Қидирувдаги шахс фирибгарлик содир этишда айбланмоқда. У ғайриқонуний ҳаракатларни содир этгач, жиноий жавобгарликдан қутулиб қолиш умидида Ўзбекистон Республикаси ҳудудини тарк этган ва узоқ вақт хорижда яшириниб юрган.
Тезкор аҳамиятга молик маълумотлар билан доимий айирбошлаш, хорижий ҳамкорлар билан яқин ҳамкорлик ўрнатиш ҳамда ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида қидирувдаги шахснинг манзили аниқланди. Амалга оширилган ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатлар натижасида зарур процессуал тадбирлар уюштирилиб, сўнгра уни миллий қонунчилик талабларига мувофиқ жиноий жавобгарликка тортиш учун Ўзбекистон Республикасига қайтариш таъминланди.
Ушбу натижа Интерпол каналлари орқали амалга оширилаётган халқаро полиция ҳамкорлигининг юксак самарадорлигидан, шунингдек, тергов ва суд органларидан яшириниб юрган шахсларнинг жойлашувини аниқлаш ҳамда уларни қайтариш масалаларида Интерполнинг Ўзбекистон Республикасидаги Миллий марказий бюроси билан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг хориждаги вакиллари ўртасидаги самарали йўлга қўйилган ҳамкорликдан далолат беради.
Интерполнинг Ўзбекистон Республикасидаги Миллий марказий бюроси халқаро қидирувга берилган шахсларнинг турган жойини аниқлаш ва уларни жиноий жавобгарликка тортиш учун мамлакатга қайтариш ишларини изчил давом эттирмоқда.
Мамлакат ташқарисида яширинишга уриниш одил судловдан қочиб қутулиш имконини бермайди. Халқаро полиция ҳамкорлигининг замонавий механизмлари қидирувдаги шахсларни, қайси давлатда бўлишидан қатъи назар, топиш ва қайтаришни таъминлаб, содир этилган жиноятлар учун жавобгарликнинг муқаррарлиги тамойилини таъминлайди.
Интерполнинг Ўзбекистон Республикасидаги Миллий марказий бюроси