Шу тариқа Ўзбекистон ва Арманистон пойтахтлари ўртасидаги тўғридан-тўғри авиаалоқа сўнгги ўн йилликлардан кейин илк бор тикланди.
2 июнь куни Тошкент халқаро аэропортига "Shirak Avia" авиакомпаниясининг Еревандан амалга оширилган илк рейси келиб қўнди. Самолёт бортида 127 нафар йўловчи бўлган. Авиация анъанасига кўра, ҳаво кемаси сув аркаси билан кутиб олинди, экипаж аъзоларига эса гуллар топширилди. Шу куни пойтахт аэропортида Тошкентдан Ереванга йўл олган илк рейс йўловчиларини рўйхатдан ўтказиш маросими ҳам тантанали равишда ташкил этилди. Арманистон пойтахтига амалга оширилган илк рейс билан 177 нафар йўловчи жўнаб кетди.
Янги йўналиш икки давлат пойтахтларини тўғридан-тўғри боғлаб, Ўзбекистон ва Арманистон ўртасида туризм, бизнес алоқалари ҳамда маданий ҳамкорликни ривожлантириш учун қўшимча имкониятлар яратади. Парвозлар Боэинг 737 туридаги самолётларда ҳафтасига бир марта амалга оширилади. Мазкур йўналишда аввал йўловчилар Москва, Истанбул, Тбилиси ва бошқа шаҳарлар орқали транзит рейслардан фойдаланишга мажбур бўлган.
"Shirak Avia" — Еревандаги Звартнотс халқаро аэропортида жойлашган Арманистон авиакомпанияси ҳисобланади. Авиаташувчи қатор халқаро йўналишларда парвозларни амалга оширади ҳамда Боэинг 737 оиласига мансуб самолётлардан фойдаланади.