Бу ҳақда Ёзувчилар уюшмаси маълум қилди.

Иброҳим Ғафуров 1937 йил 27 декабрда Тошкент шаҳрида туғилган. У 1956–1961 йилларда Ўзбекистон Миллий университетининг филология факультетида таҳсил олган. Кейинги фаолияти давомида нашриётчилик, матбуот ва адабий жараёнларда самарали меҳнат қилиб, бир неча авлод ижодкорлари учун ҳақиқий мактаб яратди.

Иброҳим Ғафуров ўзининг серқирра илмий-ижодий фаолияти давомида ўзбек адабиётшунослиги, миллий таржимачилик мактаби, публицистика ва маънавий-маърифий тараққиёт ривожига улкан ҳисса қўшган фидойи зиёли сифатида халқимизнинг юксак эътирофига сазовор бўлган эди.

Устоз нафақат етук олим ва ижодкор, балки таълим тизимида самарали фаолият юритиб, кўплаб ёш мутахассислар, тадқиқотчилар ва адабиётшунос олимларнинг камол топишига муносиб ҳисса қўшди. Унинг илмий асарлари, адабий-танқидий қарашлари ва бой педагогик тажрибаси бугунги кунда ҳам талаба-ёшлар, илм-фан вакиллари ва кенг китобхонлар жамоатчилиги учун муҳим манба бўлиб хизмат қилади.

Иброҳим Ғафуров жаҳон адабиётининг нодир намуналарини ўзбек тилига маҳорат билан таржима қилиб, миллий маданиятимиз ва таълим-тарбия ривожига беқиёс ҳисса қўшди. Хусусан, Фёдор Достоевскийнинг «Жиноят ва жазо», «Телба», «Қиморбоз», Ги де Мопассаннинг «Азизим», Эрнест Хемингуэйнинг «Алвидо, қурол» ва «Чол ва денгиз» асарлари унинг таржималари орқали ўзбек китобхонларига етиб борган. Унинг мероси, маърифатпарварлик фаолияти ва устозлик мактаби келгуси авлодлар учун ҳам бебаҳо маънавий бойлик бўлиб қолади.

Иброҳим Ғафуров «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби» фахрий унвони, Давлат мукофоти, «Дўстлик» ва «Меҳнат шуҳрати» орденлари билан тақдирланган, 2021 йилда эса унга «Ўзбекистон Қаҳрамони» юксак унвони берилган.

Устознинг вафоти ўзбек адабиёти, маънавияти ва таржима мактаби учун катта йўқотишдир. "Янги Ўзбекистон" ва "Правда Востока" газеталари таҳририяти жамоаси марҳумнинг оила аъзолари, яқинлари, шогирдлари ҳамда барча адабиёт ихлосмандларига чуқур ҳамдардлик билдиради.