Иқтидорли қаламкаш Жавлон ЖОВЛИЕВ билан адабиётнинг бугунги ҳаётимиздаги ўрни, ижодий эркинлик, китобхонлик маданияти ва ўзгараётган Ўзбекистонда ёзувчининг бахти нималарда намоён бўлиши ҳақида суҳбатлашдик.
— Жавлон ака, ёзувчининг бахти ҳақида гап кетганда, одатда, унинг асарлари ўқилиши, халқ орасида танилиши, меҳнати эътироф этилиши назарда тутилади. Бироқ адабиёт тарихида ўз замонасида қадр топмаган, жамият билан муросага келолмаган ижодкорлар кўп. Сизнингча, ёзувчининг бахти ўз даври билан ҳамнафас яшашидами ёки ўша давр англаб етолмаган ҳақиқатларни айта олишида? Умуман, ёзувчининг бахтини замондошлари тўғри баҳолай оладими?
— Аввало, ёзувчи ҳам инсон эканини унутмаслик керак. Биз баъзан ижодкорни оддий инсоний эҳтиёжлардан, орзу-истаклардан холи, фақат келажак учун яшайдиган ва ёзадиган шахс сифатида тасаввур қиламиз. Гўё унинг тақдири ўз замонасида тушунилмаслик, қадр топмаслик, изтироб чекиш билан боғлиқ бўлиши шартдек. Ҳолбуки, ҳар қандай ёзувчи, шоир, мусаввир, умуман, санъат одами меҳнатининг самарасини кўришни, асарлари ўқилишини, мухлислари қалбидан жой олишини истайди. Бу — табиий инсоний эҳтиёж.
Айни пайтда ўз замонасида қадр топмаганини ижодкорнинг буюклигига далил қилиб кўрсатиш ҳам тўғри бўлмайди. Тарихда ҳақиқатан ўз давридан илгарилаб кетган, замондошлари англаб етмаган ҳақиқатларни бадиий кашф этган адиблар кўп бўлган. Лекин ҳар қандай тушунилмаслик ортида буюк истеъдод яширинган деган хулосага келиш ҳам хато. Ижодкорнинг адабиётга қандай бадиий ҳақиқат олиб киргани асосий мезондир. Адабиёт тарихига назар ташласак, чин санъат асарлари ҳамиша инсоннинг ўзи ифода этолмаган кечинмаларига восита бўлиб келганини кўрамиз. Гомернинг “Одиссея”сидан тортиб, халқ достонларимизгача, қадимги юнон драмаларидан бугунги романларга қадар инсоннинг дарду ҳасрати, қўрқуви, муҳаббати, орзуси, топгани ва йўқотганлари, коинот, ҳаёт, тақдир олдидаги ожизлиги адабиётнинг бош мавзуларидан бўлиб келган. Минг йиллар аввал яшаган одам билан бугунги инсоннинг турмуш тарзи, дунё ҳақидаги тасаввури, ижтимоий муносабатлари ўртасида улкан фарқ бор. Шунга қарамай, биз қадимий асарларни ўқиганда ҳам ўзимизга таниш туйғуларни учратамиз. Чунки ҳаёти ўзгаргани билан инсоннинг қалбида кечадиган айрим зиддиятлар, изтироблар ва саволлар ҳамон яшаб келмоқда.
Ёзувчи замонасини тасвирлар экан, фақат ўша даврда юз берган воқеаларни қайд этиш билан чекланиб қолмаслиги керак. У воқеаларнинг инсон тақдирида қолдирган изини, жамият ҳаётида кўзга ташланмаётган зиддиятларни, одамлар ҳали тўла англаб етмаган хавотир ва кечинмаларни ҳис қила олиши зарур. Баъзан жамият ўзи бошдан кечираётган жараённинг моҳиятини йиллар ўтгач, тушунади. Ёзувчи эса ўша жараённинг инсон қалбидаги аксини анча аввал сезиши керак.
Шу маънода, ижодкорнинг жамият, халқ, давлат ва сиёсат билан муносабати ҳамиша мураккаб бўлиб келган. Чунки жамият кўпинча ўзининг бугунги эҳтиёжлари, манфаатлари ва қарашлари билан яшайди. Адабиёт эса ўша қарашларнинг ўзини ҳам сўроқ остига олади. Одамлар одатланиб қолган тартиблар, табиий деб қабул қилаётган ишлар, ҳатто ўзлари ишониб келган ҳақиқатлар бадиий асарда бошқача маъно касб этади. Бу эса ҳар доим ҳам ҳаммага бирдек ёқавермайди. Айниқса, ёзувчи жамиятнинг ўзи тан олишни истамаётган оғриқли жиҳатларга мурожаат қилганда, унинг асари билан замондошлари ўртасида муайян масофа пайдо бўлади.
Тириклигида ўқилиш, қадрланиш, асарларининг одамлар ҳаётига дахлдор бўлаётганини кўриш, шубҳасиз, катта бахт. Бироқ адабиётнинг умри ижодкорнинг умридан узоқроқ бўлади. Ёзувчи ўз даврига қанчалик чуқур кириб борса, ўша давр орқали умуминсоний ҳақиқатларни қанчалик теран ифодалай олса, асари кейинги замонлар билан ҳам мулоқотга кириша олади. Рост адабиётнинг куч-қудрати ана ўша — муайян замонда туғилиб, ўша замоннинг чегараларидан ошиб ўта олишида деб ўйлайман.
— Бугун давлат томонидан ижодкорларни моддий-маънавий қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу ўринда бир масала қизиқ: ёзувчининг ижодий мустақиллиги унинг иқтисодий мустақиллигига қай даражада боғлиқ? Давлат кўмаги, нашриётлар фаолияти ва адабий бозор ўртасида қандай муносабат шаклланса, ижодкор ўз виждони ва бадиий қарашларига содиқ қолган ҳолда яшаши мумкин?
— Бизда ёзувчининг қийинчиликда яшаши баъзан унинг тақдирига хос ҳолат сифатида қабул қилинади. Ҳатто буни қандайдир романтизация қиладиганлар ҳам бор. Гўё ҳақиқий адабиёт фақат азоб-уқубатда туғилиши керакдек. Албатта, изтироб инсонни ўйлаш, ҳаётга бошқача қарашга мажбур қилади. Лекин ижодкорнинг қашшоқлиги билан истеъдоди ўртасида ҳеч қандай табиий боғлиқлик йўқ.
Мен кўплаб устоз ёзувчиларимизнинг қандай шароитда яшаганини кўрганман. Улар орасида адабиётга умрини бағишлаган, яхши асарлар яратган, бироқ кундалик тирикчилик ташвишларидан қутулолмаганлар бор. Бундай ҳолатни кўриб, ёшлигимизда ўзимиз ҳам ўйланардик: агар ёзувчиликни танласак, бизни ҳам шундай ҳаёт кутяптими?
Шунинг учун ёзувчининг иқтисодий мустақиллигини адабиётнинг келажаги билан боғлиқ масала деб биламан. Ижодкорга шароит яратиш ҳақида гапирганимизда, аслида, унинг ҳали ёзилмаган асарлари учун ҳам имконият яратишни назарда тутамиз.
Бугун янги Ўзбекистонда бу борада жиддий ўзгаришлар бўлаётганини кўриб турибмиз. Президентимизнинг адабиёт аҳлига кўрсатаётган эътиборини жуда қадрлайман. Айниқса, кейинги йиллардаги қарорларида ижодкорни рағбатлантиришнинг аниқ иқтисодий механизмлари белгиланаётгани жуда муҳим.
