Уммон ортидаги олис мамлакатдан таниқли ўзбек публицисти, сиёсатшунос Қудратилла Рафиқовнинг яқинда нашр этилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг сўнги йиллардаги фаолиятига бағишланган “МИЛЛАТ ШАВКАТИ” китобининг АҚШдаги юртдошларимиз учун тақдимотига таклиф келганида ниҳоятда хурсанд бўлиб кетдик. Бу қувончнинг асосий сабаби буюк шоиримиз Абдулла Орипов таъриф этган “сеҳрли диёр”га ошиқиш эмас, балки янги Ўзбекистондаги улкан эврилишлар, миллатимиз лидерининг оқилона сиёсатига океанортидаги ватандошларимизнинг қизиқиши ва хайрихоҳлиги эди. Зотан, “МИЛЛАТ ШАВКАТИ” айни шу ҳақдаги теран фикрлар баён этилган таҳлилий асардир.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, устоз журналист Абдусаид Кўчимов ҳамроҳлигида ижодий гуруҳимиз билан Америкага йўл олар эканмиз, ўтган йили бу ўлкага қилган сафаримиз таассуротлари хаёлдан ўта бошлади.

2025 йили айни август ойида Қуд­ратилла Рафиқовнинг инглиз тилида чоп этилган “Янги Ўзбекистон: Шавкат ­Мирзиёев йўли” китобининг тақдимоти Вашингтон шаҳрида, АҚШ конгресси биносида, сўнгра БМТ бош қароргоҳида 50 дан зиёд мамлакатнинг мазкур ташкилотдаги вакиллари иштирокида бўлиб ўтганди.

АҚШ конгресси ва БМТ тарихида ўзига хос янгилик бўлган, қолаверса, дунё ҳамжамиятининг янги Ўзбекистон ислоҳотларига чўнг қизиқиши рамзи сифатида бу икки тақдимотда иштирок этган, фикр билдирган жамики хорижлик экспертларнинг Шавкат Мирзиёев сиёсатига хайрихоҳлиги, Ўзбекистоннинг порлоқ истиқболига ишончидан шу юртнинг бир фарзанди ўлароқ бошимиз кўкка етган, қалбимиз ғурурга тўлганди.

Ана шу таассуротлар ҳали хаёлни тарк этмай туриб, бундай таклиф келиб тушгани қалбимиздаги ҳаяжонни янада қўр олдирди. Энг муҳими, бу гал янги китоб тақдимотининг ватандошлар, ўз тақдирини океан­орти ўлкаси билан боғлаган, бугун турли хизмат вазифаларида меҳнат қилаётган оддий юртдошларимиз, “Ўзбекистон” сўзини юрагида меҳр-ла олиб юрган ватандошлар иштирокида бўлаётгани эди.

Тақдимот ташаббускори ҳам шу одамлар билан бевосита ишлаётган АҚШдаги “Vatan Global Alliance” жамоат ташкилоти. Аввало,“Vatan Global Alliance” жамоат ташкилоти ҳақида икки оғиз тўхталамиз.

“Vatan Global Alliance” жамоат ташкилоти идораси АҚШнинг Филадельфия шаҳрида жойлашган. У АҚШ ва Канадада истиқомат қилаётган ўзбекистонликларни бирлаштириш, ёшлар ўртасида миллий анъана ва қадриятларни тарғиб қилишни кўзлаб фаолият юритади. Шу мақсадда турли тадбирлар ташкил этади, миллий байрамларимизни нишонлайди.

Ташкилотнинг айни шу шаҳарда фао­лият юритишида ҳам ўзига хос асос бор, назаримда. “Биродарлик шаҳри” маъносини берадиган Филадельфияда АҚШ демократияси тамойилларига асос солинган. АҚШ Мустақиллиги деклара­цияси, конституция шу кентда имзоланган. Ўша тарихий ҳужжатга имзо чекилган “Озодлик қўнғироғи” деб ном олган бинодан сайёҳларнинг қадами, мана икки ярим асрки, узилмайди.

Пенсильваниядаги энг йирик шаҳар ҳисобланган Филадельфия аҳолиси 1,5 миллиондан ошиқ бўлса, бу нуфуснинг 40 мингдан кўпроғини ўзбекистонликлар ташкил этади.

Муҳитни англаш

Бугун АҚШда истиқомат қилаётган ярим миллиондан зиёд ватандошимизнинг тақдири турлича. Улар бу ўлкага дам олиш учун ёки пули кўплигидан саёҳатга борган эмас. Биз буни тўғри англаймиз. Қолаверса, аслида ҳам “муҳожирлар ватани” десак, муболаға бўлмайдиган бу диёрда ҳар бир миллатдан вакил бор.

Шаҳарнинг ўтмишида италияликлардан тортиб, англияликлару ­япония­ликларнинг ҳам ўрни бор. Бир сўз билан айтганда, бугунги АҚШни ҳам дунё халқлари қурган, бунёд этган, шу даражага олиб чиққан. “Озодлик монументи” ва унга ёндош музейда бўлгач, бу фикрларимиз яна ҳам ойдинлашди.

Бугун ўзбек ватандошлари АҚШда ўз ўрнини топиб улгурган диаспоралар қаторидан муқим жой ола бошлаган. Эътиборли жиҳати, Филадельфияга яқин икки-уч йилда қатор вилоятларимиз ҳокимлари ўз делегациялари билан келишга улгурди. Бу сафарларнинг мақсади фақат инвестиция топиш эмас, тўлақонли ишонч билан айтиш мумкинки, гарчи минглаб чақирим масофа ажратиб турган бўлса-да, бизнинг ҳам Америка бозорига юборадиган, тақдим қиладиган, бошқаларга нисбатан сифатлироқ, арзонроқ, маъқулроқ маҳсулотларимиз борлигида. Масалан, Самарқанд вилояти ҳокими Адиз Бобоев раҳбарлигидаги делегациянинг Пенсильваниядаги тадбиркорлар билан самарали мулоқоти ва учрашувлари таҳсинга лойиқ.

“Vatan Global Alliance” ташкилоти раҳбари Озод Солиевнинг таъкидлашича, музокаралар, таҳлиллар натижасида дастлабки ҳисоб-китоб ва таклифлар вилоятга 1 миллиард доллардан кўпроқ сармоя киритишни назарда тутаётган бўлса, жами ишланаётган, пухта кўриб чиқиш ва ҳисоб­лаш жараёни бораётган сармоялар миқдори 4 миллиард доллардан ортиши мумкин. Бу биргина вилоят ҳақида бораётган гап. Қолаверса, ҳали жараёнлар эндигина бошланди. Мазкур таклифлар пакетида Филадельфиядаги ўзбекистонлик тадбиркорлар улуши ҳам ортмоқда.

Биродарлик шаҳри кўчаларида ўзбекис­тонлик ишбилармонларнинг савдо нуқталари, ресторан ва маркетлари сони ҳам кун сайин кўпаймоқда. Жумладан, “Аср” супермаркетини олинг. У шаҳардаги гавжум ва товар айланмаси энг юқори савдо марказларидан. У ерда ўзингизни АҚШда эмас, балки Ўзбекистоннинг бирор шаҳрида юргандек ҳис қиласиз. Чунки маҳсулотларнинг 90 фоиздан кўпроғи мамлакатимизники, ёзуви ўзбекча, сифати табиий. Сўзлашувдан тортиб, ички муҳит ҳам она юртимизни эслатиб туради. Муносабатлар ўзбекона. Сотувчиларнинг муомаласидан кўнгил яйрайди.

Филадельфиянинг Бенжамин Франк­лин номидаги марказий кўчасида кўплаб мамлакатлар байроғи ҳилпираб турибди. Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан бўлиб ўтадиган байрам тадбирлари дастуридан мазкур хиёбонга Ўзбекистон байроғи ҳам ўрнатилиши кутилмоқда экан.

“Самарқанд”да учрашув

Тақдимот олдидан олинган бу таассуротлар бизни янада илҳомлантирди. Сафаримиз китоб тақдимоти билан боғлиқ эди. Мавзудан бир оз узоқлашиб, АҚШ ва у юртда яшаётган ватандошлар ҳақидаги маълумотларга ўтиб кетганимиз ўқувчига оғир ботмасин. Зотан, бу ҳам мавзуга боғлиқ. Чунки бу ташаббус Ўзбекистонни соғинган, она Ватанидаги тараққиётдан, ўзгаришлардан кўнглида чексиз фахр туйган одамлардан чиққан эди.

“МИЛЛАТ ШАВКАТИ” китобининг илк тақдимоти “Самарқанд кошонаси” деб номланган масканда бўлиб ўтди. Ўзбек миллий таомлари тайёрланадиган ресторан, тўй ва маросимлар, қолаверса, тадбирлар ўтказишга мўлжалланган заллардан иборат ушбу маскан 15 август куни ватандошларимиз билан гавжум бўлди.

Тадбирга АҚШнинг Вашингтон, Нью-Йорк ва бошқа шаҳарларидан ҳам ўзбекис­тонликлар келди.

Ўзбекистоннинг АҚШдаги фавқулодда ва мухтор элчиси Фурқат Сиддиқов икки мамлакат Президентларининг мунтазамлик касб этаётган мулоқотлари, учрашувлари, юритаётган кўп векторли сиёсати ҳақида атрофлича сўзлаб берди. Хусусан, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ва АҚШ Президенти Дональд Трамп ўртасида яқинда бўлиб ўтган телефон мулоқотига тўхталиб, мазкур суҳбатларнинг икки мамлакат муносабатларида тутган амалий ўрнига алоҳида урғу берди. Элчи жаноблари АҚШнинг яна бир қатор шаҳарларида консулликлар очилиши режалаштирилаётгани, ўзаро инвестициялар ҳажми жадал ошаётганини таъкидлади.

Мазкур китоб хорижда яшаётган ватандошларимизга она юртимиздаги жараёнлар, Президентимиз раҳбарлигидаги халқпарвар сиёсатнинг мазмун-моҳиятини етказишда ўта муҳим аҳамиятга эгалигини қайд этди.

Элчининг нутқидан маълум бўлдики, сўнгги йилларда АҚШдаги ватандошларнинг Ўзбекистон ҳаётига қизиқиши мазмунан ўзгарган. Энг муҳими, бу қизиқиш уларнинг Ватандаги эзгу эврилишлар жараёнида иштирокчи ўлароқ қатнашиш истаги, дахлдорлик туйғуси жўш ура ­бошлагани билан қимматли.

Фурқат Сиддиқов сўнгги ўн йилда Ўзбекистон дунё ҳамжамияти кўз ўнгида бутунлай янги қиёфада намоён бўла олганини таъкидлади. БМТ кун тартибига ўта долзарб масалаларни қўя оладиган, дунё иқлимини белгилаш сало­ҳиятига эга актор давлатлар билан ўзаро манфаат­ли мулоқотларга киришаётган, ташқи олам учун Марказий Осиёни яхлит сиё­сий субъект сифатида шакллантира олган Президентимизга нисбатан ҳурмат ва эҳтиром барчамизни хушнуд этаётгани ҳам бор гап.

Иккинчи миссия

Бу сарлавҳани қўйишда бир нечта маънони назарда тутдик. “МИЛЛАТ ­ШАВКАТИ” таниқли сиёсатшунос Қудратилла Рафиқовнинг АҚШдаги ўқирманга тақдим этилаётган иккинчи китоби.

Америкалик ўқувчилар “Янги Ўзбекистон: Шавкат Мирзиёев йўли” деб номланган биринчи китобда миллатимиз Лидери раҳбарлигида бунёд этилаётган янги Ўзбекистон моҳияти билан танишган бўлса, “МИЛЛАТ ШАВКАТИ” ундан-да муҳим бошқа жиҳатни — миллат қайғуси, сўнгги икки-уч йилдаги тарихий иншоотлар — Ислом цивилизацияси маркази ва Имом Бухорий мажмуалари орқали янги Ўзбекис­тон аслида қандай пойдевор устида бунёд этилаётгани ҳақида муфассал маълумот олишмоқда.

— Мен китобни икки марта ўқиб чиқдим, — дейди “Vatan Global Alliance” ташкилоти бўлим бошлиғи Саъдулло Аҳмедов. — Шундай хулосага келдимки, бу асар ҳар бир ўзбекистонликнинг уйида бўлиши керак.

— Агар чуқурроқ разм солинса, бу китоб айнан АҚШдаги ўзбек ватандошининг ўз юрти ҳақидаги тасаввурлари, шу пайтгача бўлган гоҳида қўрқув ва алам, гоҳида ўкинч ва изтироблар ўрнига бутунлай бошқа бир туйғуни олиб кириши билан қимматли, — деди Нью-Йорк шаҳридаги “Роял-холл” мажмуасида ташкил этилган иккинчи тақдимотда Озод Солиев. — Биз кечаги, Америкага кириб келгандаги орзу ва ниятларимизни тарихда қолдириб, эртанги бутунлай бошқа бир ҳаёт, янги орзу ва ниятларни кўнглимизга жо қиляпмиз. Ахир қаерда бўлмайлик, бизни бир улуғ нуқта — Ўзбекистон, Ватанимиз бирлаштириб туради.

У ўз чиқишида “Биз энди иккинчи миссиямизни амалга ошириш йўлидамиз”, — дея алоҳида қайд этди. — “Ушбу миссия чўнтак, қишлоқда ўтказиладиган тўй-томоша қайғусидан бутунлай фарқли. Яқин беш-олти йилда АҚШ конгресси, БМТ ва бошқа халқаро ташкилотларда, АҚШ ақл марказларида бизнинг фарзандларимиз, албатта, бўлади”.

Шу ўринда Озод Солиев ҳақида ҳам озгина маълумот бериб ўтишимиз жоиз. У журналистикада креатив тафаккур, менежментни чуқур англаган ижодкор ва муҳаррир сифатида ҳурмат қозонган. Инсон қалбига йўл топиш, уни ёруғ ниятларга етаклаш, оғир ва ташвишли ҳолатларни енгиб чиқиш борасидаги фалсафий фикр­лаш салоҳияти унинг раҳбарлигидаги “Vatan Global Alliance” ташкилоти фаолиятида ҳам яққол кўринмоқда. Дарвоқе, гап исботи билан дегандек, Озоджоннинг тўнғич фарзанди тиббиёт соҳасида докторлик рутбасига етишди. Гап шундаки, бу оиланинг эртанги орзу-истаги энди янги поғонага чиққан. Бу нафақат Озод Солиевга, балки бугун ўз ўрнини тобора эгаллаётган минглаб ўзбек ватандошларига хос эврилиш.

АҚШдаги ватандошларимиз билан хайрлашар эканмиз, “Бу миссия сизга муборак бўлсин!” дедик...

* * *

...Учоғимиз чексиздек туюлган уммон узра сузиб боради. Осмон кўм-кўк, ер кўм-кўк... Бугунги кунлар, кеча ва эртани ўйлаб кетасиз. Бунга таассуротлар ҳам қўшилади. “МИЛЛАТ ШАВКАТИ” китобини ўқиш асносида билдирилган янги Ўзбекистондаги ҳаётбахш ислоҳотлар, Президентимизнинг сиёсати ҳақидаги фикрлар хаёлда жонланаверади. Шунда тафаккурда бундай хулоса пайдо бўлади: Шавкат Мирзиёев — миллатни уйғотган Лидер! Уйғоқ миллатлар эса мудом шавкатли бўлиб келган.

Ҳа, Президентимиз бошлаб бораётган янги Ўзбекистонимиз йўлида забт этилаётган довонлар, халқимиз кўзидаги ишонч ва яна хориждаги ватандошлар, сиёсатчилар, экспертлар билдираётган фикрлар шундай дейишимизга тўла асос бўлади.

 Америкаликлар эътирофи

 Майлз ХАНСЕН, “Sterling Foundation” фонди бош ­директори:

 — “МИЛЛАТ ШАВКАТИ” китобида тараққиётни фақат янги инфратузилма, мус­таҳкам институтлар ёки иқтисодий кўрсаткичлар билан ўлчаб бўлмаслиги таъкид­ланади. Тараққиётнинг энг муҳим мезони — ислоҳотлар инсон қадр-қимматини юксалтириши, имкониятларни кенгайтириши ҳамда одамларда ўз мамлакати ва келажагига ишончни мустаҳкамлашидир.

Мазкур ғоя Ўзбекистон учун, айниқса, катта аҳамиятга эга. Бугунги Ўзбекистон ҳудуди бир вақтлар Буюк ипак йўлининг марказида жойлашган бўлиб, савдо, таълим, илм-фан ва маданий алмашинувнинг йирик марказларидан бири эди. Ушбу цивилизация дунёга буюк олим ва табиб Абу Али ибн Сино, атоқли шоир ва давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур, шунингдек, Самарқандни жаҳон астрономия марказларидан бирига айлантирган Мирзо Улуғбек каби буюк сиймоларни етиштириб берди.

Асарда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлиги Ўзбекистонни бой тарихий мероси билан қайта боғлаш, айни пайтда мамлакатни дунёга кенг очиш ва янада порлоқ келажак сари етаклаш жараёни сифатида акс эттирилган.

Ички ислоҳотлар, бутун Марказий Осиё бўйлаб ҳамкорликнинг янгиланиши ва мустаҳкамланиши, шунингдек, халқаро алоқаларнинг кенгайиши натижасида Ўзбекистон яна цивилизациялар чорраҳасига айланмоқда.

Бу қараш мен шахсан кузатаётган жараёнларга ҳам тўла мос келади. Бугун Ўзбекистоннинг АҚШдаги компаниялар, университетлар ва турли ташкилотлар билан ҳамкорлиги тобора кенгайиб бормоқда. Бу жараён менинг она штатим — Ютада ҳам яққол намоён бўлмоқда.

Айнан шу жиҳат китобнинг асосий ғоясини ниҳоятда таъсирчан қилади. Унда шунчаки модернизация ҳақида эмас, балки миллий тикланиш — тарихий хотирани қайта тиклаш, мустақил тафаккурни ривожлантириш ва Ўзбекистон келажагига ишончни мустаҳкамлаш ҳақида сўз юритилган.

Ишончим комилки, агар сизда ушбу китобни ўқиш имконияти бўлса, ундан катта таассурот оласиз, Ўзбекистон тарихи ҳамда бугунги тараққиёти ҳақида янада кўп маълумотга эга бўласиз. Энг муҳими, бу китоб Ўзбекистон келгусида уддалаши мумкин бўлган улкан ва ҳайратланарли ишлар кўламини янада чуқур англаш имконини беради.

Елена СОН, Ўзбекистон — Америка савдо-­саноат палатаси ижрочи директори:

— Ўзбекистон халқини ушбу китоб билан табриклайман. Ундан ўрин олган мақолаларнинг сўнгги йилларда Ўзбекис­тон оммавий ахборот воситалари диққати марказида бўлиб келаётганини ­эътиборга молик деб биламан. Бу кўп жиҳатдан ­Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ва унинг раҳнамолигидаги ислоҳотлар ҳамда ташаббуслар билан боғлиқ.

Жаҳон миқёсида етакчилик қилиш осон эмас. Президент Шавкат Мирзиёев мамлакатни сафарбар эта оладиган, минтақани бирлаштирадиган ва АҚШ ишбилармон доираларининг Ўзбекистон бозорига қизиқишини оширадиган ана шундай етакчидир.

Шунингдек, сўнгги ўн йилда Америка — Ўзбекистон ишбилармонлик муносабатларини қўллаб-қувватлаш ва ривож­лантириш йўлидаги барча ишлар учун Президент Шавкат Мирзиёевга чуқур миннатдорлик билдирамиз.

Шу билан бирга, АҚШда Ўзбекистоннинг танилишига кўмаклашишда муҳим роль ўйнайдиган, эътироф этилган нуфузли куч бўлган ўзбек диаспорасига китобни тақдим этгани учун муаллифдан алоҳида миннатдор бўлишимиз керак.

Жеймс ДУРСО, америкалик етакчи эксперт, “The Hill” газетаси мухбири:

— 2016 йилдан буён ўтган ўн йиллик Ўзбекистоннинг замонавий тарихидаги энг муҳим даврлардан. Бу вақтда Ўзбекис­тон ўз барқарорлигини сақлаб қолишга муваффақ бўлган ва ҳали тўлиқ рўёбга чиқмаган салмоқли салоҳиятга эга давлат сифатида майдонга чиқди.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг ислоҳотлар ва ўзгаришлар дастури иқтисодиёт салоҳияти ҳамда ўзбек халқининг бунёдкорлик ғайратини юзага чиқарди, қўшни республикалар билан муносабатларнинг сезиларли яхшиланишига кўмак­лашди ва бой тарихий меросга ҳурматни сақлаган ҳолда мамлакатни келажак сари йўналтирди. Бугун бу мерос эҳтиёткорлик билан асраб-авайланмоқда ва ­жумладан, Ислом цивилизацияси маркази ҳамда Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасида намойиш этилмоқда.

“МИЛЛАТ ШАВКАТИ” китоби бу борада ўз ўқувчисига кўп нарсани сўзлайди, сабоқлар беради.

Ҳусан ЭРМАТОВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, сенатор

Тошкент — Нью-Йорк — Пенсильвания — Нью-Йорк — Тошкент