Кадастр масаласи кейинги йилларда янги қурилаётган кўп қаватли уйларни харид қилишда энг муҳим жиҳатга айланди. Яхши ният билан пул жамғариб, хонадон сотиб олган инсон калитни қўлига олиб, ўша уйда яшай бошлайди. Аммо суриштирсангиз, ҳалигача кадастр паспорти, яъни хонадон унга тегишли эканини тасдиқловчи ҳужжати йўқ. Бунда масала кадастр ҳужжати йўқлигида эмас, балки қурилган кўп қаватли квартира тегишли талабларга жавоб бермагани боис, фойдаланишга топширишга рухсат берилмагани билан боғлиқ бўлиб чиқади.
Қизиғи, фуқаро уй харид қилишдан олдин объектнинг кадастр ҳужжатини кўрган бўлади. Гап шундаки, амалда, аввало, умумий объект учун кадастр паспорти шакллантирилган. Ундан сўнг объектни давлат рўйхатидан ўтказиш ва бошқа талаблар текширилгани боис, кўп қаватли уй қуриб битказилганидан кейин ҳам фойдаланишга топиширишни рад этиш ҳолатлари кўп кузатилган. Яъни уйнинг кадастр ҳужжати бор, аммо ҳали давлат рўйхатидан ўтмаган. Одамлар эса ана шу кадастрга ишониб, уй харид қилган. Борди-ю объектда ноқонуний қурилиш амалга оширилган бўлса, умуман рўйхатдан ўтмаслиги ҳам мумкин. Бундан эса тадбиркор ҳам, фуқаролар ҳам зарар кўради. Айни кунга қадар минглаб юртдошларимиз кадастр ҳужжатини ололмай, сарсон бўлиб юргани боиси шунда.
Бундай ҳолатларга чек қўйиш, қолаверса, кўп қаватли уйларни фойдаланишга қабул қилиш жараёнларини тўлиқ рақамлаштириш мақсадида Президентимизнинг тегишли фармони билан янги тизим ишлаб чиқилиб, 2026 йил 1 июндан бошлаб амалиётга жорий этилди. Унга кўра, кўп квартирали уйларни фойдаланишга қабул қилиш, кадастр паспортларини расмийлаштириш ва давлат рўйхатидан ўтказиш жараёнлари UZKAD ахборот тизими орқали амалга оширилади.
Эндиликда кўп квартирали уйлар учун кадастр ҳужжати фойдаланишга қабул қилиш рухсатномаси берилганидан кейингина расмийлаштирилади. Бу кейинчалик хонадон сотиб олган кишиларга кадастрларини шакллантиришда ҳам муаммо бўлмайди дегани. Фойдаланишга топшириш талабларига тўлиқ жавоб бермаган, хусусан, ер участкаси давлат рўйхатидан ўтмаган объектлар эса кадастр ололмайди. Бу одамларнинг алданиб қолиш эҳтимолини камайтириб, мулкий ҳуқуқларини ҳимоялашга хизмат қилади.
— Бу тизимга эҳтиёж тобора ортиб бораётганди, — дейди Давлат кадастрлари палатаси раиси Моҳир Валиев. — Чунки кейинги йилларда кўп квартирали уйларни қуриш кўрсаткичлари бир неча баробар ортиб, соҳада тадбиркорлар сезиларли кўпайди. Афсуски, уларнинг ҳаммаси ҳам қонун доирасида иш кўрмайди, натижада айни йўналишда кўплаб фуқаролар алданиб қолаётгани сир эмас. Ўтган йили юртимиз бўйлаб барча ҳудудда ноқонуний қурилишлар бўйича гуруҳлар тузилиб, ўрганишлар қилинди. Жараёнда қурилишга рухсат олмасдан туриб, фуқароларга уй сотилгани ва одамлар яшаб келаётгани, ноқонуний тарзда қўшимча қаватлар қурилган кўплаб ҳолатлар аниқланди. Биргина мисол, Наманган вилоятида 100 та хонадонли 2 та кўп қаватли уй қурилган ва у ерда 250 та оила яшаяпти. Лекин объект ҳали фойдаланишга қабул қилинмаган, одамларнинг кадастр ҳужжати йўқ. Яъни улар бу уйларда рўйхатдан ўтмасдан яшаб келяпти. Бундай мисоллар кўп ва уларнинг ечими сифатида соҳа рақамлаштириб бориляпти. Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 24 февралдаги “Аҳолини уй-жой билан таъминлаш ишларини жадаллаштириш ва кўп квартирали уйлар қурилишини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан шаффоф ва соддалаштирилган янги ахборот тизими ишга туширилди. Шу асосда “Кўп квартирали уй” ягона реестри ҳам ишлаб чиқилди. Унда ҳар бир объектнинг маълумотлар базаси шакллантирилиб, битта ахборот тизимига киритилади.
