Унда соҳа мутахассислари, масъул ходимлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

Анжуман давомида компаниянинг ўтган йилда амалга оширган ишлари, иқтисодий кўрсаткичлари, аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини кўмир билан таъминлаш бўйича эришилган натижалар ҳамда келгуси режалар атрофлича муҳокама қилинди.

Тадбирнинг асосий мақсади кўмир саноатида амалга оширилган ислоҳотлар, ишлаб чиқариш ҳажмлари ва аҳолини ёқилғи билан таъминлашдаги натижаларни жамоатчиликка етказиш, шунингдек, 2026 йил учун устувор вазифаларни белгилаб беришдан иборат бўлди.

Маълум қилинишича, бугунги кунда Ўзбекистонда кўмир қазиб олиш билан шуғулланувчи 20 дан ортиқ йирик ва кичик корхоналар фаолият юритмоқда. 2025 йил якунларига кўра, республика бўйича жами 9 миллион тонна кўмир қазиб олинган.

— 2025 йилда қазиб олинган кўмирнинг 7 миллион тоннадан ортиғи “Ўзбеккўмир” АЖ ҳиссасига тўғри келди. Қарийб 1 миллион 900 минг тоннаси эса бошқа тадбиркорлар томонидан қазиб олинди. Бу кўрсаткич 2024 йилга нисбатан сезиларли даражада ошганини кўрсатади, — деди “Ўзбеккўмир” АЖ бош директорининг биринчи ўринбосари Эркин Якубов.

Шу билан бирга, аҳоли ҳамда ижтимоий соҳа объектларини кўмир билан таъминлаш бўйича белгиланган барча вазифалар тўлиқ бажарилди. 2025-2026 йиллар куз-қиш мавсумида аҳоли ва бюджет ташкилотлари 100 фоиз кўмир билан таъминланди.

Шаффофликни таъминлаш мақсадида “mycoal.uz” электрон платформаси орқали сотув тизими йўлга қўйилди.

Анжуманда қайд этилишича, ишлаб чиқариш ҳажми амалдаги нархларда қарийб 1 триллион 868 миллиард сўмни ташкил этиб, белгиланган режа ортиғи билан бажарилган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорига мувофиқ, Тошкент вилояти Ангрен шаҳрида Хитой компанияси иштирокида йирик инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда.

— Мавсум давомида аҳолига жами 2 миллион 295 минг тонна кўмир етказиб берилди. Шундан 1 миллион 590 минг тоннаси аҳолига, 783 минг тоннаси эса бюджет ташкилотларига тақсимланди, — деди “Кўмир таъминот” АЖ мутахассиси Мухиддин Маматсаидов.

2025 йилда компания ходимларини ижтимоий қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилди. Ўртача иш ҳақи 15,9 фоизга оширилиб, 7,3 миллион сўмга етказилди. Йил якунида эса ходимларга қўшимча мукофот пуллари тўланди.

Энергия ва ёқилғи ресурсларидан оқилона фойдаланиш натижасида жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида 8 миллиард сўмдан ортиқ маблағни тежаш, юзлаб тонна дизель ёқилғисини иқтисод қилиш ҳамда 3 миллион киловатт-соатдан зиёд электр энергиясини сақлаб қолиш режалаштирилган.

Шунингдек, Кўмир қазиб олиш жараёнида чанг ва зарарли газларни камайтириш мақсадида сув сепувчи махсус техникалар харид қилинди. Бундан ташқари анжуманда, Ангрен ҳудуди атрофида 20 минг туп терак дарахти экиб чиқилди. Жорий йилда яна 5 минг туп кўчат экиш режалаштирилгани ҳам айтиб ўтилди.

Матбуот анжуманида қайд этилганидек, 2025 йилда кўмир саноатида амалга оширилган кенг кўламли ишлар мамлакатнинг энергия хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этди.

Аҳоли ва бюджет ташкилотларини кўмир билан тўлиқ таъминлаш, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, рақамли платформаларни жорий этиш ҳамда экологик чора-тадбирларни кучайтириш соҳада тизимли ислоҳотлар олиб борилаётганини кўрсатмоқда.

Келгуси йилларда амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари ва модернизация жараёнлари кўмир саноатининг рақобатбардошлигини янада ошириб, мамлакат иқтисодиёти ва аҳолининг энергия таъминотини мустаҳкамлашга хизмат қилиши кутилмоқда.

Мадина Ботиржонова