Мамлакатимизда юқори билим ва малакага эга, рақобатбардош кадрлар тайёрлаш мақсадида олий таълим муассасалари сони 127 тага етказилди. Хорижий олий ўқув даргоҳларининг 26 та филиали очилди. Албатта, бу ёшларимиз учун жуда катта имконият.

Шу ўринда бир жиҳатга эътибор қаратиш керак: ташкил этилаётган олий ўқув юртларида йигит-қизларга кимлар таълим беради?

Сир эмас, кўп олий таълим муассасаларининг ўзида малакали педагоглар етишмайди. Бу, айниқса, математика соҳасида кўпроқ сезилади. Яқинда очилган Янги Ўзбекистон университетига германиялик таниқли профессор ректор сифатида танланди. Албатта, у ўз имкониятидан фойдаланиб чет элнинг нуфузли олий ўқув юртларидан мутахассисларни жалб қилади. Лекин миллий кадрларсиз иш битмайди. Шунинг учун педагог кадрлар тайёрлаш масаласига энг муҳим иш деб қараш керак.

Давлатимиз раҳбари Ёшлар кунига бағишланган маросимдаги маърузасида навқирон авлоднинг бандлигини таъминлаш масаласига алоҳида тўхталди. Бўш иш ўринлари кўп, аммо дипломсиз йигит-қизлар унда ишлай олмаётгани ҳақиқатан ҳам афсусланарли. Кўпгина касбларда диплом талаб қилиниши ёшларимизнинг билим эмас, диплом учун ўқишига олиб келгани ҳам айни ҳақиқат. Шу боис, кўпгина касбларга нисбатан олий маълумотли бўлиш талаби бекор қилиниши айни муддао бўлди.

Математика ва шунга ўхшаш табиий фанларни ўқитиш мактабгача таълимдан бошланади. Инсон беш ёшгача бўлган даврда умри давомидаги энг катта маълумотни қабул қилади. Демак, мактабгача таълимга болаларни кўпроқ қамраб олиш, математика, мантиқий фикрлашга ўргатиш муҳим масала.

Яна бир ташаббус — ёзда ёшлар учун оромгоҳ ташкил қилиш масаласи қўйилди. Бу оромгоҳ фақат дам олиш учун эмас, балки унда иқтидорли ёшлар учун ёзги мактаблар ташкил этиш ҳам назарда тутилган. Оромгоҳда мамлакатимизнинг барча ҳудудидан кўплаб соҳалар бўйича энг иқтидорли болаларни йиғиб, бир ой давомида шуғуллантирилади. Бу аввалдан бор тажриба. Шуни ҳозир Президентимиз давлат сиёсати даражасига кўтармоқда. Мен ўз тажрибамда бунинг самарасини кўрганман. Мустақилликнинг илк йилларида ҳар йили институтимиз ходимлари ташаббуси билан Халқ таълими вазирлиги билан келишилган ҳолда, Наманганнинг Ғовва қишлоғида ёзги физика-математика мактаби ташкил қилинарди. Унга юртимиздаги иқтидорли, математика фани олимпиадаларида ғолиб чиққан болалар таклиф қилиниб, улар билан машғулотлар олиб бориларди. 10-15 нафар математик олим юқори синфларнинг 60 га яқин ўқувчисига математикадан дарс берар, турли танловлар, олимпиадалар орқали рағбатлантириларди. Бу тажриба хорижий мамлакатларда ҳам бор. Масалан, АҚШ университетларида ёзги семестр деган тушунча мавжуд. Ёзги таътил пайтида талабалар университет ёки бошқа бирор жойда йиғилиб, масалан, математиканинг бирор йўналишига бағишлаб лекциялар ўтади. Бу қўшимча билим олиш, илмий иш қилиш учун асос бўлади. Пандемия бошлангунча ҳар йили Америкадан 10 нафар талаба АҚШ миллий илм-фан жамғармаси ёрдамида институтимизга келиб, семестр ўтказарди. Олимларимиз уларга фан сирларини ўргатар, улар илмий ишини шу ерда якунлаб кетарди. Хорижлик талабаларнинг келиб-кетиши, бу ерда яшаши ва ўқиш харажатлари АҚШ томонидан қопланарди. Ана шу тажриба айни пайтда юртимизда йўлга қўйилмоқда. Давлатимиз раҳбари шу мақсадда Бўстонлиқ туманида — Ўзбекистон металлургия комбинатининг “Ёшлик” оромгоҳи негизида йил давомида фаолият юритадиган республика иқтидорли ёшлар оромгоҳини ташкил этиш ташаббусини илгари сурди. Биз бу ташаббусни мамнуният билан қўллаб-қувватлаймиз. Институтимизнинг етакчи олимлари замонавий математика фанидан ёшларга сабоқ беришга тайёр. Бу ташаббус ёшларни илм-фанга қизиқтириш ва келгусида илмий изланиш қилиши учун пойдевор қўйишда катта ёрдам беради.

Президентимизнинг 2019 йил 9 июлдаги “Математика таълими ва фанларини янада ривожлантиришни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг В.И.Романовский номидаги Математика институти фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида институтимиз ҳузурида ёш математиклар ўқув маркази ташкил қилинди. Мактаб ўқувчиси ёки талабаларнинг шу ерда консультация, қўшимча дарс олишига имконият яратиш — энг асосий мақсадимиз. Ўқув маркази ўтган йили фаолият бошлади. Бир неча ойдан буён барча вилоятлардан иқтидорли болаларни республика ва халқаро фан олимпиадаларига тайёрлаш борасида иш олиб боряпмиз. Ёш математикларнинг халқаро олимпиадаларда юқори натижа кўрсатишига эришиш зиммамизга улкан масъулият юкламоқда.

