Тадбирда банк томонидан 2026 йилнинг биринчи ярим йиллигида эришган натижалар ҳамда аҳолига кўрсатилаётган хизматларни янада такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар тақдим этилди.

Президентимиз раҳбарлигида мамлакатимизда амалга оширилаётган банк тизимига оид ислоҳотлар иқтисодиётнинг барқарор ривожланишини таъминлаш билан бир қаторда аҳоли учун замонавий, қулай ва хавфсиз молиявий хизматларни кенгайтиришга хизмат қилмоқда. Бугун банклар фуқароларнинг кундалик ҳаётида муҳим ўрин эгаллаган, рақамли технологиялар орқали тезкор ва сифатли хизмат кўрсатувчи институтга айланяпти.

Тадбирда дастлаб “Ўзсаноатқурилишбанк” (SQB)нинг асосий кўрсаткичлари сарҳисоб қилинди. Таъкидланганидек, банк активлари 108,5 трлн сўмга, капитали эса 13 трлн сўмга етди. Соф фойда 1,1 трлн сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 36,7 фоизга ошди. Жами даромадлар ҳажми эса 16 трлн сўмга етди.

Чакана банк хизматлари йўналишида ҳам салмоқли натижалар қайд этилиб, кредит портфели 10,3 трлн сўмдан ошди.

– Банк кредит портфелида аҳолининг ижтимоий эҳтиёжларига хизмат қилувчи маҳсулотлар муҳим ўрин тутади, – дейди «Ўзсаноатқурилишбанк» АТБ Бизнес бош директори Темур Норов. – Ипотека кредитлари чакана кредитлар портфелининг қарийб 70 фоизини, таълим кредитлари бўйича бозор улушимиз эса 8 фоизни ташкил этди. Энг юқори ўсиш автокредитлар сегментида кузатилди: портфель йил бошидан 51 фоизга ўсди, «UzAuto Motors» билан ҳамкорликда жорий этилган янги маҳсулот ҳисобидан ажратилган маблағлар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 9 баробарга ошди. Ярим йилда қарийб 40 минг нафар фуқарога 2,5 трлн сўмлик кредит ажратилди, бу ўтган йилга нисбатан 6,3 фоизга кўпроқдир. Уй-жой харид қилиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида бирламчи ва иккиламчи бозордан тайёр уй-жой, янги қурилган хонадон ҳамда қурилиш босқичидаги кўп квартирали уйлардан улуш асосида хонадон сотиб олиш учун алоҳида ипотека маҳсулотлари жорий этилди. Мазкур кредитлар маҳсулот тури ва ҳудудга қараб 1,5 млрд сўмгача, 20 йилгача муддатга тақдим этилади.

Рақамли хизматларни ривожлантириш бўйича ҳам салмоқли натижаларга эришилгани таъкидланди. Хусусан, бугунги кунда «SQB Mobile» иловасидан 3,2 миллиондан ортиқ мижоз фойдаланмоқда. Ярим йилда илова орқали 19,8 миллион операция амалга оширилиб, тўловлар ҳажми 12 трлн сўмдан ошди. Давлат хизматлари учун тўловлар ҳажми қарийб 7 баравар, коммунал тўловлар икки баробар, онлайн микроқарзлар ҳажми эса 70 фоизга ошди. Бу рақамли хизматлар аҳоли кундалик ҳаётининг ажралмас қисмига айланиб бораётганини кўрсатади.

Т. Норов сўзида давом этар экан, сунъий интеллект йўналишига оид ишларни ҳам келтириб ўтди:

– Сунъий интеллектни банк трансформациясининг стратегик йўналиши деб биламиз. Бу борада ягона AI платформаси шакллантирилмоқда, мижозларга гиперперсонализацияланган хизматлар таклиф этилмоқда. Янги маҳсулотларни ишлаб чиқиш жараёнлари тезлаштирилиб, Future Banker» дастури орқали ходимларнинг AI кўникмалари ривожлантирилаётир. Барча AI ечимлари ахборот хавфсизлиги, маълумотлар махфийлиги ва рақамли суверенитет талаблари асосида татбиқ этиляпти.

Матбуот анжуманида, шунингдек, рақамли хизматлар хавфсизлигини таъминлаш бўйича кўрилаётган чоралар, жумладан, «SQB Mobile» иловасида фирибгарлик ҳолатларининг олдини олишга қаратилган янги ҳимоя механизмлари ҳамда “Premium Banking” йўналишида жорий этилган янги хизматлар намойиш этилди. Алоқа маркази фаолияти доирасида эса мижозларга хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, мурожаатларни тезкор кўриб чиқиш ва масофавий сотув каналларини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.

Умуман олганда, иштирокчилар ушбу тадбирдан «Ўзсаноатқурилишбанк» АТБнинг мамлакатимиз банк тизимида ўз ўрнию аҳамияти борлигига яна бир бор амин бўлиб қайтди, дейишимиз мумкин.

Жасур ЛАПАСОВ,

“Yuz.uz” мухбири