Яратилган имконият ва имтиёзлар самараси нималарда кўзга ташланаётир? Ёшларнинг яқин ҳамкорига айланган “Эл-юрт умиди” жамғармаси ижрочи директори, юридик фанлар доктори, профессор Гулноза ИСМОИЛОВА билан суҳбатимизда шу каби саволларга жавоб топишга ҳаракат қилдик.
— Бир йил — тарих учун қисқа муддат, —деди Гулноза Исмоилова. — Аммо айрим даврлар борки, улар янги босқичнинг бошланишига айланади. 2025 йил 5 майда Президентимиз “Эл-юрт умиди” жамғармасини тубдан трансформация қилишга доир фармонни имзолади. Бу институционал ўзгариш, инсон капиталига таянган янги тараққиёт моделига ўтиш бўйича муҳим қадам бўлди. 2025-2026 йилларда ўтказилган очиқ стипендия танловларида 447 нафар ёшлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Эл-юрт умиди” стипендияси совриндори бўлди. Уларнинг
30 фоизи — хотин-қизлар. 332 нафар ёшлар бакалавриатда, 100 нафари магистратурада, 15 нафари эса докторантурада дунёнинг етакчи университетларида таҳсил олиш имкониятини қўлга киритди. Энг муҳими — ғолибларнинг 80 фоизи дунё ТОП-100 университетларига қабул қилинди.
Бир вақтнинг ўзида жамғарма халқаро таълим дипломатиясининг фаол иштирокчисига айланмоқда. Fulbright, Chevening, British Council, Türkiye Bursları ва “Болашақ” каби етакчи дастурлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилди. Оксфордда ўзбекшунослик дастури, Франциянинг Airbus ва ENAC компаниялари билан қўшма лойиҳалар, давлат хизматчилари учун Гарвард ва БМТ тизимидаги мақсадли стажировкалар шулар жумласидан. Шунингдек, дунёнинг 10 га яқин нуфузли университети билан стипендиатлар учун 50 фоизгача чегирма бериш бўйича келишувларга эришилди.
“Ўзбекистон — 2030” стратегияси доирасида таълим иқтисодий ўсиш драйверига айланмоқда. “Эл-юрт умиди” жамғармаси эса бугун — имкониятлар платформаси, келажак тизими ва тараққиёт сари интилаётган жамоа.
— Мавжуд таълим дастурларидан ташқари, мақсадли стажировкани ташкил этиш борасида қандай ишлар бажарилди?
— Бугун жамғарма давлат органлари ва ташкилотларининг сўрови асосида мақсадли стажировка дастурлари портфелини фаол шакллантирмоқда. Мамлакатнинг узоқ муддатли истиқболдаги рақобатбардошлигини белгилайдиган йўналишларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Сўнгги бир йилда бундай дастурларни амалга ошириш учун халқаро ҳамкорлик тармоғини шакллантириш бўйича кенг кўламли ишлар қилинди. Хусусан, “Эл-юрт умиди” жамғармаси ва Туркия Олий таълим кенгаши ўртасида меморандум имзоланди.
Гонконгнинг етакчи университетлари билан ҳамкорликни ривожлантириш алоҳида йўналишга айланди. Гонконг фан ва технологиялар университети, Гонконг университети ва Гонконг политехника университети билан ўтказилган музокаралар якунида Ўзбекистоннинг давлат хизматчилари, тадқиқотчилари ва таҳлилчилари учун ихтисослаштирилган стажировка дастурларини йўлга қўйиш бўйича келишувларга эришилди.
Давлатимиз раҳбари қўйган асосий вазифалар қаторидан ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизими учун кадрлар тайёрлаш масаласи ҳам ўрин олган. Жорий йилда “Эл-юрт умиди” жамғармаси ва Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси ўртасида меморандум имзоланди. Шунингдек, қўшма “йўл харитаси” тасдиқланди. Ушбу ҳужжат ихтисослаштирилган ўқитишдан тортиб, дунёнинг етакчи университетлари ва тадқиқот марказларида киберхавфсизлик, сунъий интеллект, робототехника ва дрон технологиялари йўналишлари бўйича хорижий стажировкаларни қамраб олган каскадли кадрлар тайёрлаш тизимини яратишни назарда тутади.
Фаолиятимизда тиббиёт йўналиши алоҳида ўрин тутади. Жорий йил баҳорида жамғарманинг очиқ танлови натижаларига кўра саралаб олинган бир гуруҳ мутахассис Париж ва Страсбургнинг етакчи онкология марказларида стажировка ўтаб қайтди. Дастур иштирокчилари онкологик касалликларни ташхислаш ва даволашнинг илғор усуллари, университет клиникалари фаолиятини ташкил этиш ҳамда тиббий менежментдаги замонавий ёндашувлари билан танишиш имкониятига эга бўлди.
Биз стажировкаларни жаҳондаги илғор амалиётларнинг соғлиқни сақлаш, давлат бошқаруви, фан, таълим ва иқтисодиёт ривожига хизмат қилишига имкон берадиган халқаро билим ва технологиялар трансфери тизимини шакллантирмоқдамиз. Мақсадли стажировкаларнинг асосий вазифаси ҳам айнан шундан иборат: нафақат муайян мутахассисни ўқитиш, балки билим ва инсон капитали учун глобал рақобат шароитида рақобатбардошликни оширишга қодир бўлган янги компетенциялар, технологиялар ва бошқарув ечимларининг мамлакатимизга қайтарилишини таъминлашдир.
— Хорижий мамлакатлар ёшларининг миллий олий таълим муассасаларида ўқишини молиялаштиришга кўмаклашиш вазифалари қай даражада уддаланмоқда? Натижалар бугун нималарда кўриняпти?
— “Эл-юрт умиди” жамғармаси ҳақида сўз кетса, кўпинча хорижда таҳсил олаётган Ўзбекистон фуқароларига кўрсатилаётган кўмак ёдга олинади. Бироқ Президентимизнинг мазкур фармони жамғарманинг миссиясини сезиларли даражада кенгайтирди.
Жамғарма олдига илк бор қонунчилик даражасида хорижий фуқароларнинг Ўзбекистон олий таълим муассасаларида таҳсил олишига кўмаклашиш вазифаси қўйилди.
Бу — давлатимиз раҳбарининг ғоят муҳим ва стратегик қарори. Бугун дунёда таълим нафақат кадрлар тайёрлаш воситаси, балки “юмшоқ куч”, халқаро ҳамкорлик ва давлатлар ўртасида узоқ муддатли ишончни шакллантиришнинг энг самарали қуролларидан бирига айланиб бормоқда.
Ҳозир Ўзбекистондаги ОТМларда 40 мингга яқин чет эллик талаба таҳсил олмоқда. Хорижий фуқаролар учун ҳар йили 500 тагача грант ажратишни кўзда тутувчи “New Uzbekistan Scholarship” дастури эълон қилинди. Олий таълимнинг халқаролашуви фаол ривожланмоқда, академик ҳаракатчанлик кўлами кенгаймоқда. Етакчи хорижий университетлар билан қўшма таълим дастурлари ишлаб чиқилмоқда.
Шу билан бирга, биринчи босқичда Марказий Осиё мамлакатларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу Ўзбекистоннинг яхши қўшничилик, ўзаро ишонч, очиқлик ва биргаликда ривожланиш тамойилларига асосланган янги минтақавий сиёсатига тўла мос келади. Моҳиятан, мамлакатимиз нафақат алоҳида талабаларнинг таълимига сармоя киритмоқда, балки минтақа барқарорлигини таъминлаш, инсоний алоқаларни мустаҳкамлаш ва ягона билимлар маконини шакллантиришга ҳам ҳисса қўшмоқда.
Бу иқлим ўзгариши, сув хавфсизлиги, энергетика, рақамли трансформация ва барқарор ривожланиш билан боғлиқ замонавий таҳдидлар шароитида алоҳида аҳамият касб этади. Марказий Осиёнинг бирорта мамлакати бу масалаларни ёлғиз ўзи самарали ҳал эта олмайди. Бунинг учун умумий билим, ҳамкорликдаги тадқиқотлар ва талабалик давридаёқ шаклланган касбий ҳамжамиятлар зарур. Айнан шунинг учун Ўзбекистонда хорижий талабаларни ўқитиш кенг қамровли таълим дипломатияси стратегиясининг бир қисмига айланмоқда.
Таълим — ҳар доим келажакка киритилган сармоя. Бундай қарорлар самараси камдан-кам ҳолларда дарҳол сезилади. Аммо 10-20 йилдан сўнг айнан бугунги талабалар минтақадаги халқаро муносабатлар, иқтисодий ҳамкорлик ва илмий алоқаларнинг моҳиятини белгилаб беради.
“Эл-юрт умиди” жамғармаси фаолиятининг муҳим йўналишларидан бири Ўзбекистон Республикаси Президенти белгилаб берган вазифалар ижроси доирасида ўзбек тили, тарихи ва маданий меросини халқаро илмий доираларда тарғиб қилишдан иборат.
Шу нуқтаи назардан, “Эл-юрт умиди” жамғармасининг Оксфорд университетидаги “Oksford oʻzbekshunoslik dasturi” ташаббуси алоҳида аҳамият касб этади. 2025 йил октябрдан бошлаб Оксфорд университетида замонавий ўзбек тили ва чиғатой тили курслари йўлга қўйилди. Биринчи ўқув йилининг ўзида дастурда Буюк Британия, АҚШ, Германия, Хитой, Чехия, Ҳиндистон ва бошқа мамлакатлардан 20 дан ортиқ талаба ва тадқиқотчи иштирок этди.
Айниқса, тингловчиларнинг аксарияти шарқшунослик, тарих, тилшунослик, исломшунослик, халқаро муносабатлар ва минтақавий тадқиқотлар йўналишлари вакиллари экани эътиборга молик. Уларнинг кўпи келгуси илмий изланишларини Марказий Осиё ва Ўзбекистон билан боғлаш ниятида.
Илгари ўзбек тилини билмаган талабалар икки академик семестр давомида Умумевропа компетенциялари (CEFR) халқаро шкаласи бўйича А2 даражасига эришиб, ўзбек тилидаги илмий адабиётлар, архив материаллари ва тарихий манбалар билан ишлаш имкониятига эга бўлди.
Чиғатой тилини ўрганиш дастури натижалари аҳамияти ҳам бундан кам эмас. Курс иштирокчилари ҳозирданоқ Оксфорд университетининг Бодлиан кутубхонаси фондларида сақланаётган XIV–XX асрларга оид ноёб қўлёзмалар билан ишламоқда. Мовароуннаҳр ва Марказий Осиё тарихига оид тарихий матнлар, дипломатик ёзишмалар, адабий асарлар ҳамда тарихий солномаларни ўрганмоқда.
Ушбу ташаббус тил ўқитиш доирасидан анча кенг. Замонавий дунёда тил маданий дипломатия, миллий меросни тарғиб қилиш ва халқаро гуманитар ҳамкорликни мустаҳкамлаш воситаси. Оксфордда ўзбек тилини ўрганаётган ҳар бир талаба Ўзбекистон тарихи, маданияти ва замонавий жараёнларини чуқур англайдиган салоҳиятли тадқиқотчи, ўқитувчи, эксперт, дипломат ёки жамоатчилик фикри етакчисига айланади.
— “Эл-юрт умиди” жамғармасининг Ота-оналар кенгаши фаолияти ҳақида ҳам фикрларингизни билмоқчи эдик.
— Халқаро даражадаги кадрлар тайёрлаш ҳақида гап кетганда, кўпинча эътибор стипендиатларнинг ўзига, университетлар ёки таълим дастурларига қаратилади. Бироқ ҳар бир ёш инсоннинг муваффақияти ортида доимо унга биринчи бўлиб ишонган, йиллар давомида қўллаб-қувватлаган ва қийинчиликларни енгиб ўтишида ёрдам берган одамлар туради. Булар, шубҳасиз, ота-оналардир.
Айнан шунинг учун ҳам сўнгги йиллардаги муҳим янгиликлардан бири 2025 йил кузида “Эл-юрт умиди” жамғармаси ҳузурида Ота-оналар кенгашининг ташкил этилиши бўлди. Унинг таркибидан Ўзбекистоннинг турли ҳудудидан келган стипендиатларнинг ота-оналари, шунингдек, ўзларидан вакиллар ўрин олди. Моҳиятан, кенгаш стипендиатларимизнинг оилалари ва таълим дастурлари иштирокчилари ўртасидаги очиқ мулоқот учун ўзига хос майдонга айланди.
Биз учун бу қайта алоқа ва жамоатчилик иштирокини таъминлайдиган муҳим институтдир. Чет элда ўқиш шунчаки академик жараён эмас. Кўплаб ёшлар учун бу оиладан йироқда узоқ вақт яшаш борасида илк тажриба, ўзга маданият, нотаниш тил, янги ижтимоий шароитлар ва юқори ўқув юкламасидир.
Мослашув даври кўпинча нуфузли хорижий университетга ўқишга киришдан ҳам мураккаб синовга айланади. Бундай шароитда оиланинг ўрни алоҳида аҳамият касб этади.
Бугун Ота-оналар кенгаши жамғарма ҳаётида иштирок этмоқда. Унинг вакиллари анъанавий ва масофавий шаклларда ўтказиладиган форумлар, стипендиатлар билан учрашувлар, онлайн мулоқотлар ва маслаҳатлашувларда фаол.
Айниқса, турли мамлакатларда таҳсил олаётган стипендиатлар билан мунтазам онлайн учрашувлар ўтказиш амалиёти катта аҳамият касб этди. Бундай мулоқотлар ўқув жараёни, мослашиш, дастур бўйича мажбуриятларга риоя этиш масалаларини муҳокама қилиш, шунингдек, жамғарма фаолиятини такомиллаштириш юзасидан таклифлар олиш имконини беради.
Бундан ташқари, кенгаш муҳим ижтимоий вазифани ҳам бажаради. Бугун стипендиатларнинг ота-оналари мамлакатимиз бўйлаб таълим имкониятларининг ўзига хос тарғиботчиларига айланмоқда. Улар ўз тажрибаси билан ўртоқлашади, бошқа оилаларга халқаро таълим имкониятлари ҳақида сўзлаб беради. Мавжуд стереотипларни бартараф этишда ёрдам беради ва иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш маданиятини шакллантиради.
— Сизнингча, Ўзбекистоннинг кейинги 10-20 йиллик тараққиётида қайси соҳалар учун юқори малакали кадрлар энг катта аҳамият касб этади?
— Бу жуда қизиқарли ва айни пайтда мураккаб савол. Очиғини айтсам, бугун дунёда 20 йилдан сўнг қайси касблар устунлик қилишини мутлақо аниқ башорат қила оладиганлар деярли йўқ. Технологик ўзгаришлар суръати шу қадар юқорики, бугун талаб кўп бўлган мутахассисликлар бир неча йилдаёқ жиддий ўзгариши мумкин, келажак касбларининг бир қисми эса ҳали умуман вужудга келмаган.
Сунъий интеллект, роботлаштириш, квант технологиялари, биомуҳандислик, янги материаллар, рақамли платформалар ва автоматлаштириш ҳозир жаҳон иқтисодиёти ва меҳнат бозори тузилмасини инсоният тарихида ҳеч қачон кузатилмаган тезликда ўзгартирмоқда. Шу сабабли, асосий вазифа доимий ўрганиш, мослашиш ва ноаниқлик шароитида ишлашга қодир инсонларни шакллантиришдан иборат.
Шунга қарамай, аксарият давлатлар, жумладан, Ўзбекистоннинг ривожланишини белгилаб берадиган глобал тенденциялар ҳам бор. Биринчи ва эҳтимол, энг яққол тенденция рақамли трансформациядир. Бугун рақамли технологиялар алоҳида бир соҳа эмас, балки ҳаётнинг деярли барча жабҳаси негизига айланиб бормоқда.
Сунъий интеллект, катта маълумотлар, киберхавфсизлик, булутли технологиялар, рақамли давлат ва автоматлаштириш мамлакатларнинг рақобатбардошлигини белгилаб беради.
Президентимиз рақамли иқтисодиётни ривожлантириш ва сунъий интеллектни жорий этишга алоҳида эътибор қаратаётгани бежиз эмас. Шу боис, “Computer Science”, “Artificial Intelligence”, “Cybersecurity”, “Data Science” ва рақамли бошқарув соҳаларидаги мутахассислар яқин ўн йилликларда энг талабгир кадрлар қаторида қолаверади.
Иккинчи энг муҳим вазифа иқлим ўзгариши ва сув хавфсизлиги билан боғлиқ. Марказий Осиё учун сув масалалари бугун нафақат экологик, балки иқтисодий, ижтимоий ва геосиёсий муаммога айланмоқда.
Аҳоли сонининг ўсиши, иқлим ўзгариши, музликларнинг қисқариши ва сув ресурсларига босимнинг ортиб бориши гидрология, сув менежменти, иқлим сиёсати, барқарор ривожланиш ва сув дипломатияси соҳаларида янги авлод мутахассисларининг етишиб чиқишини тақозо этмоқда.
Бир неча йил аввал бу каби йўналишларга тор ихтисослик сифатида қараларди. Бугун эса улар миллий хавфсизлик ва давлатларнинг барқарор ривожланиши масаласига айланмоқда.
Учинчи йўналиш энергетик ўтишдир. Дунё кам углеродли иқтисодиётга юз тутмоқда. Қуёш ва шамол энергетикаси, энергия сақлаш тизимлари, водород технологиялари, энергия самарадорлиги ва экологик менежментнинг ривожланиши янги компетенцияларга улкан талабни юзага келтиради. “Яшил” энергетика соҳасида кенг кўламли лойиҳаларни амалга ошираётган Ўзбекистон учун бу йўналиш стратегик аҳамият касб этади.
Тўртинчи йўналиш саноатлаштириш ва инфратузилмани ривожлантириш билан боғлиқ. Мамлакатимиз транспорт йўлаклари, логистика, саноат, тоғ-кон сектори, урбанистика ва замонавий инфратузилма қурилишига фаол сармоя киритмоқда.
Бу эса муҳандислар, материалшунослик, геология, кончилик иши, транспорт тизимлари, архитектура ва йирик инфратузилма лойиҳаларини бошқариш бўйича мутахассисларга талаб юқори эканини англатади.
Тиббиёт ва биотехнологияларни алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман. Пандемия тажрибаси кучли миллий соғлиқни сақлаш тизими нақадар муҳим эканини кўрсатди. Келажакда генетика, биомуҳандислик, персоналлаштирилган тиббиёт, онкология, фармацевтика ва тиббий технологиялар соҳасидаги мутахассислар алоҳида аҳамият касб этади. Бугун бутун дунёда бундай компетенцияларга талаб юқори эканини кўриб турибмиз.
Бироқ энг қизиқарли йўналиш, эҳтимол, космик саноат. Яқин-яқингача космосга парвоз фақат ўта қудратли давлатлар соҳаси сифатида қабул қилинарди. Бугун эса космик технологиялар алоқа ва навигациядан тортиб, иқлим мониторинги, қишлоқ хўжалиги ва табиий ресурсларни бошқаришгача бўлган кундалик иқтисодиётнинг бир қисмига айланмоқда.
Ўзбекистоннинг космик дастури ривожланиши, “Ўзбеккосмос” агентлиги фаолияти, сунъий йўлдош технологиялари ва Ерни масофадан зондлашнинг жорий этилиши аллақачон мутлақо янги йўналишдаги мутахассисларга талабни шакллантирмоқда.
Шу билан бирга, ишончим комилки, 10-20 йилдан сўнг тор профессионал кўникмалар энг талабгир бўлади. Етакчилик, танқидий фикрлаш, халқаро муҳитда ишлай олиш, хорижий тилларни билиш, ноаниқлик шароитида қарор қабул қилиш ва доимий ўрганиш қобилияти биринчи ўринга чиқади.
— Жамғарма битирувчиларининг мамлакат тараққиётига таъсирини қандай мезонлар билан баҳолайсиз? Бугун дунёда иқтидор учун рақобат кучаймоқда. Ўзбекистон ўзининг энг салоҳиятли ёшларини сақлаб қолиш учун нималар қилиши керак?
— Бу, шубҳасиз, инсон капиталини ривожлантиришга эътибор қаратаётган ҳар қандай мамлакат учун энг муҳим масалалардан. Таълим ва кадрлар тайёрлаш ҳақида сўз борганда, натижаларни фақат миқдорий кўрсаткичлар билан баҳолаш фикри туғилади: қанча талаба хорижда ўқияпти, қанча стипендия ажратилди, нечта келишув имзоланди ёки қанча дастур амалга оширилди? Бироқ асосий савол доим бошқача қўйилади: бу сармоя мамлакат ривожига қандай таъсир кўрсатмоқда?
Айнан шунинг учун ҳам бугун кадрлар тайёрлаш самарадорлигини баҳолашнинг янада комплекс тизимига босқичма-босқич ўтмоқдамиз. Албатта, биз учун анъанавий кўрсаткичлар: ўқишни тамомлаш, мутахассисларнинг мамлакатга қайтиши, иш билан таъминланиши, мансаб пиллапоясидан кўтарилиши ва давлат ислоҳотларини амалга оширишдаги иштироки муҳим. Бироқ битирувчиларнинг соҳалар, ташкилотлар ва мамлакат иқтисодиёти ривожига қўшаётган реал ҳиссасини кўрсатувчи, таъсир KPIлари деб аталадиган кўрсаткичлар тобора катта аҳамият касб этмоқда. Биз битирувчининг нафақат қаерда ишлаётганини, балки ўз атрофида қандай ўзгаришлар қилаётганини ҳам баҳолаймиз. Масалан, у янги технологияларни жорий қилдими, бошқарувнинг янгича ёндашувларини ишлаб чиқдими, тадқиқот лабораториясини ташкил этдими, мутахассисларнинг янги авлодини тайёрладими, халқаро инвестицияларни жалб этдими, инновацион лойиҳани амалга оширдими ёки ташкилот иш самарадорлигини оширдими?
Якунда давлат дипломнинг ўзигагина эмас, балки келажакдаги ижтимоий ва иқтисодий самарага сармоя киритади.
Бундай натижаларни ҳозирданоқ кўриб турибмиз. Бугун жамғарма битирувчилари мамлакатнинг деярли барча стратегик муҳим тармоқларида фаолият юритмоқда. Мисол учун, соғлиқни сақлаш соҳасида ёш мутахассислар диагностика ва даволашнинг замонавий усулларини жорий этмоқда. Ёш шифокор Бобур Тўраевнинг болалардаги кардиологик касалликларни даволашда янги ёндашувларни татбиқ этаётгани бунга яққол мисол бўла олади.
Рақамли технологиялар вазирлиги тизимида ва рақамли ҳукумат лойиҳаларида мамлакатнинг рақамли трансформацияси, электрон давлат хизматларини ривожлантириш, ахборот хавфсизлигини таъминлаш ҳамда сунъий интеллект технологияларини жорий этишда иштирок этаётган жамғарма битирувчиларининг бутун гуруҳи шаклланди.
Битирувчиларимиз Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, илмий-тадқиқот институтлари, “Ўзбеккосмос” агентлиги, кончилик саноати, энергетика, банк сектори ва бошқа муҳим йўналишларда меҳнат қилмоқда.
Сўнгги йилларда жамғарма битирувчиларининг бир неча авлоди шаклланиб улгурди. Улар раҳбарлик лавозимларини эгаллай бошламоқда, касбий ҳамжамиятлар тузмоқда, қарорлар ишлаб чиқишда қатнашмоқда, тадқиқотлар ва инновацион лойиҳаларни йўлга қўймоқда.
Муҳими шундаки, касбий муҳитга кириб бориш ҳали ўқиш давридаёқ бошланади. Масалан, 2025 йилда АҚШ ва Буюк Британияда таҳсил олаётган стипендиатларнинг илк гуруҳи “IT Park Uzbekistan”да амалиёт ўтаб, стартаплар, венчур инвестициялар ва рақамли технологиялар соҳасида амалий тажриба орттирди. 2026 йилда эса стипендиатлар учун амалиёт дастурига 20 дан ортиқ вазирлик ва идора қўшилди; улар дунёнинг етакчи олий таълим муассасалари битирувчиларини жалб этишдан манфаатдор. Бу дастур ёшларга миллий воқеликдан узилиб қолмаслик ва таълим босқичидаёқ Ўзбекистондаги бўлажак касбий фаолиятига тайёргарлик кўришда ёрдам беради.
“Янги Ўзбекистон” мухбири
Рисолат МАДИЕВА суҳбатлашди.