Ҳозир Фанлар академияси билан Халқ таълими вазирлиги ўртасидаги бир вақтлар узилиб қолган алоқалар қайта тикланаётгани эътиборга сазовор. Ихтисослаштирилган мактабларга директор тайинлаш, болаларни республика ва халқаро олимпиадаларга тайёрлашда ҳам и нститутимиз олимлари иштирок этмоқда.

Таълим, илм-фан шундай соҳаки, унда бир-икки йилда натижага эришиш қийин, лекин шу қисқа вақтда йўқотиш осон. Дейлик, 5 ёки 10 йил таълимга эътибор қаратилмаса, у, албатта, ҳар томонлама таназзулга учрайди. Эътиборсизлик ёшларнинг фанга қизиқишини сусайтиради. Сўнгги йилларда ёшларнинг илм-фанга қизиқиши, интилиши ортаётган бўлса-да, хоразмийлар, берунийлар чиқиши учун бироз вақт талаб этилади. Бунга ҳозирдан тайёргарлик кўрмоқ лозим. Биз — олимлар, педагоглар бу ишларда камарбаста бўлмоғимиз шарт.

Сир эмас, педагоглар ичида номига дарс бериб юрганлар ҳам йўқ эмас. Математика шундай фанки, агар ўқитувчи ўз фанини яхши билмаса, тинглаётган ўқувчиларда бу фанга нисбатан қизиқиш сусаяди. Қўрқув туғилади. Савол берганида ўқитувчидан жавоб ололмаса, бола дарров бу фан тушунарсиз экан, деб ҳафсаласи пир бўлади. Аксинча, педагог ўз фанини севиб, болага қизиқарли шаклда дарс ўтса, математикани ёқтирмайдиган болаларда ҳам қизиқиш уйғонади. Шунинг учун педагогларга, олимларга жуда катта масъулият юкланади.

Юртимизнинг деярли барча ҳудудида Президент мактаблари ташкил этилаётгани Учинчи Ренессансга пойдевор қўядиган ёшларнинг камолга етишига замин яратмоқда. Ўзим ҳам Тошкентдаги Президент мактабига бир неча марта бориб, болалар билан учрашдим. Улар билан машғулотлар ўтказдим. Икки ой олдин Нукусдаги Президент мактабида бўлдим. Бу мактабларда жуда иқтидорли, билимли болалар ўқияпти. Уларни ҳозирданоқ саралаб олишимиз керак.

Бу йил Президент мактабларини тамомлаган 96 нафар ўқувчининг барчаси муддатидан аввал нуфузли хорижий олий таълим муассасаларига грант асосида ўқишга кирди. Бу жуда катта кўрсаткич. Авваллари ўғил-қизларимиз чет эл университетларига ўқишга кириш қандай бўлишини билмасди. Ҳозир улар илм-фаннинг юқори чўққиларини забт этишга, дунёнинг энг нуфузли олий ўқув юртларида билим олишга астойдил киришган. Бу чин маънода Ибн Сино, Хоразмий, Мирзо Улуғбеклар етишиб келаётганидан далолат.

Ҳафтада бир марта Ўзбекистон Миллий университетида семинар машғулоти ўтаман. Кўплаб магистрант ва докторантлар семинарларда инглиз тилида маъруза қилади. Чунки математика — халқаро фан. Илмий изланиш натижасини ўзбек тилида ҳам ёзиш мумкин, лекин у халқаро даражада ўқилмаслиги, эътироф этилмаслиги тайин. Бинобарин, математика соҳасида қўлга киритилган натижа тан олиниши учун дунё математиклари эътирофига сазовор бўлиш керак. Шунинг учун магистрант ва докторантлар, ёш олимлардан илмий мақолаларни инглиз тилида ёзишни талаб қиламан. Чунки улар эртага чет элнинг нуфузли университетлари билан ҳамкорлик қилиши керак. Бунинг учун хорижий тилни яхши билиши лозим. Бу ҳам давлатимиз раҳбарининг олдимизга қўйган вазифаларини адо этишдаги яна бир қадам.

Бу йил “Эл-юрт умиди” жамғармаси томонидан эълон қилинган танловда ғолиб бўлган ёшларнинг аксарияти математиклар — институтимиз олимлари экани қалбимизда фахр уйғотади. Уларнинг ўз соҳаси билимдони бўлиши билан бирга чет тилни билишига қаратилган эътибор натижа бермоқда. Улар чет элнинг нуфузли олий ўқув юртида таҳсил олганидан сўнг иш фаолиятини юртимизда давом эттиради.

Нима учун ёшларга бу қадар катта эътибор қаратилмоқда, деган ҳақли савол туғилади. Чунки энг яхши ғоя ва таклифлар, ностандарт, креатив фикрлар ёшларда шаклланади. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, эндиги муҳим вазифамиз — мана шундай фарзандларимиз орасидан янги авлод берунийларини, ибн сино ва улуғбекларини, хоразмий ва фарғонийларини тарбиялаб, вояга етказишдан иборат.

Шавкат АЮПОВ,

Ўзбекистон республикаси Фанлар академияси

математика институти директори,

академик