Тартиби қандай?
Демак, энди кўп квартирали уйларни фойдаланишга қабул қилиш тўлиқ рақамли тизим орқали соддалаштирилган тарзда амалга оширилади. Жараён беш босқичдан иборат. Дастлаб қурилиш ишларини якунлаган қурувчиларнинг аризалари my.gov.uz портали ёки Давлат хизматлари марказлари орқали қабул қилинади ва автоматик равишда UZKAD тизимига юборилади. Янги тартибга кўра, кўп квартирали уй жойлашган ер участкаси аввал давлат рўйхатидан ўтказилган бўлиши шарт. Бу талаб қурилиш ва мулкни расмийлаштириш жараёнларининг қонунийлигини таъминлашга хизмат қилиши айтилмоқда.
Аризага илова қилинадиган бошқа ҳужжатлар ҳам тўлиқ бўлиши керак. Акс ҳолда, ариза рад этилади. Шунингдек, тасдиқланган лойиҳа ҳужжатларидан четга чиқилган, қўшимча қаватлар ёки квартиралар қурилган, умумий мулклар кўрсатилмаган ҳамда ер участкаси чегарасидан ташқарида қурилмалар мавжуд бўлган ҳолатлар ҳам ариза рад этилишига сабаб бўлади. Авваллари аризани рад этиш ҳолатлари кадастр ҳужжатлари шакллантирилганидан кейин бўлган. Энди ана шу жараён кетма-кетлиги ўзгартирилиб, кадастр паспорти беришдан олдинги ҳолатга ўтказилди. Яъни кўп қаватли уй фойдаланишга топшириш талабларига тўла жавоб бермаса, унга кадастр ҳужжати расмийлаштирилмайди. Аммо аризанинг рад этилиши объект мутлақо фойдаланишга яроқсиз эканини англатмайди. Қурувчи камчиликларни тўғрилаб, қайта ариза топшириши мумкин.
Ариза қабул қилинганидан сўнг кейинги босқич — UZKAD тизимида рақамли инвентаризация амалга оширилади. Бунда кадастр муҳандислари объектга чиқиб, ер майдони, турар ва нотурар блоклар, квартиралар ҳамда умумий фойдаланиш жойлари бўйича ўлчаш ишларини бажаради. Биноларнинг чизмалари электрон харитада акс эттирилади ва барча маълумотлар ягона реестрга киритилади. Эътиборлиси, ушбу жараёнда ҳам ариза рад этилиши мумкин. Яъни лойиҳа ҳужжатларидан ташқари қурилмалар бўлган ҳолларда жараён тўхтатилиб, ариза рад этилади.
Техник инвентаризация тўлиқ ўтказилганидан кейингина кўп квартирали уй учун ягона кадастр паспорти шакллантирилади. Бу жараённинг учинчи босқичи бўлиб, унда уй таркибидаги барча блоклар, квартиралар, нотурар жойлар ва умумий мулклар ҳақидаги маълумотлар жамланади. Мутахассисларнинг тушунтиришича, ҳозир ушбу жараён ҳам анча соддалаштирилган.
— Эски тартибда квартиралар, нотурар жойлар ва умумий мулк объектлари алоҳида ҳисобга олиниб, ҳар бир объект учун алоҳида кадастр паспорти, кадастр рақами берилар эди, — дейди Моҳир Валиев. — Энди битта бино таркибидаги объект турларидан қатъи назар, хусусан, квартиралар, нотурар жойлар ва умумий мулклар бир вақтнинг ўзида расмийлаштирилиб, ягона кадастр паспорти шакллантирилади. Умумий объект тўғрисидаги барча маълумотлар битта ҳужжатда жамланади. Бу одамлар учун ҳам қулай, бир нечта ҳужжатни кўздан кечиришига тўғри келмайди, барча параметрлар билан битта кадастр паспорти орқали танишади.
