Америка Қўшма Штатларига бундан ўн олти йил олдин қилган сафарим чоғида бир хорижлик суҳбатдошим қайси юртдан келганимни сўраган эди. “Ўзбекистонданман”, дедим. Унинг юзидаги ифода бу ном қулоғига илк бор чалинаётганидан дарак бериб турарди. Зора, асрлар довонидан ошиб, довруғи олис элларга ҳам етиб борган Самарқанду Бухоро, Тошкент унга таниш бўлса деган илинжда шаҳарларимиз номини тилга олдим.
Суҳбатдошим телефонида дунё харитасини очиб, мамлакатимизни кўрсатишимни сўради. Мен харитани катталаштира-катталаштира Ўзбекистонни топдим. У бош ирғаб қўйди-да, гапни бошқа мавзуга бурди. Мен эса суҳбат давомида оғир бир ўйдан анча вақтгача халос бўлолмадим: мен учун бутун бир олам бўлган юрт ўзга одамнинг тасаввурида ҳатто ном даражасида ҳам мавжуд эмас эди...
Ахир, биз неча минг йиллик тамаддун хотирасини муҳташам обидаларида асраб келаётган фусункор шаҳарлари, илдизлари тарихнинг теран қатламларига бориб тақаладиган давлатчилик анъаналари бор халқмиз. Океан ортида ҳам Хоразмий тафаккуридан ибтидо олган илмлар тараққиётнинг янги уфқларини очмоқда, Беруний ва Ибн Синонинг ақлий мероси башарият заковатини қайта ва қайта қувватлантириб келмоқда. Аждодларимиз тафаккури аллақачон сарҳадлар оша бутун инсониятнинг маърифий мулкига айланган бир пайтда улар мансуб бўлган юртни харитадан излаб кўрсатишга тўғри келгани ачинарли ҳолат эди.
Кейинчалик касб тақозоси билан хориж матбуотини кузатганимда бир масалага кўп эътибор қаратадиган бўлдим. Дунёнинг биз ҳақимиздаги билими ўзи қай даражада? Ўзбекнинг табиати, турмуш тутумлари, илму заковати, давлатчилик тафаккури ўзга халқларга қанчалик таниш? Уларнинг Ўзбекистон ҳақидаги билимлари асосини қандай манбалар ташкил этади?
Бу саволлар замирида жуда катта ҳаётий зарурат бор эди. Негаки, дунё халқлари ўзаро муносабатларида бир-бирини билиш ва англаш ҳодисасининг ўрни катта. Бугун бир мамлакат билан иқтисодий алоқа ўрнатиш истагидаги киши, аввало, ўша юртнинг кечмиши, одамларининг феъл-атвори, меҳнат маданияти, эртанги кунга ишончи билан қизиқади. Бошқа бировни эса ўша элнинг маърифати, санъати ўзига тортади. Шу тариқа халқлар ўртасида яқинлик пайдо бўлади, ўзаро ишончнинг ижтимоий замини ҳозирланади.
Яқинда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси делегацияси таркибида АҚШда бўлиб қайтдик. Олти кунлик сафаримиз давомида кўнглимни яйратган, ўн олти йил олдинги ўша қайғули хотирамга тамомила бошқача мазмун бағишлаган ҳолатларга кўп бора дуч келдим. Бу гал Ўзбекистон номини айтишимиз билан суҳбатдошларимиздан бирининг ёдида юртимизга қилган сафари жонланса, бошқа бири кўнглида пишитиб юрган ҳамкорлик режаларини ўртага ташлади. Мамлакатимиз ҳаётида кечаётган эврилишлар хусусида теран мушоҳада юритаётган, Ўзбекистоннинг эртанги кунига катта қизиқиш билан боқаётган кишиларни учратдик. Ҳатто ўзимиз анчадан буён рўёбга чиқариш умидида юрган айрим ғояларимизга ҳам шу олис заминда ҳамфикрлар топдик. Бу гал Ўзбекистоннинг жуғрофий ўрнини тушунтиришга ҳожат қолмади. Суҳбатларимиз, асосан, юртимизнинг бугуни ва истиқболи, муштарак муддаоларимиз хусусида кечди.
