Дунёда энергетикага муносабат кескин ўзгармоқда. Асосий эътибор энди электр ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш билан чекланмайди. Мавжуд қувватлардан оқилона фойдаланиш, ҳар бир киловатт-соатнинг ҳисобини юритиш, йўқотишларни қисқартириш ва энергияни истеъмолчига узлуксиз етказиб бериш стратегик вазифага айланди. Чунки ҳар бир йўқотилган киловатт-соат иқтисодиётнинг бой берилган имконияти, ишлаб чиқарилмай қолган маҳсулот, аҳоли учун яратилмаган қулайликдир.

Энергияга эҳтиёж кескин ортиб, унинг аҳамияти тобора ошиб бораётган бугунги мураккаб даврда энергетика тизими барқарорлиги ҳар бир давлат учун муҳим масалага айланмоқда. Чунки замонавий иқтисодиётнинг бирор тармоғи энергия таъминотисиз тўлиқ ривожлана олмайди.

27 июль куни давлатимиз раҳбари раислигида ёқилғи-энергетика тармоғидаги келгусидаги устувор вазифалар юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилиши ҳам бу борада алоҳида аҳамият касб этди.

Сўнгги ўн йилда Ўзбекистон энергетика соҳасида катта ўзгаришлар даврини бошидан кечирди. Соҳага хусусий сектор ва хорижий инвесторларни жалб қилиш учун зарур ҳуқуқий ҳамда ташкилий асослар яратилди. Оқибатда энергетика тармоғига 23 миллиард доллар хорижий инвестиция кириб келди, ҳудудларда умумий қуввати 9,5 гигаватт бўлган янги электр станциялари ишга туширилди.

Бироқ энергетикадаги ўзгаришлар фақат янги станциялар ва жалб қилинган инвес­тициялар билан ўлчанмайди. Асосий мезон — имкониятларнинг одамлар ҳаёти ва иқтисодиётда қандай самара бериши. Шу боис, кейинги босқичда эътибор мавжуд тармоқларни мустаҳкамлаш, ишончлилигини оширишга қаратилди. Электр ва газ тармоқлари, подстанциялар, трансформаторлар ҳамда газ тақсимлаш қурилмаларини янгилаш учун йўналтирилган 30 триллион сўм ана шу мақсадга хизмат қилди. Чунки замонавий энергетика нафақат қувват яратишни, балки уни истеъмолчига сифатли ва узлуксиз етказиб беришни ҳам талаб қилади.

Катта тизимларнинг ҳолати баъзан энг оддий жараёнларда намоён бўлади. Яратилган қувватлар, янгиланган тармоқлар ва йирик сармояларнинг самараси бир саволнинг жавоби билан баҳоланади: ўзгаришлар одамлар ҳаётида қай даражада сезилмоқда?

Чунки энергетикадаги ҳар бир узилиш ортида муайян оқибат бор. Электр таъминотидаги муаммо хонадондаги кундалик эҳтиёжларга, тадбиркорлик фаолиятига ва ишлаб чиқариш суръатларига таъсир қилади. Шунинг учун тизимдаги ҳар бир қарорнинг асосий баҳоси унинг инсон ҳаётидаги самарасидир.

Бугун соҳа олдида турган вазифа янги қувватларни кўпайтириш билан бирга мавжуд имкониятларни тўғри бошқаришдан иборат. Аниқ ҳисоб, кучли назорат ва шахсий масъулият энергетика тизимининг энг муҳим таянчларига айланмоқда.

Жорий йилнинг июнь-июль ойларида электр тармоқларида қарийб 4 мингта авария содир бўлгани, айрим ҳудудларда аҳоли ва тадбиркорлар 8-10 соатгача электрсиз қолгани тизимда олдиндан режалаштириш ва профилактика ишларини кучайтириш зарурлигини кўрсатди. Тармоқдаги 17,2 фоизли

электр энергияси йўқотиш­лари ҳам соҳадаги катта захиралардан бири ҳали тўлиқ ишга солинмаганини англатади. Олти ойда йўқотилган 4,8 миллиард киловатт-­соат электр энергияси оддий рақам эмас. Бу тежаш, самарадорликни ошириш ва бош­қарув сифатини яхшилаш орқали қайтариш мумкин бўлган катта имконият.

Рақамлаштириш жараёнида ҳам асосий мақсад аниқликка эришишдир. ASKUE ва ASKUG тизимларида маълумотлар тўлиқ акс этгандагина истеъмолни назорат қилиш, йўқотишларни камайтириш ва тизимни самарали бошқариш имконияти ортади.

Шу боис, энди энергетика тизимига ҳудудлар кесимида ёндашув жорий этилмоқда. Туманбай ва маҳаллабай ишлаш тамойили орқали ҳар бир ҳудуднинг электр ва газга бўлган эҳтиёжи аниқ ҳисобланади, қайси маҳаллада қайси тармоқ, трансформатор ёки газ қурилмаси янгиланиши зарурлиги олдиндан белгилаб олинади. Ёндашув­нинг аҳамияти шуки, энди муаммога унинг оқибати юзага келгандан кейин эмас, олдиндан ечим излаш имконияти пайдо бўлади. Аварияларни камайтириш, йўқотишларни қисқартириш ва ҳисоб-китобни аниқ йўлга қўйиш учун ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос режаси шакллантирилади.

Бу борада тажрибани, аввало, алоҳида ҳудудда синаб, кейин кенг татбиқ этиш кўзда тутилган. Янги тизим учун танланган Янгийўл туманидаги 51 та маҳаллада аҳоли, тадбиркорлар ва ижтимоий объектларнинг электр ҳамда газга эҳтиёжи чуқур ўрганилади.

Аслида, гап фақат эски тармоқларни таъмирлаш ёки янги қурилмалар ўрнатиш ҳақида эмас. Асосий вазифа ҳудудларнинг эртанги эҳтиёжини олдиндан кўра билиш, аҳоли ва бизнес учун узлуксиз ҳамда сифатли энергия таъминотини йўлга қўйишдир. Янгийўл туманида синовдан ўтаётган мазкур тажриба келгусида республика миқёсида янгича ишлаш тамойилига айланади.

Энергетикада келажак учун энг муҳим ўзгаришлардан бири қарорларни аниқ маълумотларга таяниб қабул қилишдир. Чунки замонавий тизимни фақат кўпроқ ресурс билан эмас, тўғри таҳлил ва тезкор бошқарув билан ҳам самарали ишлатиш мумкин.

Шу маънода, соҳада рақамлаштириш ва сунъий интеллект технологияларини кенг жорий этиш янги босқични бошлаб беради. Энди электр ва газ таъминотидаги жараёнлар — энергия ишлаб чиқаришдан тортиб, уни истеъмолчига етказиб беришгача бўлган барча босқичлар ягона таҳлил асосида ­бошқарилади.

Янги ташкил этиладиган Рақамлаштириш ва сунъий интеллект маркази ана шу вазифани бажаради. У тармоқдаги маълумотларни таҳлил қилиб, қаерда қувват етишмаётгани, қаерда йўқотишлар кўплиги ёки қайси йўналишда қўшимча чоралар зарурлигини олдиндан кўриш имконини беради.

Бугун катта тизимларни самарали бош­қариш учун кўриш мумкин бўлмаган жараёнларни ҳам аниқ кўра билиш керак. Шу жиҳатдан ASKUE ва ASKUG маълумотларини сунъий интеллект асосида таҳлил қилиш орқали шубҳали истеъмол, ортиқча йўқотишлар ва қарздорлик ҳолатларини тез аниқлаш имконияти пайдо бўлади.

Яна бир муҳим жиҳат, энергетикада натижага асосланган бошқарув тизими шакллантирилади. Энди раҳбар ва ходимлар фаолияти авариялар сони, энергия йўқотишлари, қарздорлик даражаси ва таъмирлаш ишлари бажарилиши каби аниқ кўрсаткичлар орқали баҳоланади. Оқибатда шахсий масъулият кучаяди.

Куз-қиш мавсуми олдидан белгиланган вазифалар ҳам шу ёндашув асосида амалга оширилади. Бугун табиий газ етказиб беришда қийинчиликлар мавжуд бўлган 1916 та маҳалла бор. Энди бу ҳудудлардаги эҳтиёж алоҳида ўрганилиб, хонадонларни иситиш тизими, электр инфратузилмаси ва қўшимча энергия манбалари бўйича аниқ режалар ишлаб чиқилади.

Чунки энергетикада барқарорлик тасодифий қарорлар билан таъминланмайди. Бунинг учун олдиндан аниқ ҳисоб-китоб, пухта режа ва масъулиятли бошқарув талаб этилади.

Энг муҳим масала мавжуд ресурсни истеъмолчига ўз вақтида ва самарали етказиб беришдир. Суюлтирилган газ таъминотидаги бугунги вазифалар ҳам ана шу талабдан келиб чиқади. Ҳозир 3 миллион 700 минг хонадон ушбу турдаги ёқилғидан фойдаланмоқда. Тизим рақамлаштирилиб, тартибга солинган бўлса-да, газни кафолатли ва ўз вақтида етказиб бериш масаласи ҳали ҳам долзарблигича қолмоқда.

Бунда хусусий сектор имкониятларидан кенгроқ фойдаланиш муҳим. Энди тадбиркорларга ўзи импорт қилган ёки биржадан сотиб олган суюлтирилган газни аҳоли ва бизнес субъектларига етказиб бериш имконияти яратилади. Дастлабки тажриба сифатида Андижон вилоятида йўлга қўйиладиган ушбу тизим йил якунига қадар шакллантирилиб, кейинчалик бошқа ҳудудларга ҳам татбиқ этилади.

Соҳадаги янгиланишлар замирида оддий, аммо муҳим мақсад мужассам: истеъмолчини энергия билан таъминлаш жараёнини янада ишончли ва қулай қилиш, хизмат кўрсатиш сифатини ошириш. Чунки энергетикада натижа фақат ишлаб чиқарилган ресурс ҳажми билан эмас, унинг аҳоли ва тадбиркорларга қай даражада ўз вақтида, барқарор ва самарали етказиб берилиши билан ҳам белгиланади. Шу йўлда суюлтирилган газ ишлаб чиқариш ҳажмини 520 минг тоннадан 606 минг тоннага етказиш, газ баллонлари ҳажмини хонадонларнинг ҳақиқий эҳтиёжидан келиб чиқиб белгилаш, ташиш ва сақлаш тизимини халқаро талаб­лар асосида такомиллаштириш вазифалари белгиланмоқда. Натижада суюлтирилган газ таъминотида тасодифий ёндашувлар ўрнига аниқ ҳисоб-китобга асосланган, истеъмолчи манфаатини биринчи ўринга қўядиган тизим шаклланади.

Энергетикадаги ислоҳотларнинг яна бир муҳим йўналиши — инсон капитали. Чунки энг замонавий технология ҳам уни бошқара оладиган билимли мутахассисларсиз кутилган натижани бермайди. Бугун 25 та техника олий таълим муассасасида йилига 5,5 минг энергетика мутахассиси тайёрланмоқда. Аммо меҳнат бозори талаби билан таълим жараёни ўртасидаги узилиш сабаб айрим битирувчиларнинг касби бўйича тўлиқ шаклланишига 2-3 йил вақт кетмоқда.

Шунинг учун энергетика таълимида янги ёндашув шаклланяпти. Бугунги соҳага фақат назарий билимга эга эмас, балки замонавий технологияларни тушунадиган, амалиётда қарор қабул қила оладиган мутахассислар зарур. Шу мақсадда ўқув дастурлари янгиланиб, лаборатория ва полигонлар замонавий талабларга мослаштирилади. Янги ўқув йилидан 3-курс талабаларининг ярми, 4-курс талабаларининг барчаси дуал таълим тизимига жалб этилади.

Чунки энергетиканинг келажаги фақат янги станциялар ва тармоқлар билан белгиланмайди. Уларни бошқарадиган, рақамли технологиялардан фойдалана оладиган ва соҳанинг янги талабларига жавоб берадиган кадрлар ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Бугун тайёрланаётган мутахассислар эртанги энергетик барқарорлик ва мустақилликнинг асосий таянчига айланади.

Энергетикадаги ҳар бир ўзгариш ортида инсон ҳаёти, мамлакат иқтисодиёти ва келажак тараққиётига дахлдор улкан мақсад мужассам. Чунки энергия оддий ресурс тушунчасидан анча кенг маънони англатади. У хонадонлардаги осойишталик, ишлаб чиқаришдаги ҳаракат, тадбиркорликдаги ишонч ва жамият тараққиётини таъминлайдиган ҳаётий кучдир.

Бугун соҳадаги ислоҳотларнинг мазмуни шу ҳақиқатга бориб тақалади: яратилган қувватлар, йўналтирилаётган сармоялар ва жорий этилаётган замонавий технологиялар инсон манфаатига хизмат қилиши керак. Чунки энергетикадаги ҳар бир қарор, аввало, хонадонлардаги ёруғликда, корхоналарнинг барқарор ишида, янги имкониятлар юзага келишида яққолроқ намоён бўлади.

Тизимни рақамлаштириш, энергия йўқотишларини камайтириш, ҳудудларда аниқ ҳисоб-китоб асосида ишлаш ва замонавий билимга эга мутахассисларни тайёрлаш ягона мақсадга хизмат қилади. У ҳам бўлса, ҳар бир инсон ўз ҳаётида сезадиган ишончли, барқарор ва самарали энергетика тизимини шакллантиришдир.

Сардор ТОЛЛИБОЕВ,

“Янги Ўзбекистон” мухбири