Хорижий сайёҳлар оқимининг ижобий динамикаси сўнгги йилларда изчил давом этмоқда. 2023-йилда мамлакатга 6,6 миллион, 2024-йилда 10 миллиондан ортиқ, 2025-йил якунларига кўра эса 11,7 миллион хорижий сайёҳ ташриф буюрган.

Туристик оқимнинг ўсиши халқаро авиақатновлар тармоғининг кенгайиши билан бирга кечмоқда. 2026-йилнинг январ–июн ойларида Ўзбекистон аэропортлари 8,15 миллион нафар йўловчига хизмат кўрсатди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 16 фоизга кўп. Ушбу даврда жами 64 831 та рейс (+8 фоиз) амалга оширилиб, шундан 47 371 таси халқаро рейслар (+12 фоиз)ни ташкил этди.

Халқаро рейслардан 6,7 миллион нафар йўловчи фойдаланган бўлиб, бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 15,4 фоизга ошган. Аэропортларда қайта ишланган юк ва почта ҳажми ҳам 33 фоизга ошиб, 51,5 минг тоннага етди.

Тўғридан-тўғри авиақатновлар географияси ҳам кенгаймоқда. 2026-йилда Тошкентга бир қатор янги халқаро йўналишлар, жумладан, “China Eastern” авиакомпаниясининг Шанхайдан,  “Asiana Airlines” авиакомпаниясининг Сеулдан ва “Shirak Avia” авиакомпаниясининг Еревандан қатновлари йўлга қўйилди. Ҳудудий аэропортларда ҳам ижобий динамика кузатилмоқда: Термизда йўловчи оқими 52 фоизга, Урганчда 24 фоизга, Нукусда эса 23 фоизга ошди.

Туризм оқимнинг ўсиши жойлаштириш воситалари инфратузилмасининг ривожланиши билан ҳам ҳамоҳанг кечмоқда. 2026-йилнинг январ–июль ойларида мамлакатда 22 296 ўринли 705 та янги жойлаштириш воситаси ташкил этилди. Натижада уларнинг умумий сони 7 440 тага, ўринлар сони эса 202,6 мингтага етди.

Туризм ривожининг иқтисодий самараси туристик хизматлардан олинаётган даромадларнинг ўсишида ҳам намоён бўлмоқда. 2026-йилнинг январ–июль ойларида туристик хизматлар экспорти ҳажми 3 895,7 миллион АҚШ долларини ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 56 фоизга ошди.

Халқаро йўналишлар тармоғининг кенгайишига сўнгги мисоллардан бири “Etihad Airways” авиакомпаниясининг Абу-Даби ва Тошкент ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйиши бўлди. Илк рейс 2026-йил 10-август куни амалга оширилди. Янги йўналиш ишга туширилиши муносабати билан Тошкентдаги меҳмонхоналардан бирида авиакомпаниянинг Ўзбекистондаги фаолияти бошланишига бағишланган қабул маросими ташкил этилди.

Халқаро авиақатновлар тармоғининг кенгайиши, жойлаштириш инфратузилмасининг ривожланиши ва инвестицияларни жалб этиш хорижий туризм оқимини янада ошириш учун қўшимча шарт-шароитлар яратмоқда. Соҳа устувор йўналишлари қаторида мамлакатнинг транспорт жиҳатдан қулайлигини ошириш, янги туристик маҳсулотларни ривожлантириш, хизматлар сифатини яхшилаш ҳамда ҳудудларда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш муҳим ўрин тутади.

Шундай қилиб, хорижий туризм оқимининг ўсиши соҳанинг асосий кўрсаткичларида ҳам ижобий динамика билан кузатилмоқда:

Хорижий сайёҳлар сони — 22,6 фоизга ўсиш;

Туристик хизматлар экспорти — 56 фоизга ўсиш;

Аэропортлар йўловчи оқими — 16 фоизга ўсиш.

Ушбу кўрсаткичларнинг умумий ижобий динамикаси туризмнинг Ўзбекистон иқтисодиётидаги ўрни тобора ортиб бораётганини ҳамда соҳани янада ривожлантириш учун катта салоҳият мавжудлигини тасдиқлайди.