Корхоналарда ишлаб чиқариш жараёнида ҳосил бўлаётган чиқиндилар ҳажми катта. Улар орасида қайта ишлаш мумкин бўлган материаллар билан бирга инсон саломатлиги ва табиат учун хавфли моддалар ҳам бор. Уларни йиллар давомида сақлаш муаммони ҳал қилмайди. Хавфли қисмини зарарсизлантириш, фойдали таркибини ажратиб олиш ва иқтисодий айланмага қайтариш зарур.
Давлатимиз раҳбарининг “Хавфли чиқиндиларни бошқариш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори соҳада тўпланиб қолган масалаларни тизимли ҳал этишга қаратилгани билан аҳамиятли. Ҳужжатда хавфли чиқиндиларни қайта ишлаш даражасини ошириш, уларнинг ноқонуний муомаласига йўл қўймаслик, давлат назоратини кучайтириш, замонавий технологияларни жорий этиш бўйича аниқ вазифалар белгиланган.
Масаланинг моҳияти биргина чиқиндиларни зарарсизлантириш билан чекланмайди. Ишлаб чиқаришдан қолган ҳар бир ресурснинг кейинги тақдирини белгилаш, ундан инсон ва табиатга зарар етказмаган ҳолда фойда олиш имкониятини излаш муҳим. Хавфсизлик ва иқтисодий самарани бир нуқтада уйғунлаштириш соҳа олдидаги асосий вазифалардан бирига айланмоқда.
Ҳужжатда тоғ-кон металлургияси, кимё саноати, нефть-газ ва энергетика каби соҳаларда ҳосил бўлаётган хавфли, жумладан, радиоактив чиқиндиларни қайта ишлаш даражасини 20 фоизга етказиш, улар устидан давлат назоратини таъминлаш ва ноқонуний муомаласининг олдини олиш бўйича аниқ вазифалар белгиланган.
Корхонадан чиққан хавфли чиқиндини “олиб кетдик, қайта ишладик” деган биргина гап билан иш битмайди. Унинг қаерда ҳосил бўлгани, таркибида нима борлиги, қайси моддаси қанчалик хавфли экани аниқланмас экан, кейинги қадамни белгилаб бўлмайди. Чиқиндини саралаш, махсус транспортда ташиш, хавфсиз сақлаш, зарарсизлантириш ва қайта ишлаш — бир-бирига уланган ягона занжир. Шу занжирнинг бир бўғини ишламаса, муаммо яна бошқа жойда пайдо бўлади.
Бунинг яна бир оддий сабаби бор: чиқинди йўқолиб кетмайди. Бугун корхона ҳудудининг бир четида уюлиб ётган чиқинди эртага ер масаласига, экологик хавфсизликка, кейин эса яна қўшимча харажатга айланиши мумкин. Шу маънода, йиллар давомида тўпланган хавфли чиқиндиларга энди шунчаки “эски қолдиқ” деб қарашнинг ўзи етарли эмас.
— Хавфли чиқиндилар кўп йиллардан бери қаровсиз ҳолда ер майдонларини эгаллаб ётган эди. Қарорда шу чиқиндиларни олиб, тўғри фойдаланган ҳолда иқтисодиётга киритиш бўйича аниқ топшириқлар белгилаб берилди. Бундан кўзланган асосий мақсад — келажак авлодга ва аҳолига мусаффо экология қолдириш, — дейди Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги директори Шарифбек Ҳасанов.
Саноатда ҳам самарадорлик фақат кўпроқ маҳсулот ишлаб чиқариш билан ўлчанмайди. Хомашёнинг қанча қисми маҳсулотга айланди, қанча қисми чиқинди бўлди, чиқиндининг қанчасини қайта иқтисодий айланмага киритиш мумкин — бу саволлар ҳам корхона фаолияти самарадорлигига дахлдор. Хавфли чиқиндиларни бошқариш тизимидаги янги ёндашувнинг иқтисодий аҳамиятини ҳам шу нуқтадан баҳолаш керак. Агар чиқиндининг хавфли қисми ажратиб олиниб, қолган материалдан қайта фойдаланиш имкони бўлса, харажатнинг бир қисми иқтисодий қийматга айланиши мумкин. Масалан, хавфли саноат чиқиндиларини қайта ишлаш жараёнида заҳарли моддалар кимёвий усулда ажратиб олиниб, қоладиган тупроқ ва бошқа материаллар қайта ишланиши мумкин. Улардан иккиламчи қурилиш материаллари олиш имконияти пайдо бўлади. Бу ёндашувда чиқиндига ишлаб чиқариш жараёнининг охирида ташлаб қўйиладиган қолдиқ эмас, кейинги ишлаб чиқариш учун хомашёга айланиши мумкин бўлган ресурс сифатида қаралади.