Тарихда шундай даврлар бўладики, бир халқнинг ҳаётида кечаётган янгиланишлар бошқа халқларнинг ҳам шу юрт ҳақидаги қарашларини ўзгартира бошлайди. Ўзаро муносабатларда аввал бўлмаган манфаатлар пайдо бўлади. Бу жараённинг энг қимматли ҳосиласи — халқлар ўртасида фикр алмашинуви жонланади. Кейинги йилларда Ўзбекистон ҳаётида кечаётган ана шу ҳодисанинг моҳияти хусусида ҳали кўп фикр юритишимиз керак бўлади. Боиси, давлатимиз раҳбари юритаётган ташқи сиёсатнинг кўлами кенгайгани сари халқимизнинг дунё билан бевосита мулоқот қилиш майдони ҳам кенгайиб бормоқда. Бир пайтлар давлатлараро муносабатлар доирасида муҳокама қилинган кўп масалалар бугун олимлар, ишбилармонлар, ижодкорлар, ёшлар ўртасидаги ҳамсуҳбатлик мавзусига айланди.
Масалан, ўтган йили ноябрь ойида Президентимизнинг Вашингтонга ташрифи чоғида Ўзбекистон — Америка муносабатларини ривожлантиришнинг янги истиқболлари белгилаб олинди. Ўша ташрифнинг иқтисодий ва сиёсий аҳамияти ҳақида кўп гапирилди. Биз эса бу гал унинг бошқа бир жиҳатига — икки мамлакат жамоатчилиги ўртасидаги алоқалар ривожига, хусусан, ижод аҳлининг ҳамфикрликда ишлаши учун юзага келган имкониятларга эътибор қаратамиз.
Келинг, шу маънода, Америка сафари чоғида кўрган-кечирганларимиз, бизни қувонтирган ва ўйлантирган айрим воқеликлар хусусида фикрлашсак.
Сафар кишининг қиёслаш қобилиятини ўстиради
Сафарнинг инсонга завқ бағишлайдиган бир жиҳати бор: одатий ҳаётимизда кўп ҳам эътибор қилавермайдиган ҳодисаларнинг моҳиятини ўзга юртларда юрганимизда теранроқ англай бошлаймиз. Баъзан ўзимизда бор неъматлар қадрини ҳам ўзга манзилларда ҳис этамиз. Сафар кишининг қиёслаш қобилиятини ўстиради, тафаккурига эркинлик беради.
Шундай қилиб, ўн икки ярим соат ҳавода бўлдик. Арктика томондан, Канада ҳудуди оша АҚШга етиб бордик. Нью-Йорк аэропортида бизни ватандошимиз, кўпчиликка яхши таниш спорт журналисти Отабек Эшмаматов кутиб олди.
Нью-Йорк ҳақида жуда кўп ёзилган. Унинг салобатли бинолари, шиддатли ҳаёти, дунёнинг турли ўлкаларидан келган кишиларни бағрига олган кўчалари ҳақида анча-мунча тасаввуримиз бор. Меҳмонхонамиз машҳур Таймс-скверга яқин жойда экан. Оқшом чоғи шу майдонни айландик. Ранг-баранг ёғдулар, улкан экранлар, одамлар оқими... Қизиғи, шу майдондан бир оз нарига ўтсангиз, Нью-Йоркнинг бошқача қиёфаси намоён бўларкан. Осмонўпар иморатлар оралиғида ёруғлик анча сийрак, кўчаларнинг туси ҳам ўзгача. Биз шу пайтгача Нью-Йорк ҳақида кўрган лавҳаларимизда, асосан, унинг чароғон манзараларига гувоҳ бўлганмиз.
