Мамлакат салоҳиятини янги корхоналар, инвестициялар ва миллиардлаб маблағлар билан ҳам ўлчаш мумкин. Бироқ уларнинг асл қадри одамлар рўзғорида сезилиб, меҳнатига куч, эртанги кунига ишонч бергандагина намоён бўлади.
Сўнгги йилларда камбағалликни қисқартириш бўйича қилинаётган ишлар натижасини бугун кўпчилик ўз ҳаётида ҳис қилмоқда. Энг муҳими, муаммо яширилмай, очиқ тан олинди. Амалий натижаларни рақамлар ҳам тасдиқлайди. Камбағаллик даражаси 2017 йилдаги 35 фоиздан 4 фоизга тушди. Бу рўзғорига барака кирган ва турмуши яхшиланган 10 миллион инсоннинг розилиги ва хотиржамлигидир.
Давлатимиз раҳбари раислигида 3 сентябрь куни камбағалликни қисқартириш ва аҳоли даромадларини ошириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида ҳам бу масалага алоҳида эътибор қаратилди. Йил бошида камбағаллик даражаси 5,8 фоиз бўлиб, эҳтиёжманд аҳоли сони 2 миллион 200 мингтани ташкил этган эди. Бугун эҳтиёжмандлар сони 1 миллион 500 мингга тушди. Ўзгаришлар ҳаёти енгиллашган, меҳнатига суянч топган, рўзғорига файз кирган юз минглаб инсонлар тақдирида акс этмоқда. Ишни тўғри ташкил этган 49 та туман ва 3429 та маҳалланинг ишсизлик ва камбағалликдан холи ҳудудга айланиб бораётгани ўз меҳнати ва қобилияти билан ҳаётини яхшилаши учун имкониятни кенгайтириш ғояси тобора чуқур илдиз отаётганини кўрсатади.
Иқтисодий имкониятни яратишнинг ўзи ҳали натижа дегани эмас. Уни тўғри йўналтириш, инсонни унга тайёрлаш ва бошланган ишни охирига етказиш ҳам муҳим. Ҳудудларда сўнгги бир йилда ташкил этилган 86 мингта кичик корхонанинг 15 мингтаси, яъни 17 фоизи фаолиятини тўхтатгани шу ҳақиқатни ўйлашга мажбур қилади. Банкдан кредит олиб, ўз бизнесини йўлга қўя олмаган 62 минг фуқаронинг қарзини қайтаришда қийналаётгани эса масаланинг яна бир оғриқли томонини кўрсатмоқда. Демак, инсонга маблағ бериш билан иш битмайди. Унга қайси ишни бошлаш, бозорни қаердан топиш, маҳсулотини қандай сотиш, даромадни қандай кўпайтиришни ҳам ўргатиш керак.
Энди асосий эътибор маблағни ажратишдан кўра, уни барқарор даромад манбаига айлантиришга қаратилмоқда. Оилавий ва ёшлар тадбиркорлиги учун имтиёзли кредитларни бошқариш ваколати туман штабларига берилади. Кредитнинг миқдори, уни нақд ёки нақдсиз ажратиш, қайтариш муддати ва тўлов графиги бизнеснинг хусусиятига қараб белгиланади. Айтайлик, мавсумий даромад оладиган деҳқон билан ҳар ой пул айланмаси бўладиган хизмат кўрсатувчи тадбиркорнинг қарзни қайтариш имконияти турлича. Янги тартиб ана шу фарқни ҳисобга олишга шароит яратади.
Туманлар ихтиёрига берилган маблағ салмоқли: оилавий тадбиркорлик учун 1 триллион 370 миллиард сўм, ёшлар тадбиркорлиги учун 450 миллиард сўм ресурс мавжуд. Камбағалликни қисқартириш давлат мақсадли жамғармасидан 240 миллиард, Бандлик жамғармасидан 100 миллиард, учта “дафтар”дан 760 миллиард сўм ва компенсациялар учун 300 миллиард сўм йўналтирилади. Жами 3 триллион 200 миллиард сўм туманлар ихтиёрида бўлади. Энди асосий масъулият ҳам шу ерга кўчади: маблағ берилдими, кейинги савол лойиҳа ишлаяптими, инсон даромад топяптими, кредитни қайтариш имконияти борми деган масалаларга бориб тақалади.
Янги механизм тадбиркорликни якка ҳаракатдан ҳамкорликка олиб чиқишни ҳам кўзда тутади. 10 та оила билан кооперация қилган лидер тадбиркор 500 миллион сўмгача, 100 та оила билан ишлаган тадбиркор 5 миллиард сўмгача гаровсиз кредит олиши мумкин. Масалан, битта тадбиркор маҳсулот сотиш, хомашё етказиб бериш ёки тайёр маҳсулотни қабул қилиш тизимини йўлга қўйса, ўнлаб оилалар учун доимий буюртма ва даромад пайдо бўлади. Шу орқали кредит бир бизнес билан бирга бир нечта хонадон учун ҳам даромад манбаини ҳаракатга келтиради.
Кредит тарихида кечикиш бўлган эҳтиёжманд фуқаролар учун ҳам эшик ёпилмайди. Уларнинг янги лойиҳаси алоҳида ўрганилиб, имконияти бор ҳолларда имтиёзли молиялаштирилади. Бунда кечаги қарздорликнинг ўзига эмас, янги лойиҳанинг даромад келтириш имкониятига қараш муҳим. Чунки қарзни қайтаришнинг энг ишончли кафолати кўп ҳолларда инсоннинг барқарор даромад манбаига эга бўлишидир.
Инклюзив молиялаштиришнинг туман штаблари ваколатига ўтказилиши шу мақсадга хизмат қилади. Меҳнат қилиш истаги бор, лекин имконияти чекланган инсон учун оддий кредит шартлари тўғри келмаслиги мумкин. Шунинг учун ҳар бир лойиҳани инсоннинг шароити, қобилияти ва даромад олиш имконияти билан бирга баҳолаш талаб этилади.
Кредит, субсидия ва компенсация шартларини ягона қолипда белгилаш ўрнига, уларни ҳудуднинг иқтисодий имкониятидан келиб чиқиб янгилаб бориш белгиланмоқда. Чунки туманда қайси маҳсулотга талаб борлиги, қайси касбга ишчи кераклиги ва қайси бизнес тури тезроқ даромад бериши жойнинг ўзида кўринади. Шунинг учун қарор ҳам муаммога яқин жойда қабул қилинса, маблағнинг йўналиши аниқроқ бўлади.
Шунингдек, маблағ бериш жараёнининг ўзи натижа сифатида қабул қилинмайди. Кредит олган одам ишини бошладими, маҳсулотига харидор топдими, даромади ошдими, оиласидан яна кимни иш билан таъминлай олди — асосий баҳолаш шу саволлар асосида бўлиши керак. Шунда 3 триллион 200 миллиард сўм оддий молиявий ресурс бўлиб қолмай, одамларнинг меҳнати ва даромадига айланади.
Молиялаштириш тартиби ўзгариши билан ишнинг энг муҳим бўғини — уни амалга оширадиган инсонга ҳам талаб кучаймоқда. Иқтисодиёт вазирлиги ва Марказий банк ҳудудларнинг имконияти ва эҳтиёжидан келиб чиқиб, молиялаштириш механизмларини ҳар чоракда янгилаб боради. Кечаги усул бугунги эҳтиёжга жавоб бермаса, уни ўз вақтида ўзгартириш керак. Чунки иқтисодиёт бир жойда турмайди, маҳалладаги эҳтиёж ҳам ҳар куни ўзгариб боради.
Шу талабдан келиб чиқиб, туман штаблари маҳалладаги ҳоким ёрдамчиларини “лойиҳабай” ишлаш тизимига ўтказади. 8992 та маҳаллада фаолият юритаётган ҳоким ёрдамчиларининг иш самараси қайта баҳоланади: ташаббускор ва натижа кўрсатаётган кадрлар қўллаб-қувватланади, вазифасига мос келмайдиганлар ўрни янгиланади.
