2026 йил 26 май куни Президентнинг 98-сонли “Янги авлод илмий кадрларини тайёрлаш ва уларни аттестация қилиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармон имзоланди.
Мазкур фармон ижтимоий-иқтисодий тараққиётининг устувор йўналишлари учун илғор ечимларни ярата оладиган янги авлод илмий кадрларни тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш, илмий кенгашлар фаолиятида замонавий ёндашувларни татбиқ этиш, изланувчиларни тайёрлашда устуворлик механизмларини жорий этиш, шунингдек, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси ижросига қаратилган.
“Ўзбекистон – 2030” стратегиясида назарда тутилган мамлакатимиз тараққиётининг асосий йўналишларидан келиб чиқиб, илмий кадрлар тайёрлашнинг устувор йўналишлари тасдиқланди:
рақамли ва ахборот технологиялари, жумладан, сунъий интеллект, киберхавфсизлик, маълумотлар таҳлили ва рақамли ечимларни ишлаб чиқиш;
атом ва қайта тикланувчи энергия манбалари, шу жумладан, водород технологиялари, энергия тежамкорлиги ва энергияни сақлаш тизимлари;
агроинновациялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги, уруғчилик, селекция, ген технологиялари;
тиббиёт ва биотехнологиялар, жумладан, биомедицина, генетика, фармацевтика, телемедицина ва юқумли касалликларнинг олдини олиш;
сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва иқлимга барқарорликни таъминлаш, жумладан, чўлланишнинг олдини олиш ва иқлим ўзгаришига мослашиш;
янги материаллар ва илғор ишлаб чиқариш технологиялари,
шу жумладан, нанотехнологиялар, аддитив ишлаб чиқариш, робототехника ва автоматлаштирилган тизимлар;
сейсмик хавфсизликни таъминлаш.
Фармонга мувофиқ 2026 йил 1 сентябрдан бошлаб Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан таянч докторантура ва докторантурада кадрлар тайёрлашда:
докторантурага умумий қабул квотасининг камида 60 фоизи илмий кадрлар тайёрлашнинг устувор йўналишларига оид ихтисосликларга ажратилади;
дифференциал стипендия тизими жорий этилиб, устувор илмий ихтисосликларга қабул қилинган докторантларга базавий стипендиянинг 1,7 баравари миқдорида оширилган стипендия тўланади;
устувор илмий ихтисосликларга қабул қилинган докторантларга тадқиқот ишида зарур бўладиган асбоб-ускуна ва бошқа товарларнинг хариди учун ҳар ой базавий стипендиянинг 30 фоизи миқдорида қўшимча маблағ докторант таҳсил олаётган олий таълим ёки илмий ташкилотга йўналтирилади;
таянч докторантура босқичининг биринчи ўқув йилида соҳавий махсус фанлар, илмий тадқиқот методологияси ва академик ёзиш, статистика ва маълумотлар таҳлили каби фанлар бўйича ўқув машғулотлари ташкил этилади.
Устувор илмий ихтисосликларга қабул кириш имтиҳони ўрнига илмий тадқиқот иши тақдимоти асосида амалга оширилади. Бунда тақдимотга қўйиладиган талаблар олий таълим ва илмий ташкилот томонидан мустақил белгиланади.
Илмий раҳбарга докторантнинг ихтисослигига мос фан тармоғида илмий тадқиқот тажрибасига эга бўлиш талаби жорий этилади.
Олий таълимдан кейинги таълимга қабул қилишда тегишли фан йўналишларида миллий сертификатга эга бўлган талабгорни мутахассислик фани бўйича имтиҳондан озод этиб, унга максимал балл бериш тартиби бекор қилинади.
2027 йил учун қабулдан бошлаб илмий раҳбарлик (маслаҳатчилик) учун ойлик тўлов ўрнига таянч докторантурага қабул қилинган стажёр-тадқиқотчи ва ўз вақтида ҳимоя қилган докторант учун бир марталик рағбатлантирувчи тўлов тўланади.
Бунда:
Хирш индекси бўйича кўрсаткичи 5 дан кам бўлган илмий раҳбарга меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 40 бараваригача миқдорида;
Хирш индекси бўйича кўрсаткичи 5 дан юқори бўлган илмий раҳбарга меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 80 бараваригача миқдорида тўланади.
Аввалроқ, 2027 йилдан илмий даража берувчи илмий кенгашлар фаолияти самарадорлигини баҳолаш бўйича рейтинг тизими жорий этилиши ҳақида хабар берилганди.