Масалан, давлатимиз раҳбарининг жорий йил 2 июндаги тегишли фармонида шоир ва ёзувчиларга ҳар йили камида элликта сара асар яратиш учун давлат буюртмаси бериш, ўзбек адабиётининг ўнта энг яхши асарини хорижий тилларга таржима қилиш, нашр харажатларининг бир қисмини қоплаш назарда тутилган. Илгари кўпроқ ёзилган асарни қандай чоп этиш, қандай тақдирлаш ҳақида ўйлаган бўлсак, энди асарнинг яратилиш жараёнига ҳам эътибор қаратиляпти.
Бу жиҳатдан Ирландияда ўтказилган бир тажриба менга қизиқ туюлди. У ерда 2022 йили давлат санъат ва маданият соҳасининг 2000 вакилига уч йил давомида ҳафтасига 325 евродан маблағ ажрата бошлаган. Яна 1000 иштирокчидан иборат назорат гуруҳи шакллантирилган. Мақсад шунчаки ижодкорларга ёрдам бериш бўлмаган. Давлат молиявий хотиржамлик ижодий меҳнатга қандай таъсир қилишини текшириб кўрган. 2025 йилда эълон қилинган натижаларга кўра, маблағ олган иштирокчилар бошқа гуруҳдагиларга нисбатан ҳафтасига ўртача ўн бир соат кўп вақтини ижодга ажратган.
Ирландия ҳукумати бу тажрибадан кейин 2026 йили ижодкорлар учун доимий дастур жорий этишга қарор қилди. Мазкур тажрибада эса ижодкорга ҳали қандай натижага эришиши маълум бўлмаган давр учун ҳам ишлаш имконияти берилган. Биринчи усул аниқ адабий лойиҳаларни амалга оширишга хизмат қилади. Иккинчиси ижоднинг олдиндан тахмин қилиб бўлмайдиган жиҳатини назарда тутади.
Ҳар бир изланиш муваффақиятли асар билан тугамаслиги бор гап. Ёзувчи бир мавзу устида йиллаб ишлаб, охирида ундан воз кечиши ҳам мумкин. Шунинг учун адабиётни қўллаб-қувватлашда тайёр натижа билан бирга ижодий жараённинг ўзига ҳам эътибор бериш керак.
Мамлакатимиздаги бугунги ўзгаришларнинг қимматли жиҳати шундаки, бундай имкониятлар учун амалий асос яратиляпти. Ёшлар ишлари агентлиги ҳузуридаги Китобхонлик маданиятини ривожлантириш жамғармаси орқали ёш ёзувчиларга грантлар ажратиш, асарларини нашр эттириш вазифалари белгиланган. Болалар контентини ривожлантириш маркази томонидан ўндан ортиқ, мазкур жамғарма томонидан ўттизга яқин бадиий асарга буюртма берилган. Мен учун, айниқса, ижодкорнинг мавзу танлаш имконияти сақланаётгани аҳамиятли.
Чунки ёзувчига буюртма бериш билан унга қандай ёзишни ўргатиш ўртасида катта фарқ бор. Давлат муайян ижодий лойиҳани молиялаштириши мумкин, лекин асарнинг бадиий ҳақиқати муаллифнинг ўзига тегишли бўлиши керак. Ёзувчи ҳаётни ўз кўзи билан кўрмаса, ўзини қийнаётган саволларни беролмаса, асари қанчалик пухта ёзилмасин, унда самимийлик етишмайди. Менимча, ижодий мустақилликнинг энг муҳим шарти шу.
Энди бу ўзгаришлар билан бирга китоб бозорининг ўзи ҳам ривожланиши керак. Ёзувчи ўз китобининг ўқилиши, сотилиши, қайта нашр этилиши орқали даромад олиши зарур. Масалан, бир роман ўн минг нусхада сотилди дейлик. Бу яхши натижа. Лекин шу муваффақиятдан муаллифнинг ўзи қанчалик манфаат кўрди? Нашриёт билан тузилган шартномада унинг улуши аниқ белгиланганми? Китоб қайта чоп этилса, яна гонорар оладими? Электрон шаклда тарқатилса-чи? Аудиокитоб қилиб чиқарилса-чи? Мана шу саволларга аниқ жавоб бўлиши керак.
Буюк Британияда 1979 йилдан буён амал қилаётган бир тартиб бор. У ерда муаллифлар китоби жамоат кутубхоналаридан фойдаланиш учун олингани асосида ҳам ҳақ олади. Бунинг учун Public Lending Right тизими ишлайди.
Бизда ҳам электрон кутубхоналар, аудиокитоб платформалари ривожланяпти. Бу жуда яхши. Энди муаллифлик ҳуқуқларининг амалда қандай таъминланишига жиддий эътибор бериш зарур. Бугун бирор ёзувчининг китоби рухсатсиз PDF шаклида тарқалса, минглаб одамлар уни ўқийди. Муаллиф эса бундан ҳеч қандай даромад олмайди. Китобнинг оммалашгани яхши, албатта. Лекин асарни яратаётган инсоннинг меҳнати бепул ресурсга айланиб қолмаслиги керак. Мен хусусий нашриётлар фаолиятининг кенгайишини ҳам жуда муҳим деб биламан. Чунки адабиётда турли йўналишлар, турли дидлар, турли авлодлар бор. Мустақил нашриётлар кўпайса, ёзувчи учун танлов имконияти кенгаяди. Улар ўртасида муаллифлар, яхши қўлёзмалар, китобхонлар учун рақобат пайдо бўлади.
— Бугун китобхонликни ривожлантириш учун турли танловлар, лойиҳалар, тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда. Сиз ҳам “Мутолаа” лойиҳаси орқали бу жараённинг бевосита ичидасиз. Шу тажрибангиздан келиб чиқиб айтсангиз: биз китобхонликни ривожлантиришда кўпроқ китоб ўқиган одамлар сонини оширишга уриняпмизми ёки ўқиганини мустақил таҳлил қиладиган, асар билан баҳслаша оладиган китобхонни тарбиялашгами? Бу икки мақсад ўртасидаги тафовут амалда қай даражада сезиляпти?
— Бу саволга жавоб бериш учун, аввало, китобнинг жамиятимиздаги ўрни қандай ўзгарганига қарашимиз керак. Бугун китоб ўқиётган одамга муносабат билан бизнинг болалигимиздаги муносабат ўртасида, шубҳасиз, сезиларли фарқ бор. Эсимда, биз ўқиб юрган пайтларда китобга қизиққан, кўп ўқиган болага баъзан ғалати қараларди. “Ботаникмисан?” деган гапларни эшитардик. Гўё китоб ўқиш одамни бошқалардан ажратиб қўядиган, ҳатто бир оз кулгили кўрсатадиган машғулотдек қабул қилинарди. Ҳозир эса китобхон бўлишнинг ўзи муайян ижтимоий мавқега айланиб боряпти. Ёшлар ўқиган китоблари орқали нимагадир эришяпти, улар ҳақида гапиряпти, бир-бирига тавсия қиляпти.
2017 йилдан бошлаб китобхонликни рағбатлантиришга давлат даражасида жиддий эътибор қаратилди. Китобхонлик танловлари, ғолибларга автомобиллар ва бошқа қимматбаҳо совғалар берилиши кўпчиликнинг эътиборини тортди. Аввалига бундай усулларга турлича муносабат бўлди. Китоб ўқишнинг ўзи маънавий эҳтиёж бўлиши керак, уни совға билан рағбатлантириш қанчалик тўғри деган саволлар туғилди. Мен эса бу жараённинг ижтимоий натижасига қарайман. Китобхонлик оммавий эътибор марказига чиқди, китоб ўқийдиган ёшларнинг меҳнати қадрлана бошлади. Шунинг ўзи жамиятдаги муносабатни ўзгартиришга хизмат қилди.
Баъзан ижтимоий тармоқларда китоб билан суратга тушган, уни ўз саҳифасида намойиш этган одамлар танқид қилинади. Гўё улар китобни ўқиш учун олмаган, ўзини билимли кўрсатишни истаяпти. Мен бунга унчалик кескин қарамайман. Майли, кимдир китоб билан суратга тушсин, кимдир уни ўзининг ижтимоий қиёфасининг бир қисмига айлантирсин. Муҳими, китоб одамларнинг кундалик ҳаётида кўрина бошлади. Китобга қизиқиш ва ижобий муносабатнинг оммалашуви ҳам кейинги жараёнлар учун муайян замин ҳозирлади.
Китобхонликнинг шартли равишда икки босқичи бор десак бўлади. Биринчиси — одамларда мутолаа одатини шакллантириш. Иккинчиси — шу одат асосида адабий дид, таҳлил маданияти ва мустақил фикрлашни ривожлантириш. Биринчи босқичсиз иккинчиси кенг ижтимоий ҳодисага айланиши қийин. Чунки китоб ўқимайдиган одамдан асар устида баҳс юритишни талаб қилолмаймиз. Аввало, уни китобга олиб келишимиз керак. Кейин эса мутолаа унинг ҳаётидан қандай ўрин эгаллаётганига эътибор қаратиш мумкин.
Ҳозир технологиялар китобхонликнинг бутунлай янги шаклларини вужудга келтирди. Илгари китобни топиш, сотиб олиш, ўқиш учун алоҳида вақт ва шароит керак эди. Бугун эса одам йўлда, ишга кетаётганда, меҳнат қилаётганда ҳам электрон китоб ўқиши ёки аудиокитоб тинглаши мумкин. “Мутолаа” лойиҳасининг энг катта афзалликларидан бирини мен шунда кўраман. Китоб инсоннинг қаерда яшаётганига, атрофида китоб дўкони ёки катта кутубхона бор-йўқлигига камроқ боғлиқ бўлиб боряпти. Лойиҳа қисқа муддатда катта аудиторияни қамраб олди. Биз китобхонликни тарғиб қилар эканмиз, одамлардан фақат китоб ўқишни талаб қилиш билан чекланмаслигимиз, уларга қулай воситаларни ҳам таклиф этишимиз зарур.
Бироқ рақамлар масаласида яна бир жиҳатни ҳисобга олиш керак. Иловадан фойдаланувчилар сони, очилган китоблар миқдори ва ҳақиқатан шаклланган мутолаа маданияти бир хил кўрсаткичлар эмас. Масалан, одам бир китобни юклаб олиши, бир неча саҳифасини ўқиши мумкин. Бошқа бир китобхон эса асарни тугатгач, қайта ўқийди, дўстлари билан муҳокама қилади, ўзига ёқмаган фикрларни ҳам таҳлил қилади. Иккаласи ҳам статистикада китобхон сифатида кўриниши мумкин, аммо уларнинг мутолаа тажрибаси турлича. Шунинг учун мен кейинги босқичда китоб атрофида фикрий муҳит шаклланишига катта умид билан қарайман. Китоб клублари, адабий муҳокамалар, муаллифлар билан очиқ суҳбатларни кўпайтиришимиз зарур.
Менимча, ҳақиқий китобхонлик маданиятининг муҳим белгиларидан бири ҳам шу: одам ўзи ўқиган ҳар бир фикрни тайёр ҳақиқат сифатида қабул қилмасликни ўрганади. Китоб унга бошқа инсоннинг ҳаётини, бошқа даврни, ўзига бегона қарашларни тушуниш имконини беради.
“Мутолаа” лойиҳасида китобхонларни ўзаро боғлаш, асарлар ҳақида фикр алмашиш имкониятини кенгайтиришга қаратилган ишлар ҳам бошланган. Буни лойиҳанинг табиий давоми деб биламан. Чунки китоб ўқиган одам ўз таассуротларини ким биландир ўртоқлашишни истайди. Ана шу эҳтиёж атрофида улкан адабий муҳит пайдо бўлади.
— Ёзувчи учун энг оғир синовлардан бири, эҳтимол, ўз асари билан жамият ўртасидаги масофани ҳис қилишдир. Китоб минглаб нусхада тарқалиши, муаллиф эътироф этилиши мумкин, бироқ у кўтарган муаммолар сақланиб қолаверади. Шундай вазиятда ёзувчи ўз меҳнатининг самарасини нимада кўради? Адабиёт инсонни ёки жамиятни ўзгартириши шартми? Ниҳоят, бугунги Жавлон Жовлиев учун “ёзувчининг бахти” деган тушунчанинг мазмуни ижодга энди кириб келган йилларидагидан қанчалик ўзгарган?
— Инсоннинг бахт ҳақидаги тасаввури ўзи билан бирга улғайиб боради. Бир пайтлар бахт деб билганингиз йиллар ўтиб, сиз учун оддий воқеага айланади. Аввал аҳамият бермаган нарсангизнинг қадрини эса кейинроқ тушунасиз. Ёзувчиликда ҳам шундай. Ижодга энди кириб келган пайтингиздаги орзуларингиз билан бир неча китоб ёзганингиздан кейинги ўйларингиз бир хил бўлмайди.
Адабиётнинг гўзал жиҳати шундаки, сиз бир асарни ёзишга киришганингизда унинг охирида ўзингиз қандай инсонга айланишингизни ҳам билмайсиз. Асар устида ишлаш давомида кўп нарса ҳақида қайта ўйлаб кўрасиз. Баъзан аввал ишонган фикрингизга шубҳа билан қарайсиз. Қаҳрамонингизни тушунишга ҳаракат қилиб, ўзингиз ҳам англамаган туйғуларга дуч келасиз. Шу маънода, ёзувчилик мен учун фақат китоб яратиш жараёни эмас. Бу ўзимни, даврни, одамларни, Ватанни ва ҳаётни қайта-қайта англашга уриниш ҳамдир.
Сиз адабиёт жамиятни ўзгартира оладими, деб сўрадингиз. Бу жуда мураккаб савол. Мен бирор роман ёзиб, уни ўқиган одамларнинг барчаси ўзгариб кетади деб ўйламайман. Ҳатто жуда кучли асар ҳам ҳаммага бир хил таъсир қилмайди. Кимдир ундан ўз ҳаётига дахлдор маъно топади, бошқа биров шунчаки қизиқарли воқеани ўқийди. Ажабланарли жойи йўқ. Чунки китобнинг ўқувчига таъсири унинг ҳаётий тажрибаси, дунёқараши, ўша пайтдаги руҳий ҳолати билан ҳам боғлиқ. Шунинг учун адабиётнинг самарасини муайян ижтимоий муаммо ҳал бўлгани ёки ҳал бўлмаганига қараб баҳолаш қийин. Масалан, адолатсизлик ҳақида қанча асар ёзилган, аммо дунёда адолатсизлик тугагани йўқ. Уруш ҳақида буюк романлар яратилган, инсоният эса уруш қилишда давом этяпти. Шунга қараб, адабиётнинг кераги йўқ экан, деган хулосага келолмаймиз-ку. Адабиётнинг инсонга таъсири ҳар доим ҳам дарҳол кўзга ташланавермайди.
Бахт ҳақида гапирсам, ёзувчининг бахтини фақат ўқувчиларнинг эътирофи билан боғлаб қўйиш ҳам бирёқлама хулоса бўлади. Боиси, асарни тугатганингиздан кейин, одамлар уни яхши қабул қилган тақдирда ҳам, ичингизда қандайдир қониқмаслик ҳисси қолади. Менда доим шундай бўлади. Китобим чиқади, ўқувчилардан яхши фикрлар эшитаман, хурсанд бўламан. Кейин эса асарнинг айрим жойларини эслаб, бошқачароқ ёзишим мумкин эди деб ўйлайман. Қайсидир қаҳрамонни чуқурроқ очиш, бирор воқеани таъсирлироқ тасвирлаш, айрим фикрларни аниқроқ ифодалаш мумкин бўлгандек туюлади.
Тугалланган ҳар бир асаримда мен учун шундай енгилиш ҳисси ҳам бор. Ижод жараёнида нималарнидир топасиз, нималарнидир йўқотасиз. Асар тугагач, ўша йўқотилган имкониятлар ҳақида ҳам ўйлайсиз. Бу ҳолат баъзан қийнайди. Лекин мен уни ижодкор учун зарур туйғу деб биламан. Агар ёзганларимдан бутунлай қониқиш ҳосил қилсам, кейинги асарни ёзишга эҳтиёж ҳам сезмаган бўлармидим, ким билсин.
Ёшликда бахтни кўпроқ бирор манзилга етиб бориш билан боғлар экансиз. Китобим чиқса, бахтли бўламан. Асарим ўқилса, бахтли бўламан. Мени танишса, бахтли бўламан. Кейин эса ҳар бир манзилдан сўнг йўл яна давом этишини тушунасиз. Ёзувчиликда бир куни ҳамма саволга жавоб топиб, энди хотиржам яшайман, дейдиган нуқта йўқ, шекилли. Чунки инсоннинг ўзи ҳам, жамият ҳам, адабиёт ҳам тўлқиндек мунтазам қалқиб, бир кўтарилиб, бир тушиб боради.
Бугун юртимизда кечаётган ўзгаришларга қараб ҳам шу ҳақда ўйлайман. Мен ёшлигимда кўрган, асарларимда тасвирлашга уринган ҳаётнинг айрим манзаралари бугун ўзгарган. Бу жараённинг ичида яшаб, унинг қувончини ҳис қилишнинг ўзи катта бахт. Шу билан бирга, ҳар қандай ўзгариш ижодкор олдига янги саволларни қўяди. Кечаги муаммоларнинг айримлари ортда қолар, одамларнинг орзулари, эҳтиёжлари, ҳаётга муносабати ўзгарар экан, адабиёт ҳам уларни қайтадан англашга интилади. Мен учун бу жуда муҳим. Чунки ёзувчи фақат ўзи билган, бошидан кечирган ҳаётни такрорлаб ёзаверса, бир куни ўзини такрорлашдан нарига ўтолмай қолади. У ўзгараётган одамларни ҳам тушуниши, уларнинг янги қувончлари ва янги изтиробларини ҳам ҳис қила олиши керак.
Ёзувчиликни ўзим учун тугалланган бир муваффақият деб қабул қилолмайман. Ҳали ёзишим керак бўлган асарлар, англашим керак бўлган инсонлар, тақдирлар, жавоб излашим шарт бўлган саволлар кўп. Эҳтимол, бугун мамлакатимизда улғаяётган бир боланинг ҳаёти менинг болалигимдан анча фарқ қилар. Унинг орзулари ҳам, дунёқараши ҳам бошқачадир. Ўша боланинг ҳаётини ҳам тушуна оладиган, унинг даври ҳақида ҳам рост ёза оладиган ёзувчи бўлиб қолишни истайман.
Балки шунинг учун ҳам ижодкорнинг бахтида доим бир оз безовталик бўлади. У эришганларидан қувонади, аммо ўзи ҳали эриша олмаган имкониятларни ҳам ҳис қилиб туради. Мен учун энг қувонарлиси — бугун ўзим ҳам, юртим ҳам кечаги орзуларимиз билан чекланиб қолмаяпмиз. Олдимизда ҳали кўп йўл бор. Шу йўлда менинг ҳам ёзадиган китобларим, айтадиган гапларим борлигига ишонаман, умид қиламан.
Ёзувчининг чин бахти — умид.
— Мазмунли суҳбат учун ташаккур!
“Янги Ўзбекистон” мухбири
Азизбек ЮСУПОВ суҳбатлашди.