Радиоактив чиқиндилар бугун кўплаб давлатлар учун осон ҳал бўладиган масала эмас. Атом энергетикаси, уран қазиб олиш, тиббиёт ва илмий тадқиқотлар ривожлангани сари бундай чиқиндиларни хавфсиз бошқаришга эҳтиёж ҳам ортиб бормоқда. Шу сабабли мамлакатлар радиоактив чиқиндиларни шунчаки сақлаб қўйиш эмас, унинг бутун мавжудлик циклини назорат қилишга қаратилган турли ечимларни ишлаб чиқмоқда.
Айрим давлатларда қайта ишлаш технологиялари ривожлантирилиб, радиоактив материалларнинг қайта фойдаланиш имконияти бўлган қисмлари ажратиб олинмоқда. Айрим жойларда эса чиқинди ҳосил бўлганидан тортиб, уни сақлаш ёки якуний жойлаштиришгача бўлган ҳар бир босқич рақамли тизимлар орқали кузатиб борилади.
Қарорга асосан, Ўзбекистонда ҳам радиоактив чиқиндилар билан ишлаш тизимини шу талаблар асосида такомиллаштиришга қаратилган вазифалар белгиланган. Фанлар академиясининг Ядро физикаси институти ҳузуридаги Республика радиоактив чиқиндиларни сақлаш марказининг Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги тизимига ўтказилиши, хавфли чиқиндиларни бошқариш ва уларни қайта ишлаш дирекциясининг ташкил этилиши соҳада илмий ва амалий ёндашувни кучайтириш учун замин яратади. Энди радиоактив чиқиндиларни сақлаш билан бир қаторда уларни ўрганиш, саралаш, қайта ишлаш ва хавфсиз утилизация қилиш имкониятларини кенгайтириш масаласи ҳам кун тартибига чиқмоқда.
— Бугунгача радиоактив чиқиндилар бўйича илмий ишлар деярли қилинмаган. Бунга асосий сабаб олимларни моддий рағбатлантириш бўлмаганидадир. Энди қарор натижасида келгусида радиоактив чиқиндилар бўйича илмий тадқиқотлар ўтказамиз ва бу жараёнга олимлар ҳамда ёшларни жалб қиламиз. Бу иқтисодиётимиз равнақи учун катта туртки бўлади. Сабаби бу янги соҳа. Ишни йўлга қўйиб олсак, келажакда радиоактив чиқиндиларни қайта ишлаш, саралаш, утилизация қилиш борасида муаммо бўлмайди, — дейди Республика радиоактив чиқиндиларни сақлаш маркази директори Азизбек Болтабоев.
Радиоактив материалларни саралаш, қайта ишлаш ва зарарсизлантириш технологиялари тайёр ҳолда келавермайди. Уларнинг бир қисми маҳаллий шароитга мослаштирилиши, айримлари эса ўзимизда ишлаб чиқилиши керак. Бу эса илмий тадқиқотлар, янги мутахассислар ва ёшларнинг ушбу соҳага кириб келишини талаб этади.
— Олим сифатида бу қарор мени ғурурлантирди. Халқаро тадбирларга тажриба алмашгани борганимизда биз ривожланган давлатларда радиоактив чиқиндиларни қайта ишлаш, саралаш, утилизация қилиш кенг амалга жорий қилинганини кўрардик. Бизда ҳам бу жараён йўлга қўйилишини орзу қилардик. Қарорни ўқиб, жуда хурсанд бўлдик. Сабаби орзуларимиз амалга ошадиган бўлди. Боиси, ушбу қарорда бизда ҳам радиоактив чиқиндиларни саралаш, утилизация қилиш йўлга қўйилади, — дейди Азизбек Болтабоев.
Аслида, бугун дунёда экологик хавфсизлик билан иқтисодий манфаатни бир-биридан ажратиб қараш тобора қийинлашмоқда. Чунки чиқиндини назоратсиз қолдиришнинг ўзи ҳам иқтисодий зарар. Ер майдонидан самарасиз фойдаланиш, уни сақлаш, мониторинг қилиш, кейинчалик зарарли таъсирларни бартараф этиш учун сарфланадиган маблағ — буларнинг барчаси ҳисобга олиниши керак. Шунинг учун чиқиндини қайта ишлашга сарфланган маблағни фақат бугунги харажат сифатида баҳолаш бир томонлама ёндашув бўлади.