Шу боис, кадрни алмаштириш билан чекланилмай, уни тайёрлашга ҳам урғу берилмоқда. Икки ой ичида махсус ўқув маркази ташкил этилиб, хорижий мутахассислар жалб қилинади. Ҳоким ёрдамчисига кредит ажратиш тартибини билишнинг ўзи кифоя қилмайди: у бизнес ғоясини лойиҳага айлантириши, унинг бозорини кўриши, харажат ва даромадни ҳисоблаши, тадбиркорни иш бошлагандан кейин ҳам кузатиб бориши керак.
Энг яхши натижа кўрсатган ходимлар учун хориж тажрибасини ўрганиш имконияти яратилади. Йил якунига қадар ҳар бир тумандан икки нафардан энг яхши ҳоким ёрдамчисининг Хитой, Япония ва Туркияда малака ошириши режалаштирилмоқда. Намунали ходимларга алоҳида малака даражаси берилиб, 50 фоизгача устама тўланиши ҳам бир сигнални англатади: маҳалладаги меҳнат қадрланади, натижа кўрсатган кадрнинг масъулияти ҳам, имконияти ҳам ортади.
Тадбиркорлик инфратузилмасига оид лойиҳаларни бошқаришдаги ўзгариш қарорни муаммога яқинлаштиришга қаратилган. Масалалар вилоят даражасида ҳал қилинаверса, жойдаги эҳтиёжни аниқлашдан тортиб, маблағни ажратишгача бўлган жараён чўзилиши мумкин. Энди туманнинг лойиҳа буюртмачисига айлантирилиши орқали қарор қабул қилиш тезлашади, маблағ эса эҳтиёж турган жойга яқинлашади.
Айниқса, оғир маҳаллалар учун таклиф этилаётган 2-3 карра қўшимча ресурс муҳим. Чунки имконияти чекланган ҳудудга барча жой учун бир хил ёндашув билан натижа чиқариб бўлмайди. Қайси маҳаллада иш ўрни яратиш учун кўпроқ маблағ зарур бўлса, ўша жойга каттароқ ресурс йўналтирилади. Мақсад имкониятни тенглаштиришдир.
Шу нуқтаи назардан қараганда, янги тизимнинг асосий мазмуни ваколатларни юқоридан қуйи бўғинларга ўтказиш билан бирга қарор қабул қилиш жараёнини инсонга, лойиҳага ва натижага яқинлаштиришда намоён бўлади. Маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси имкониятни кўра олса, банк ходими уни молиялаштириш йўлини топса, туман штаби қарорни тез қабул қилса, маблағ иш ўрнига, даромадга ва оила ризқига айланади.
9 сентябрь куни давлатимиз раҳбари раислигида ўтказилган ҳудудларда аҳоли бандлиги ва даромадини ошириш борасида амалга оширилаётган ишларга бағишланган кенгайтирилган йиғилишда ҳам бир қатор муҳим вазифалар белгилаб берилди. Жумладан, янги маблағ излашдан кўра, ҳудуднинг ўзида мавжуд, аммо тўлиқ ишламаётган имкониятларни ҳаракатга келтиришга эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланди. Хусусан, давлат банклари балансида турган қарийб 2,5 мингта объект ва мол-мулкнинг умумий қиймати 10 триллион сўмга яқин бўлиб, уларни самарали ишга тушириш орқали 40 минггача иш ўрнини тиклаш имконияти борлиги қайд этилди. Рақамлар муҳим бир ҳақиқатни кўрсатади: камбағалликни қисқартириш учун янги ресурс яратишдан ташқари мавжуд имкониятларни қайта жонлантириш орқали ҳам минглаб одамлар учун даромад манбаини шакллантириш мумкин.
Инсон фаровонлиги фақат даромад билан ўлчанмайди. Бир оиланинг иқтисодий аҳволига фарзандлар сони, саломатлик, ногиронлик, оила аъзосининг хорижда меҳнат қилиши каби омиллар ҳам таъсир қилади. Шу сабабли ижтимоий ҳимоя тизимида инсоннинг ҳолатига чуқурроқ қараш зарурати пайдо бўлмоқда. “Ижтимоий реестр”ни шакллантиришда оила даромади билан бир қаторда унинг турмуш шароитига таъсир қилувчи бир нечта омилга бир вақтнинг ўзида баҳо бериш тизими жорий этилади. Натижада ижтимоий кўмак ҳақиқатан кўпроқ эҳтиёж сезаётган хонадонларга аниқроқ йўналтирилади.