Жараённинг тўртинчи босқичида ҳужжатлар электрон тарзда Қурилиш назорати инспекциясига юборилади. Инспекция томонидан объектни фойдаланишга қабул қилиш рухсатномаси берилгач, энди ҳар бир квартира, нотурар жой ва умумий мулк объекти учун кадастр паспорти шакллантирилиб, давлат рўйхатидан ўтказилади. Яъни кўп квартирали уй барча талабларга жавоб бериб, фойдаланишга қабул қилинганидан кейин ўз-ўзидан ундаги хонадонларга кадастр ҳужжати берилади ва одамларни бу масала ортиқча безовта қилмайди. Қолаверса, янги тизим ишга тушиши натижасида маълумотларнинг турли платформаларда алоҳида юритилиши, ортиқча қоғозбозлик ва инсон омили билан боғлиқ номутаносибликлар бартараф этилади.
Барча маълумотлар ягона тизимда
Давлат рўйхатидан ўтказиш жараёнида объектнинг ҳар бир қисми ҳисобга олинади. Ҳатто эндиликда кўп қаватли уйлардаги умумий фойдаланишдаги жойлар, хусусан, кириш йўлаклари, лифтлар ҳам уй-жой мулкдорларига давлат рўйхатидан ўтказиб берилади. Аввалги тартибда уларнинг ҳуқуқий эгаси белгиланмаган. Умумий мулк учун кадастр паспорти шакллантирилмаган. Натижада уларнинг ҳисоби ҳам юритилмаган.
— Бу омил маълумотларни йиғиш ва расмийлаштиришда айрим ноаниқликларни юзага келтириб чиқараётганди, — дейди М.Валиев. — Чунки эски тизимда умумий мулкдаги жойлар назарда тутилмаган, уларни кимга расмийлаштириш бўйича аниқ механизм қилинмаган. Янги тизимдаги янгиликлардан бири эса айни шу жиҳат билан боғлиқ. Энди кўп квартирали уйлардаги ҳар квадрат метр жойнинг аниқ эгаси, ҳисоби бўлади. Соҳада тўлиқ рақамлаштиришга ўтиб борилаётганининг боиси ҳам шунда.
Кўп квартирали уй ва унинг таркибидаги барча объектлар ягона тизимда тўлиқ ҳисобга олинади. Турар ва нотурар жойлардан тортиб, умумий мулк ва автотураргоҳларнинг барчаси ҳақидаги маълумотлар битта марказлашган база — UZKAD ахборот тизими орқали юритилади. Аниқ маълумотлар базасининг шакллантирилиши тизимдаги очиқлик ва қонунийликни таъминлаш, фуқароларнинг мулкий ҳуқуқларини ҳимоялашга хизмат қилади.
Янги тизимни жорий этишдан кўзланган асосий мақсад ҳам шу — юртдошларимизнинг уй-жой харид қилишда алданиб қолмасликлари, қонуний ҳуқуқлари кафолатланиши, ўз уйларига эга чиқиш учун йиллаб сарсон бўлмасликлари керак. Муаммо кадастр ёки қурилишда бўлишидан қатъи назар, бу одамлар ҳуқуқлари ва тинчлигига дахл қилмаслиги зарур. Янги тизим айни жиҳатга хизмат қилади.
Энди кўп қаватли квартиралар қурувчиларига кадастр ҳужжатларини олиш осон бўлмайди. Бу баъзи тадбиркорларга ёқмаслиги мумкин. Аммо ҳалол ишлайдиган қурувчилар учун бу муаммо эмас, аксинча, шаффоф ва рақамли тизим анчагина қулайлик туғдиради. Уларни ортиқча вақт ва оворагарчиликдан халос қилади.
Шундай қилиб, жорий йил 1 июндан кўп қаватли уйларни фойдаланишга топшириш бўйича аризаларни янги тартибда қабул қилиш бошланди.
Ирода ТОШМАТОВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири