Ҳар йили 500 минг ўқитувчи, шифокор, давлат хизматчиси, фаол ўқувчи ва талабаларга, 100 минг эҳтиёжманд оила ва ногиронлиги бор болаларга театр, кино ва концертга бепул ваучер тақдим этилади.
Бундан ташқари, 1 июлдан ҳар бир туман ва маҳаллада концерт-томоша ўтказиш харажатининг 20 фоизгача қисми бюджетдан қоплаб берилади.
Шунингдек, концерт-томоша, хусусий театр, кинематография, болалар контенти фаолияти билан шуғулланувчилар, маданият-санъат йўналишидаги хусусий таълим ташкилотлари қўшилган қиймат, фойда, айланма, ер, мулк ва даромад солиқларидан озод қилинади.Тадбиркорлар, йирик компанияларнинг адабиёт, маданият ва санъатни ривожлантириш мақсадида йўналтирган ҳомийлик маблағлари ҳам солиққа тортилмайди.
Энди вилоят ҳокимликлари ҳузурида алоҳида дирекция фаолияти йўлга қўйилади. Дирекциялар концерт, театр, маданият саройлари залларини тўлиқ ишлатиш, ҳар куни маданий тадбирлар ташкил қилишга масъул бўлади.
Концерт-томоша ташкилотчиларида бундай оммавий тадбирларни тинч-осойишта ва тартибли ўтказиш бўйича эътирозлар борлиги кўрсатиб ўтилди. Масъул идоралар оммавий-маданий тадбирлар давлатникими, хусусий бўладими, барчасини хавфсиз ва тартибли ўтказишга жавобгар экани қайд этилди.