Баъзан иқтисодий самара ишлаб топилган пулда эмас, кейин сарфланиши мумкин бўлган маблағни тежашда кўринади. Баъзан эса у иккиламчи хомашё, янги маҳсулот, янги технология ёки янги иш ўрни шаклида намоён бўлади. Хавфли чиқиндиларни қайта ишлаш соҳасининг ривожи ҳам ана шундай кўп қиррали самара бериши мумкин.
Бу жараёнда назорат масаласи ҳам четда қолмаслиги керак. Хавфли чиқинди қаерда пайдо бўлди, қанча миқдорда ҳосил бўлди, қаерга олиб кетилди, ким қабул қилди, қандай усулда қайта ишланди ёки зарарсизлантирилди — бу саволларнинг ҳар бири аниқ жавобга эга бўлиши лозим. Акс ҳолда, энг замонавий технология ҳам тўлиқ самара бермайди.
Шу боис, 2027 йил 1 январга қадар хавфли чиқиндиларнинг рақамли паспорти ҳамда биринчи-учинчи хавфлилик синфига мансуб чиқиндиларнинг ҳар бир тоннаси ҳосил бўлган объектдан бошлаб утилизация қилинадиган жойгача реал вақт режимида мониторинг қилиниши имконини берувчи ахборот тизимини ишлаб чиқиш белгиланган. Оддий қилиб айтганда, хавфли чиқиндининг “қаердан чиққани ва қаерга кетгани” номаълум бўлиб қолмаслиги керак.
2026 йил 1 октябрдан хавфли чиқиндиларни ҳосил қилувчи ташкилотларнинг статистика ҳисоботларини йил якунига кўра шакллантириб бориши ва уларда назарда тутилган кўрсаткичларнинг бажарилиши устидан назорат Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасининг давлат экологик назорат инспекцияси — “эко-полиция” томонидан амалга оширилади.
Албатта, саноат чиқиндиси билан маиший темир-терсакни бир қаторга қўйиб бўлмайди. Айниқса, хавфли ва радиоактив чиқиндиларда ҳар бир қадам ҳисоб-китоб, технология ва қатъий назоратни талаб қилади. Уни бир жойдан иккинчи жойга кўчириш муаммони ҳал қилмайди. Чиқинди қаерда пайдо бўлганидан тортиб, қандай сақлангани ва охирида қандай зарарсизлантирилганигача бўлган жараён назоратда туриши керак.
Шу билан бирга, чиқиндига фақат хавф манбаи сифатида қараш ҳам масаланинг бир томонини кўришдир. Унинг таркибида қайта ишлаш орқали иқтисодий айланмага қайтариш мумкин бўлган материаллар бўлиши мумкин. Бунинг учун эса илм, замонавий технология, энг муҳими, ишлаб чиқариш маданияти ўзгариши керак.
Қабул қилинган қарорнинг аҳамияти ҳам ана шу ерда намоён бўлади. Хавфли чиқиндиларни ҳисобга олиш, уларнинг ҳаракатини кузатиш, радиоактив чиқиндилар билан ишлаш бўйича илмий салоҳиятни кучайтириш, қайта ишлаш ва утилизация тизимини ривожлантиришга қаратилган вазифалар бир-биридан алоҳида чоралар эмас. Улар хавфли чиқинди билан ишлашнинг ягона тизимини шакллантиришга хизмат қилади.
Бу тизим тўғри ишласа, натижа фақат тоза ҳудуд ёки камайган чиқинди билан ўлчанмайди. Камроқ хомашё исроф бўлади, иккиламчи ресурс пайдо бўлади, корхонанинг кейинги экологик харажатлари қисқаради, янги технология ва мутахассисларга эҳтиёж туғилади. Яъни экологик вазифа иқтисодий жараённинг ўзига кириб боради.
Табиатга етказилган зарарни кейин бартараф этишдан кўра, олдини олиш арзонроқ ва оқилона қарор. Чиқиндини кўздан йироқ қилиш билан муаммо йўқолмайди. Уни назорат қилиш, хавфсиз бошқариш ва имкони бор жойда қийматини қайта тиклаш ҳам табиатга, ҳам иқтисодиётга хизмат қилади.
Шу боис, бугун чиқиндини камайтириш билан чекланиб бўлмайди. Гап унга муносабатни ўзгартиришда. Кеча чиқинди деб четга сурилган нарсага бугун ресурс сифатида қараш, хавфли қисмини эса масъулият билан бошқариш керак. Ана шу қараш қарорда белгиланган вазифаларни амалиётга айлантирса, экологик хавфсизлик иқтисодий самаранинг рақобатчиси эмас, унинг янги таянчига айланади.
Сардор ТОЛЛИБОЕВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири