Хусусан, ҳафталик дарс жадвалидан мустаҳкам ўрин олган “Келажак соати” машғулотлари ўқувчиларнинг нафақат замонавий билимларни эгаллаши, балки миллий ўзликни англашида ҳам муҳим майдонга айланди. Йил давомида ўтилган дарслар силсиласи ёшлар қалбида ватанпарварлик, онага ҳурмат ва китобга муҳаббат туйғуларини юксалтиришга хизмат қилди. Қувонарлиси, ушбу дарсларнинг тизимли ва юқори савияда ташкил этилишида мактабимиз раҳбарияти бош-қош бўлди. Сурхондарё вилояти Денов туманидаги 78-умумий ўрта таълим мактаби директори Икромов Комилжон Аминжонович шахсан ўзи ҳам ўқувчиларга “Келажак соати” дарсларини ўтиб, ёшларга ўзининг ҳаётий тажрибалари, касб танлаш сирлари ва муваффақият омиллари ҳақида маҳорат дарсларини ўтиб берди. Раҳбарнинг бевосита дарс жараёнида иштирок этиши ўқувчиларнинг масъулиятини ошириш билан бирга, уларга катта мотивация бағишлади. Дарсларимиз тақвим режасига мувофиқ, йил давомида ҳар бир муҳим сана ва мавзуга алоҳида ёндашилди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинган кун муносабати билан ўтказилган “Муқаддасдир ватан байроғи” мавзусидаги машғулотлар ўқувчиларда миллий ғурур туйғусини янада жўш урдирди. Дарсларда миллий рамзларимизнинг яратилиш тарихи, уларнинг халқаро майдондаги ўрни ва қадри ҳақида слайдлар ҳамда қисқа метражли ҳужжатли фильмлар намойиш этилди. Январь ойида анъанавий тарзда нишонланадиган Ватан ҳимоячилари куни арафасидаги “Келажак соати” дарслари эса ёшлар қалбида садоқат ва мардлик фазилатларини шакллантиришга бағишланди. Унда бугунги тинч ҳаётимизнинг қадрига етиш, ҳар бир ёш йигит келажакда юртининг ҳақиқий қалқони бўлиши кераклиги ҳаётий мисоллар ва интерфаол ўйинлар орқали тушунтирилди. Бу дарслар ёшларнинг ҳарбий-ватанпарварлик туйғуларини кескин оширди.
Баҳор элчиси бўлган 8 март байрами арафасида эса “Келажак соати” бутунлай ўзгача, гўзал руҳ олди. “Муқаддас аёл” мавзусига бағишланган машғулотларда ўқувчилар оналарга бўлган чексиз ҳурмат, аёл зотининг жамият ва оиладаги юксак ўрни ҳақида дилдан суҳбатлашдилар. Ўқувчилар томонидан оналарга атаб ёзилган иншолар, тайёрланган креатив табрикномалар дарсларнинг ҳиссий жиҳатдан жуда бой ва эсда қоларли ўтишини таъминлади.
Йил давомида тизимли равишда олиб борилган энг муҳим йўналишлардан бири — бу китобхонлик маданиятини юксалтириш бўлди. “Китоб — келажак чироғи” шиори остида ўтилган “Келажак соати” дарсларида ўқувчилар ўзлари мутолаа қилган асарлар тақдимотини ўтказдилар, бадиий таҳлил қилиш кўникмаларини оширдилар. Китобхонлик дарслари натижасида мактаб кутубхонасига аъзо бўлган ва бўш вақтини китоб билан ўтказаётган ўқувчиларимиз сони сезиларли даражада кўпайди. Хулоса қилиб айтганда, “Келажак соати” дарслари якунланаётган ўқув йилида ўқувчиларимиз учун ҳақиқий маънавият ва маърифат кўзгуси бўла олди. Мактаб раҳбарияти ва педагоглар жамоасининг ҳамжиҳатликдаги ушбу тизимли машғулотлари орқали биз келажак пойдеворини ҳам билимли, ҳам юксак одоб-ахлоқли ёшлар билан қураётганимизга яна бир бор амин бўлдик.
Инобат АБДУЛЛАЕВА,
Денов туманидаги 78-умумий ўрта таълим мактабининг бошланғич синф ўқитувчиси