Ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига таъзия билдирамиз, ушбу фожиали воқеа оқибатида жабрланганларга чуқур ҳамдардлик изҳор этамиз. Жароҳат олганларнинг тезроқ ва тўлиқ соғайиб кетишини тилаймиз. Шунингдек, Саудия Арабистони Подшоҳлигининг суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва хавфсизлигини қатъий қўллаб-қувватлашимизни яна бир бор тасдиқлаймиз.

Тинч аҳоли ва фуқаролик инфратузилмаси объектларига ҳужумлар халқаро ҳуқуқ нормаларининг жиддий бузилиши ҳисобланади ва бундай ҳаракатлар зудлик билан тўхтатилиши шарт. Тинч аҳоли ҳаётини ҳимоя қилиш ва муҳим инфратузилма объектлари хавфсизлигини таъминлаш сўзсиз устувор вазифа бўлиб қолиши лозим.

Бундай ҳужумларни зудлик билан тўхтатишга чақирамиз ҳамда барча томонларни вазминлик кўрсатишга, кескинликнинг янада авж олишига йўл қўймасликка, келишмовчиликларни халқаро ҳуқуқ нормалари ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Низоми тамойилларига мувофиқ, мулоқот ва дипломатик воситалар орқали ҳал этишга қатъий даъват этамиз.

Ўзбекистон Республикаси биродар Саудия Арабистони Подшоҳлиги халқи ва Ҳукумати билан бирдамлигини изҳор этади ҳамда минтақада тинчлик, барқарорлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашга содиқлигини яна бир бор тасдиқлайди.