Жумладан, мамлакатда камбағаллик даражаси 3,9 фоизга тушгани ҳолда, 3 ёшгача фарзанди бор оилаларда мазкур кўрсаткич 6,5 фоизни ташкил этмоқда. Фарқнинг ўзи бир муаммони кўрсатиб турибди: бола парвариши даврида ота-онанинг меҳнат қилиш ва даромад топиш имконияти қисқаради. Шунинг учун бундай оилаларга моддий ёрдам ва ота-онани уйида ёки маҳаллада ишлаш имконияти билан таъминлаш, бола тарбияси билан меҳнат ўртасидаги узилишни камайтириш керак.
Ишлайдиган оналарга фарзанди бир ёшга тўлгунга қадар ижтимоий суғурта жамғармасидан нафақа тўланиши, меҳнатга лаёқатсиз эҳтиёжманд оилалар учун “пассив даромад” келтирадиган ижтимоий пакетга 300 миллиард сўм ажратилгани шу мақсадга хизмат қилади. Мазкур ёрдамдан фойдаланган 11 минг оиланинг ярмида даромад сезиларли ошгани ижтимоий кўмак оилани вақтинча қўллаб-қувватлабгина қолмай, унинг ўзини тиклаб олишига хизмат қилса, самараси узоқроқ давом этишини кўрсатди.
Келгуси йилдан “Ижтимоий реестр”га киритилган оилалар фарзандларининг боғча тўлови, ўқув маркази харажати, йўлкираси ва олийгоҳ ётоқхонаси учун тўловлар ваучер орқали қопланиши шу ёндашувнинг мантиқий давомидир. Ваучернинг 12 ой амал қилиши, оила реестрдан чиқарилганидан кейин ҳам ундан фойдаланиш имкони сақланиши боланинг таълими оиладаги қисқа муддатли молиявий қийинчилик сабаб тўхтаб қолмаслиги учун муҳим кафолат бўлади.
Эндиликда асосий эътибор қабул қилинган қарорларнинг маҳаллада қандай ишлашига қаратилади. Вилоят ва туман ҳокимлари сентябрь-декабрь ойларида 350 минг кишини доимий ишга жойлаштириш, 1 миллион аҳолининг даромадини ошириш ва йил якунига қадар 230 минг оилани камбағалликдан чиқариш вазифасини олмоқда.
Хитой тажрибаси асосида туман ва маҳаллада аҳоли билан бевосита ишлайдиган ходимлар учун аниқ кўрсатмалар ишлаб чиқилиши шу эҳтиёждан келиб чиқади. Чунки катта вазифаларнинг натижаси хонадон эшигидан бошланади. Бир оилага муносиб иш топилиши, бир боланинг таълим олиши, бир онанинг меҳнатга қайтиши, бир хонадоннинг доимий даромад манбаига эга бўлиши белгиланган мақсадларнинг ҳаётдаги ўлчовидир.
Ҳар бир инсон ҳаётида имконият эшиги очилган лаҳза бор. Ана шу имконият инсонга ўз кучига ишониш, меҳнатига суяниш ва ўз йўлини топиш учун куч беради. Бир оилага муносиб иш, бир тадбиркорга зарур шароит, бир инсонга ўз қобилиятини намоён этиш учун имконият яратилса, унинг таъсири бир хонадон доирасида қолмайди. Хонадондаги даромад маҳаллага, маҳалладаги фаровонлик эса юрт тараққиётига уланади. Шу маънода, яратилаётган имкониятларнинг энг катта мақсади — инсонни доимий ёрдамга эҳтиёж сезадиган ҳолатдан ўз меҳнати, салоҳияти ва ташаббуси билан даромад яратадиган даражага олиб чиқишдир. Чунки инсон ўз қўли билан топган ризқнинг қадри ҳам, баракаси ҳам бошқача бўлади. Кеча имконият кутиб турган хонадон бугун ўз даромадини яратса, эртага яна бир инсонга иш эшигини очиши мумкин. Ана шундай ҳаракат бир хонадондан бошланиб, маҳалла ва бутун жамият ҳаётига таъсир кўрсатади.
Сардор ТОЛЛИБОЕВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири