Сиз семинарларга эмас, семинарлар сизга боради” шиори остида қишлоқ жойларда ўтказилаётган дала семинарларида ёшлар юқори уюшқоқлик билан иштирок этяпти. Ҳудудларга маҳаллий тренерлар жамоаси барча ўқув жиҳозлари билан таъминланган “ўқув транспорти”да боради.

Бу лойиҳанинг асосий мақсади қишлоқ хўжалиги секторини қўллаб-қувватлаш ва Ўзбекистоннинг қишлоқ ҳудудларини ривожлантиришга кўмаклашишга қаратилган. Булар қаторида қулай молиявий имкониятлар яратиш ҳам бор. Келинг, бу борада германиялик эксперт Мациас Ванглернинг фикрларини келтириб ўтаман. У шундай дейди: “Лойиҳада асосий эътибор қишлоқ жойларда яшаётган ва қишлоқ хўжалиги секторида ишлаётган ёшларга қаратилган. Биз уларни махсус дастурлар орқали қадамма-қадам режа асосида ўқитяпмиз. Семинарларда муваффақиятли қатнашган иштирокчилар биз жорий қилган кредит дастуридан наф кўриши, ўзларининг стартаплари ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳасига сармоя киритишлари учун кредит олишлари мумкин. Улар шу тарзда ривожланиши керак. Очиғи, ана шундай ёшларнинг кўпи эришаётган натижаларини кўриб, қувоняпмиз”.

Аммо лойиҳа ёшларни қишлоқ хўжалигига қизиқтириш ва бу борадаги билимларини ошириш билан чекланмайди. Асосий мақсад жамиятнинг ёш қатлами бандлигини таъминлашга қаратилган. Бунинг учун лойиҳа доирасида “айланма кредит фонд” дастури ташкил этилган бўлиб, стартаплар ва дастлабки инвестицияларни қўллаб-қувватлаш учун 36 ойгача бўлган муддатга 14 фоизли ставкада кредитлар ажратилмоқда. Имтиёзли кредитга эга бўлган ёшларнинг кўпчилиги бугунги кунда ўз ишини йўлга қўйиб, улар орасида қўшимча иш ўрни яратганлари ҳам бор.

Жиззахлик ёш фермер Заҳро Омоновани олайлик. Бу қиз болалигидан оиласи билан иссиқхонада маҳсулот етиштиргани боис, қишлоқ хўжалиги соҳасига қизиқиши бўлган. Лойиҳа ҳақида эшитгач, тенгдошлари қатори 2 кунлик дала семинарида қатнашди. Семинар сўнггида тавсиянома асосида 30 миллион сўмлик имтиёзли кредитга эга бўлди. Бу маблағга у хонадонидаги иссиқхонани кенгайтириб, замонавий технологиялар билан жиҳозлади. Ҳатто, 3 нафар ёшни иш билан таъминлади. Қарабсизки, ҳам ўзи истаган йўналишда ишлаяпти, ҳам бундан қўшимча даромад топяпти.

Бундай ёшлар барча ҳудудларда бор. Шу боис, германиялик ҳамкорлар кўмагида Тошкент, Жиззах ва Самарқанд вилоятларида “Ёш фермерлар инновацион маркази” ташкил этилган.  У ерда аграр соҳада фаолият юритаётган ёшлар замонавий технологиялар асосида янги билимларга эга бўляпти. Дарсларни маҳаллий ва хорижлик мутахассислар олиб боради. Бу каби марказлар жорий йилнинг охирига қадар Қорақалпоғистон Республикаси ва бошқа ҳудудларда ҳам очилиши кўзда тутилган.

Масаланинг яна бир томони бор. Аграр бизнесда назарий билимлар қанчалик кўп бўлмасин, уни амалиётда қўллай билиш тажрибаси етарли бўлмаса, кутилган натижага эришиш қийин. Германиянинг энг йирик молиявий гуруҳи томонидан ташкил этилган “German Sparkassenstiftung for international Cooperation” ташкилоти ўз лойиҳалари орқали бўлажак аграр тадбиркорларни амалиётга тайёрлаб келмоқда. Пулни жамғаришдан тортиб, ўзининг бизнес режасини тузишгача, банк билан кредит олиш учун суҳбат олиб бориш, ундан кейин эса ўз тадбиркорлигини бошлашга ундовчи семинарлар ёшларни ҳаётий тажриба тўплаш, машқ орқали бизнесда кутиладиган хатарлардан огоҳ бўлишга ўргатади.

Масалан, “фермер хўжалик бизнес-ўйини”ни олайлик. Бу 3 ёки 4 кун мобайнида ўтказиладиган симулатив характердаги семинар-модул бўлиб, унда иштирокчилар фермер хўжаликни бошқаради. Семинар давомида иштирокчи фермер ролини ўз зиммасига олади. У маҳсулот етиштириш, ишлаб чиқариш жараёнини бошқаради ва сармоя киритади. Табиийки, ушбу босиқчларда кутилмаган вазиятлар ҳам юзага келади. Иштирокчилар бошқа жамоалар билан рақобатлашади. Ўйиннинг ўз карточкалари ва танга пуллари бўлиб, реал воқеликка мос равишда, банк-мижоз, сотувчи ва харидор муносабатлари инобатга олинади. Яна бир муҳим жиҳати, ҳаётда содир бўладиган ўғирлик, фирибгарлик каби ҳолатларга тадбиркор ёки фермер сифатида қандай муносабат билдириш кераклиги, уларнинг олдини олиш учун нималар қилиш зарурлиги ҳам муҳокама қилинади. Хуллас, ўйиннинг уч турида турли қийинчиликларга дуч келинади ва ажойиб муваффақиятларга эришилади. Иштирокчилар шу тариқа янги билим ва тажриба тўплайди.

Ана шундай замонавий лойиҳаларда қатнашиб, соҳада зарур билимларни тўплаётган ёшлар бугун истиқболи порлоқ фермер, тадбиркорга айланаётгани қувонарли. Уларнинг ишга ёндашуви, маҳсулот етиштиришдаги усул ва тажрибалари ҳам янгича. Инновацион технологиялардан фойдаланиш амалиёти жаҳон стандартларига мос. Бир сўз билан айтганда, бугун мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги соҳасида “замонавий авлод” етишмоқда. Бу авлод, аллақачон, юртимиз иқтисодий тараққиёти, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга, дастурхонларимизни сифатли ва арзон маҳсулотлар билан тўлдиришга ҳисса қўшяпти.

“Янги Ўзбекистон” мухбири

Ирода ТОШМАТОВА суҳбатлашди.