Бунинг нозик журналистик моҳияти ҳам бор. Зеро, бир шаҳар, бир мамлакат ҳақида дунё аҳлида шаклланган тасаввур кўп жиҳатдан унинг қайси манзаралари мунтазам кўрсатиб келинганига ҳам боғлиқ экан. Нью-Йоркнинг биргина майдони бутун бошли шаҳарнинг тимсоли даражасига кўтарилган.
Самарқанднинг Регистонини, Бухоронинг минораларини, Хиванинг муҳташам қалъаларини дунёга кўп кўрсатамиз. Бунга тўла асосимиз бор. Энди замонавий Ўзбекистоннинг дунё кишилари хотирасида муҳрланиши мумкин бўлган манзаралари, бугунги ўзбек ақлий қувватининг тимсоллари ҳақида ҳам жиддий бош қотиришимиз керак деб ўйлайман. Маърифат даргоҳларимиз, замонавий саноат корхоналаримиз, илм-фан кишиларимизнинг кашфиётлари, истеъдодли ёшларимизнинг ҳаёт тарзи ҳам жаҳон аҳли учун Ўзбекистонни англаш манбаига айлансин.
Шу тариқа, олис юртларда кезиб юрганимизда ҳам хаёлимизнинг кўп қисми Ўзбекистон билан банд бўлди. Назаримда, ўзга мамлакатларни ўрганишга бўлган қизиқиш Ватан тақдирига дахлдорлик туйғуси билан уйғунлашганида жуда катта ижтимоий маъно касб этади. Вашингтонда илм аҳли билан кечган мулоқотларимиз чоғида бу фикримиз янада мустаҳкамланди.
Замоннинг ақлий чорловларига муносиб жавоб бериш зарурати
Вашингтонда Марказий Осиё ва Кавказ институти раиси, америкалик таниқли олим Фредерик Старр билан мулоқотда бўлдик. Фредерик Старр исми маърифат аҳлига яхши таниш. Унинг 2013 йили нашр этилган “Йўқотилган маърифат: Марказий Осиёнинг араб истилосидан Амир Темургача бўлган олтин даври” асари Шарқ тамаддунига доир тасаввурларни бойитган китоблардан биридир. Олим кейинчалик Беруний ва Ибн Сино даҳосига бағишланган яна бир салмоқли асар яратди.
Бу икки китобнинг дунё маърифат майдонида пайдо бўлишида ҳикмат бор. Ўзингиз ўйлаб кўринг, олис Америкада туғилиб ўсган бир олим нега умрининг салмоқли қисмини бизнинг заминимизда кечган ақлий юксалиш ҳодисаларини ўрганишга бағишлади? Нега орадан минг йил ўтиб, Беруний ва Ибн Синонинг фикрлаш тарзига эҳтиёж сезиляпти?
Гап шундаки, илм тарихида кашфиётларнинг ўзи билан бир қаторда, уларнинг юзага келиш шарт-шароитлари, олимларнинг тафаккур тутумларини ўрганиш ҳам катта маърифий қимматга эга. Бундан минг йил муқаддам одамзод табиат сирлари, коинот, инсон вужуди хусусида қандай саволларни ўртага қўйгани, уларга жавоб топиш учун қандай ақлий машаққатларни зиммасига олгани бугунги авлод учун ҳам қизиқарлидир.
Фредерик Старр билан мулоқотимиз чоғида гап ўзани Марказий Осиёнинг бугунги ҳаёти томон бурилди. Олим давлатимиз раҳбарининг минтақада хавфсизликни таъминлаш борасидаги ташаббусларини, мамлакатимиз ахборот соҳасида кечаётган ўзгаришларни юқори баҳолади. Ўзбекистон ҳаётини халқаро матбуотда ёритадиган журналистлар, сиёсий шарҳловчилар тайёрлаш бўйича ҳамкорлик қилиш хусусида фикрлашдик.
