Бугун, 4 сентябрь куни Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида ёғингарчиликсиз об-ҳаво кузатилади. Фақат Фарғона водийси вилоятлари ва республика тоғли ҳудудларининг айрим жойларида қисқа муддатли ёмғир ёғиб, момақалдироқ бўлиши мумкин.

Тошкент, Самарқанд, Жиззах ва Сирдарё вилоятларида эрталаб айрим жойларда қисқа муддатли ёмғир кузатилиши эҳтимоли бор.

Дам олиш кунлари республика бўйича ҳаво бироз булутли бўлади, шимолий ва тоғли ҳудудларда эса ўзгарувчан тус олади. Кўпчилик ҳудудларда ёғингарчилик кутилмайди. Фақат Фарғона водийси вилоятларининг тоғли ҳудудларида қисқа муддатли ёмғир ёғиши мумкин.

Бугун ва эртага ҳаво ҳарорати деярли ўзгармайди. Кундузи республика ҳудудининг катта қисмида ҳаво 28–33 даража, жанубда 35 даражагача, Фарғона водийсида эса 23–28 даража атрофида бўлади. Кечалари ва эрталабки соатларда ҳаво ҳарорати 13–18 даражагача пасаяди.

6 сентябрь, якшанба куни ҳаво ҳарорати яна 2–3 даражага кўтарилиши кутилмоқда.

4–5 сентябрь кунлари шимолий, жанубий ва чўл ҳудудларида айрим жойларда шамол тезлиги 13–18 м/с гача кучайиши, баъзи ҳудудларда чанг-тўзон кузатилиши мумкин.

Тошкент шаҳрида бугун ёғингарчилик кутилмайди. Ҳаво ҳарорати кундузи 30 даража атрофида бўлади.

Шанба куни ҳарорат 30–32 даража, якшанба куни эса 32–34 даражагача кўтарилиши кутилмоқда. Шамол шарқдан 5–10 м/с тезликда эсади, кечалари ҳаво ҳарорати 16–18 даража атрофида бўлади.