Рақобат қўмитаси Махсус комиссияси томонидан пропан импорт қилувчи хўжалик юритувчи субъектлар фаолияти ўрганилиб, 2025 йил ноябрь–декабрь ойлари ҳамда жорий йил январь ойида биржа савдоларида бошланғич нархларни асоссиз ошириш ва маҳсулот ҳажмларини сунъий равишда чеклаш орқали нархларни ошириш ҳолатлари аниқланди.
Кўрилган тезкор чоралар натижасида пропан нархи 21 фоизгача арзонлаштирилишига эришилди.
Назорат тадбирлари ва муҳокамалар якунига кўра, 31 та хўжалик юритувчи субъект томонидан рақобат тўғрисидаги қонунчилик талаблари бузилгани эътироф этилди.
Шулардан 12 та субъект томонидан биржа савдоларида рақобатга зид бўлган мувофиқлаштирилган ҳаракатлар амалга оширилгани аниқланди. Қолган ҳолатларда эса бошланғич нархларни асоссиз ошириш ҳамда маҳсулотни қонунчиликка зид равишда тўғридан-тўғри шартномалар асосида сотиш ҳолатлари кузатилди.
Ушбу ҳолатлар юзасидан Махсус комиссия томонидан қонунбузилиш давридаги товар айланмасига нисбатан 28,9 миллиард сўм миқдорида молиявий жарима қўллаш ҳамда асоссиз олинган 34,1 миллиард сўм маблағни республика бюджетига ўтказиш бўйича қарор қабул қилинди.
Шунингдек, қонунбузилишларни бартараф этиш ва келгусида бундай ҳолатларга йўл қўймаслик юзасидан мажбурий кўрсатмалар берилди.
Маълум қилинишича, ушбу қарордан норози бўлган томонлар Қўмитанинг апелляция кенгашига ёки судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.