Нега тўйиб ухлаш ёки дам олиш кунлари ҳам бизга куч бағишлай олмаяпти? Бунинг ортида қандай яширин тиббий, психологик ва ижтимоий сабаблар ётибди? Ушбу мақолада ана шу саволлларга биргаликда жавоб излаймиз.
Замонавий ҳаёт суръати тезлашгани сайин чарчоқ кўпчиликнинг доимий ҳамроҳига айланиб бормоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлиги, саломатлик ва стратегик ривожланиш институти матбуот котиби Мавлуда Тошпўлатова билан бўлган суҳбатимизда, мутахассисимиз доимий чарчоқ фақат кўп ишлаш оқибати эмаслиги, унинг сабаблари турлича бўлиши мумкинлигини таъкидлади.
— Нега бугунги кунда одамлар аввалгига нисбатан тезроқ чарчаб қолмоқда? Бу ҳолатнинг асосий сабаблари нимада?
— Аввалам бор бунинг биринчи сабаби бу — уйқу етишмаслигидир.
Катталар учун кунига 7–8 соат сифатли уйқу тавсия этилади. Кеч ётиш, телефон ва ижтимоий тармоқлардан узоқ вақт фойдаланиш уйқу сифатини пасайтиради.
2. Нотўғри овқатланиш, нонуштани ўтказиб юбориш, тез тайёр овқатлар, ортиқча шакар ва ёғли маҳсулотларни кўп истеъмол қилиш организмни етарли энергия билан таъминламайди.
3. Сувсизланиш (дегидратация). Организмда сув камайганда инсон ўзини ҳолсиз, диққати тарқоқ ва чарчаган ҳис қилиши мумкин.
4. Камҳаракат турмуш тарзи кун бўйи ўтириб ишлаш мушаклар ва юрак-қон томир тизими фаоллигини пасайтиради. Натижада инсон тез чарчайди.
5. Стресс ва руҳий зўриқиш. Доимий хавотир, ишдаги босим, оилавий муаммолар организмнинг энергия захираларини камайтиради.
6. Витамин ва минераллар етишмовчилиги. Темир танқислиги, D витамини, В гуруҳи витаминлари ва магний етишмаслиги чарчоқнинг кенг тарқалган сабабларидан ҳисобланади.
7. Сурункали касалликлар. Қандли диабет, қалқонсимон без фаолиятининг бузилиши, юрак-қон томир ва бошқа касалликлар ҳам доимий чарчоққа сабаб бўлиши мумкин.
Кўпчилик чарчоқни одамнинг ёши, иш ҳажми ёки об-ҳаво билан изоҳлашга одатланган. Аммо доимий чарчоқ организмнинг муҳим сигнали бўлиши мумкин. Уни эътиборсиз қолдирмаслик, соғлом турмуш тарзига амал қилиш ва зарур ҳолларда мутахассисга мурожаат қилиш саломатликни сақлашнинг муҳим шартидир.
— Чарчоқни камайтириш учун нима қилиш керак?
— Ҳар куни бир вақтда ухлаш ва уйғонишга одатланинг.
Кунни тўйимли нонушта билан бошланг.
Рационга кўпроқ сабзавот, мева, бутун донли маҳсулотлар ва оқсил манбаларини киритинг.
Хар куни камида 1,5–2 литр сув ичинг, 30 дақиқа жисмоний фаоллик билан шуғулланинг.
Телефон ва компьютер экранларидан фойдаланиш вақтини чекланг.
Стрессни камайтириш учун сайр қилиш, китоб ўқиш, яқинлар билан мулоқот қилишга вақт ажратинг.
— Йод етишмовчилиги ҳам толиқишга сабаб бўладими?
— Ҳа, йод етишмовчилиги ҳам чарчоқ сабабларидан бири бўлиши мумкин.
Йод қалқонсимон без гормонлари ишлаб чиқарилиши учун зарур микроэлемент ҳисобланади. Агар организмда йод етишмаса, қалқонсимон без фаолияти секинлашиши мумкин. Бу эса қуйидаги белгиларга олиб келади:
Доимий чарчоқ ва ҳолсизлик;
Уйқучанлик;
Иш қобилияти ва диққатнинг пасайиши;
Хотиранинг сусайиши;
Совуққа сезгирликнинг ошиши;
Вазн ортиши;
Терининг қуруқлашиши ва соч тўкилиши.
Шунинг учун доимий чарчоқ ҳақида гап кетганда, сабаблар қаторида йод етишмовчилиги ва қалқонсимон без касалликларини ҳам тилга олиш мақсадга мувофиқ.
— Ортиқча харажатсиз қандай қилиб тетик юриш мумкун?
— Тетикликнинг энг арзон ва самарали манбаи — етарли уйқу, тоза ҳаво, жисмоний фаоллик, оддий ва мувозанатли овқатланишдир. Қиммат энергетик ичимликлар ёки мўъжизавий воситалар эмас, айнан шу одатлар инсонга тетиклик беради.
Кунни сув ичиш билан бошлаш, организмни уйғотишга ёрдам беради.
Кўпроқ ҳаракат қилиш лозим. Ҳатто 10–15 дақиқалик тез юриш ҳам қон айланишини яхшилаб, энергияни оширади.
Нонуштани ўтказиб юборманг. Тухум, қатиқ, творог, дуккаклилар каби оқсилга бой маҳсулотлар узоқ вақт тўқлик ва қувват беради.
Мева ва сабзавотларни кўпроқ истеъмол қилинг.
Мавсумий маҳсулотлар ҳамёнбоп бўлиб, витамин ва минералларга бой ҳисобланади.
Қуёш нуридан баҳраманд бўлинг. Кундузи 15–30 дақиқа очиқ ҳавода сайр қилиш кайфият ва фаолликни яхшилайди.
Кофега ортиқча таянманг. Кофе вақтинча тетиклик бериши мумкин, аммо етарли уйқу ва соғлом овқатланишнинг ўрнини босмайди.
Стрессни камайтиринг. Яқинлар билан суҳбат, ёқимли машғулотлар руҳий чарчоқни камайтиради.
Йодланган туздан фойдаланинг. Йод қалқонсимон без фаолияти учун муҳим бўлиб, энергия алмашинувида иштирок этади, — дея таъкидлайди мутахасис.
Биологик фаол қўшимчалар – дори эмас, улар касалликларни даволаш учун мўлжалланмаган. Сиз қабул қилаётган препаратлар ва биологик фаол қўшимчалар ҳам организмингизга таъсири бўлади. Булар эса ҳар доим ҳам куч-қувват манбаи бўлмайди.
— Чарчоқни камайтириш учун нималар истеъмол қилиш керак?
— Қиммат импорт маҳсулотлар шарт эмас. Организмга қувват бериш учун оддий ва ҳамёнбоп маҳсулотлар ҳам етарли:
Тухум – юқори сифатли оқсил манбаи, узоқ вақт тўқлик ва энергия беради.
Ловия, мош, нўхат, ясмиқ – оқсил, темир ва озуқа толаларга бой бўлиб, узоқ муддат қувват беради.
Гречка, сулӣ (овсянка), жўхори ёрмаси – энергияни секин ажратади ва тез оч қолишнинг олдини олади.
Қатиқ, кефир, сузма, творог – оқсил ва кальций манбаи.
Мавсумий мева ва сабзавотлар – витаминлар ва минераллар билан таъминлайди. Қиммат мевалар шарт эмас, олма, ўрик, шафтоли, сабзи, карам, лавлаги ҳам жуда фойдали.
Балиқ – имконият бўлса ҳафтасига камида бир марта истеъмол қилиш фойдали.
Ёнғоқ ва уруғлар – оз миқдорда ҳам организмга фойдали ёғлар ва минераллар беради.
Тоза сув – баъзан чарчоқнинг сабаби шунчаки сувсизланиш бўлиши мумкин. — дея таъкидлайди мутахасис Мавлуда Тошпўлатова
Шу ўринда яна бир эслатма!
Лифт ўрнига зинадан фойдаланишга ҳаракат қилинг, газли ва жуда ширин ичимликларни чекланг, тамаки ва алкоголдан воз кечинг ва мунтазам профилактик тиббий кўриклардан мунтазам ўтиб туринг.
Чарчоқни одатий ҳолат деб қабул қилмаслик лозим. Организм орқали берилган ҳар бир сигналга эътибор бериш — саломатликни асрашнинг биринчи қадами.
Мадина Ботиржонова