Менимча, бу ўринда ўзбек журналистикасининг истиқболи билан алоқадор муҳим бир масала ҳам бор. Ўзбек журналисти бугун Марказий Осиёда кечаётган жараёнлар хусусида жаҳоннинг нуфузли таҳлилчилари билан баравар фикр юрита оладиган, ўз қарашларини илмий-сиёсий далиллар билан асослай биладиган тафаккур кишиси даражасига кўтарилиши зарур. Чунки минтақамиздаги ҳаёт, унинг кечмиши, одамларининг орзу-интилишларини бизчалик ичдан билиш имкониятига ҳамма ҳам эга бўлавермайди. Бу — бизга берилган катта маърифий устунлик. Энди шу устунликни замонавий билим, хорижий тиллар, халқаро минбарларда сўзлай олиш маҳорати билан қувватлантиришимиз керак.
Ўтган йиллар мобайнида Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги муносабатларда жуда катта эврилишлар содир бўлди. Олис йиллар давомида тўпланиб қолган мураккаб масалаларни баҳамжиҳат ҳал этиш, умумий манфаатларни англаш таомилга кирди.
Хўш, дунё кишиси Марказий Осиёда юз бераётган ана шу тарихий ҳодисаларни кимнинг нигоҳи орқали кўряпти? Минтақамиз ҳақида халқаро майдонда шаклланаётган сиёсий ва ижтимоий қарашларда шу заминнинг ўзида яшаб, ижод қилаётган журналистлар фикри қай даражада салмоқли?
Бу саволларга жавоб изламоқ фурсати аллақачон келган деб ўйлайман.
Сафар давомида Американинг Ҳадсон институти, Халқаро журналистлар маркази, Жорж Вашингтон университети каби нуфузли маърифат ва таҳлил даргоҳлари билан ҳам ҳамкорлик хусусида сўзлашдик. Ўзбекистонлик журналистларнинг Америка таҳририятларида тажриба орттириши, сунъий интеллект замонида ахборот билан ишлаш маҳоратини оширишига доир яхши таклифлар ўртага ташланди.
Кейинги йилларда одамнинг ахборот олиш қобилияти билан ахборотни ҳазм қилиш қобилияти ўртасида катта тафовут пайдо бўлди. Одамзод бир кунда юзлаб хабарлар билан танишиш имкониятига эга. Кўп хабарлар киши хотирасида бир кун ҳам яшамаяпти. Ҳодисаларнинг бири иккинчисини сиқиб чиқаряпти. Шундай шароитда журналистиканинг одамзодни фикрлашга ундаш, ижтимоий воқеликнинг маъно-мазмунини англатишдек азалий вазифаси янада қадрли бўлиб боради. Журналистикага сунъий интеллект кириб келгани сари ижод аҳлининг ақлий меҳнатига қўйиладиган талаблар ҳам ўзгарди. Бироқ воқеликни теран идрок этган, ўз халқининг тарихий тафаккури, ҳаётий фалсафасидан бохабар, дунёнинг бугунги муддаоларини яхши англайдиган журналист ҳар қандай технологик муҳитда ҳам ўз сўзига эга бўла олади.
Шу маънода, журналистларимизнинг хорижда тажриба орттиришидан кўзланган мақсадлар ҳам кенг қамровли бўлиши керак. Илмий даргоҳлардаги баҳс-мунозаралар, таҳлил марказларининг фикрлаш муҳити, нуфузли нашрларнинг мақола яратиш маданияти билан танишиш ижод кишисининг дунёқарашига кўп нарса қўшади. Ўзбек журналистикасига ана шундай кенг билим доирасига эга қалам соҳиблари жуда-жуда керак.
Сафаримизнинг кўнгилга яқин воқеаларидан яна бири Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчихонасида кечди. Бу ерда “Diplomatic Watch” журнали бош муҳаррири Виктор Готевбега “Олтин қалам” миллий мукофотини топширдик. Маросимда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси Шуҳрат Орипов билан биргаликда касбий ҳамкорлик кўламини кенгайтиришнинг аҳамияти хусусида сўз юритдик. Ўзбекистон ҳақида кўплаб таҳлилий мақолалар ёзган америкалик журналистлар Виктор Готевбе ва Жеймс Дурсо Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг фахрий аъзолари бўлди.
Бундай эътибордан руҳланган Виктор Готевбе бугунги Ўзбекистон, мамлакатимизда бўлаётган катта ўзгаришлар ҳақида кўп илиқ гаплар айтди. “Бугун Америкада “Олтин қалам”ни қўлимда тутиб турганимдан мамнунман. Бу мукофот менга жуда қадрли, чунки у мамлакатингизда бўлаётган тарихий ўзгаришларни фаол ёритишим учун хизмат қилади. Ўзбекистон билан боғлиқ таассуротларим мени доим илҳомлантириб туради, ўйлаб юрган режаларим кўп. Юртингизга бориб, сизлар каби ҳамкасбларимиз билан мулоқотлар қилиш, Ўзбекистондаги янги-янги ўзгаришлар, одамлар ҳаёти ва янгича дунёқарашлар ҳақида мақолалар тайёрлаш истагидаман”, деди америкалик ҳамкасбимиз.
Улар билан кечган мулоқотлардан сўнг миллатнинг дунё аҳли орасида орттирган маърифий дўстлари ҳам унинг катта бойлиги экани хусусида ўйладим. Бундай дўстликнинг умри узоқ бўлади. Боиси, унинг замирида инсоннинг ўзга бир халқни билишга сарфлаган ақлий меҳнати, шу халқ ҳаётидан ҳосил қилган билими, унга нисбатан пайдо бўлган самимий муносабати ётади.
Миллий мансубликнинг маърифий қудрати
Нью-Йоркнинг Бруклин даҳасида кўплаб ватандошларимиз истиқомат қилади. Бу ерда ўзбекнинг турмуш тарзи, феълу табиатини сақлаб, Америка ҳаётига уйғунлашиб кетган кишиларни учратасиз. Уларнинг ҳаёт йўллари, касб-кори, ўзга муҳитда орттирган тажрибалари ҳақида эшитиш мароқли.
Бруклинда таниқли ижодкор Отабек Маҳкамов бизни меҳмон қилди. Кейин яқинда кўчиб ўтган янги хонадонига бордик. Унинг илк меҳмонларидан бўлиш насиб этганидан хурсанд бўлдик.
Отабекнинг кўрсатувларини илгаридан кузатиб юрардим. Очиғи, унинг билим доираси бу қадар кенглигини, хаёлида шунчалар кўп ижодий муддаолари борлигини бу галги суҳбатимизда кашф этдим. Ҳатто Отабекка ҳазил аралаш “Сиз ҳаракатланадиган энциклопедияга ўхшар экансиз”, дедим. Чунки у қайси мавзу хусусида сўз очмасин, ўша мавзунинг тарихига, ўзига хос жиҳатларигача билади. Америкадаги турли эътиқод ва турмуш тарзи эгалари билан учрашгани, уларнинг ҳаётига бағишлаб тайёрлаган кўрсатувлари ҳақида гапириб берди. Яқинда Аляскага бориб келган экан. У ердаги ижодий изланишларининг айрим лавҳаларини кўрдик. Отабекнинг ана шу ғайратига қойил қолдим. Ижодий меҳнатда кишини ҳаловатидан кечишга, яна ва яна янги манзиллар сари отланишга ундайдиган куч бор. Бундай одамлар учун билиб олинган ҳар бир янги нарса навбатдаги изланишларнинг бошланиш нуқтаси бўлиб хизмат қилади. Ижоднинг завқи ҳам шунда асли.
Айтганча, Вашингтондаги элчихонамизда ёш дипломат Ҳумоюн Аҳмадов билан ҳам танишдик. Унинг билимдонлиги, муомала маданияти, тадбирларни ташкил этишдаги маҳорати бизга жуда маъқул келди. Ўзга юртда мамлакатимиз номидан иш юритаётган шундай йигитларни кўрганингда, ёш авлодимизга нисбатан ишончинг янада ортади.
Дипломатияда инсоннинг шахсий фазилатларига жуда катта эҳтиёж бор. Ўзга халқ кишиси билан тил топиша билиш, суҳбатдошининг табиати ва тафаккур тарзини англаш, ўз фикрини унинг идрокига монанд тарзда ифодалай олишнинг ўзи катта илм. Бу касб эгасининг муомаласида, фаҳму фаросатида, сўзида у мансуб бўлган элнинг маданияти ҳам намоён бўлади.
Кейинги йилларда давлатимиз сиёсатида хориждаги ватандошларимиз билан мулоқотга катта аҳамият қаратилаётганининг маърифий ва иқтисодий асослари ҳам шунда.
Жуда яхши эслаймиз, 2023 йили Президентимиз Нью-Йоркда Америкада истиқомат қилаётган ватандошларимиз, шу мамлакатнинг нуфузли олий таълим даргоҳларида ўқиётган ёшларимиз билан учрашган эди. Давлатимиз раҳбари уларнинг фаолияти, илмий изланишлари, Ўзбекистон билан боғлиқ режаларига қизиқди. Бундай мулоқотларда кишининг Ватан билан маънавий боғлиқлигини қувватлантирувчи катта ҳаётий маъно мужассам. Хорижда йиллар давомида орттирилган билим ва тажрибанинг ўз юрти тараққиёти учун ҳам кераклигини ҳис қилиб яшаш одамга ўзгача рағбат бағишлайди. Унинг касбий интилишлари билан Ватан тақдири ўртасида янги манфаатлар, муштарак мақсадлар пайдо бўлади.
Сафаримиз чоғида бизни кутиб олган, ҳамроҳлик қилган Отабек Эшмаматовга, меҳмондўстлиги ва ажойиб суҳбатлари учун Отабек Маҳкамовга яна бир бор ташаккур айтмоқчиман. Вашингтондаги тадбирда Отабек Эшмаматов ҳамда Kun.uz нашрининг Америкадаги махсус мухбири Шоҳрух Мажидовга Ўзбекистон Журналистлар уюшмасига аъзолик гувоҳномалари топширилгани улар билан касбий алоқаларимизни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади деган умиддамиз.
Ижод аҳлининг ўзаро қадрдонлигида катта маърифий куч яшайди. Бундай қадрдонликни асраш, уни янги мазмун билан бойитиб бориш фақат ўзимизга боғлиқ. Олис юртларда ўзбекнинг илми, ҳунари, маданияти билан ҳурмат топиб яшаётган кишилари қанча кўп бўлса, миллатимизнинг инсоний қуввати ҳам шунча ортиб боради.
Ўзбек айвони — халқимиз турмуш фалсафасининг тимсоли
Америка сафаридан қайтиб келганимиздан сўнг кўнглимизни хушнуд этган яна бир хабар тарқалди. АҚШ Президенти Дональд Трамп 24 ноябрь куни мамлакати мустақиллигининг 250 йиллиги муносабати билан давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев туҳфа қилган ўзбек айвонлари хусусида алоҳида сўз юритиб, самимий миннатдорлик билдирди. Вашингтоннинг сўлим гўшаларидан бирида қад ростлаган бу айвонларни бунёд этиш учун ўзбек усталари бир неча ой Америкада меҳнат қилган. Икки юз йиллик тоғ ёнғоғи ёғочидан йўнилган устунлар, нафис ўймакорлик билан безатилган шифтлар Америка жамоатчилигининг эътиборини тортмоқда.
Халқимизнинг меъморий тафаккурида айвоннинг алоҳида ўрни бор. Азалдан ўзбек уй-жой қуришда табиатга яқинлик, оила аъзоларининг бирга вақт ўтказиши, меҳмоннавозлик удумларини ҳам назарда тутган. Айвон ана шу ҳаётий эҳтиёжлар ҳосиласи сифатида бунёд этилган. Далаларда қурилган шийпонларда эса меҳнат аҳли ҳордиқ чиқарган, тановул қилган, рўзғор ташвишлари, эл-юрт юмушлари хусусида маслаҳатлашган.
Шу маънода, ўзбек айвонининг тарбиявий қиммати ҳақида ҳам алоҳида сўз юритиш мумкин. Унинг меъморий ечимида кишиларни жамлаш, ҳамсуҳбатликка чорлаш каби инсоний муддаолар мужассам. Халқимизда “Ўзганинг тоқу равоғидан ўзингнинг айвонинг яхши”, деган пурмаъно мақол бор. Унда Ватанга муҳаббатнинг жуда табиий, халқона ифодаси акс этган. Ўз уйингнинг файзи, қадрдон кишиларингнинг меҳри, туғилиб улғайган заминингга боғлиқлик ҳисси ўзга юртларнинг қанчалик муҳташам манзаралари қаршисида турсанг ҳам кўнглингни тарк этмайди.
Бугун ўзбек айвони олис Америкада ҳам одамларни ўз паноҳи остига чорлаётганидан қувонишга ҳақлимиз. Вашингтонда нашр этиладиган “Washingtonian” журналида ушбу айвонларга бағишланган мақолани ўқиб қолдим. Журналист Индиана университетининг Яқин Шарқ, ислом ва Марказий Евроосиё тадқиқотлари бўйича мутахассиси Акрам Ҳабибулла билан суҳбатлашиб, ўзбек шийпонларининг тарихи, халқимиз турмушида тутган ўрни хусусида маълумот берибди. Шийпонларда одамлар чой ичиши, суҳбатлашиши, шахмат ўйнаши ҳақида ҳам ёзибди. АҚШ Миллий боғлар хизмати расмий сайтида ҳам ўзбек айвонлари ҳақида алоҳида саҳифа очилган.
Шундай пайтларда халқимизнинг маънавий бисотида ҳали дунё аҳлини ҳайратга соладиган қанчадан-қанча бойликлар борлиги хусусида ўйлаб қоласан киши. Уларнинг кўпи кундалик ҳаётимизга шу қадар сингиб кетганки, баъзан ўзимиз ҳам уларнинг қимматини тўла идрок этавермаймиз.
Хўш, дунё аҳлида халқимизга нисбатан пайдо бўлаётган ҳурмат ва қизиқиш бардавом бўлиши учун биз яна қандай эзгу ишларга қўл урмоғимиз керак?
Назаримда, янги Ўзбекистон ҳаётида кечаётган бугунги сиёсий-маърифий юксалиш даври ҳар биримиздан ўз касбимизда янги қувват билан ишлашни тақозо этяпти. Олимдан — янги илмлар яратишни, муаллимдан — дунё миқёсида фикрлайдиган авлод тарбиялашни, ижодкордан — ўзбек тафаккурининг замонавий кўламини намоён этадиган асарлар битишни.
Биз, қалам аҳлининг ҳам халқимиз тарихининг шу ажиб палласи олдидаги бурчимиз катта. Ўзбекнинг бугунги ҳаётини теран англашимиз, ундаги янгиланишларнинг тарихий моҳиятини оча билишимиз, ўзга халқларнинг илму маърифатидан баҳраманд бўлиб, улар билан баравар фикр юритиш салоҳиятига эришишимиз зарур. Америка сафари бизга ана шу маънода ҳам қимматли бўлди. Ўзбек деган ном дунё кишиси хотирасида илмга рағбати баланд, аҳдига вафодор, ҳунарида моҳир, тафаккури уйғоқ ва кўнгли очиқ инсонлар тимсолида яшашини истаймиз. Бунинг учун ҳар биримиз ўз ақлий қувватимиз билан миллатнинг дунёдаги обрўсига улуш қўшиб яшамоғимиз керак. Ватанга муҳаббатнинг бугунги замонга муносиб амалий ифодаларидан бири ҳам шу, аслида.
Салим ДОНИЁРОВ,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист