Анжуман Фискал таҳлиллар институти ташаббуси билан Бухоро давлат техника университети, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ҳамда Бухоро вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилди.

Конференцияда 40 дан ортиқ илмий-тадқиқот муассасалари ва марказлари вакиллари иштирок этди. Унда Бухоро вилоятидаги долзарб муаммоларга илмий ечимлар, инновацион технологиялар ва амалий ишланмалар тақдим этилди.

Жумладан, экологик муҳитни яхшилаш, ерларнинг чўллашувининг олдини олиш, сув танқислигини юмшатиш ҳамда илмий ишланмаларни амалиётга жорий этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Конференцияда илм-фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини кучайтириш, илмий салоҳиятни юксалтириш ҳамда Бухоронинг барқарор ривожланишига хизмат қиладиган инновацион ечимларни шакллантириш масалалари муҳокама қилинди.

Тадбир бу борада илмий муассасалар, таълим ташкилотлари ва ишлаб чиқариш тармоқлари ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш учун муҳим платформа бўлди.